18:07 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Мамлакат ташқи қарзини узиш бўйича “халқ” ташаббуси ўрнида қотиб қолди

26.07.2007 06:01 msk

Абдумўмин Мамараимов

Бундан роса икки ой аввал - 2007 йилнинг май ойида Қирғизистон ҳукумати “Қирғизистон Республикаси ташқи қарзини узиш бўйича халқ ҳисоб рақами”ни очганди. Аммо, уддабуронлик билан амалга оширилганда мамлакат ташқи қарзи муаммосини қисман бўлса-да ҳал қилибгина қолмасдан, жамиятни жипслаштириши ҳам мумкин бўлган бу дуруст ғоя қоғозда қолиб кетадиганга ўхшайди. АКИpress ахборот агентлигининг мамлакат Миллий банки раисига таянган ҳолда хабар қилишича, 2007 йилнинг 19 июлига келиб бу ҳисоб рақамига бор-йўғи беш минг сўм (тақрибан 120 доллар) пул ўтказилган. Бу пуллар республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларидан келиб тушган.

Қайд этиш жоизки, Бишкекдаги хусусий фирмалардан бирининг раҳбари Ж. Тўқтўғазиев ҳам шунга ўхшаш ҳисоб рақами очган ва унга бир миллион сўм (25 минг доллардан кўпроқ) пул ўтказганди. Бундан ташқари, Тўқтўғазиевга кўра, у томонидан очилган ҳисоб рақамига қарийб уч юз ҳамюртидан турли миқдорда пуллар тушган.

Қирғизистоннинг ташқи қарзи 2007 йилнинг март ойи бошига келиб қарийб икки миллиард АҚШ долларига етган, бу эса мамлакат ЯИМ ҳажмидан кўпроқдир. Бу қарзнинг асосий қисмини қарздор мамлакат шу йилнинг ўзида фоизлари билан бирга тўлай бошлаши керак. Қирғизистон жамиятида бу миллиардлар аввалги расмийлар томонидан ўмарилган, деб ҳисоблаш одат тусига кирган.
Мамлакат ташқи қарзини узиш бўйича ташаббус ҳориждаги қирғизистонликлар томонидан ҳам кўтарилаяпти. Масалан, 24 июль куни Москвада республика ташқи қарзини узиш учун пул тўплашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган “Биз Қирғизистон тақдирига бефарқ эмасмиз” марафони бўлиб ўтган. Худди шундай тадбир яқинда Самарада ҳам бўлиб ўтган, у ерда бир кунда 88 минг рубль йиғилган. Бу ҳолат Қирғизистон ҳукуматга ишонч даражаси қандайлигини кўрсатадими ёки ғояни маҳорат билан амалга ошириш зарурлигига ишора қиладими?

Шу ўринда Қирғизистондаги ИА 24.kg ахборот агентлиги томонидан яқинда ўтказилган сўровни эслаш ортиқчалик қилмайди.

“Ватаннинг ташқи қарзини узиш учун махсус ҳисоб рақамига ўз улушингизни қўшишга тайёрмисиз?” деган саволга таниқли сиёсатчилар турлича фикрлар билдириш билан жавоб қилганлар. Дейлик, Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) Қонун чиқариш йиғинининг собиқ спикери Абдиғани Эркебаев бу ишга “қўлдан келганча ўз улушини қўшиш”га тайёрлигини билдирган, бироқ Эркабаев буни муаммони ҳал қилишнинг яхши йўли деб билмайди. “Расмийлар ҳалигача бизга қачон, кимдан, қандай шартлар асосида қарз олганимизни ва кимнинг айби билан қарзга ботиб қолганимизни айтганлари йўқ. Нима учун биз пул йиғишимиз кераг-у бу қарзларни орттирганлар яна жавобгарликдан қутилиб кетиши керак?” – деганди Эркабаев.

Мухолифатчи депутат Ўмурбек Текебаев ҳам олинган қарзларни нест-нобуд қилишга алоқадор кимсаларни жавобгарликка тортиш тарафдорларидан бўлиб ҳисобланади. “Агар биз бунга шундай баҳо бермасак, бу иллатга чек қўймасак, бу нарса кейин ҳам давом этаверади”, - дея билдирди депутат. Бундан ташқари, у янги расмийлар ҳам бир неча юз миллион доллар қарз олишга улгурганларини, бу пулларнинг мақсадга мувофиқ ишлатилиши учун кимдир жавобгар бўлиши шартлигини қайд этди.

