10:26 msk, 30 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонликлар Анталия курортларига дам олиш учун эмас, пул топиш учун борадилар

23.07.2007 17:54 msk

Эшонхўжа Пошшахўжаев, Анталия, Туркия

Анталия курортлари. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Туркиянинг Ўртаер денгизи оромгоҳларига келаётган сайёҳлар сони кундан-кунга ортаётган бўлса, Анталия бу борада мамлакат жанубининг ўзига хос рамзига айланди. Бу вилоятнинг “Анталия ривьераси” деб номланган денгиз соҳили қисми 550 километрдан ҳам узун масофага чўзилган. Анталия шаҳрининг шарқида Анамур, Алания, Сиде ва Белек, ғарбида эса Белдиби, Кемер, Финике, Демре ва Каш номли машҳур курорт-шаҳарлар жойлашган.

Сўнгги ўн йил ичида собиқ Совет Иттифоқи республикаларидан келаётган дам олувчилар сони кескин равишда кўпайди. Масалан, бу йил россиялик сайёҳлар том маънода Анталияни забт этиб олдилар, ўтган йилга нисбатан уларнинг сони учдан бир қисмга ортиб кетди. “Анталияга келаётган чет эллик сайёҳлар орасида россияликлар олмонлардан кейин иккинчи ўринда туришади, - деди Туркия Ўртаер денгизи туристик меҳмонхоналар ассоциацияси бошлиғи Ўсмон Айиқ. – Вақти-соати келиб, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистондан келадиган сайёҳлар сони ҳам ортади, деб умид қиламиз. Биз бу борада фаолиятимизни кучайтираяпмиз”.

Ўтган йили Анталияда 40.000 дан ортиқ қозоғистонлик дам олган бўлса, ўзбекистонлик дам олувчилар сони бор-йўғи 1.767 кишини ташкил қилди, холос. Ўзбекистон аҳолиси 27 миллион, Қозоғистонники эса атиги 15,5 миллион киши эканлигини эътиборга олсак, тегишли хулосалар чиқариш мумкин. Туркия Ўртаер денгизи туристик меҳмонхоналар ассоциациясининг 47 та давлатни ўз ичига олган ҳисоботида Ўзбекистон умуман йўқ, чунки бу мамлакатга тегишли рақамлар жуда камтарона.

“Биз борди-келдилар икки тарафлама бўлишини хоҳлардик – мамлакатингиз фуқаролари бизга келишсин, бизникилар эса юртингизга борсин, - дейди Ўсмон Айиқ. – Биз Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро туризм кўргазмаларига қатнашамиз, бу ерда ташкил этиладиган шу каби тадбирларга Ўзбекистондаги туризм учун масъул шахсларни таклиф қиламиз. Тез орада, сайёҳлар сонида ўсиш бўлади, деб ўйлайман. Ахир, яқиндагина россиялик сайёҳ Анталияга умуман келмасди. Ҳозирга келиб эса аҳвол ўзгарди - ўтган йилнинг ўзидаёқ 1,3 миллион россиялик дам олиб кетди...”

“Мамлакатингиз тарихий обидаларга бой, маданиятингиз жуда ривожланган, - дея қайд этди Ўсмон Айиқ. - Бизнинг илдизларимиз бир, ажлодларимиз Онадўлига Ўрта Осиёдан кўчиб келишган. Шунинг учун, кўплаб турклар Ўзбекистонни, хусусан, Самарқанд ва Бухорони зиёрат қилгиси келади. Сиз журналистлар ўлкангизнинг диққатга сазовор жойлари ҳақида Туркияда кўпроқ материаллар эълон қилишингиз керак”.

Ўзбекистонда халқаро туризмни ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжуд, аммо сайёҳларга хизмат кўрсатиш савиясини кўтариш зарур. Июнь ойи охирларида Centrasia.ru интернет-сайтида “The Nishinippon. Ўзбекистон: Япониялик сайёҳлар тирик қолишди!” сарлавҳа остида эълон қилинган мақолада, шу йил феврал ойида Урганчдан Бухорога автобусда йўлга чиққан япониялик сайёҳларнинг автобуси чўл ўртасида бузилиб қолгани, совуқда музлаб қолмаслик учун сайёҳлар мингларча марта ўтириб-туриб исингани ҳақида ҳикоя қилинади. Шундай ҳолатлар юз бериб туришига қарамай, Ўзбекистонга саёҳат қилиш орзусида бўлган туркияликлар жуда кўп.

