23:36 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримов Тошкентнинг диний маркази бўлмиш Ҳаст Имом майдонини қайта қурди (фото)

23.07.2007 01:27 msk

Ўз ахб. (Тошкент)

© Фарғона.Ру фотоси

Давлат раҳбари шахсий ташаббусига кўра миллий мустақилликнинг навбатдаги юбилей санасига пойтахт кўчалари ва майдонларини кенг кўламда реконструкция қилиш Ўзбекистонда доимий анъанага айланиб қолди. Масалан, 2005 йилда Чорсу бозори ва Эски Жўва майдони атрофидаги Тошкентнинг тарихий маркази қайта қурилганди. 2006 йилдаги юбилей тантаналари эса катта кўприклар ва йўллар қурилиши билан нишонланганди. Ўзбекистон мустақиллигининг ўн олти йиллигига Ҳазрати Имом майдони (уни Ҳаст Имом деб ҳам атайдилар) тубдан реконструкция қилинди. Бу ерда XVI-XIX асрларда қурилган маданий обидаларни таъмирлаш билан бир қаторда саноқли ойлар мобайнида жуда катта зиёрат масканлари ҳам барпо этилди. Ўзбекистон мустақиллиги куни бўлмиш 1 сентябрдан роса бир ой олдин якунланган қурилишнинг кўлами, режаси ва суръатини бу сафар ҳам президент Ислом Каримовнинг ўзи белгилаб берди.

Шаҳарнинг қадим мавзеида жойлашмиш Ҳаст Имом майдони бу ерга X асрда мўътабар ислом олими, фиҳқ билимдони Ҳазрати Имом мулаққаб Абу Бакр Муҳаммад ибн Исмоил Қаффол Шоший дафн этилганидан буён шуҳрат тутган. Асрлардан буён кўплаб зиёратчиларни ўзига жалб қилиб келган валиюллоҳ Шоший мақбараси ёнида XVI асрда Шайбонийлар сулоласидан бўлган Тошкентнинг биринчи ҳукмдори Суюнч Ҳожи хон мақбараси қурилганди. Унинг ўғли Наврўз Аҳмад Бароқхон сулола мақбараси ёнига муҳташам мадраса қурган бўлиб, унга Бароқхон мадрасаси деб ном берилган. Мўйи Муборак зиёратгоҳи ҳам шу ерда жойлашган бўлиб, ривоятларга кўра, бу ерда Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак мўйлари сақланар экан. XIX асрда зиёратгоҳ ансамбли Тилла Шайх ва Намозгоҳ масжидлари билан тўлдирилган. 1943 йили СССР расмийлари томонидан Ўрта Осиё мусулмонларининг диний идораси тузилган пайтда муфтий Эшон Бобохон Ҳаст Имомни диний марказ сифатида танланишини талаб қилиб туриб олган.

Религиозный центр Хаст Имам. Новая мечеть. Фото ИА Фергана.Ру
Ҳаст Имом диний маркази. Янги масжид. Фарғона.Ру АА фотоси

Майдон таъмири ўтган йилнинг кузидан бошланган, аммо Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро Ислом ташкилоти (ISESCO) февраль ойида Тошкентни 2007 йилдаги Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилганидан кейин таъмирчилар саъй-ҳаракатлари биринчи рақамли давлат қурилиши аҳамиятига молик бўлиб қолди. Президент Каримовнинг 2007 йил 20 февралидаги махсус қарорига кўра Адлия вазирлиги ўн беш кун ичида Ҳазрати Имом жамоатчилик жамғармасини (таъмир ишлари буюртмачисини) рўйхатга олди. Молия вазирлигига бу жамғарма ҳисобига 500 миллион долларга тенг маблағ ўтказиб бериш топширилди. Шунингдек, кўплаб йирик ҳомийлардан моддий ва техник ёрдам жалб қилинди.

Ўзбекистондаги узунқулоқ гапларга қараганда Каримовлар оиласига тегишли дея билинган Zeromax ширкатига кирувчи “Нефтегазмонтаж” ихтисослаштирилган қурилиш қўшма корхонаси Ҳаст Имомда асосий пудратчи бўлган.

Паломники. Фото ИА Фергана.Ру
Зиёратчилар. Фарғона.Ру АА фотоси

Тўрт ойлик қизғин ишлар мобайнида Ислом Каримов худди сабри ичига сиғмаётгандек қурилиш майдонларига икки марта бориб, маслаҳатларини бериб келган. Натижада қурилиш муддатидан аввал битказилган. Тор кўчалар ва гувала девор уйлар бузилиб, уларнинг ўрнига ўтирғичли ва йўлакли майсазорлар барпо қилинди, қарағайлар ва гул кўчатлари ўтқазилди. Қадимги Кайковус ариғи тозаланиб, ғиштин ўзанга кўчирилди. Қорасарой кўчаси томонидан иккита бир хил минорали каттакон янги масжид қурилди. Мақбаралар гумбазларидаги қовурғасимон тунукалар мовий рангдаги сирли сополлар билан алмаштирилди, бу эса ансамблни Самарқанддаги машҳур Регистон майдонига ўхшатиб қўйди.

Религиозный центр Хаст Имам. Медресе Баракхана. Фото ИА Фергана.Ру
Ҳаст Имом диний маркази. Бароқхон мадрасаси. Фарғона.Ру АА фотоси

Шаҳар мўйсафидлари ва чет эллик сайёҳлар орасида Ҳаст Имом майдонининг таъмирлангани Эски шаҳар руҳини мутлақо йўқ қилиб ташловчи жуда қўпол иш, деб ўйлаган одамлар топилса керак. Аснода қадамжонларни тубдан реконструкция қилиш ва янгилаш моҳиятан Ўрта Осиёдаги кўп асрлик қурилиш анъаналарига зид келмайди. Ўтмишнинг мустабид ёки маърифатли ҳукмдорлари авлодларга ўзларидан эсталик қолдириш учун шундай тадбирларни амалга ошириб турганлар. Масалан, валиюллоҳ Қаффол Шоший мақбараси темурийлар даврида қабр харобалари ўрнига барпо қилинган ва 1541 йили шайбонийлар даврида қайта қурилган. 1886 йилги даҳшатли зилзила даврида қаттиқ талафот кўрган ва совет даврининг дастлабки йилларида мўъжиза туфайли омон қолган Бароқхон мадрасаси ҳам 1955-63 йилларда Ўзбекистон ССРнинг ўша даврдаги партия раҳбарлари ҳомийлигида таъмирланган.

Религиозный центр Хаст Имам. Фото ИА Фергана.Ру
Ҳаст Имом диний маркази. Фарғона.Ру АА фотоси

Оддий ўзбекистонликларнинг кўпчилиги учун миллий анъаналарни тараққиёт ва замонавий тамаддун ҳақидаги тасаввурлар билан уйғунлаштирувчи бунақа кўламли қурилишлар ва кўзга яққол ташланиб турувчи тархли чиройли жойлар ёқади. Жумъа кунлари Ҳаст Имом майдонидаги янги масжид минглаб диндорларни ўзига жалб қилмоқда. Қорасарой кўчаси ўша куни автомобилларга тўлиб кетаяпти, чунки кўпчилик ҳам намоз ўқигани, ҳам томоша қилгани атайлаб узоқлардан келаяпти.