00:54 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда жиноят қонунчилиги юмшатилиши судга “ўхшамаган қотиллар”ни ҳибсхонада қолдиришга имкон берди

30.07.2007 11:51 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Суратда - Майрам Зоирова

“Фарғона.Ру” аввал хабар берганидек, 27 июль куни Қирғизистон туман судларидан бири йигирма уч ёшли Майрам Зоированинг ўлдирилиши тўғрисидаги иш бўйича қарор чиқарганди, бироқ бу аёл барча учун кутилмаганда тирик ва тўрт мучаси соғ бўлиб чиққан ҳамда маҳкама мажлисига шахсан келган. Қурбон “тирилиб келган”ига қарамай, ҳакам Мамасали Тўқтўмушев, бир ой аввал жиноят қонунчилигини юмшатиш юзасидан қабул қилинган янги қонунга таянган ҳолда, қизнинг ўлимида айбдор деб қаралаётган судланувчиларни суд залидан озод қилиб юборишдан бош тортган.

Тўқтўмушевга кўра, янги қонун қабул қилингунига қадар, агар судланувчиларнинг айби исботланмаган тақдирда, ҳакам уларни бевосита суд залидан озод қилиб юбориши мумкин эди. Энди эса қонун бундай қарор қабул қилишга имкон бермайди.

Туман прокурори Расул Умаров ҳакамдан иш ҳолатлари тўла аниқлангунича, яъни Зоирова деб гумон қилинмиш ҳалок бўлган аёлнинг шахси аниқлангунича ва судланувчиларнинг бу қотилликка алоқадор бўлишлари мумкинлиги аниқлангунича ишни қайта терговга юборишни сўраган. Суд шу йилнинг июль ойидан кучга кирган жиноят қонунчилигини юмшатиш бўйича янги қонунга таянган ҳолда прокурор илтимосини қондирди.

Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг қайд этишларича, туман прокурори маҳкама жараёнида ҳам айблов томони, ҳам назорат идораси вакили сифатида чиққан, бу эса адолатли судлов тамойилларига тамоман зид келади. Бунақа пайтда прокурор ишнинг тергов фойдасига ҳал бўлишидан манфаатдор киши бўлиб қолади. Судланувчилар, масалан, ҳибсда сақланган пайтларида терговчилар томонидан калтакланганлари ва таҳқирланганларини билдиришлари мумкин. У ҳолда прокурор ўз қўл остида ишлаётган кишиларнинг хатти-ҳаракатлари учун жавоб беришига тўғри келарди.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йил февраль ойида туман Маданият уйининг ертўласида кўплаб пичоқ зарбаларидан ярадор бўлган номаълум аёлнинг жасади топилганди. Жасаднинг шахсини аниқлаштириш учун таклиф этилган яқинлар ва танишлар бу қизнинг қишлоқда анчадан бери кўринмай қолган Майрам Зоирова эканини айтганлар. Кейинчалик маълум бўлишича, у бошқа қишлоққа, тутинган онасининг олдига кетган, у ердан эса Ўзбекистонга йўл олиб, ўша ерда эрга теккан экан. Тўрт ой давом этган тергов мобайнида на Заирова ва на унинг тутинган онаси қизнинг “ўлдирилгани” ҳақида билмаганлар. Аммо терговчилар қандайдир йўллар билан сохта “қотиллар”ни топишиб, уларнинг айбларини исбот қила олганлар, шундан сўнг иш судга оширилган.

Аввал тезкор гуруҳ ходимлари Ёрқиной Мамажоновани қўлга олганлар - Майрам Жалолободдан кетишидан аввал охирги уч йил ичида шу аёлнинг уйида яшаганди. Кейин эса ТИИБга Ёрқинойни кўргани келган опаси Барчиной ва унинг куёви Ҳусанбой Режапов ҳибсга олинганлар. Тергов чоғида Ё. Мамажонова ўз “айб”ига иқрор бўлган, аммо судда терговдаги кўрсатмаларни терговчилар босими остида берганини билдириб, аввалги гапларидан тонган. Ҳусанбой Режапов ўзига қўйилган айбга иқрор бўлмаган. У ҳатто “жазони юмшатиш”га ваъда қилиб, ҳамма айбни бўйнига олишга кўндирмоқчи бўлган адвокатини алмаштиришга ҳам эришган. Барчиной Мамажонованинг гувоҳлик беришича, милиционерлар энг бошданоқ улардан иқрор бўлишни талаб қилишиб, ҳибсга олинганларни аёвсиз калтаклаганлар.