Менинг “туркиялик сайёҳлар Ўзбекистонга бемалол келиб кетишлари учун қандай аниқ чоралар таклиф қиласиз?” деган саволимга Ўсмон Айиқ “ишлар ҳукуматлар миқёсида олиб борилиши керак. Халқларимиз ҳам қўл қовуштириб ўтирмасдан, ўзаро борди-келдилар борасидаги сунъий тўсиқларни олиб ташлаш учун ўз ҳукуматларидан конкрет чора-тадбирлар кўришни талаб қилишлари зарур”, дея жавоб берди.

Туркия ўзбекистонликлар учун Тошкентдаги элчихонага бориб, олдиндан виза олгандан кейингина йўл ҳозирлигини кўриш мумкин бўлган давлатлар қаторига киради. Туркиянинг ҳозирги ҳукумати ўз фуқароларининг Ўзбекистонга кириш визаси олиш борасидаги ҳуқуқлари кўп марталаб поймол қилингандан кейин, 2003 йил 1 июндан бошлаб мамлакатимиз фуқароларига нисбатан виза тартибини жорий қилишга мажбур бўлди. Бу давргача Ўзбекистон фуқаролари Туркияга кириш пайтида 10 АҚШ доллари тўлаб, бемалол виза олар эди. Бу ҳуқуқдан айрим қўшни давлат фуқаролари ҳалигача фойдаланмоқдалар.

“Туркия Ўзбекистон фуқароларига нисбатан бир тарафлама виза тартибини бекор қилиши мумкин, бироқ бу ерда нозик сиёсий масалалар бор, - дейди Ўсмон Айиқ. – Икки тарафлама муносабатларда айрим муаммолар мавжуд, бунинг устига, менимча, турклар Ўзбекистонга кўпроқ боришларини Каримов [Ўзбекистон президенти] хоҳламайди. Бизнинг соҳамизда асосий масала – сайёҳларни бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга тезда етказиб қўйишдан иборат. Агар, чартер қатновларини амалга ошириш масаласи ҳал қилинса, бошқа муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўларди. Туркия чартер қатновлари учун ҳеч қандай тўсиқ қўймайди, ҳамма нарса учоқ учиб чиқадиган давлатга боғлиқ”.

Ҳақиқатан ҳам шундай. Масалан, ўтган йили Эрон ҳукумати ўз авиаширкатларига Анталияга тўғридан-тўғри учишларни таъқиқлаб қўйди. Аммо, бунинг ҳам чораси топилди: энди учоқлар Анталиянинг 240 км шимоли-шарқида жойлашган Кўнё шаҳрига учиб келаяпти, сайёҳлар у ердан автобусларда мовий денгизга олиб келинаяпти.

Виза олиш шартлари оғир эканлигига қарамай, Туркияга ватандошларимиз келмоқда. Уларнинг орасида мавсумий ёки бирорта ишга жойлашиш умидида келганлар ҳам талайгина. Қайд этиш жоизки, рус тилини биладиган ходимларга Туркия курортларида талаб катта, маҳаллий аҳоли орасида эса бу тилни биладиганлар кам. Таътилчилар тил билмаслик оқибатида ўзларини ноқулай ҳис қилмаслиги учун меҳмонхона ходимлари ва дўкон сотувчиларининг рус тилида гаплаша олишлари муҳимдир. Бу борада туркийзабон республикалардан, жумладан, Ўзбекистондан келганларнинг ёрдами катта бўлмоқда.

Иш учун рухсатнома олиш муаммоли масала

Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Туркияда ноқонуний равишда ишлайдилар, чунки чет эллик фуқарога иш учун рухсатнома олиш анча серташвиш ва узоқ давом этувчи жараёндир. Рухсатнома олиш учун иш берувчи ва ходим алоҳида форма тўлдириб, меҳнат вазирлигига юбориши керак. Иш берувчи аризада малакали чет эллик ходимнинг худди унга ўхшаган Туркия фуқаросидан устун тарафларини исботлаб бериши лозим.

