06:32 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда ўзбек маданияти “экспансия”си кузатилмоқда. Расмийлар қандай чора қўллар эканлар?

25.07.2007 12:36 msk

А. Мамараимов (Жалолобод)

Беш миллионли аҳолининг ярмидан кўпи истиқомат қиладиган Қирғизистон жанубида ўзбек маданиятининг тобора устун келаётгани кузатилмоқда. Бунга фақат қўшни Ўзбекистоннинг яқинлиги эмас, балки аҳолининг миллий таркиби ҳам сабаб бўлаяпти. Қирғизистон жанубида, турли маълумотларга кўра, етти юз мингдан бир миллионгача ўзбек яшайди.

Биз учун кино энг муҳимми?

“Санъатлар ичида биз учун энг муҳими кинодир” деганида жаҳон пролетариати доҳийси Владимир Ульянов минг марта ҳақ эди. Совет киносанъатининг “совет” одамларининг бутун бошли авлодларини шакллантиришдаги тажрибаси бу фикр тўғрилигини исботлаган.

Кинонинг мафкуравий роли ҳақида Қирғизистонда ҳам кўп гапирадилар. Аммо мамлакат мустақил бўлганидан бери, охирги йилларда суратга олинган бир-иккита дуруст фильмни ҳисобга олинмаганда, бу соҳада гапдан нарига ўтилмади. Бироқ Қирғизистон жамиятида пайдо бўлган киновакуумни бошқа мамлакатлар маҳсулоти муваффақият билан тўлдириб келаяпти. Мамлакат жанубида бу бўшлиқ, асосан, кейинги йилларда ҳавас қиладиган даражада ривожланиб келаётган ўзбек киноси билан тўлдирилган.

Ўзбек фильмларининг мисли кўрилмаган даражада оммабоплигига амин бўлиш учун мамлакат жанубидаги компакт-диск сотиладиган исталган нуқтага бош суқиш кифоя. Ундоқ деса, Бишкек бозорларида ҳам прокатчилар янги ўзбек фильмларини сотиб олишни тез-тез таклиф этиб турадилар. Ўзбек фильмлари ғарб жангари фильмлари ва Россия фильмларини бозордан сиқиб чиқара бошлаганлар. Каттаю кичик шаҳарларнинг ҳар бир бурчагида учратиш мумкин бўлган диск сотувчиларга кўра, қирғизлар ҳам ўзбек фильмларини ўзбеклардан кам харид қилмайдилар. Ҳолбуки, Ўзбекистондан келаётган фильмларнинг барчаси ўзбек тилидадир. “Талаб бор жойда таклиф ҳам бўлади”, - кинопрокатчиларнинг жавоби тахминан ана шундай. Ахир бугунги кунда Қирғизистондаги қарийб ҳар бир хонадонда камида биттадан Хитойда ишлаб чиқарилган арзон DVD-плейер бор-да.

Ўзбек фильмларининг оммабоплигини саҳнада қўшиқ куйлаш билан бир қаторда кўплаб фильмларда ўйнаётган ўзбек эстрадаси юлдузларининг сурати босилмиш плакатлар ҳам айтиб турибди. Бундай плакатларни истаган дўкончадан харид қилиш мумкин. Қирғиз эстрадаси юлдузларининг плакатлари эса қарийб йўқ, бор бўлса ҳам, сифати ёмонлиги ва унча машҳур эмаслиги туфайли уларни камдан-кам сотиб оладилар. Қирғиз киноси юлдузларининг суратлари ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмас – бунақа плакатлар умуман йўқ. Иттифоқ миқёсидаги Суйменқул Чўқмўров ёки Айтурган Темирова каби буюк актёрлар эса аллақачон тарихга айланганлар.

Сўнгги йилларда бир нечта қирғизча фестиваль фильми пайдо бўлди, бироқ улар кенг томошабинлар оммасига яхши маълум эмас. Муаллифлик ҳуқуқлари устидан қаттиқ назорат ўрнатилгани сабабли бу фильмлар ёзилган дискларни топиш қийин. Бундай фильмлар кинотеатрларда намойиш қилинади, у ерга эса кўпчилик бормайди.

