05:10 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Фарғонадаги губернаторлар учрашуви: маҳаллий миқёсда давлатлараро диалог юритишга журъатсиз уриниш

20.07.2007 20:56 msk

Бобур Мирзоев

Сунъий йўлдошдан олинган тасвирда Фарғона водийси шундай кўринишга эга. Коинотдан туриб қаралганда чегаралар кўринмайди. © Maps.Google.Com фотоси

Фарғона водийсидаги олти вилоят раҳбарларининг яқиндаги учрашуви “бахтли” санада – еттинчи йил еттинчи ойининг еттинчи куни бўлиб ўтди, бунақаси юз йилда бир марта бўлади. Аммо тугал бахт учун яна битта “еттилик” етишмади: учрашувда Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбари иштирок этмади. Шунга қарамай, “Фарғона.Ру” аввал хабар қилганидек, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг олти вилояти раҳбарлари ўзларининг норасмий “Фарғона” саммитини ташкил этишга қарор қилдилар. Мазкур саммит давларлараро муносабатлар шакли ўлароқ нечоғли қимматли ва ўзида нимани акс эттиради?

Биринчидан, бу учрашувда Тожикистон томонининг бўлмаганлиги, агар учрашув ташаббускорлари саъй-ҳаракатларини бутунлай йўққа чиқармаган бўлса, ҳудуддаги уч мамлакат манфаатларини яқинлаштиришга қаратилган мазкур “саммит” аҳамиятини анча пасайтирди

Нима десангиз денг, аммо чегараларни ҳамжиҳатликда аниқлаш, сув заҳиралари, темирйўллардан биргаликда фойдаланиш, энергия ташувчилар етказиб бериш ва бошқа муаммоларни жараёнга жалб этилган барча томонлар иштирокисиз ҳал қилиш мумкин эмас. Тожикистон вакилларининг учрашувни бойкот қилиш сабаблари ҳақида фақат тахмин қилиш мумкин, холос, гарчи юзада ҳаммага маълум сабаблар (бу мамлакатнинг Ўзбекистон билан алоқалари ёмонлиги) ётган бўлса-да.

Иккинчидан, Ўзбекистон томони Қирғизистоннинг бу ташаббусига шунчалик эҳтиёткорлик билан ёндошдики, Ўзбекистон матбуотида бу учрашув ҳақида икки оғиз жумла ҳам ёзилгани йўқ. Учрашувгача ҳам, учрашувдан сўнг ҳам. Бундан ташқари, ўзбекистонлик ҳокимлар қирғизистонлик ҳамкасбларининг Фарғонага журналистларсиз келишларини талаб қилиб туриб олдилар. Губернаторлар учрашувининг асосий қисми эса, ўзбекистонлик ҳокимларнинг таклифига кўра, Фарғона йўлида... микроавтобус салонида, яъни, “гувоҳларсиз” бўлиб ўтди. Шу билан бирга, “автобусдаги давра суҳбати”да Қирғизистоннинг Боткен вилояти губернатори иштирок этолмади, чунки у Фарғонага бошқа йўналиш орқали келди. “Саммит”нинг қолган қисми эса халқнинг ачинарли аҳволи қабатида ўта ҳашаматли кўринган ижтимоий-иқтисодий объектларни кўришга бағишланди, бу унча бой бўлмаган қирғизларда ошкора ҳавас уйғотди. Одамларнинг ҳақиқий ҳаёти эса, албатта, меҳмонларга кўрсатилгани йўқ. Ўзбекистонлик ҳокимларнинг ўзини тутишидаги қисинишлар бизнинг қуйидагича хулоса чиқаришимизга сабаб бўлди: учрашув ҳақидаги таклифга улар томонидан розилик берилишини очиқ ва тиғиз ҳамкорлик истаги ўлароқ эмас, балки яхши ният ифодаси сифатида қабул қилмоқ керак. “Биз сизларга душман эмасмиз, биз биргаликда учрашиб, гаплашиб олишимиз мумкин. Аммо бундан ортиғига умид қилманг: бизда ҳамма нарса юқорида ҳал қилинади” қабилида. Қирғизистон томондан учрашувда қатнашган, ўз исми ошкор этилмаслиги истаган иштирокчилардан бирига кўра, ўзбекистонлик мулозимлар қирғизистонлик ҳамкасбларининг саволларига индамай, “юқори”га ишора қилганча жавоб қилганлар. Бу фақат Ўзбекистонда қатъий равишда қурилган ҳокимият вертикали мавжудлиги билангина эмас, балки учрашув бўлиб ўтган автобус ҳар хил овоз ёзиш ускуналари билан тўлдириб ташланган бўлиши мумкинлиги билан ҳам изоҳланади.

Таъкидлаш жоизки, Фарғонадаги учрашув натижалари ҳақидаги асосий ахборот Қирғизистон ОАВда Жалолобод вилоят губернаторининг ўринбосаридан олиб берилди. Қирғизистонлик қолган губернаторлар эса “саммит” якунлари бўйича маҳмадоналик қилиб ўтирмадилар. Бу ўзбекистонлик мулозимларнинг илтимосига кўра бўлганини истисно қилиб бўлмайди.

Айтиш керакки, қирғизистонлик губернаторларнинг учрашув ҳақидаги таклифлари битилган мактубни Андижон, Наманган ва Фарғона вилоят ҳокимлари ўтган йилиёқ олган эдилар. Ҳудуддаги уч мамлакатнинг қўшни вилоятлари раҳбарлари бир-бирларини жуда яхши тушунадилар ва мунтазам учрашиб туришга доим тайёрлар, бироқ бунга, энг аввало, Тошкент томонидан юритилаётган “катта сиёсат” ҳалақит бераётибди. Яқиндаги учрашув ҳам Ўш вилоят губернатори Жантўрў Сатибалдиевнинг шахсий саъй-ҳаракатлари ва Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан олиб борилган қатъий дипломатик фаолият туфайли амалга ошди.