Ариза уч ой муддатда кўриб чиқилади. Агар, ҳамма ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилган бўлса, вазирлик қўшимча ҳужжат талаб қилмай, аризага ижобий жавоб беради ва чет эллик ходимга ташқи ишлар вазирлиги орқали меҳнат визаси юборилади. Ходим визани ўз мамлакатидаги Туркия элчихонасининг консуллик бўлимидан олади. Бутун бу ишларга тўрт ойдан олти ойгача вақт кетади.

Яқинда чет эллик ходимни ноқонуний равишда ишлатган иш берувчига солинажак жарима миқдори анча кўтарилди. Бу миқдор бугунги кунда 9500 турк лирасини ташкил қилади (1 АҚШ доллари 1,32 турк лирасига тенг). Ноқонуний ишчидан ҳам 2000 турк лираси миқдорида жарима ундирилади.

“Меҳнат фаолияти билан шуғулланишга рухсатномани тезроқ олиш учун мен чет эллик ходимни ўзимга тегишли фирманинг шериги қилиб расмийлаштираман, - дейди тўқимачилик моллари дўкони соҳиби Ўқтой. – Шундай қилса осонроқ бўлади, вақт ҳам оз кетади”.

“Ҳақиқатан ҳам, меҳнат қилиш ҳуқуқини олишда жиддий қийинчиликлар мавжуд бўлиб, булар қонунчиликдан келиб чиқади, - дейди Туркия Ўртаер денгизи туристик меҳмонхоналар ассоциацияси бошлиғи Ўсмон Айиқ. – Уларни бартараф қилиш мақсадида ҳозир тегишли қонунчиликка ўзгартишлар киритилмоқда. Рус тилини билмайдиган ходимлар тақчиллигини туркийзабон ўлкалардан келганлар ҳисобига тўлдириш мумкин, улар ҳам рус тилини билишади, ҳам туркчани осонлик билан ўзлаштириб олишади. Ахир, туркчани билмайдиган сайёҳга унинг она тилида мурожаат қилсангиз, руҳи жудаям кўтарилиб кетади-да”.

Баъзан, полиция ходимлари иш жойларини текшириб туради. Ноқонуний чет эллик ишчи ёки меҳнат рухсатномаси муддати тугаганлар аниқланса, улар мамлакатдан чиқариб юбориладилар. “Шунга қарамай, айрим кишилар бошқа паспорт билан яна Туркияга қайтиб келишиб, бошқа исм-шариф билан ишни давом эттираверадилар”, - дейди Ўқтой.

Қайд этиш жоизки, Анталияда қонуний меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар ҳам анчагина. Уларнинг баъзилари ўз фирмаларига эга, туризм ва савдо соҳасида ишлайдиган бор, тиббиёт ходимлари, мусиқачилар, таржимонлар дегандек. Аммо, афсуски, ҳамюртларимиз орасида ноқонуний равишда ишлаётганлар ҳам кам эмас. Улар ҳақидаги маълумотлар статистик ҳисоботларда акс этмайди, иш берувчи бундай ходимларга маошни ўз чўнтагидан тўлайди, уни суғурта қилолмайди, бухгалтерия ҳисоботларини юритишда чалкашликлар келиб чиқиши мумкин.

Қуйида машҳур Анталия соҳилларида ишлаётган айрим ҳамюртларимиз бошидан кечирган воқеаларни “Фарғона.Ру” муштарийлари эътиборига ҳавола этамиз.

Умид

Мен 27 ёшли гастарбайтер Умидни дўкон эшиги олдида мижоз кутиб турган ҳолда учратдим. У Ўзбекистонда университетни битирган бўлиб, Туркияга келганига икки йил бўлган.

