14:38 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги милиция ўзбошимчалиги: ҳужум ҳақидаги тафсилотларни “Фарғона.Ру”га жабрланувчининг ўзи гапириб берди

20.07.2007 00:29 msk

Ўз ахб.

“Фарғона.Ру”га Жиззах вилояти Пахтакор туман милициясида бошлиқ ўринбосари бўлиб ишлаган Акмал исмли киши уч норасида боланинг онаси бўлмиш аёлга пичоқ ургани, кейин эса ўз ҳамкасблари ёрдамида уни милиция участкасидан ташқарига олиб чиқиб, ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатмасдан, йўл ёқасида қолдириб кетиш билан бу жиноят изини ёпишга урингани ҳақидаги мудҳиш воқеанинг айрим тафсилотлари маълум бўлди.

Бугунги кунда Нилуфар Соттиева Тошкент тиббиёт академиясининг жарроҳлик бўлимида даволанмоқда, унинг ҳаёти хавф остида эмас. Бу ишларнинг ҳаммаси қандай содир бўлгани ҳақида у қуйидагиларни гапириб берди.

Унга кўра, 2005 йилда ёқилғи қуювчи бўлиб ишлайдиган бир таниши унга шилқимлик қила бошлаган. Бир куни у машинада Нилуфарни уйига элтиб қўймоқчи бўлган. Машина ичида юзага келган жанжал чоғида у рулни кескин буриб юборган ва қасдан авария содир этган. Натижада Нилуфар жароҳат олган, қовурғаси синган. Касалхонадан чиққач, бу ҳақда у Жиззах вилоятидаги Пахтакор туман прокуратурасига бу одамнинг қилган шилқимлиги юзасидан шикоят қилиб ва юз берган воқеа учун уни жавобгарликка тортиши талаб қилиб ариза берган.

Аммо орадан бутун бошли бир йил ўтиб кетганига қарамай, у ҳеч қандай жавоб ололмаган. 2006 йилда у янги ариза берган – бу галги аризасини у энди Ўзбекистон бош прокуратурасига йўллаган. Ўн беш кундан сўнг у ёқдан жавоб келган. Унда айтилишича, маҳаллий милицияга бу борада тегишли чоралар кўриш буюрилган. Ўшандан буён у айбдорни жазолаш учун улар қандай чоралар кўраётганларини аниқлаш учун туман милиция бошқармасига қатнай бошлаган. Бироқ, Нилуфарга кўра, милиция ходимлари унинг устидан кулишиб, ҳеч қандай чора қўлламаганлар. Пировардида унинг оиласида можаро чиққан ва у эри билан ажрашган. Унинг қўлида учта ёш бола қолган.

Милиционерлар эса ҳеч қанақа чора кўрмаганлар. Улар ишни чўзгандан-чўзиб, охир-оқибат авария чоғида аёл олган тан жароҳатлари жиддий эмаслигини айтишиб, ишни ёпганлар. Кейин Нилуфар вилоят прокуратурасига мурожаат қилган.

Вилоят прокуратураси, одатдагидай, унинг аризасини қайта кўриб чиқиш кўрсатмаси билан яна милицияга қайтариб юборган. Шундан сўнг уни (автоҳалокатдан бир йил ўтгач) яна бир марта экспертизадан ўтказганлар, экспертиза синиқлар борлигини тасдиқлаган. Аммо милиционерлар ёқилғи қуювчи билан юзлаштириш зарурлигини баҳона қилишиб, ишни чўзаверганлар. Бироқ улар бу юзлаштиришни ташкил этишни нимагадир эплолмаганлар.

Нилуфар милиция бўлимига кўп марта келган, аммо ҳар сафар у кулгига қолаверган. “Доим шунақа бўларди, - деб эслайди у. – Эрталаб келсам, “тушдан кейин келинг”, дейишади, тушдан кейин келсам, “кейинроқ учрарсиз”, дейишади”.

