12:40 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистонлик толиба машғулотларга ҳижобда бориш ҳуқуқини қўлга киритиш учун халқаро судгача боришга тайёр

27.07.2007 16:50 msk

Шуҳрат Шодиев (Душанбе)

Суратда – Давлатмо Исмоилова. BBC сайтидан олинган фотосурат

Кейинги ҳафтада Душанбе шаҳар судида йигирма ёшли толиба Давлатмо Исмоилованинг Тожикистон таълим тизимига қарши жангининг иккинчи раунди бошланади. Д. Исмоиловага кўра, мазкур тизим унинг машғулотларга ҳижобда боришига йўл қўймай, қизнинг ҳуқуқларини поймол қилмоқда. Эслатиб ўтамиз, биринчи раундда Шоҳмансур туман суди жавобгар, яъни Таълим вазирлиги фойдасига ҳукм чиқарганди. Агар иккинчи раунд ҳам толибага муваффақият келтирмаса, бу курашнинг учинчи раунди Тожикистон Олий судида бўлиб ўтиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Давлатмо Исмоилова юзага келган вазият ва ўз позицияси ҳақида “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига берган интервьюсида гапириб берди.

Фарғона.Ру: - Давлатмо, ўзинг ва оиланг ҳақида гапириб берсанг.

Д. Исмоилова: - Ёшим йигирмада. Тиллар институти шарқшунослик факультетининг учинчи курсида ўқийман, тўғрироғи, ўқирдим. Оиламизда, ота-онам билан бирга, ўн икки кишимиз. Менинг етти опам ва икки акам бор. Оилада энг кенжа фарзандман. Отам пенсияга чиққунларича “Тожиктекстиль” комбинатида чилангар бўлиб ишлаганлар, онам эса фаррошлик қилардилар, у киши ҳам ҳозир нафақадалар.

Фарғона.Ру: - Нима учун сен эндиликда Тиллар институтининг талабаси эмассан?

Д. Исмоилова: - Аввал ректорат ҳижоб кийиб юрганим учун дарслардан қўймади, Шоҳмансур туман судининг ҳукми чиққандан сўнг эса мени “давоматим” туфайли ўқишдан четлаштирди. Мен олийгоҳ раҳбариятидан ҳеч бўлмаганда институтда ягона кийим-бошга ўтилгунга қадар машғулотларга қатнашиб туриш учун рухсат сўрагандим, аммо рад жавоби олдим. Ҳолбуки, ўқитувчилар менинг олдимда очиқ-сочиқ кийим кийган қизлар билан суҳбатлашганларида фақат соддароқ кийинишни тавсия қилишиб, уларни дарсга киритавердилар.

Фарғона.Ру: - Оилангдагилар диндор кишиларми?

Д. Исмоилова: - Тўғрисини айтсам, оиламизда ҳеч ким диний таълим кўрмаган ва диний амрлар ва урф-одатларга унчалик амал қилмайдилар, гарчи ҳар биримиз ҳар қандай мусулмон каби бунга интилсак-да. Опаларим намоз ўқийдилар, аммо ҳозирча улардан фақат иккитасигина ҳижобда юради. Оиламиз оддий дунёвий оила. Отам яқин-яқинларгача коммунист бўлган.

Фарғона.Ру: - Қачондан бери ҳижобда юрасан ва бунга ота-оналаринг қандай муносабатда бўлганлар?

Д. Исмоилова: - Ўрта мактабда ўқиб юрганимда мен бўш пайтларда кирилл алифбосида ёзилган Ислом, Шариат ҳақидаги турли китоблар ва брошюралар, пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳадисларини тез-тез ўқиб турардим. Вақт ўтиши билан мен Қуръони Карим ва Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларидаги амрларнинг нақадар муҳим ва зарурлигини тўла англай бошладим. Ислом динида муслималарга буюрилган муҳим амрлардан бири ҳижоб кийиб юриш ёки сатри авратга имкон берувчи кийимларни кийиб юришдир. Шунинг учун ҳам ўрта мактабни битирганимдан сўнг мен ҳижоб кия бошладим. Отам эътироз билдирмадилар, онам эса бунга қарши бўлдилар. У келажакда бунақа кийимда давлат олийгоҳларига киришим ёки ишга жойлашишим қийин бўлишини айтардилар.

Дастлаб мени “роҳиба”, “оқ қарға” ва ҳ.к. дея масхараладилар. Аммо мен тўғри иш қилаётганимни билардим ва бунақа таъна-дашномларга эътибор бериб ўтирмасдим.

Фарғона.Ру: - Институтга кираётганингда ҳижобда юришинг билан боғлиқ муаммога дуч келганмисан?

Д. Исмоилова: - Йўқ. Мен кириш имтиҳонларини муваффақият билан топшириб, институтга қабул қилиндим. Ўқишнинг биринчи йилида кийимим туфайли бирор муаммо чиқмади.

Фарғона.Ру: - Сенга ва қолган ҳижобли қизларга бошқа талабалар қандай муносабатда бўладилар?