“Анталияга келгач, янги очилган савдо марказига сотувчи бўлиб ишга жойлашиб олдим, - дейди Умид. – Ўзингиз тушунасиз, янги жой, машҳур маркалардаги молларнинг нархи баланд, баҳолар юксак, мижозлар кам, сайёҳлар эса йўқ ҳисоби эди, бунинг устига турк тилини яхши тушунмасдим. Бир неча кун ишлаб, 200 долларлик иккита мол сотдим, холос. У ердан кетишга тўғри келди”.

Умид бир қанча вақт мобайнида таниш ўзбекларнинг уйида яшади, кейин ўзини ноқулай ҳис қилиб, чиқиб кетди. Қурилишда ёрдамчи бўлиб ишлади. Иш қидириб, Анталия шаҳри ташқарисига чиқиб кетиб, тўқимачилик моллари сотиладиган дўконга ишга киришга муваффақ бўлди. У сотувчилар учун ажратилган уйда яшади. Туризм мавсуми тугаб, дўконлар ёпилгач, том маънода кўчада қолди. Виза муддати аллақачон тугаб бўлгани сабабли полицияга кўринишдан қўрқиб юрди. Бироқ, кўриниши жойида бўлгани учун ҳеч ким кўчада тўхтатмади. “Аслини олганда, бу ерларда полиция ходимлари чет элликларни ҳужжат текшириш баҳонаси билан ҳеч қачон тўхтатмайди, - дея давом этди Умид. – Ўзбекистонда ҳар қадамда учрайдиган текширишлар бу ерда йўқ. Бир неча тунни автовокзалда ўтказдим. Кейин мавсумий дўконлар тизимига қоровул бўлиб ишга кирдим”.

Умид кичкина уйчада яшади, совуқ бўлгани учун, куртка ва шимларини ечмасдан ухлади. Қиш шу тариқа ўтди. Апрель ойида янги туризм мавсуми очилиши билан дўконга сотувчи бўлиб ишга кирди. У комиссион шарт асосида ишлаб, сотилган миқдорнинг ўн фоизини олади...

Маҳмуд

Маҳмуднинг ёши 39 да, миллати – месхети турки, Фарғона вилоятида ўсиб-улғайган. 1989 йил май ойи охири – июнь ойи бошларида рўй берган хунрезликдан кейин Ўзбекистондан кўчиб кетишга мажбур бўлган. 1997 йили Туркияга кўчиб келган, ҳозирги пайтда шу давлатнинг фуқароси ҳисобланади.

Мен ўзбекистонлик эканимни эшитиб, Маҳмуд аввалига мени яхши қарши олмади, кўриниши ҳам анча асабий эди. “Ўша пайтлар айрим қариндошларим калтакланди, армиядан келганига бир ҳафта бўлган тоғам ўлдирилди – шуларни билмоқчимисан? Туғилиб-ўсган жойларимизни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлдик – шу ҳақда ёзмоқчимисан?” – деган саволлар билан ҳеч қанақа алоқам бўлмаган воқеаларда мени айблашга тушди.

Уни гапларини бўлмасдан тингладим. Кейин эса, қардош халқлар орасидаги хунрезликни ким ташкил қилгани аллақачон маълум бўлганини, бу мудҳиш ҳодисалар Москвада, КГБнинг махфий хоналарида режалаштирилганини айтдим. Маҳмуд индамасдан, бошини қимирлатиб, гапларимга қўшилганини билдирди. Сўнгра Туркияга қандай қилиб келиб қолгани ҳақида ҳикоя қилиб берди. У кўчиб келган пайтларда рус сайёҳлар мамлакат жанубига кела бошлаганди, рус тилини билиши унга жуда қўл келди. Кийим сотиш дўконига ишга жойлашиб олди. “Турмушим бинойидек, ҳеч нарсадан нолимайман”, - дейди Маҳмуд.