Ҳозирда президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган таниқли кинорежиссёр, СССР халқ артисти Бўлўт Шамшиев қирғиз маданиятининг таназзулга юз тутишида мамлакатнинг собиқ президентини айблайди. “Ақаев фақат кинематографгагина эмас, умумият-ла маданиятга пул бермасди...” – деганди у ўшлик талабалар билан бўлган яқиндаги учрашувда. – “Ҳозир вазият ўзгарди, расмийлар ниҳоят маданиятга эътибор қарата бошладилар ва уни ривожлантириш учун ҳар йили беш юз минг сўм ажратадиган бўлдилар. Кинога ҳам 120 миллион сўм (3,15 млн.доллар – муаллиф изоҳи) ажратиладиган бўлди”. Аммо бу пуллар ким томонидан ва қандай ишлатилиши юзасидан мулозим аниқлик киритмади. Шу кунларда Молия вазирлиги бу маблағнинг ярмидан кўпини ажратди.

Шамшиевга кўра, мамлакатда “киноалафлар кўпайиб кетган”. Яхши картиналар суратга олиши мумкин бўлган кишилар ўзларини сиёсатга урганлар ёки мамлакатдан кетиб қолганлар. Миллий кино классикасига кирган картиналари билан танилмиш Қирғизистон ССР халқ артисти Дўўрўнбек Садирбаев бунга яхши мисол бўла олади. У парламент депутати сифати ўн йилдан бери гоҳ расмийларни қўллаб, гоҳ уларга мухолиф бўлиб юрибди. Аммо қирғиз киноси фахрийсининг миллий кинематограф муаммоси ҳақида масала кўтариб чиққан пайтини эслаш қийин.

Телевидение театрни сиқиб чиқаролмайди, чунки театрнинг ўзи йўқ

Бўлўт Шамшиевга кўра, “Қирғизкино” концерни ёшлар учун телесериаллар яратиш миллий лойиҳасини ишлаб чиқаяпти. Бу ҳам бежиз эмас. Бугунги кунда қўшни Ўзбекистондаги учта давлат телеканали ўзбек тилига таржима қилинган бирданига бир нечта сериалларни бетўхтов “айлантириб ётишибди”. Ўрта Осиё халқлари маданиятига руҳан жуда яқин бўлган турк ва корейс сериаллари фақат Ўзбекистондагина эмас, Қирғизистон жанубида (ҳатто қирғиз миллатига мансуб кишилар орасида) ҳам жуда оммалашган. Жанубликларнинг кўчадаги, ишхонадаги, кечалардаги суҳбатларига қулоқ тутсангиз, бунга амин бўласиз. Бундан ташқари, бугунги кунда жанубда вилоят миқёсидаги бир неча ўзбек телеканаллари ҳам (Андижон, Наманган, Фарғона вилоят телевидениелари) ўз кўрсатувларини бериб борадилар. Бу телеэкспансияга қарши туришга Қирғизистон телевидениесининг биринчи канали зўр бериб уриниб ётибди, аммо муваффақиятга эришолмаяпти. Ҳозирча бу телеканалда сифатли дастур ва кўрсатувлар мўл эмас. Уй бекалари севиб томоша қиладиган сериалларни сотиб олишга пул йўқ. Ҳайтовур, канал қирғиз тилида Хитойнинг бир сериалини намойиш қила бошлаганди. Аммо у дубляж ночорлиги туфайли кўплаб томошабинларнинг ғашини келтирмоқда. Қирғиз тилида чиқадиган вилоят телеканаллари ва мустақил студиялар ҳафтасига бир неча соатгина эфирга эга бўлиб, улар асосан расмий хабарларни (давлат каналлари) ёритадилар ёки Россия каналларини (мустақил телевидениелар) ретрансляция қиладилар.

Бироқ, бу мамлакат жанубидаги қирғизларнинг ўзбек телевидениесини бошқалардан афзал кўришига ягона сабаб эмас. Миллий телеканалнинг ягона устунлиги мамлакат ҳудудининг энг катта қисмини қоплаш имкониятидир. Бироқ ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, телеканал сигналлари етиб бормаётган тоғли жойлар ҳали ҳам бор, бу ерда фақат Ўзбекистон ва Россия телевидениеси трансляция қилинади, холос.

