23:57 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда қийноқлар машруълаштирилдими? Бир қонун ҳақида икки фикр

19.07.2007 20:02 msk

У. Бобоқулов

Қирғизистонда айрим жиноятлар жиноий қонунбузарликдан маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказилди. Жумладан, эндиликда “жиноят содир этган” шахсни қўлга олиш чоғида бу шахсга қасдан оғир тан жароҳати етказган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини жиноий жавобгарликка тортиб бўлмайди.

“Жиноят содир этган кишини қўлга олиш учун зарур бўлган чора-тадбирлар чоғида ваколатлар ошириб юборилганда киши соғлиғига қасдан оғир ёки унча оғир бўлмаган зарар етказиш” бир ярим минг сўмдан икки минг сўмгача (39-52 АҚШ доллари атрофида) жарима солиниши мумкин. Қирғизистоннинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги кодексидаги янги моддада шундай дейилган.

Биринчи фикр: “Қирғизистонда қийноқлар машруълаштирилди

Бундан келиб чиқадики, энди қирғизистонликлар уларни калтаклашларига, калтаклагандаям боплаб калтаклашларига тайёр бўлиб туришлари керак. Эндиликда милиционерлар ва бошқа куч ишлатар тузилмалар ходимлари керакли кўрсатмаларни мутлақо қонуний асосда ола биладилар. Бишкеклик адвокат Любовь Иванова шундай фикр билдирди. 32 йиллик тажрибага эга бўлган ҳуқуқшунос “мазкур янгилик ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига кенг йўл очиб беради”, деб ҳисоблайди.

Л. Иванова: - Агар қонунни татбиқ этиш амалиёти бўлмаса, Олий суд пленуми қарори ёки республика парламенти тегишли комитетининг изоҳотлари бўлмаса, ҳар бир амалиётчи ҳуқуқшунос ўзига таклиф қилинаётган қонунни ўз ҳолича шарҳлай бошлайди. Шундай экан, бизнинг “шонли” милициямиз ходимлари бирор кишини қўлга олишда унга зарар етказган пайтда бу моддани қандай тушунишлари юзасидан фол очиб ўтирилмаса ҳам бўлаверади.

Мен мазкур ҳуқуқий меъёрларни тушунтириб беришлари учун шунчаки Жўғўрқу Кенешнинг (Қирғизистон парламенти) Конституцион қонунчилик, давлат тузуми ва қонунийлик бўйича комитетига мурожаат қилиш зарур, деб ўйлайман. Бунингсиз қўлга олиш чоғида ўз хатти-ҳаракатларини мазкур қонун билан оқлайдиган бу “ўртоқлар” ичидаги айрим кишилар билан курашиш мумкин бўлмай қолади.

Фарғона.Ру: - Мазкур қонун ҳозирги ҳолида қолса, Қирғизистонда қийноқлар машруълаштирилди, деб ҳисобласа бўладими?

Л. Иванова: - Ҳа, машруълаштирилди! Энди киши соғлиғига қасдан зарар етказиш, унга мушт тушириш мумкин бўлиб қолди. Бу энди ноқонуний хатти-ҳаракат бўлиб ҳисобланмайди, чунки қўлга олиш чоғида ёки бевосита қўлга олинганидан кейин у одам карахт ҳолатда беш-олти марта асфальтга боши билан урилди, дея билдириш мумкин.

Фарғона.Ру: - Агар бирор одам “қўлга олиш чоғида қаршилик кўрсатди”, дея уни “ҳе йўқ-бе йўқ” уриб ташланса, аҳвол жуда чатоқ экан-да?

Л. Иванова: - Бу ерда иш кўпроқ адвокатнинг инсофига боғлиқ. Агар адвокатни қўлга олишдан кейиноқ чақирсалар ва у тан жароҳатларини кўрган бўлса, у ҳолда биринчи сўроқ пайтидаёқ адвокат ўз ҳимояси остидаги одамнинг қаери шикастланганини ва қандай шикастланганини кўрсатиши керак.

Фарғона.Ру: - Сиз ўзингиз адвокатларимизнинг ҳалоллигига ишонасизми?

Л. Иванова: - Йўқ албатта. Тўқсон беш фоиз ҳолатда “чўнтак” адвокатлари жалб қилинади ишга.

Фарғона.Ру: - У ҳолда бу қонун қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Л. Иванова: - Бундан буён Қирғизистонда қийноқларнинг машруълашишига олиб келиши мумкин. Ўзингиз ҳам буни яхши тушуниб турибсиз, фақат амалиётчи ҳуқуқшуносдан фикрингизни тасдиқлатиб олмоқчи бўлаяпсиз, холос...

Иккинчи фикр: “Бизда қонунлар яхши, ижрочилар чатоқ”

Классиклардан бири XVIII асрдаёқ: “Қонунларимиз муқаддас, фақат ижрочилар олчоқ”, деб айтган эди. Ана шу олчоқлар энди янги қонунни бажаришлари керак бўлади, чунки бу ишни қиладиган бошқа одам йўқ. Ҳуқуқшунос ва таҳлилчи Алмаз Эсенгелдиев ана шундай фикрда. “Войс оф фридом” жамоатчилик жамғармаси раҳбари иш қонуннинг қандай ёзилганида эмас, балки ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ожизлигида, баъзан эса уларда махсус билимлар мутлақо йўқлигида, деб ўйлайди.