Тунги капалаклар

Турк газеталарида собиқ Совет Иттифоқи республикаларидан аёлларни келтириб, бу ерда сотиш ва фоҳиша сифатида ишлатиш билан шуғулланаётган гуруҳлар қўлга олингани ҳақидаги хабарлар тез-тез чиқиб туради. Жумладан, шу йил 27 март куни Истанбулда фоҳишаликка қарши амалга оширилган махсус амалиёт чоғида тўққизта меҳмонхонада Молдова, Туркманистон, Украина, Россия ва Ўзбекистондан келган енгил табиатли 163 аёл ва улар билан бирга 34 қўшмачи қўлга олинган. Улар орасида Истанбул аэропорти ва айрим полиция бўлимларида ишлаб, мазкур аёлларнинг Туркияга киришига ҳамда виза муддатларини узайтиришга ёрдам берган 7 нафар полиция ходими ҳам бор.

Бошқа бир мисол. Истанбулдаги массаж салонларидан бирида туркманистонлик ва ўзбекистонлик икки нафар аёлни мижозларга 100 турк лираси (тахминан 75 доллар) эвазига жинсий яқинлик қилиш учун таклиф қилган муассаса эгаси қўлга олинган. Полицияга берган кўрсатмасида, аёллардан бири кўзида ёш билан салон эгаси уни 500 доллар маош билан фаррошликка ишга олган бўлишига қарамай, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилганини айтган.

Тошкентлик Таня дугонаси билан бир уйни ижарага олгани, қўшмачиси борлиги, мижозларни топиш ва визаларни узайтириш масаласи билан ҳам ўша қўшмачи шуғулланишини эътироф этади. “Биз бунақанги ишларга вақтимизни кетказмаймиз”.

Фоҳишалик билан шуғулланаётган Насиба эса ўзига ўхшаган олтита “ҳамкасб”и билан меҳмонхонада яшайди. Аёлларнинг ҳаммаси диққат-эътиборини фақат “иш”га қаратган, ҳуқуқий ва маиший муаммолари йўқ, чунки “иш берувчилар” уларнинг визаларини ўз вақтида узайтириб борадилар.

Қизлар ватанларига қайтганларидан кейин у ерда ўзларини нималар кутиб тургани ҳақида гапиришни истамадилар. Ўз фуқароларини ватанпарварлик ва юксак аҳлоқий меъёрлар асосида тарбия қилишга ҳаракат қилаётган Ўзбекистон ҳукумати бундан аввал ҳам чет элларда бўлиш тартиб-қоидаларини бузган ёки фоҳишабозлик билан шуғулланиб, мамлакат обрўсига путур етказган ўзбекистонликларга нисбатан қонуний чоралар кўриш масаласини кўтарган эди. Ўтган аср охирларида ҳукумат бу тоифадаги шахсларни жазолаш масаласини жиддий шаклда қўлга олган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш учун таклиф ишлаб чиқиш вазифаси ҳуқуқшунослар зиммасига юклатилганди. Бироқ, халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ, содир этилган битта қонунбузарлик учун икки марта жазо бериш мумкин эмаслигини ҳукуматга тушунтиришга муваффақ бўлган ҳуқуқшунослар бу режадан воз кечтиришга эришганлар. Чунки чет давлатдан депортация қилиниш пайтида фуқарога жарима солинади ёки маъмурий депортация чораси кўрилади.

Азамат

Касби муҳандис бўлган ҳамюртимиз Азамат Тошкентда турк визаси ололмабди. Консулхонада унинг олдида виза бериш рад қилинган бир кишининг паспортига бу ҳақда штамп босиб беришибди. Ўзининг паспорти ҳам шу кўйга тушмаганига севинган Азамат дарров ташқарига йўл олибди. “Визани қандай қилиб олсам экан?” деб ўйланиб юрганида, бир таниши жонига оро кириб, йўл-йўриқ кўрсатибди. Унинг маслаҳатига амал қилган Азамат 450 долларга Қозоғистондан виза олиб беришни ваъда қилган бир киши билан танишибди.

Гуруҳда олти киши тўплангач, Қозоғистон йўлини тутишибди, аввал Чимкентга, у ердан автобус билан Алматига боришибди. Алматида уларни бир микроавтобусда кутиб олишиб, ўша заҳотиёқ Туркия консулхонасига олиб боришибди. У ерда олдиндан тайёрлаб қўйилган ариза-анкеталарга расмларини ёпиштириб, имзо қўйиб беришибди, холос.

