05:26 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Туркия парламенти президентлик сайловларига ҳозирлик кўрмоқда

28.07.2007 19:10 msk

Бахтиёр Шоҳназаров (Измир)

Тахмин қилинганидек, 22 июль куни Туркияда бўлиб ўтган парламент сайловларида Ислом динига мойил бўлган иқтидордаги Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) зўр ғалабага эришди.

Террорчи деб эълон қилинган Курдистон Ишчи партиясини (КИП) “енг ичида” қўллайдиган ташкилот ҳисобланмиш Демократик жамият партияси сўнгги икки парламент сайловларида ўз депутатларини Туркиянинг қонун чиқарувчи органига ўтказа олмаганди, чунки ДЖП сайлов тўсиғидан ўта олмаганди. Бу сафар ДЖП кураш тактикасини ўзгартирди: у сайловларда партия номидан эмас, мустақил депутатлар номзодини қўйиш билан иштирок этишга қарор қилди. Бу натижа берди – партиянинг йигирма уч аъзосидан йигирма иккитаси парламент таркибига кирдилар.

26 июль куни эрталаб Миллий ҳаракат партиясидан (МҲП) бўлган депутат Мехмет Жиҳат Ўзўндер авиаҳалокат натижасида ҳалок бўлди. У Истанбулда депутатлик мандатини олиш учун ўз автомобилида Анқара аэропортига кетаётган эди. Унинг автомобили қарши йўлга ўтиб кетиб, йўналишли таксига тўқнаш келган. Миллий ҳаракат партияси лидери Девлет Бахчели Олий сайлов комиссиясидан (ОСК) ҳалок бўлган Ўзўндер ўрнига партия рўйхатида ундан кейин турган номзодни депутат ўлароқ эълон қилишни сўраган, бироқ ОСК Туркия тарихида ҳали бундай ҳодиса бўлмаганини айтиб, партия лидерига рад жавобини берган. Шундай қилиб, кейинги ҳафтада мамлакат парламентида 549 депутат қасамёдга келтирилади.

Норасмий маълумотларга кўра, АТП 46,9 фоиз овоз олган, бу эса 550 кишидан ташкил топган Буюк Миллат Мажлисига партиянинг 342 депутатни вакил ўлароқ юборишига имкон беради. Иккинчи ўринни эгаллаган Халқ-республика партияси (ҲРП) 20,8 фоиз овоз олган (112 депутат), ўн фоизлик сайлов тўсиғидан ўтишга эришмиш Миллий ҳаракат партияси (МҲП) эса 14,3 фоиз овоз олган (70 депутат эди, Ўзўндер ўлимидан кейин 69 та қолди). Мустақил депутатлар 26 та мандат олганлар (овозларнинг беш фоизи), ундан 22 таси ДЖПни қўлловчи депутатларга берилди.

Сайловларнинг расмий натижаси кейинги ҳафта бошида эълон қилинади.

Қайд этиш жоизки, иқтидордаги Адолат ва тараққиёт партияси қаторасига иккинчи марта парламент сайловларида ғалаба қозонишга ва ўз ҳокимиятини сақлаб қолишга эришди. Эндиликда парламентда мутлақ кўпчилик тарафдорга эга бўлган Ражаб Эрдўған ўз партияси аъзоларидан янги ҳукумат тузиши керак бўлади.

Демократик жамият партияси ўз тарафдори бўлган қирқтача мустақил номзоднинг парламентга ўтишига умидвор бўлиб турганди. Аммо, мазкур партия лидери Ахмед Туркнинг айтишича, иқтидордаги АТП партия умидларини пучга чиқарган. Нима ҳам дердик, жанубий-шарқий ҳудудлардаги кўплаб сайловчиларнинг бўлгинчилик ва террорни эмас, осойишталик ва истиқрорни афзал кўрганлари ҳайрон қоларли иш эмас.