Жанубда оммабопроқ бўлган “ЎшТВ” ва “МезонТВ” маҳаллий телеканаллари кўпроқ ўзбек ва рус тилларидан кўрсатув тайёрлайдилар, чунки улар айнан шу аудиторияга йўналтирилганлар. Ўз вақтида бу ҳол ҳозирги давлат котиби Адахан Мадумаровнинг кескин танқидига сабаб бўлганди. У “қўшни Ўзбекистонда бирорта канал ҳам қирғиз тилида чиқмагани учун” мазкур каналлардан давлат тилида кўрсатув олиб боришни талаб қилганди. Ўшанда мазкур телеканалларнинг раҳбарлари мамлакат раҳбариятига мамлакат бош мафкурачисининг позициясини изоҳлаб бериш илтимоси билан хат йўллашга мажбур бўлган эдилар. Бугунги кунда бу телеканаллар ўз дастурларига қирғиз тилидаги кўрсатувларни ҳам киритганлар.

Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилиги лидерларидан бири бўлган Улуғбек Абдусаломовнинг фикрича, расмийлар бу каналлар кўрсатув тайёрлайдиган тиллар ҳақида эмас, умуман ОАВ олиб бораётган мафкура ҳақида ўйласалар яхши бўларди. “Бизда битта миллат манфаатларига бўйсундирилган миллий мафкура эмас, балки давлат мафкураси бўлиши керак, - дейди Абдусаломов. – Бу мафкурани турли воситалар билан, шу жумладан, мамлакатда истиқомат қилаётган халқлар тилида ҳам ёйиш керак. Ахир Ўзбекистонда ҳам телеканаллар қозоқ ва қирғиз тилларида ҳам кўрсатувлар бериб борадилар-ку. Бу эса уларга давлат мафкурасини ўша халқларнинг она тили орқали сингдиришга ёрдам бераяпти. Айнан шу ўзбек тилида чиқадиган ОАВ қирғизистонлик ўзбекларга ўзларини Қирғизистон фуқароси сифатида танишларига ёрдам берди. Агар ўзбек тилида бериладиган кўрсатувлар қисқартирилса, қирғизистонлик ўзбеклар Ўзбекистон каналларига ўтиб кетадилар ва ўша мамлакат мафкураси билан яшай бошлайдилар...”

Радио билан боғлиқ вазият ҳам бундан яхшироқ эмас. Жанубликларнинг кўпчилиги, миллатидан қатъий назар, асосан рус тилида эшиттириш тайёрлайдиган Қирғизистон радиоларидан кўра Ўзбекистоннинг “Водий садоси”, “Замин”, “Дийдор” ва бошқа радиоларини кўпроқ эшитадилар. Қирғизистонда қирғиз тилида чиқадиган фақат битта радио (Қирғизстан обондору) бор, холос.

Ўш ва Жалолобод шаҳарларида қирғиз драма театрлари мавжуд бўлиб, уларнинг заллари фақат қирғиз ва ўзбек эстрадаси юлдузларининг концертларида тўлади, холос. Шундай тасаввур туғиладики, мамлакатда театрлар ҳақида фақат халқаро анжуманлар бўлган пайтдагина эслаб қоладилар. Буни Ўзбекистондаги нисбатан ривожланган театр санъати даражасига солиштириб бўлмайди. Умуман олганда, Қирғизистондаги театрлар аҳволи расмийларнинг, умуман, миллий маданият ва хусусан, давлат тилига бўлган муносабатларини жуда яхши акс эттиради. Шундай экан, бугунги кунда театрга телевидение ва кинонинг хавф солаётгани ҳақида эмас, балки театр ва маданиятни қайта тирилтириш зарурати ҳақида гапириш долзарброқ бўлиб турибди.

Бу ҳақда “Қурақ” Марказий Осиё альманахи бош муҳаррири, меъмор ва рассом Улан Жапаров ҳам бир неча ой олдин “24.kg” ахборот агентлигига берган интервьюсида гапириб ўтганди. У ХХ асрнинг 80-йиллари охири ва 90-йиллари бошларида Марказий Осиё минтақасида маданий ва интеллектуал даражанинг тушиб кетишини “ҳали анчагача ўз таъсирини кўрсатиб турадиган маданий фожеа”, деб атаган эди. Унга кўра, минтақадан кетиб қолган салоҳиятли кишилар ўрнига “тайёргарлиги кам бўлган, маргинал “маданият арбоблари” келганлар. “Уларнинг асосий фазилати асосий миллатлар тилини билиш ва ҳукмрон режимлар манфаатларига хизмат қилишдан иборатдир”, - деб ҳисоблайди у.

