11:28 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Қозоғистон социалистик қаршилиги” режимга қарши курашда кўчадан фойдаланаяпти

23.07.2007 22:13 msk

Сергей Барановский (Тароз)

Яқинда Қозоғистоннинг Тароз шаҳри марказида ўроқ ва болға тасвири туширилган ҳамда “Бутун ҳокимият халққа!”, “Биз бепул таълим тарафдоримиз!” каби социалистик шиорлар битилган граффити пайдо бўлди. Рассомлар ўз асарларини “СоцСопр” қисқартма оти билан имзолаганлар. Бу тадбир Айнур Қурманов бошчилигидаги “Қозоғистон социалистик қаршилиги” радикал ёшлар ташкилоти Тароз ҳудудий бўлинмаси фаолиятининг асоратидир.

Тарозда ўтказилган тадбир ҳақидаги хабар ўша заҳотиёқ “Социалистик қаршилик” ҳаракати сайтида пайдо бўлди. Чоп этилмиш хабар муаллифи жамбуллик Леонид ёзади: “Социалистик қаршилик аъзолари граффити-тадбир ўтказдилар, унда ёш социалистлар Тароз марказига шиорлар ёзиб ташладилар. Бунда йўл бўйидаги бинолар, корхоналар, деворлар ва дўконлар объект ўлароқ танланди. Ўтган йили 1 май арафасида Социалистик қаршиликнинг Жамбул бўлими марказий кўчалар бўйлаб баллончалар кўтариб айланиб юргандилар, аммо ўша пайтда ёзувлар бор-йўғи беш соатгина турганди. Кейин уларни маҳаллий расмийларнинг буйруғига кўра ишчилар устидан бўяб ташлангандилар. Эндиликда шаҳримиз “СоцСопр” ёзувли ўроқ ва болға тасвири ҳамда “Буржуйнинг бахти – ишчининг қони”, “Таълим бепул бўлиши керак”, “Бизнинг партия социализм учун” ва ҳаказо шиорлар билан безатилди. Ёзувлар миқдори кишида зўр таассурот қолдиради ва агар полициячилар уларни йўқотиш фикрига тушиб қолсалар, бунинг учун энди бир неча кун керак бўлади”.

Шаҳар ҳокимияти ходими ўзаро суҳбатда бунга шундай изоҳ беради: “Бу болалар Коммунистик партиянинг ёшлар қанотидан ўсиб чиққанлар. Улар сони бутун Қозоғистон бўйлаб бор-йўғи ўн учта. Бунақаларни янчиб ташлаш керак...”

Тароз СоцСопрчилари яширин фаолият олиб борадилар. Ушбу сатрлар муаллифи уларнинг биронтаси билан ҳам учрашолмади. Шунда Интернет ва электрон почта каби замонавий технологиялар ёрдамга келди. Айнур Қурмановнинг тасдиқлашича, СоцСопр инқилобий ташкилотдир, аммо шу билан бирга ташкилот раҳбари бу ташкилот аъзоларининг экстремизм ва террорчиликка алоқадорлигини англатмаслигига ҳам аниқлик киритиб ўтди. “Ҳа, биз инқилоб қилмоқчимиз, аммо бу инқилоб омманинг онгида, уларнинг мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни баҳолашида бўлажакдир. Биз халқнинг орқасига беркиниб олиб, сунъий йўллар билан қанақадир жараёнларни юзага келтиришга уринган фитначилар эмасмиз, бизнинг миссиямиз маърифий миссиядир. Бир йилдан кейин режимни ағдариш каби ҳарбий режалар бизда бўлмаган ва бундан буён ҳам бўлмайди”, - дейди Қурманов.

“Қозоғистон социалистик қаршилиги” – нисбатан ёш ташкилот эмас, уларнинг мафкурачилари ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида анча тўс-тўполон кўтарган “Қозоғистон ёш гвардияси” издошлари бўлиб ҳисобланадилар. Ташкилот раҳбарлари ўз атрофига романтик кайфиятдаги интеллектуаллар – Че Гавара ва Лев Троцкий мухлисларини йиққанлар. Сўнгги пайтларда социалистлар форумларида “Социализм ғоялари бундан буён ривожланган жамият учун тўғри келмайди, бизнинг баНАН жунглиларимизда энг яхши дин Молотов коктейли (ёнувчи суюқлик. – муаллиф изоҳи) бўлиб қолди” каби тажовузкорона фикрлар айтилмоқда.

