05:29 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Туркия Марказий Осиёнинг туркий тилли давлатлари билан бўлган виза тартибини бекор қилиш ниятида

27.07.2007 08:37 msk

Бахтиёр Шоҳназаров (Измир, Турция)

Яқинда турк оммавий ахборот воситаларида Туркия Марказий Осиёнинг туркий тилли давлатлари ҳамда Озарбайжон билан бўлган виза тартибини бир томонлама бекор қилмоқчи бўлиб турганлиги ҳақида хабарлар ёйинланди. Бу ҳақда 22 июль куни бўлиб ўтган парламент сайловлари арафасида мамлакат ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Гул Туркиянинг “Заман” газетасига берган интервьюсида билдирган.

Бу борада тегишли қарор аллақачон тайёрлаб қўйилган бўлиб, яқин орада у Туркия президентига тасдиқлатиш учун етказилади. “Туркия барча муслимонлар ва турклар учун иккинчи ватанга айланажак”, - деди Туркия ташқи ишлар вазири “Заман” газетасига берган интервьюсида.

Бироқ Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳали ҳам совуқлигича қолаётгани сир эмас. Шунга қарамай, Ўзбекистон ҳам фуқаролари Туркияга эмин-эркин кириб келишлари мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатига киритилган.

Одатда, дипломатияда бошқа давлатлар сизга қандай муносабатда бўлсалар, уларга ҳам ана шундай муносабатда бўлиш қабул қилинган. Шундан келиб чиқилса, 2003 йил ёзида Туркия ўз фуқароларининг виза олиш бўйича аризаларини кўриб чиқишни чўзиб юбораётган ёки сабабларини кўрсатмасдан, умуман уларга виза беришдан бош тортаётган Ўзбекистон консуллик муассасалари томонидан туркиялик фуқаролар ҳуқуқи бузилиш ҳолатлари кўпайиб кетганига жавобан ўзбекистонлик фуқаролар учун виза тартиби жорий этишга мажбур бўлганди. Боз устига, Ўзбекистонда ўз бизнесига эга бўлган шахсларга берилмиш визаларнинг яроқлилик муддати ҳам унча узоқ бўлмаган, бундай визалар, асосан, олти ойгача берилган. Бундан ташқари, туркиялик фуқаролар Ўзбекистонда бўлган пайтларида қайддан ўтишлари лозим бўлиб, унинг муддати ҳам виза муддатидан кўп бўлмасди. Аснода Туркиянинг ўзида чет элликлар учун қайддан ўтиш (пропискага туриш) деган нарса мутлақо йўқ. Мамлакат ичида юришга паспорт назоратидан ўтаётган пайтда паспортга уриладиган штамп асос бўлиб хизмат қилади.

Туркияга эркин кира олиш ҳуқуқи ўзбекистонлик фуқароларига нима беради?

Биринчидан, эндиликда Туркияга боришни истаганлар Тошкентдаги Туркия элчихонасининг консуллик бўлими эшиги тагида виза олиш учун сарғайиб ўтирмайдилар. Ахир одамлар Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан келар эдилар-да. Виза тартибининг бекор қилингани эса уларнинг пулларини ва вақтларини тежашга ёрдам беради.

Иккинчидан, виза олиш учун талаб қилинган турли маълумотномалар йиғиш ва Туркиядаги танишлар ёки фирмалардан таклифнома олиш билан боғлиқ бўлган бюрократик муаммолар йўқ бўлади.

Учинчидан, виза олиш учун тўланадиган 80 АҚШ доллари миқдоридаги пул Туркияга боришни истаганларнинг ўз чўнтакларида қолади, натижада бу мамлакатга бўлажак саёҳат нархлари ҳам пасаяди. Агар Ўзбекистон аҳолисининг даромад даражасини ҳисобга оладиган бўлсак, бунда яхшигина пул иқтисод қилиб қолинганига амин бўламиз.

Тўртинчидан, Тошкентдан виза ололмаган ўзбекистонликлар учун қўшни Қозоғистондан катта пул эвазига Туркия визаларини олиб берадиган учинчи шахсларнинг “хизматлари”га ҳожат қолмайди.

Бешинчидан, эндиликда қўлида етарлича маблағ ва паспортида ВҚЎБ стикери бўлган кишилар Туркияга муаммосиз бора олишлари мумкин. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистондан ташқари собиқ Совет Иттифоқи республикаларининг барчасида бунақа тартиб (чиқиш визасини олиш) бекор қилинган.

Олтинчидан, иккала давлат ўртасида қатновчи йўловчилар сони ортади, бу эса авиаташувчилар ва аэропорт хизматлари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.

Ва ниҳоят, ўзбеклар ва турклар бир-бирлари билан кўпроқ мулоқотда бўла бошлайдилар, бу иккала халқ ўртасидаги қардошлик алоқаларининг мустаҳкамланишига ёрдам беради – бу эса энг муҳимидир.

Виза тартибини бир томонлама бекор қилинишида Туркия учун зиён борми? Ҳа, бор. Мамлакатга эркин кира олиш ҳуқуқидан иш изловчилар ҳам фойдаланиб қолишлари мумкин, натижада мамлакатда меҳнат муҳожирларининг, жумладан, ноқонуний коррандаларнинг ҳам сони кўпайиб кетади. Сўз келганда айтиб ўтиш керакки, Туркияда Арманистондан бўлган етмиш мингдан зиёд ноқонуний гастарбайтерлар ишлайдилар, ҳолбуки иккала давлат ўртасида ҳатто дипломатик алоқалар ҳам ўрнатилмаган.

Ижобий жиҳатларга келсак, Туркия туркий тилли халқлар учун янада жозиброқ мамлакатга айланади. Одамлар бу мамлакатга қанча кўп келсалар, шунча кўп валюта олиб келадилар, саёҳатчилик, савдо-сотиқ ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлайдиган тадбиркорлар учун эса янада каттароқ имкониятлар пайдо бўлади.

Бироқ, таъкидлаш ўринлики, Марказий Осиёдаги турк ўлкаларининг фуқаролари учун виза тартибини бекор қилиш ҳақидаги якуний қарор Туркиянинг янги ҳукумати тузилганидан кейингина қабул қилиниши мумкин.