Охир-оқибат у Пахтакор туман ҳокимига Эргаш Солиевга мурожаат қилиб, милиционерлар уч боланинг онаси бўлган аёлни кечаси соат 12 гача кутишга мажбур қилишиб, очиқдан-очиқ унинг устидан кулаётганларини гапириб берган. Ҳоким уларга қўнғироқ қилишга ваъда берган, аммо қўнғироқ қилганми-йўқми – буниси маълум эмас, чунки ҳамма нарса аввалгидек давом этаверган.

Шундан кейин Нилуфар Жиззах вилоят ҳокимига мурожаат қилишга қарор қилади. “Бошимда эрим йўқ бўлса, устимдан кулса бўлаверарканда-а?” – дея савол беради у ўзини қабул қилган ҳоким вакилига. У аёлни тинчлантиришга уринади: “Ўзингизни босинг, уйингизга боринг”. Бироқ бу учрашув ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

5 июль куни (2007 йил) Нилуфар яна милиция бўлимига келиб, “Бирор иш қиласизларми ўзи ё йўқми?”, деб сўраган. Милиционерлар унга: “Тушдан кейин келинг, ўшанда гаплашамиз, ҳозир эса вақтимиз йўқ”, деганлар. У тушдан кейин келган, аммо уни: “Сизга кечроқ келинг, деб айтилди-ку, кечқурун келинг”, дея кутиб олганлар.

Кечқурун у бўлимга соат тўққиз яримда келган. Унинг олдига Соттиеванинг ишини олиб бораётган милиция ходими Беҳзод Яллабоев чиққан. Аёл унга туман милиция бўлими бошлиғи Соиб Мелибоев унга кечқурун учрашув тайин қилганини айтган. Яллабоев унга бирдан: “Сен бошлиқнинг жонига тегиб кетдинг, у сени кўришни ҳам истамайди”, деган ва аёлнинг айтишича, уни пастга ура бошлаган. Бундан ҳафа бўлган аёл: “Нима, мен сизларга жинниманми? Нега мени овора қиласиз – менинг болаларим қаровсиз қолаяпти!”, дея жавоб берган. Бу тортишув пайтида унинг юраги ёмон бўлиб қолган ва у ҳушидан кетиб қолган.

Буларнинг ҳаммаси милиция бўлимини ўраб турган темир тўсиқ олдида содир бўлган.

Бўлим ходимлари сув олиб келишиб, аёлга сочишиб, уни ҳушига келтирганлар. Ўзига келгач, у барибир бошлиқни кутишини, чунки у аёл билан гаплашишга ваъда берганини билдирган.

Бошлиқни анча узоқ кутишга тўғри келган, аммо барибир у бошлиқ келгунча бу ердан кетмаган – бошлиқ ярим тундан кейин келган. Аёлга кўра, бошлиқ унга хўмрайиб қараб, бир оғиз ҳам гапирмасдан, ичкарига кириб кетган. У ҳатто ярим тунда аёлнинг бу ерда нима қилиб юрганини ҳам сўрамаган ва бу нарса аёлни жуда аччиқлантирган. У баланд овоз билан ўз ғазабини ифодалай бошлаган. Шунда Беҳзод Яллабоев: “Бориб сўрай-чи, қабул қилармикан ё йўқми” деб, бошлиқнинг ортидан чопиб кетган. Бироздан сўнг Беҳзод қайтиб чиққан ва аёлга эртага эрталаб келишни, чунки бошлиқнинг у билан гаплашишга вақти йўқлигини айтган. Бунга жавобан аёл нима қилиб бўлса ҳам унинг олдига киришини билдирган.

Дарвоза ёнида турган милиционер эшикни ёпиб олган ва “Сур бу ердан” қабилида сўз айтган. Нилуфарга кўра, у ҳар хил ҳақоратли гапларни ҳам қўшиб қўйган. Бу пайтда Акмал исмли бошлиқ ўринбосари токқайчи билан шохдеворни текислаётган экан (у ерда чироқ бор эди). Нилуфарнинг эслашича, у ҳам жанжалга аралашган ва уни “фоҳиша” деб ҳақорат қилган. Аёлнинг аччиғи чиқиб кетган: “Ўзингиз иш юзасидан чақирасиз, келсак, яна ҳақорат ҳам қиласиз”. Ўртада даҳанаки жанг бошланган. Милиционер: “Бор, керак бўлса Каримовингга арз қил, у мени ҳеч нарса қилолмайди”, деган ва аёлнинг онасидан келиб ҳақоратлаган. Нилуфар ғазабдан ёниб кетган ва марҳум онасини ҳақоратлашларига йўл қўймаслигини билдирган.