“Кейин, навбат билан суҳбатга кирдик, биринчи бўлиб мен кирдим, - дейди Азамат. – Консулхона ходими мендан нега виза учун Тошкентда эмас, балки Қозоғистонда мурожаат қилаётганимни сўради. Мен яқинда Москвадан келганимни, Алматидаги шошилинч ишларимни қилиб бўлгач, бу ердан тўғри Туркияга кетишим зарурлигини айтдим. Бошқа савол беришмади. Кечқурун орзиқиб кутилган виза қўйилган паспортим қўлимга тегди”.

Гуруҳда Азаматдан ташқари, виза олишни истаган, узоқ қишлоқдан келган тўрт нафар ёш йигит ҳам бор эди. Улар харажатлар учун бир нечтадан қўйларини сотиб келишганди. Улар консулхонада ўтказилган суҳбатдан ўтишолмади. Бу йигитлар умуман рус тилини билишмасди, инглизчани эса гапирмаса ҳам бўлаверарди. Улар умри бино бўлиб, биринчи марта Ўзбекистондан ташқарига чиқишганди. Азаматнинг айтишича, устларида “пионерчасига” кийим-бош бор эди – яъни, ғижим оқ кўйлак ва қора шим. Азамат сўраган саволларга бемалол “Туркияга бориб, қурилишда ишлаймиз, тилни ҳам ўша жойда ўрганиб олаверамиз”, дейишибди. Маълум бўлишича, уларнинг Туркияда ноқонуний равишда ишлайдиган бир маҳалладоши “бу ёққа келинглар, ишга жойлаб қўяман”, деб ваъда берган экан. Туркияда ишсизлар тиқилиб ётганини улар қаёқдан билсин?

“Орадан беш кун ўтгандан кейингина, ўшанда ҳам ўртада турган одамларнинг жуда катта саъй-ҳаракатлари натижа бериб, улар ҳам Туркия визасини олишди”, - давом этади Азамат. – Биз Алматида кўпи билан бир-икки кун қолишни мўлжаллагандик, уларни деб харажатларимиз ҳам кўпайиб кетди. Тошкентга қайтиб келгач, мен самолётга билет сотиб олиб, Истанбулга келдим”.

Анталияда Азамат кийим-бош дўконига сотувчи бўлиб ишга кирибди. Май ойида 500-600 доллар атрофида пул ишлаб топибди. Ёз келиши ва иш кўлами ортиши билан бу миқдорни у 1500-2000 долларга чиқаришни кўзламоқда. Ишлаб топган пулларини Азамат мунтазам равишда Ўзбекистонга юбориб туради, ўз харажатлари учун озгина пул олиб қолади, холос. У яқин-атрофдаги дўкон сотувчилари яшайдиган уй эгаси билан яхши алоқада бўлгани сабабли, ижара ҳақи тўламас экан. Пулни, асосан, еб-ичишга сарфлайди.

Азамат ўтган бир йил мобайнида атиги бир марта ўзбекистонлик сайёҳларни учратибди – Тошкентдан келган корейс оила дўконга кирибди. Суюниб кетган Азамат уларга молларни жуда арзонга берибди, чой билан сийлабди, ватандаги вазият билан қизиқибди. “Бу ерда дам олиш учун яхши пул топадиган ишда ишлаш ва чўнтакни қаппайтириб келиш керак”, - дейди Азамат.

У ватанга қайтиш ҳақида ҳозирча ўйлаётгани ҳам йўқ, барибир мутахассислиги бўйича яхши иш топишга кўзи етмайди. “Бу ерда ўзимни эркин ва керакли ҳис қиламан”, - дейди Азамат.

Дарвоқе, Азамат ватанига қайтиб борганидан кейин, уйига юборган пуллари унга бош оғриғи бўлиш эҳтимоли мавжуд. Яқинда айрим интернет-сайтларнинг хабар беришича, ҳукумат чет эллардан Ўзбекистондаги фуқаролар ва ташкилотлар номига келган пул ўтказмаларини алоҳида назорат остига олган. Хабарларда таъкидланишича, ўзбекистонлик у ёки бу фуқаронинг чет эллардан ўтказган пуллари устидан мутлақ назорат ўрнатилиши натижасида ҳукумат исталган пайтда ана шу фуқарога нисбатан солиқ тўламаганлик ёки бошқа сабаб билан иш очиши мумкин.