Ўнг миллиятчилар эришган натижалар ҳам муваффақиятли натижа ўлароқ баҳоланмоқда. 2002 йили МҲП сайлов тўсиғидан ўта олмаганди. Бу сафар эса у тўсиқдан ўтибгина қолмай, ўзига берилган овозларни икки баробар кўпайтиришга ҳам эришган. Бироқ Миллий ҳаракат партияси раҳбарияти сайлов натижаларидан қониқмаган. МҲП лидери, 68 ёшли Девлет Бахчели: “Мен АТПнинг мамлакатни бошқаришда кўплаб хатоларга йўл қўйганига қарамай, ўз сайловчилари овозини кўпайтиришга эриша олганидан ғоят таажжубдаман”, - деди.

Парламентда сиёсий қарашлари бир-бириникига мутлақо тескари бўлган турк ва курд миллиятчи депутатлари бўлишининг ўзиёқ хавотирланишга асос беради. Уларнинг ўзлари эса ҳозирча хавотирга сабаб йўқлигини билдирмоқдалар.

Амалдаги қонунчиликка кўра, парламент депутатлари Буюк Миллат Мажлисида йигирма кишидан кам бўлмаган депутатдан иборат ўз гуруҳларини тузиш ва парламент кун тартибига ўз таклифларини киритиш ҳуқуқига эгалар. Шундан келиб чиққан ҳолда, мустақил депутат-курдлар, агар АТПдан бўлган номзодни қўлласалар, президентлик сайловлари чоғида асосий ролни ўйнаши мумкин бўлган ўз гуруҳларини тузиш ниятидалар.

Бироқ бош вазир Ражаб Эрдўған президентлик сайловларидан олдин Демократик жамият партиясидан бўлган мустақил депутатлар билан учрашиш учун уларнинг таъқиқланган Курдистон Ишчи партияси (КИП) каби террорчилик ташкилотлари ғояларини қўллашдан воз кечишлари ҳамда уларни террорчи ташкилот дея тан олишларини шарт қилиб қўйди.

Эндиликда бир ой ичида парламент янги президентни сайлаши керак. Агар АТП раҳбарияти мамлакат Буюк миллат мажлисида президентни сайлаш учун 367 депутат иштирокига эриша олмаса ёки мухолифатга маъқул келадиган номзодни таклиф қилолмаса, у ҳолда янги ҳукумат истеъфога кетишга мажбур бўлади ва яна бир марта муддатдан олдинги сайлов ўтказилиши лозим бўлади.

Бироқ президент сайлаш юзасидан муаммо чиқмаслиги ҳозирданоқ аён бўлиб турибди. Миллий ҳаракат партияси лидери Девлет Бахчели “Миллият” газетасига берган интервьюсида МҲП президент сайловларида иштирок этишини билдирган. “Иқтидордаги партиядан кимнинг номзод ўлароқ кўрсатилиши эса бизни қизиқтирмайди”, - дея билдирди Бахчели. Президентлик сайловларининг Халқ-республика партияси томонидан бойкот қилингани туфайли май ойи бошида президент бўла олмай қолган ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Гул бўлажак сайловларда ўз номзодини қўйишига ишора қилган. Қайд этиш жоизки, сайловолди митинглари чоғида халқ “Абдуллоҳ Гул бизнинг президентимиз”, дея ҳайқирганди. “Халқ президент ўлароқ айнан Гулни кўришни истамоқда” деган бош вазир Ражаб Эрдўған ҳам унинг номзодини қўллаб-қувватлаяпти.

Аснода мухолифатдаги ХРП раис ўринбосари унинг партияси ҳам президентлик сайловларида иштирок этишини, аммо қарши овоз беришини билдирган. Агар вазият ўзгармайдиган бўлса, Абдуллоҳ Гул учинчи босқичда Туркия президенти этиб сайланиши мумкин, бу босқичда фақат 187 кишининггина иштирок этиши кифоя қилади.

27 июль куни Анқара масжидларидан бирида ҳалок бўлган депутат Мехмет Ўзўндернинг жанозаси ўқилди. Девлет Бахчели ва Абдуллоҳ Гул марҳум жасади олдида ёнма-ён турдилар. Улар бир-бирлари билан озгина гаплашиб олишга улгурдилар, жаноза намозини ҳам бирга ўқидилар. Бу эса кўп нарсадан дарак беради.