2006 йили “Қозоғистон социалистик қаршилиги” Бишкекда (Қирғизистон) анжуман ўтказган, унда СоцСопрнинг Олмаота, Ақтўбе, Қарағанда, Тароз, Уральск ва Усть-Каменогорскдан бўлган аъзолари, “Ишчи интернационал учун” халқаро комитети (Лондон, Буюк Британия) аъзолари ҳамда Қирғизистон Коммунистик партиясидан меҳмонлар иштирок этганлар. Анжуман бошида Бразилия, Швеция ва Португалия ишчи ҳаракатларидан, Қозоғистон социалистлари ташаббуси билан ҳамфикр бўлган кишилардан келган қўллов мактублари ўқиб эшиттирилган. Қозоғистондаги мавжуд сиёсий ва иқтисодий вазият бўйича маърузалар тингланган ва баҳс-мунозаралар бўлиб ўтган. Делегатлар президент мамлакатдаги вазият устидан назорат қилишга қодир эмаслиги ҳамда унинг ўзи Қозоғистондаги истиқрорсизлик манбаи бўлиб ҳисобланиши ҳақида “исёнкорона” фикрларни айтганлар. Муҳокама якунларига кўра баёнот қабул қилинган, унда “Социалистик қаршилик”нинг асосий тамойиллари ва талаблари ёзилган бўлиб, давлат томонидан бепул таълим ва соғлиқни сақлаш тақдим этилиши, касаба уюшмаларини ривожлантириш, бир хил пенсия тизимига қайтиш ва пенсияга чиқишдаги аввалги ёш чегарасини жорий этиш, заводларни давлатга қайтариш, президентлик институтидан воз кечиш ҳамда фуқароларга сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлар бериш бўйича қатор таклифлар шулар жумласидандир.

Шу йилнинг май ойида Олмаотада “Қозоғистон социалистик қаршилиги” Марказий Қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтган. Жанубий пойтахтга СоцСопр ҳудудий бўлинмаларининг вакиллари йиғилганлар, унда қўшни Қирғизистон ёшлар ташкилотларининг вакиллари ҳам иштирок этганлар.

Куни кеча (16 июль куни) эса мутлақо осойишта шаҳар бўлмиш Тароз СоцСопрчиларнинг навбатдаги тадбиридан ҳаяжонга тушди. Ўзларини “Нур-Ўтар” партияси монархистлари” деб атаган (президентга қарашли “Нур-Ўтан” партияси номининг бузилган шакли, “ўтар” қозоқчадан таржима қилганда “пода” деган маънони англатади) уч кишидан иборат гуруҳ қўлларида плакат ушлаган ҳолда “Нур-Ўтан”нинг Жамбулдаги филиали идораси ёнидаги майдондан ўтиб бордилар. Йигитлар қўйларнинг маскаларини тақиб олишганди, плакат ва футболкаларда эса “Нур-Ўтар абадий Хон учун” ва “Хон – ота, Монархия - она” ёзувлари битилганди. Тадбир ғояси маскарад қўйларининг рамзий равишда партияга киришида аксланганди. Ёш фитначиларга бир неча журналист ҳамроҳлик қиларди. Тадбир “қўзивойлар”ни партия идорасидан куч ишлатиб ҳайдаб чиқариш билан якунланди.

Акция Соцсопра в Таразе
Тароздаги СоцСопр тадбири. “Фарғона.Ру” АА фотоси.

Қозоғистондаги соцсопрчилар фаолияти чекланган бўлиб, бу ташкилот аъзоларининг камлиги ва молия етишмаслиги билан боғлиқ. Уларга чет элдаги “Социалистик қаршилик” халқаро маркази маълум миқдорда моддий қўллов кўрсатиб туради. Олинадиган дотациялар катта эмас, аммо у ташкилотнинг ўзини кўрсатиб туришига ва “чўкиб кетмаслиги”га имконият яратади. Қозоғистонлик ёш социалистлар соғлом мушоҳададан кўра кўпроқ хаёлий романтизмга таянишларига қарамасдан, Қозоғистонда бундай ташкилотнинг борлиги факт бўлиб, уни эътиборга олмаслик ақлдан бўлмайди.



 

Реклама