23:12 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

22 июль куни Туркияда муддатдан аввалги парламент сайловлари бўлиб ўтади

21.07.2007 14:15 msk

Бахтиёр Шоҳназаров

Фото Артема Космарского
Артем Космарский фотоси
Туркия Жумҳурияти парламентига сайловлар том маънода қайноқ паллада бўлиб ўтади. Метеорологларнинг тахминларига кўра, мамлакатнинг кўп жойларида келаётган якшанба куни ҳаво ҳарорати қирқ даражагача кўтарилади. Агар бунга сиёсий эҳтирослар жунбушини ҳам қўшадиган бўлсак, жазирама тафти мутлақо чидаб бўлмас даражага етиши мумкин.

Туркияда кўппартиялилик асосидаги сайловлар натижасида ҳокимият тепасига келган бирорта ҳукумат ҳам ҳали ўз беш йиллик муддатининг охиригача туролгани йўқ. Ҳар сафар ҳокимият тузилмаларида енгиб бўлмас зиддиятлар юзага келаверар, натижада муддатдан аввалги сайловлар эълон қилинарди.

Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўған бошчилигидаги ҳозирги ҳукумат ҳокимият тепасида энг узоқ қололган ҳукумат бўлиб ҳисобланади. Агар апрель ойи охиридаги президент сайловлари чоғида содир бўлган “ишкал” бўлмаганида эди, иқтидордаги “Адолат ва тараққиёт партияси” (АТП) вакиллари шу йилнинг октябрь ойи охиригача ўз мажбуриятини бажараверган бўлишлари мумкин эди.

Давлат раҳбари лавозимига ташқи ишлар вазири Абдулла Гул номзодини кўрсатган АТП мамлакатни бошқаришдаги асосий лавозимларни ўз қўлига олишни режаланганди, аммо у мухолифатдаги “Халқ-демократик партияси”нинг (ХДП) фаол қаршилиги туфайли ўз режаларини амалга оширолмай қолди. ХДП парламентдаги овоз бериш натижалари юзасидан Конституцион судга арз қилди, КС эса демократларнинг талабларини қондирди. Қайд этиш жоизки, ўша кунлари мамлакатда дунёвий тартиб ва демократияни ёқлаб мисли кўрилмаган кўламда митинглар бўлиб ўтди.

Муддатдан аввалги сайловлар учун йўл очган АТП “мухолифат Ражаб Эрдўғандан президентликка ўз номзодини ўтказиш ҳуқуқини тортиб олди”, деб ҳисоблайдиган сайловчиларнинг янада кўпроқ қўлловини олишга умид қилиб турибди. Сайловолди пойгаси ҳали мамлакатда ҳал қилинмаган жуда кўп муаммолар борлигини, иқтисодиёт ва ташқи сиёсатда ҳамма иш жойида эмаслигини кўрсатди, ҳолбуки, ҳукумат жамиятга бунинг аксини уқдиришга уриниб келарди.

Один из символов Стамбула - Айя София. Фото ИА Фергана.Ру
Истанбул рамзларидан бири бўлган Аё Сўфия. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Аҳолига оммавий ахборот воситалари орқали сайловгача “Сўл демократик партия” билан бирлашган мухолифатдаги ХДПнинг 20 фоизга яқин овоз олиши мумкинлиги, “Миллий ҳаракат партияси” (МҲП) 10 фоизлик сайлов тўсиғидан зўрға ўта олиши билан бир қаторда иқтидордаги АТП 40 фоизга яқин овоз олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатилмоқда. Шундай қилиб, парламентга бор-йўғи учта партия кириши тахмин қилинмоқда, 550 ўринли маҳаллий парламентдаги мустақил депутатлар сони эса 20 тадан 40 тагача бўлиши мумкин.

Мамлакат аҳолисига сайловларда иқтидордаги АТП сўзсиз ғалаба қозониши сингдирилаяпти. Лекин, истаган одам бошқа медиа-манбалардан муқобил ахборот ола билиши мумкин, бунақа оммавий ахборот воситалари эса Туркияда анчагина. Хусусий телеканаллар мухолифат партиялари сайловолди митингларини трансляция қилаяптилар. АТП мухолифлари қандай баёнотлар бераяптилар, дерсиз?

“Саадет” (“Саодат”) партияси раҳбари, 1996-97 йилларда бош вазир бўлган 80 ёшли Нажмиддин Эрбақан амалдаги ҳукумат АҚШ, ЕИ ва Исроилнинг қўғирчоғига айланиб қолганини, Ражаб Эрдўған эса уларнинг мусулмон мамлакатларини бир-биридан ажратиш ва Исроилни кенгайтириш режаларини амалга ошириш учун хизмат қилаётганини билдирди.

Панорама Стамбула. Фото ИА Фергана.Ру
Истанбул манзараси. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Ёнилғи қимматлиги ҳам айрим партиялар қўлида кузир қарта бўлиб ҳисобланади. Туркиядаги бензин нархи жаҳондаги энг қиммат нархлардан бўлиб, мазкур ёқилғи баҳоси 2,25 турк лирасидан 2,95 турк лирасигача қалқиб туради (ҳозирги пайтда 1 АҚШ доллари 1,28 турк лирасига тенг). Ёқилғи қийматининг қарийб етмиш фоизини турли солиқлар ташкил этади.