“У ерда темир панжара бор эди, мен қандай қилиб ундан ошиб ўтиб, Акмалнинг олдига бориб қолганимни билмайман”, - дея эслайди у. Милиционернинг олдида пайдо бўлгач, у: “Сен менинг онамни сўкаяпсанми? Юр, унинг қабрига борамиз, кўраман, ўша ерда ҳам бу гапларни айта олармикансан”, дея қичқирган. Шундан кейин аёл, токи Акмал унга пичоқ ургунича, нима бўлганини яхши эслолмаслигини айтади (тахмин қилиш мумкинки, аёл унга ташланиб, ёқасидан тутган бўлса керак ва ҳаказо). Хуллас, ўша тиғни аёлга суққан – “у менга ўша матоҳни тиқиб олди”. Шу пайт бино ичидан туман милиция бошлиғи Мелибоев чиқиб қолган. Уни кўрган Акмал аёлнинг қўлидан маҳкам ушлаб, пичоқни тутқазиб қўйган. “Ғазабланганимдан ҳатто у менга бу пичоқни тиқиб олганини ҳам билмабман. Ўзимга келганимдан кейин эса қорнимда пичоқ турганини, қўлим эса ўша пичоқ сопини ушлаб турганини кўрдим”, - дея ҳикоя қилади Нилуфар. У пичоқни чиқариб олгач, қон отилиб чиқа бошлаган ва у йиқилиб тушган. Буни милиция бошлиғи сезган ва аёл унинг: “бу ерда нима бўлди ўзи?” деб сўраётганини эшитган. Акмал: “Нимагадир у ўзига-ўзи пичоқ тиқиб олди”, - дея жавоб берган. Бошлиқ: “У ўзига пичоқ тиқиб олганини биронтангиз кўрдингизми?”, дея сўраган. Милиционерлар жўр бўлишиб кўрмаганликларини айтганлар. Шунда у: “Қани, уни ташқарига олиб чиқинглар-чи, қонни эса ювиб ташланглар”, дея буюрган. Уни кўчага олиб чиқишиб, нарироқдаги йўл ёқасига ётқизиб қўйганлар. Шундан сўнг унга нима бўлишини кузата бошлаганлар. Жароҳатидан қон оқиб ётган Нилуфар кўзини юмганча ётган, аммо унинг ҳуши ўзида бўлиб, бўлаётган гапларнинг ҳаммасини эшитаётганди.

Шовкат исмли милиция ходими унинг устига энгашиб, кейин бошлиқнинг олдига бориб: “Шеф, қон тўхтамаяпти, уни касалхонага олиб борсак бўларди”, деган. Бунга жавобан бошлиқ: “Ўлса ўлаверсин, битта ж... камроқ бўлар”, дея жавоб берган. Милиционерлар унга ҳеч қанақа ёрдам кўрсатмаганлар. Қандайдир йўловчилар уни бу ҳолда кўришиб, “тез ёрдам” чақирганлар, шундан сўнг Нилуфар Пахтакор туман касалхонаси реанимациясига етказилган, кейинчалик эса Тошкент тиббиёт академияси (эски ТошМИ) жарроҳлик бўлими олиб келинган. У ҳозир ҳам ўша ерда ётибди.

Афсуски, “Фарғона.Ру” АА таҳририяти мазкур воқеа юзасидан Жиззах вилоятидаги расмийлардан изоҳ ололмадилар. Содир бўлган воқеа юзасидан бирор-бир текширув ўтказилаяптими-йўқми – буниси бизга маълум эмас. Аммо биз, ҳеч бўлмаганда, қурбоннинг сўзларига таянган ҳолда, содир бўлган воқеа ҳақида хабар беришни ўз бурчимиз, деб биламиз ва Ўзбекистон прокуратураси бу воқеага эътибор қаратишига умид қилиб қоламиз.