Мамажонованинг ҳамқишлоғи Муҳаббат Раҳмонқулова “ўлдирилган” Майрамни Жалолобод шаҳрида кўрганини хабар қилганида айбланувчининг иқрорномаси аллақачон судда ётарди. Раҳмонқулова Майрам Зоировани Ўзбекистондан судраб олиб келгунича терговчилар уни бир ой қидирганлар. Бироқ, Муҳаббат Раҳмонқулованинг “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбирига билдиришича, “терговчилар Зоированинг “тирилиши”дан умуман манфаатдор бўлмаганлар”. “Улар ҳатто Майрамни Ўзбекистонга қайтариб юборсам, менга мукофот беришни ваъда қилгандилар, - деди Раҳмонқулова. – Улар аёлни дарёга чўктириб юбориш истаклари борлигини айтгандилар, жим юришим учун эса менга минг доллар пул таклиф қилгандилар”. Терговчилар билан бўлиб ўтган бу сўзлашувларни Муҳаббат диктофонга ёзиб олган. Шунингдек, аёл ўз ҳамсуҳбатларининг айни пайтда Раҳмонқулованинг диктофон ёзуви қўлида бўлган маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровни йўқ қилмоқчи бўлганлари ҳақида билдирганларини ҳам маълум қилди. Бироқ терговчилар Муҳаббатнинг сўзларини инкор қилмоқдалар.

Ҳакам ва “қотиллар”нинг адвокатлари судланувчиларнинг қариндошларига янги қонун моддаларини тушунтиришга уринганлар, аммо маҳбусларнинг қариндошлари эндиликда терговчилар уларга ҳали шахси аниқланмаган аёлнинг ўлдирилишини “юклаб” қўйишлари мумкинлигидан қўрқаяптилар.

Мамажонованинг адвокати Раимбек Қўзубаев ўз ҳимояси остидаги аёл айбига иқрорлик кўрсатмаларини берганига қарамай, унинг айбсизлигига ишонади. Унга кўра, жасад аҳволи унинг ўта ёвузлик билан ўлдирилганини кўрсатиб турибди, бу катта жисмоний куч талаб қиларди, бунақа куч эса нимжонгина Ёрқиной ёки Ҳусанбойда йўқ. Бундан ташқари, адвокатга кўра, жасаднинг ертўлада, тергов аниқлаганидек, бир неча ой эмас, балки тахминан ўтган йил кузидан бери ётган.

Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, Қирғизистон президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раисининг ўринбосари Азиза Абдурасулова “судланувчилар суд залининг ўзидан озод қилиб юборилишлари керак эди”, деб ҳисоблайди. “Жаҳондаги биронта мамлакатда суднинг бундай қарор олишини тўғри тушунмайдилар”, - дея қайд этди у. Бу иш билан шуғулланаётган жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам унинг фикрига қўшиладилар. Мустақил ҳуқуқшунослар эса бу ҳолатни мамлакат қонунчилигидаги “навбатдаги чигаллик” деб атадилар. Улар бу вазиятда ҳакам қонун доирасида ҳаракат қилган, деб ҳисоблайдилар.

Қайд этиш жоизки, мазкур ишда ушбу жараён иштирокчиларини бирлаштириб турувчи икки омил – камбағаллик ва саводсизлик кўзга ташланиб турибди. Майрам Зоирова бор-йўғи учинчи синфни битирган, у ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайди, у ҳозир ўзи яшаётган иккинчи эрининг фамилиясини ҳам айтиб беролмади. У шахсини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатга эга эмас. Ҳусанбойнинг онасида ўн битта бола бор, аммо у ҳалигача пенсиясини расмийлаштира олмаган. Ёрқинойнинг беш ёшли қизи бор, аёл ҳеч қанақа нафақа олмасдан, тасодифий даромадлар ҳисобига яшайди, чунки нафақани расмийлаштириш учун тегишли ҳужжатларга эга эмас.

Судланувчилар Ёрқиной ва Ҳусанбой ўз адвокатларидан тегишли маслаҳатлар олганларига қарамасдан, якуний сўзларида айблари йўқлиги учун ҳакамдан ўзларини озод қилиб юборишни ҳам сўрамадилар. Аксинча, улар ишни қайта терговга юборишни сўраган прокурорнинг фикрига қўшилдилар, бундан келиб чиқадики, судланувчиларга нисбатан қўлланиладиган чора ўзгаришсиз қолади. Гап нимадалигини тушунган Ёрқиной ва Ҳусанбой норозилик билдира бошлаган пайтда кеч бўлганди – ҳакам прокурорнинг илтимосига мувофиқ равишда ўз қарорини чиқариб бўлганди.

Шундай қилиб, жиноят қонунчилигини юмшатиш бўйича янги қонун М. Зоирова ўлдирилишида айбдор бўлган кишиларнинг озод қилинишини камида ўн кунга кечиктирди. Агар уларга Маданият уйи ертўласида топилган номаълум аёл жасадига боғлиқ янги айбловлар қўйилмаса, бу кишилар озод қилинишлари керак. Қизиғи шундаки, Қирғизистонда ҳатто конституциавий талаблар ҳам эътиборга олинмаётган бир пайтда, бунақа ғалат қонунлар, айниқса, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила билмайдиган саводсиз ва камбағал фуқароларга нисбатан, одатда, жуда яхши ишлайди.