Ниҳоят, “саммит”нинг учинчи, энг муҳим омили ҳақида тўхталсак. Бу минтақа давлатлари ўртасидаги давлатлараро алоқаларнинг ҳали ҳам мураккаблигича қолаётганидир. Қирғизистон ҳудудида террорчилик фаолияти билан шуғулланганликда гумон қилинаётган бир неча фуқарони йўқ қилиш бўйича қўшма махсус амалиётлар ўтказишда аксланмиш диний экстремизмга қарши курашда Қирғизистон ва Ўзбекистон махсус хизматларининг ошкора яқинлашувига қарамай, бу мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни дўстона муносабат, деб аташ қийин. Ўзбекистон Қирғизистонга “кичик ука”дек муносабатда бўлиб келган ва кўпинча бу кичкина мамлакат тимсолида ўз хавфсизлиги учун таҳдид кўрган. Тўқсонинчи йиллар охиридаги Тошкентда бўлиб ўтган энг биринчи террорчилик ҳуружларидан бошлаб президент Каримов ҳатто суд ҳукмлари ўқилишидан ҳам олдинроқ “қўпорувчилар ва бошқа экстремистлар махсус тайёргарликдан Қирғизистон ҳудудида ўтган”ларини билдирганди.

Айтиш керакки, Қирғизистон томон ҳам қарздор бўлиб қолаётгани йўқ ва у ҳам Ўзбекистонни ўз хавфсизлигига нисбатан жиддий хавф-хатар манбаи ўлароқ кўради. Андижон воқеалари пайтида кўрилганидек, қўшни давлатдаги норозиларнинг улкан қатлами Қирғизистон учун реал хавф-хатар туғдиради, чунки бу каби сценарий такрорлангудек бўлса, Қирғизистон мамлакатга ёпирилиб келиши мумкин бўлган муҳтамал қочоқларнинг улкан оқимини мутлақо эплолмай қолади. Икки фуқаролиликка изн берувчи яқинда қабул қилинган “Қирғизистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонун қирғизистонликларга иккинчи фуқаролик сифатида қўшни мамлакатлар фуқаролигини олишни маън этади. Қирғизистон парламенти депутатлари қонунга бундай банд киритилишини “давлат хавфсизлигини таъминлаш” зарурати билан изоҳлаганлар.

Бу расмий Бишкекни чўчитаётган “тинч” омилдир. Бу мамлакат жанубида яшаётган миллионга яқин ўзбеклар омилидир. Ҳозиргача диктатор Ислом Каримовнинг изоляционистик сиёсати туфайлигина ушлаб турилган “миллий чегара” олиб ташланган тақдирда, уларнинг таъсири анча ошиб кетиши мумкин. Ўзбекистон президенти ўзбекистонликларнинг қирғизистонлик ўзбеклар билан бўлган алоқалари мустаҳкамланишини рағбатлантириш у ёқда турсин (бу анархияга яқин бўлган Қирғизистон демократиясидан қўрқишда акс этади), қирғизистонлик ўзбекларга ҳатто бегона миллатга қарагандай муносабатда бўлади.

Саммитга бутун бошли бир йил мобайнида тайёрланилди. Учрашувда Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси, Ўзбекистон томонидан эса Иқтисодий тараққиёт ва интеграция вазирининг муовини иштирок этдилар. Фарғоналик губернаторларнинг иккинчи учрашуви жорий йил кузида Ўш шаҳрида бўлиб ўтади. Кейинги учрашувга мувофиқлаштирувчи бўлишни Ўш шаҳар губернатори Жантўрў Сатибалдиевдан илтимос қилдилар. У иккинчи Саммитга Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти губернаторини ҳам таклиф қилиш нияти борлигини маълум қилди. Иккинчи учрашув яйловлар ва сув заҳираларидан ҳамжиҳатликда фойдаланиш муаммоларига бағишланади.
Марказий Осиё минтақаси ягона энергетик комплексининг бузилиши оқибатлари ҳамда улар билан боғлиқ бўлган сувдан фойдаланиш муаммолари ҳақида-ку гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Баъзан очиқ душманликка ўтиб кетаётган Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари эса алоҳида мавзу бўлиб, у ҳудудий саммит ғоясига мутлақо мувофиқ эмас.

Шунга қарамай, олти вилоят раҳбарлари “Фарғона саммити” олдига “ҳудудда дўстлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва аграр ҳамкорликни ривожлантириш”дек жиддий вазифани қўйганлар. Бироқ минтақанинг уч мамлакати муносабатларидаги ҳар қандай муаммо оппа-осонлик билан сиёсий савдо-сотиқ предметига айланиши мумкин бўлган бир шароитда, янги ташкил этилган “саммит” муваффақиятига ҳозирча умид қилиб бўлмайди.

Фарғонадаги учрашув кўпроқ маҳаллий миқёсда давлатлараро диалог юритишга журъатсиз уриниш бўлди, холос. Афтидан, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари ҳали минтақавий интеграция аҳамияти тушуниб етмаган кўринадилар. Аниқроғи, улар ўз амбицияларини минтақавий хавфсизлик ва минтақанинг иқтисодий жиҳатдан гуллаб-яшнаши манфаатларига ҳечам бўйсундира олмаяптилар.