“Ёш партия” раҳбари Жем Узан Эрдўған ҳукумати деҳқонлар ҳаётини чидаб бўлмайдиган аҳволга келтирди, деб ҳисоблайди ва “менинг ҳукуматим даврида деҳқонларга мазут 1 лирадан сотилади”, дея ваъда бераяпти. ХДП лидери Дениз Байқал деҳқонларга сотилаётган мазутдан хусусий истеъмолчидан олинажак солиқни олмаслик ҳамда уни 1,25 турк лираси нархида сотишни ваъда қилмоқда. Бунга жавобан Р. Эрдўған мазутни 1 лирадан сотиш янгилик эмаслигини, унинг ҳукумати даврида кемалар, соллар ва учоқлар мазутни айнан шу нархда олаётганларини урғулаяпти. Бироқ деҳқонларга ҳам уни шу нархда сотиш Эрдўған режасига кирмайди, чунки бунинг учун бюжетда ортиқча маблағ йўқ.

Туркия партияларининг сайловолди ташвиқоти учун сарфлаган умумий харажатлари миқдори 1,2-1,4 миллиард долларни ташкил этади. Ҳар бир депутатликка номзод ўртача 150 минг доллардан пул сарфлайди. Парламент аъзоси бўлиш ҳуқуқи учун 7 минг 395 номзод, шу жумладан, 700 та мустақил номзод кураш олиб боради. Сайловларда 42,5 миллион фуқаро иштирок этади, улар учун 85 та сайлов округида 158,7 минг сайлов участкаси очилади. Социологлар тахминларига кўра, бўлажак сайловларда сайловчиларнинг 80-90 фоизи қатнашиши кутилмоқда. Cайловлар куни соат 21.00 (22.00 мск) гача овоз бериш натижаларини эълон қилишга қўйилган таъқиқ амалда бўлади. Овоз бериш куни, маҳаллий расмийлар қарорига кўра, бутун Туркия бўйлаб ичкилик сотиш мумкин эмас, кўнгилочар жойлар эса овоз бериш участкалари ёпилгунича ишламайдилар.

“Новости” РАА
Демократик партия ҳокимият тепасига келган тақдирда террорчилик ва бўлгинчиликка чек қўйишини билдирмоқда. Дарвоқе, террорчилик ва бўлгинчиликка қарши кураш ҳукуматнинг заиф нуқтаси бўлиб ҳисобланади, чунки, айримлар фикрича, ҳукумат террорчиларнинг лагерлари жойлашган Шимолий Ироққа қўшин киритишга журъат қилолмаган. 2005 йилнинг 20 сентябрида ХДП парламентга тобора кучайиб бораётган террорчилик хавфи тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш хусусида таклиф киритганида, иқтидордаги партиядан бўлган депутатлар парламент мажлисида иштирок этишдан бош тортишиб, уни бойкот қилгандилар. Худди шу усул президент сайлаш вақтида мухолифат томонидан АТПнинг ўзига қарши ишлатилди.

Аслини олганда, президент сайлаш масалалари ҳам дунёвий режимни сақлаб қолиш ёки уни рад этиш тахминлари каби мамлакат фуқароларининг аксариятини ташвишлантирмайди. Телеинтервьюларнинг бирида бир сайловчи унинг қўлидаги юзта энг муҳим муаммолар ёзилмиш рўйхатда юқорида зикр этилган масалалар йўқлигини тан олган.

Сайловлар яқинлашгани сайин партия лидерлари оғизларидан чиқаётган баёнотлар кескинлашиб бораётибди. Дейлик, сайловолди митингларидан бирида сўзга чиққан Ражаб Эрдўған, агар унинг партияси парламентда мутлақ кўпчилик ўринларни ололмаса, умуман сиёсатдан кетишини айтган. Бундай қизиққонлик фақат амалдаги бош вазиргагина хос эмас. Фақат АТПгина эмас, бошқа партиялар лидерлари ҳам айнан ўзларининг партиялари ҳокимият тепасига келишини таъкидламоқдалар. Масалан, “Саадет” партияси лидери Н. Эрбақан, унинг партияси ҳукумат тепасига келган тақдирда, Европа Иттифоқи билан яқинлашувдан кўра Яқин Шарқдаги мусулмон мамлакатлари билан яқинлашишини афзал кўришини билдирган.

Флаги Анкары. Фото Артема Космарского></a><br><FONT FACE=Анқара байроқлари. Артем Космарский фотоси
“Ишчилар партияси” дастурида чет эл ҳарбий базаларининг барчаси мамлакатдан чиқариб юборилиши, Туркиянинг НАТО ҳарбий блокидан чиқиши, АҚШ қуролли кучлари томонидан фойдаланилаётган Адана шаҳри яқинидаги Инжирлик ҳаво базаси ҳам ажнабийлардан тозаланиши айтилади.

Мухолифларининг қаттиқ туриб талаб қилишларига қарамасдан, бош вазир сайловолди телемунозараларида иштирок этишдан қатъиян бош тортиб келмоқда. Шунга қарамай, халқаро кузатувчилар якшанба куни Туркияда бўлиб ўтажак сайловлар демократик дея тан олишини қайд этадилар. Аҳолининг сиёсийлашуви ва сайловчиларнинг фаоллик даражаси анча юқори. Маҳаллий матбуот 22 июлга келиб юз минглаган дам олувчилар ўз фуқаролик бурчларини бажариш учун доимий истиқоматда бўлган жойларига қайтиб келишларини, одамларнинг овоз бериш жараёнида қатнашуви жуда юқори бўлишини хабар қилади. Сайлов натижалари эса, афтидан, ҳамма томонидан тан олинса керак.

На улицах Стамбула. Фото ИА Фергана.Ру
Истанбул кўчаларида. “Фарғона.Ру” АА фотоси

Муаллиф ҳақида: Бахтиёр Шоҳназаров, ижтимоий фанлар магистри, ҳуқуқшунос ва мустақил журналист. 2005 йилнинг июнь ойида бери Туркияда яшайди



 

Реклама