Д. Исмоилова: - Биз ҳижобли ва ҳижобсизларга бўлинмаймиз. Болалар билан муносабатимиз яхши, дўстона. Агар киши тарбия кўрмаган, кўп сўкинадиган бўлса ёки қанақадир ғайриаҳлоқий ишлар билан шуғулланса, ҳар қанақа талаба ҳам ундан нарироқ юришга ҳаракат қилади. Бизнинг кийинишимиз эса бошқа талабалар билан бўлган муносабатимизга салбий таъсир кўрсатмайди. Ҳатто аксинча, кўп талабалар ҳижобли қизларга катта ҳурмат билан қарайдилар. Масалан, курсдошларим менга мурожаат қилганларида кўпинча “ҳамшира” (опа ёки синглим) дея мурожаат қиладилар. Бизга бўлган бу ҳурмат истаган одам бошини ўраб олиши мумкин бўлган рўмол туфайли эмас, балки бизнинг ҳаётий мавқеимиз туфайлидир. Муслимадай кийиниб юриш эса ана шу мавқеимизнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.

Фарғона.Ру: - Ҳижобда юрадиган толибалар кўпми орангизда?

Д. Исмоилова: - Унча кўп эмас. Мен танийдиган ва мулоқот қиладиган қизлар орасида ўн бешга яқин мастура (ўранган қиз) бор. Лекин, афсуски, ректорат ва Таълим вазирлиги томонидан бўлган бу зуғум, таҳдид ва босимлардан кейин кўп қизлар ҳижобларини ечишга қарор қилдилар. Уларнинг кўпчилиги ўқишни давом эттириш учун шу ишни қилишга мажбур бўлдилар. Аммо мен бунақа хўрловчи, ҳақоратловчи ва ҳақ-ҳуқуқларимни камситувчи буйруқларга, бу буйруқ кимдан бўлишидан қатъий назар, бўйсунмоқчи эмасман. Агар масала кўндаланг қўйилса-ю “Ё ўқишни танла, ёки ҳижобни” дейилса, мен ҳижобни танлаган бўлардим. Мен ўқишга кетган уч йилимга ачинмайман. Чунки бунда “ўқиш” дейилганда қуллик, “ҳижоб” деганда эса ҳуррият (эркинлик) англашилади. Мен ҳурриятни танлайман.

Қачонгача биз мансабдорларнинг ўзбошимчалигига ва камситишларига чидаб юрамиз?

Таълим вазирлиги бизга дарсга ҳижобда келишни таъқиқлайди, уламолар кенгаши деб аталмиш ташкилот эса Жумъа намозларига боришимизни маън қилади, ваҳоланки буларни ҳеч бири демократия меъёрларига ҳам, Шариат қонун-қоидаларига ҳам тўғри келмайди. Бу ҳақоратомиз ишдир. Шахсан мен ҳур инсонман, бу ҳуррият менга Аллоҳ Таъоло томонидан берилган ва бу эркинликни мендан фақат Аллоҳ Таъолонинг ўзигина олиши мумкин. Мен барча диний буйруқлар ва амалларни бажаришга ҳақлиман, бу жиҳатдан аҳолисининг тўқсон фоизи мусулмон бўлган мустақил ватанимнинг Конституцияси ҳам менга кафолат беради.

Фарғона.Ру: - Институтдаги дарсларни ўзлаштиришинг қандай?

Д. Исмоилова: - Барча фанлардан баҳоларим яхши. Ҳатто проректор ва яна иккита ўқитувчи уйимизга келишиб, ота-онам билан гаплашган пайтларида ҳам, улар билимим юзасидан ҳеч қандай эътирозлари йўқлигини айтганлар. Маҳкама текшируви чоғида ҳам улар шу гапларни такрорладилар. Улар мени дарсга қўймасликларига ягона сабаб менинг ҳижобда юришим бўлган. Аммо ўқитувчиларимиз бошимизнинг устидаги нарсага эмас, балки бошимизнинг ичидаги нарсага, яъни билимимизга эътибор қилишлари керак.

Фарғона.Ру: - Бўш пайтингда нима билан шуғулланасан?

Д. Исмоилова: - Институтда ўқиб юрган пайтимда бўш вақтим ҳам кўп эмасди. Бунинг устига, мен Миллий Университетнинг иқтисодиёт факультетида ҳам сиртдан ўқийман. Одатда, агар бўш вақтим бўлиб қолса, жиянларимга инглиз тилини ўргатаман. Форсчадан ташқари мен инглиз ва рус тилларини ҳам анча тузук биламан, айни пайтда араб тилини ўрганаяпман. Шунинг учун ҳам жиянларим бир неча тилни билишларини истайман. Бу келажакда уларга асқотади. Албатта, ҳар куни уй ишлари билан шуғулланаман ва қарийб кунига ўзим ёқтирган “Евроньюс” каналини томоша қиламан.

Фарғона.Ру: - Давлатмо, нима учун сени кўпчилик Фотима деб чақиради?

Д. Исмоилова: - Исмим исломий исмларга мувофиқ бўлиши учун отимни ўзгартиришга қарор қилганман. Биратўла ўзимнинг ҳозирги советча фамилиямни ҳам миллий фамилияга ўзгартирмоқчиман. Ўшанда мени Фотимаи Нажмиддин деб чақирадиган бўладилар. Нажмиддин – отамнинг исми.

Фарғона.Ру: - Буёғига нима қилмоқчисан?

Д. Исмоилова: - Шоҳмансур туман суди қарордан қониқмай, пойтахт судига даъво аризасини бердим. У яқин кунларда бу ишни кўриб чиқиши керак. Агар у ерда ҳам масала қонун доирасида ҳал бўлмаса ва туман судида бўлганидек қонунбузарликларга йўл қўйилса, у ҳолда Республика Олий судига мурожаат қиламан. Мабодо мамлакатимиз Олий судида ҳам ҳақиқатга эришолмасам, Халқаро судга мурожаат қиламан. Ўз ҳақ-ҳуқуқларим учун охиригача курашаман.