Ривожланишдаги тенг ҳуқуқлилик мамлакат гуллаб-яшнашининг кафолатидир

Юқорида айтиб ўтилган жараёнлар натижасида Қирғизистон жанубида ўзбекча сўзлашув ҳам қирғизча сўзлашув каби одатий ҳолга айланган. Бугунги кунда этник қирғизлар беш-ўн йил аввал бошқа миллий гуруҳларнинг давлат тилида сўзлашишини талаб қилган пайтидагига қараганда кўпроқ ўзбек тилида гапирмоқдалар. Ўз навбатида, ўзбеклар ҳам қирғиз тилида яхшироқ сўзлаша бошладилар. Бу Шарқда жамият ҳаётининг кўзгуси бўлмиш бозорларда айниқса яққолроқ сезилади. Бугунги кунда қирғиз сотувчи ўзбек харидор билан унинг ўз тилида савдолашади ва аксинча. Ахир бозорнинг ўз қонун-қоидалари бор – тобора авж олиб бораётган рақобат шароитида мижоз энг самимий ватанпарварлик туйғуларидан кўра ортиқроқ баҳоланади. Бунинг устига, расмийларнинг билдиришларича, яхши ҳаёт қидириб мамлакат ташқарисига чиқиб кетаётган жанубликларнинг аксариятини қирғизлар ташкил этади. Бу эса аҳолининг миллий таркибига сезиларли таъсир кўрсатаяпти, чунки азалдан ўтроқ ҳаёт кечирган ўзбек аҳолиси ҳали ҳам Россия ва Қозоғистондан пул топиб келаётган ҳамюртларнинг пахта далаларида ёки қурилиш ишларида нон топишни маъқул кўради.

Бугунги кунда мамлакат жанубида ўзбек мусиқаси садолари янграмайдиган қирғиз тўйлари ҳамда қирғиз қўшиқлари айтилмайдиган ўзбек тўйлари йўқ бўлса керак. Ўзбек эстрадаси юлдузлари концертларига қирғизлар ҳам борадилар, қирғиз қўшиқчилари концертларида эса ўзбекларни ҳам кўриш мумкин. Ўзбек эстрада юлдузларининг гастроллари ўзбеклар унча кўп бўлмаган мамлакат пойтахтида ҳам шов-шув билан ўтади. Бу ижобий тамойилларнинг ҳаммаси қирғизлар ва ўзбекларни бир-бирига яқинлаштирмоқда.

Давлат қирғиз маданияти ва тилини ривожлантириш муаммосидан тор сиёсий мақсадлар йўлида фойдаланиш амалиётидан воз кечиб, муаммо юзасидан амалий чораларни қўллаши зарур. Акс ҳолда, ўзбек маданиятининг тобора авж олаётган “экспансияси” мамлакатнинг иккала ҳудуди ўртасидаги ва миллатлараро жабҳадаги муаммоларга жиддий асос яратиши мумкин.

Ўзбек маданиятининг ҳудуддаги устунлиги жамиятни совет давридаги аҳволга қайтариши мумкин, ўша пайтларда Қирғизистон ССРда қирғиз маданияти шимолда рус маданиятидан ва жанубда ўзбек маданиятидан кейин иккинчи ўринда турарди. Бу эса ҳудудда барча постсовет ўлкаларига хос бўлган миллатлараро зиддиятларга олиб келганди.

Сон жиҳатдан кўп бўлган халқларнинг юксак маданияти бошқа миллатлар маданиятини ютиб юбориши каби тарихнинг табиий ҳаракати билан ҳисоблашмаса бўлмайдиганга ўхшайди. Ўзбек маданиятининг роли ҳақидаги энг образли гапни атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов айтган бўлиб, у ўзбек маданиятининг Ўрта Осиё халқларига таъсирини Византиянинг Европа маданиятига таъсирига қиёслаганди.

Қирғизистон раҳбарияти бошқа этник гуруҳлар ҳуқуқ ва имкониятларини камситмаган ҳолда қирғиз миллий маданиятини ривожлантириш учун ўзида сиёсий ирода топа биладими? Чунки, тарихий тажрибанинг кўрсатишича, ҳар қандай мамлакат жамиятнинг барча гуруҳлари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминланганидагина гуллаб-яшнаши мумкин.