08:54 msk, 14 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари бир-бирлари билан жиққамуштга тушаяптилар

23.07.2007 14:41 msk

Улуғбек Бобоқулов

“Омбудсмен Турсунбай Бакир уулу манманлик васвасасига йўлиқибди”, - деб ҳисоблайди “Демократия ва фуқаролик жамияти учун” НДТ коалицияси ижрочи директори Динара Ўшурахунова. Бундан баёнотни у 23 июль куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида берди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ўртасидаги низо Қирғизистон Омбудсменининг “Қирғизистон НДТ раҳбарлари чет эл махсус хизматлари карнайи бўлмасликлари лозим” деган фикр айтганидан кейин бошланган. Нодавлат ташкилотлари вакилларининг Омбудсмен институти иши самарасизлиги ҳақидаги танқидий чиқишларини Турсунбай Бакир уулу анча оғриқли қабул қилган. 10-11 июль кунлари бўлиб ўтган “НДТ умуммиллий форуми-2007” фаолларининг Омбудсмен лавозимига бошқа номзод сайлаш зарурлиги хусусидаги баёнотини бош ҳуқуқ ҳимоячиси хушламай қарши олган.

Бунга жавобан Қирғизистон Республикаси Омбудсмени Турсунбай Бакир уулу 19 июль куни хабар тарқатди, унда “бу масала Омбудсмен курсини тушларида кўриб чиқаётган Бишкекдаги айрим НДТ раҳбарлари томонидан атайлаб кўтариб чиқилган”, дейилганди. “НДТ фаолларидан бири, аввал “Кел-кел” ёшлар ташкилоти раҳбари бўлган Алишер Мамасалиевнинг Ўзбекистон пойтахтидан келибоқ Турсунбай Бакир уулуни Омбудсмен лавозимидан тушириш зарурлиги ҳақида берган баёнотидан ажабланиб ўтирмаса ҳам бўлади! Янгитдан иш бошлаган яна бир НДТ фаоли – Динара Ўшурахуновага нисбатан ҳам шу гапни айтса бўлаверади”, - дейилади Омбудсмен мурожаатномасида.

Чиройли тузилган жумлалар ишқибози Турсунбай Бакир уулунинг нутқи бу сафар ҳам баландпарвозликдан ҳоли бўлгани йўқ. У ўзини “хуш кўрмасликлари”га “мақсадга қараб бир қадам олдинга силжиган киши қолганлар учун нишонга айланиши”ни сабаб ўлароқ кўрсатди.

Омбудсмен девонхонаси фаолиятига берилган баҳо хусусида тўхталар экан, Т. Бакир уулу Омбудсмен фаолиятига баҳони фақат республика парламентигина бериши мумкинлигини, бунга НДТнинг ҳам ва ҳатто исталган давлат идорасининг ҳам ҳаққи йўқлигини қайд этди. “Ҳар йили Жўғўрқу Кенеш ўз қарори билан ҚР Омбудсмени маърузасини, демакки, унинг ишини ҳам маъқуллайди”, - дея маълум қилади у.

Ўз навбатида “Фуқаролик позицияси” жамоатчилик жамғармасининг лидери Алишер Мамасалиев қарийб ўн йилдан буён Тошкентга ҳам, Ўзбекистоннинг бошқа бирор шаҳрига ҳам бормаганини айтиб, ўзини оқлайди. “У [Омбудсмен] ухлаётганга ва тушида мени Ислом Каримовнинг сиёсий мухолифи сифатида кўраётганга ўхшайди”, - дейди Мамасалиев Омбудсменнинг уни Ўзбекистон махсус хизматлари билан алоқаси борлиги ҳақидаги баёнотига жавобан.

“Агар икки кун ичида Омбудсмен тўқиган ёлғони учун кечирим сўрамаса, мен унинг ўз лавозимидан кетишини талаб қиламан”, - дея сўзини якунлади А. Мамасалиев.

Динара Ўшурахунова “Омбудсмен ўз шахси ҳақида ўта юксак фикрда”, деб ҳисоблайди. “Агар Омбудсмен “Ўзбекистон махсус хизматлари мени ағдаришни ўз олдларига мақсад қилиб қўйганлар”, деб ҳисобласа, у шунчаки манманлик васвасасига йўлиқибди”. Шундан сўнг Д. Ўширахунова Омбудсменнинг бу қадар кескин муносабати унинг конструктив танқидни кўтара олмаслигидан далолат беришини қўшимча қилди. “Эндиликда биз Омбудсмен лавозимига ҳақиқатан ҳам холис бўлган, билимли ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ишлаган одам келиши кераклигига янада кўпроқ амин бўлдик”.

Омбудсмен матбуот котибаси Келсинбек қизи Керемет ўз хўжайинини тарафини олди ва “НДТчилар” фактларни нотўғри талқин қилаётганларини билдирди. “Омбудсмен сиз ўз баёнотингизни Тошкентдан келишингиз билан тарқатганингиз ҳақида айтиши билан махсус хизматлар билан алоқангиз борлигига мутлақо ишора қилаётгани йўқ”, деди Керемет ҳуқуқ ҳимоячиларига юзланаркан. “Иккинчидан, сиз “нима учун халқ Омбудсмен фаолиятига баҳо бера олмайди?” дея савол бераяпсиз. Лекин Т. Бакир уулунинг мурожаатида бу ҳақда бирор оғиз сўз йўқ-ку. Сиз буни қандай изоҳлайсиз?”, - дея савол ташлайди Омбудсмен девонхонаси ходимаси.

Шунингдек, Омбудсмен матбуот котибаси А. Мамасалиевнинг, агар Омбудсмен икки кун ичида кечирим сўрамаса, у истеъфога кетиши кераклиги ҳақидаги талаби ҳам ноқонуний эканини билдирди. Давлат ва нодавлат ҳуқуқ ҳимоячилари ўртасидаги машмашани яна бир таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси ва сиёсатчи Эдил Байсалов изоҳлади. “Бакир уулу Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари билан конструктив муносабатлар қура олмагани, обрўли халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ўртасида ишонч ва ҳурмат-эътиборга эга эмаслиги ҳаммага маълум нарса. Бакир уулу фаол ва самарали Омбудсмен институтини ташкил эта олмади, балки ўз партиядошлари ва юртдошлари жамланган янги “супермаҳкама” ташкил қилиш бўйича ўз амбицияси ичра чўкиб кетди”.

“Ўз камчиликларини билган ва ҳис қилган Бакир уулу яна бир маротаба Тошкентда ўзининг қудратли душманлари борлигига эътибор қаратмоқчи бўлаяпти. Бироқ унинг Алишер Мамасалиев ва Динара Ўшурахуновани Ўзбекистон махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилиши юзасидан айбловлари ҳаммасидан ҳам ошиб тушди. Бу Турсунбай Бакир уулунинг нима учун Қирғизистон Республикаси Омбудсмени каби юксак лавозимни эгаллаб туришда давом этолмаслигига яна бир далил бўлиб хизмат қилади”, - дея сўзини якунлади Байсалов.