19:24 msk, 16 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда оммабоп ҳафталик ёпилди

31.07.2007 11:12 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги қарорига кўра Ўзбекистонда оммабоп бўлган “Одамлар орасида” мустақил диний-маърифий газетаси ўз фаолиятини тўхтатди.

Газетанинг бош муҳаррири Хайрулло Ҳамидов ўз газетасининг ёпилиши юзасидан гапни чўзиб ўтирмай, газета ўз тақдирини ҳал қиладиган бир муаммога дуч келганини қайд этиб ўтади, холос. Ўз навбатида, ҳукумат агентлиги нашр фаолиятининг тўхталишига газета таҳририяти томонидан ОАВ тўғрисидаги қонуннинг бузилиши сабаб бўлганлиги маълум қилинган қисқа баёнот тарқатган.

“Одамлар орасида” газетаси 2007 йилнинг февраль ойидан бошлаб нашр этилиб келинган. Қисқа вақт мобайнида у муштарийлар эътиборини қозонишга ва ўз ададини 24.000 нусхага етказишга эришолган, бу эса расмий нашрлар ададидан кўпдир. Мустақил кузатувчи Анвар Мўминовга кўра, фақат шунинг ўзиёқ газетанинг ёпилишига сабаб бўлган бўлиши мумкин, чунки, маҳаллий тартибга кўра, “бирон-бир ижтимоий-маърифий газета адади бўйича парламент ва ҳукумат газеталаридан ўзиб кетмаслиги лозим”.

Маҳаллий журналистлар ва газета мухлислари ичида “нашрнинг тугатилишига сабаб унинг саҳифаларида Ўзбекистонда ёритилиши унча олқишланмайдиган мавзулар тез-тез кўтарилиб турилгани бўлиши мумкин” қабилида гап юрибди. Мисол учун, бу газетада америкалик машҳур доктор Роберт Мендельсоннинг фикрига асосланган эмловнинг зарари хусусидаги баҳс чоп этилганди .

Боз устига, газетада бесоқолбозлик ва фоҳишабозлик мавзулари кенг кўламда муҳокама қилинган. Масалан, таҳририят фаҳш хизматларини кўрсатадиган одамлар, маҳаллий қонунлар бундай хизмат кўрсатишни маън қилишига қарамай, шаҳарнинг қоқ марказига ўрнашиб олганлари юзасидан норозилик изҳор қилганди. Журналистлар фикрича, бу чиқиш ҳам расмийларни ғазаблантирмасдан қўймасди, чунки, уларга кўра, фаҳш бозорини айнан мансабдорлар назорат қиладилар.

Қайд этиш жоизки, яқинда Ўзбекистонда “Мустақил газета” ҳам ёпилган, у ҳам бир неча ойгина яшаган, холос. Мазкур нашр таҳририяти фаолиятининг тўхтатилиши тўғрисидаги қарор газетада молиявий қийинчиликлар юзага келгани билан изоҳланган. Аснода газета яхши сотилаётганди, “Мустақил газета” ҳомийлари ичида йирик тадбиркорлар бор эди.

“Одамлар орасида” ва “Мустақил газета” ҳафталикларининг ёпилиши билан боғлиқ воқеалар Ўзбекистон расмийларининг эркин матбуотга нисбатан ўта салбий муносабатда эканидан далолат беради. Мамлакатдаги барча матбуот ва электрон оммавий ахборот воситалари қаттиқ назорат остида экани, оммабоп интернет-нашрлар эса махсус хизматларнинг назорати остида ишлаётган провайдерлар томонидан бўғилиши ҳеч кимга сир эмас. Шу тариқа, мамлакатда фуқароларга сўз эркинлиги ҳамда ахборот олиш ва тарқатиш эркинлигини кафолатловчи Ўзбекистон Конституцияси меъёрларининг бузилиши давом этмоқда.