Парламентнинг ҳуқуқий тартиб ва коррупцияга қарши кураш бўйича қўмитаси раиси Хажимурат Қўрқмазов “Халқ ҳисоб рақами”га пул ўтказмоқчи эмас, чунки у “қарзни ким олган бўлса, ким уни ноўрин ишлатган ёки ўмарган бўлса, ким айбдор бўлса, ўша жазоланиши керак. [Ўмарилган қарзларни ҳам] қонунчиликка мувофиқ равишда ана ўшалар тўлашлари керак”.

Бошқа депутатлар эса қарзларни тўлашда мамлакатга ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирганлар, аммо “Қирғизистон Республикаси ташқи қарзини узиш бўйича халқ ҳисоб рақами”нинг [бугунги] аҳволига қараганда, улар буни чин юракдан айтмаган кўринадилар.

Истеъфога кетган Ф. Қулов ҳукуматдаги энг салоҳиятли вазирлардан бири, Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда эса Тараққиёт ва сиёсат бўйича халқаро агентлик президенти бўлган Аликбек Жекшенқулов қарзларни тўлаш ғояси “молиявий эмас, балки мафкуравий характерга эга”лигини айтганди. “Бу миллат руҳини кўтариш ва уни жипслаштиришга ёрдам беради, чунки Қирғизистоннинг ҳар бир фуқароси ташқи қарз юкини енгиллатишга қўлдан келганча ўз улушини қўшишдан бош тортмаслигига аминман”, - деганди у. Шунга қарамай, у масалани чинакамига ҳал қилиш учун расмийлар иқтисодий муаммолар билан, хусусан, яширин иқтисодни юзага олиб чиқиш, коррупцияга қарши курашиш билан шуғулланишлари зарурлигини қистириб ўтганди.

Ҳукумат “халқ иши” деб атаган ташқи қарзни узиш бўйича ташаббусни маҳорат билан ташкил этиш зарурлиги ҳақидаги фикрга кўпчилик қўшилади. Ўз номи ошкор қилинмаслигини сўраган вилоят миқёсидаги мулозим ҳукумат, моҳиятан, “ташқи қарз муаммосини ҳал қилиш бўйича ғоя остига яхши мафкуравий пойдевор қура билмасдан, бу ажойиб ғоя ҳамда жамиятни шу ғоя атрофида жипслаштириш ишини барбод қилди”, деб ҳисоблайди. “Ахир ким бунақа ишлайди? – дея савол ташлайди мулозим. – Биз, вилоят раҳбарлари, ҳисоб рақами очилганини газеталардан ўқиб билдик. Аслида эса мамлакат бош вазири ёки президенти бу масала юзасидан яхши чиқиш қилиши, муаммо моҳиятини халққа етказиб бериши, одамларни руҳан сафарбар қилиши лозим эди”.

Ўзини “ўрта бизнес вакили” деб таништирган ўттиз ёшли Бақит “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига берган интервьюсида мазкур ташаббусга “икки қайта солиқ солиш” деган ном берди. “Мансабдорлар бу пулларни олишиб, чўнтакларига урганлар ва муаммони ҳал қилишни оддий халқ устига юклаб қўйганлар – бу бир, энди эса улар бу зарарни ўша халқ ҳисобидан ундирмоқчилар – бу икки, - дейди ғазабланиб Бақит. – Кечирасиз, мен бундай ўйнамайман”.

“Фарғона.Ру” мухбири турли ёшдаги ва касбдаги бошқа фуқаролардан, ҳатто ишсизлардан ҳам шунга ўхшаш жавобларни эшитди. Бунда кўпчилик Жанубий Кореянинг урушдан кейинги тажрибасини эслади - ўшанда ҳукумат чорлови билан мамлакат фуқаролари Кореянинг бошқа мамлакатлар олдидаги қарзларини узиш учун ўз жамғармалари ва қимматбаҳо буюмларини давлатга топширган эдилар.

“Аммо улар корейслар эдилар-да, улар ўз раҳбарларига ишонардилар, чунки уларда биздагидек коррупция йўқ эди, - дея мулоҳаза билдиради Ўш олийгоҳларидан бирининг талабаси Азамат. – Шунинг учун ҳам кореялик аёллар давлат учун ўз тақинчоқларини қурбон қилганлар”. Айтиш керакки, бу фикрга ҳукуматнинг “халқона” ташаббуси ҳақида биладиган иккала пойтахт – Ўш ва Бишкек фуқароларининг жуда кўпчилиги қўшилади. Чекка жойларда эса аҳвол бошқачароқ – бу ғоя ҳақидаги саволга улар ҳайрон бўлиб елка қисганча: “Қанақа қарз? Мен бу ҳақда эшитганим йўқ. Ўзимнинг қарзим бошимдан ошиб ётибди”, дея жавоб қиладилар.