А. Эсенгелдиев: - Мен қонуннинг бу меъёрида бирор-бир ёмон нарсани кўраётганим йўқ. Гап жиноят содир этган шахсни қўлга олишда ўз мажбуриятларини бажарувчи кишиларнинг қонунга нақадар мувофиқ ҳаракат қилишлари ҳақида бораётибди.

Фарғона.Ру: - Яъни, агар қўлга олиш чоғида бир кишини бошини ёрсалар, у ҳушини йўқотиб қўйса-ю лекин тирик бўлса, шу тўғри бўладими?

А. Эсенгелдиев: - Бу қонунга мувофиқ иш бўлади, нима учун бундай бўлмаслиги керак?

Фарғона.Ру: - Бунинг қонунга мувофиқлигини қандай исботлаб бўлади?

А. Эсенгелдиев: - Ахир қонунда ёзиб қўйилган-ку “ваколатларни ошириб юбориш қўлга олиш воситалари ва усулларининг жиноят содир этган шахс қилмиши хавфлилигига ҳамда уни қўлга олиш ҳолатларига очиқдан-очиқ номувофиқлиги бўлиб ҳисобланади” деб.

Фарғона.Ру: - Менинг саволим ҳар иккала ҳуқуқшуносга қаратилган – ўз ҳимоянгиз остида бўлган кишини қўлга олишда неча марта иштирок этгансиз?

А. Эсенгелдиев: - Мана, масалан, мен бунинг қандай амалга оширилишини тахминан биламан. Аммо мен милиционер эмасман-ку.

Л Иванова: - Қўлга олиш чоғида қарийб иштирок этмаганман. Камдан-кам қатнашганман.

Фарғона.Ру: - У ҳолда, агар адвокат ўша ерда бўлмаса, кишининг нақадар қонуний усуллар билан қўлга олинганини ва “киши соғлиғига оғир ёки унча оғир бўлмаган зарар етказиш” нақадар қонуний бўлганини қаердан билса бўлади?

Л. Иванова: - Ахир милицияда қўлга олиш, ҳибсга олиш чоғида улар қўллашлари керак бўлган ички йўриқномалар, буйруқлар бор-ку. Ана ўшаларда милиционерлар ўзларини қандай тутишлари лозимлиги ёзиб қўйилган. Уларнинг хатти-ҳаракатлари ўша йўриқномаларга мувофиқ келадиган бўлиши керак.

А. Эсенгелдиев: - Бу ерда қонунда ҳар доим тўғри нарсалар ёзилишидан келиб чиқилиши лозим. Уни амалда қандай бажарилиши эса бошқа масала. Ҳозирги милиция ходимлари етарли даражада билимли эмаслар, ҳозир аввалда бўлгани каби малака ошириш курслари ёки қанақадир ўқув семинарлари йўқ. Ҳозир аввалгидек ишга аҳлоқий-психологик хусусиятларга кўра танлаб олиш ҳам йўқ бўлиб кетди. Бунақа мезонлар йўқ бўлган жойда бу одамлар қонунга қараб ўтирмайдилар, янги моддалар ҳақида эшитганларидан сўнг эса уларга кенг йўл очилади. Фуқароларнинг ўзлари ҳам бу жиҳатдан у қадар саводли эмаслар, улар қонунларни билмайдилар.

Фарғона.Ру: - Демак, бу модда билан Қирғизистонда қийноқлар машруълаштирилди, деган фикрга қўшиласизми?

А. Эсенгелдиев: - Мен қийноқлар демаган бўлардим, балки соғлиққа зарар етказиш, деган бўлардим.

Нима бўлганда ҳам, қийноқ дейсизми ёки бошқа нарсами, эндиликда кишини мутлақо қонуний асосда калтаклаш мумкин бўлиб қолди. Бу қийноқ деб баҳоланадими ёки соғлиққа етказилган зарар дебми – бу энди адвокатнинг салоҳияти ва тиришқоқлигига боғлиқ. Ҳар тугул, Қирғизистон Жиноят кодексига “қийноқлар” учун жавобгарлик кўзда тутилган модда киритилганидан бери ўтган тўрт йил мобайнида бирорта ҳам “азобловчи” судлангани йўқ.

Энди эса, янги қонунга мувофиқ, қирғизистонликлар ўзларига нисбатан қийноқлар қўлланилдими ёки соғлиққа қасдан зарар етказилдими – ана шуни чамалаб ўтиришларига тўғри келади. Бу эса “али хўжа, хўжа али” дегандек гап.

Ҳуқуқшунослар билан “Фарғона.Ру” АА экспертлик кенгаши аъзоси, журналист Улуғбек Бобоқулов суҳбатлашди