Алишер

Ёзда Россия шаҳарларида тақирбошлар ва неонацистларнинг гастарбайтерларга қилган ҳужумлари ҳақида тез-тез хабарлар чиқиб туради. “Москва билан солиштирадиган бўлсак, Анталияни “жаннат” дейиш мумкин. Денгиз, тоғ, табиат, ҳамма ёқ яшиллик ичида, - дейди тери кийимлар дўкони сотувчиси Алишер. – Кишилар жуда марҳаматли, кўчаларда полиция ҳеч қачон ҳужжат текшириш учун тўхтатмайди. Ўтган йили Россияда ишлаган пайтим тақирбошлар ва милиционерларнинг дастидан кечалари на кўчага, на электричкага чиқа олардик”.

Алишер Туркияда яшовчи ўзбекларнинг кўпчилиги бир-бирларини қўлламаслигидан нолийди. Унинг таъкидлашича, бу уларнинг Ўзбекистон махсус хизматларида ишловчи, “керакли гапни керакли жойга етказадиган” яширин ходими билан учрашиб қолишидан қўрқишлари билан изоҳланади. Алишер иш излаб юрган пайтда бир ҳамюртининг меҳмонхоналардан бирида аниматор бўлиб ишлаётганини эшитиб қолганини айтади. Шундан сўнг у ҳамюртини излаб боради. Бироқ у Алишерни хушламайгина қарши олади. Алишер ундан: “раҳбарлар билан иш ҳақида гаплашиб кўринг, ҳар қанақа ишга розиман, ҳатто идиш ювишга ҳам”, деб илтимос қилганида, у: “мен бунақа ишлар билан шуғулланмайман”, дея жавоб беради.

Мадина

Мен Анталиянинг гавжум кўчаларидан бирида уяли телефонда ўзбекча гаплашиб кетаётгандим, 30-32 ёшлардаги бир аёл ёнимга келиб: “Сиз ўзбекмисиз?” деб сўраб қолди. Жавобимни эшитиб, суюниб кетди. Дарров ҳол-аҳвол сўрашдик. У турмуш ўртоғи билан ажрашгач, Туркияга келиб, икки йилдан бери ўзига тўқ бир хонадонда энагалик қилаётган экан. Иккита бола боқиб, уй ичини тозалаш унинг вазифасига кираркан. Ўша хонадонда яшаб, ўша жойнинг ўзида овқатлангани учун айтарли харажати йўқ экан. Ҳозир ойига 400 доллар олаётган экан. Виза муддати аллақачон тугагани учун Туркияда ноқонуний равишда юрган экан.

“Уйга кетиш пайтида Истанбул аэропортида нима бўлишини билмайман, - дейди Мадина. – Лекин, шуни аниқ биламанки, паспортимга депортация қилиш ҳақида штамп босиб беришади, ундан кейин Туркияга келолмайман. Шунинг учун, ватанимни ва яқинларимни жуда соғинган бўлишимга қарамай, бу ерда иложи борича узоқроқ қолишга ҳаракат қиляпман”.

Мадинанинг ватанда қолган иккита кичик ёшдаги фарзандига онаси қараяпти экан. Болалари ҳақида гапираётиб, у бирдан йиғлаб юборди – уларни қаттиқ соғингани кўриниб турарди. Мадина кўзларида ёш билан, ҳатто хайрлашишни ҳам унутиб, тез-тез юриб, кетиб қолди...

* * *

Ўзбекистонда ишсизлик масаласи ҳал қилинмас ва аҳолининг турмуш даражаси юксалмас экан, мамлакат фуқаролари бир бурда нон излаб, дунёнинг турли гўшаларида саргардон бўлиб юраверадилар. Жумладан, кўпчилик давлатларнинг ҳукуматлари етарли даражада муносиб маош билан таъминлаган фуқаролари дам олиш учун келадиган Анталия каби курорт жойларда ҳам.



 

Реклама