12:38 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ҳуқуқ ҳимоячилари жиноят қонунчилигини енгиллаштириши лозим бўлган янги қонунни таҳлил қиладилар

19.07.2007 12:32 msk

Ўз ахб.

“Правовой форум” ассоциацияси ҳуқуқшунослари (Бишкек шаҳри) 2007 йилнинг 25 июнидаги Қирғизистон Республикаси Жиноят ва бошқа Кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунни ҳуқуқий жиҳатдан моддама-модда таҳлил қилиб чиққанлар.

Экспертлар янги қонунда кўзда тутилган ўзгартишлар сўнгги бир неча йиллик ислоҳотлар мобайнида қабул қилинган энг арзирли ўзгартишлар бўлиб ҳисобланишини қайд этганлар. “Қабул қилинган қатор янгиликларни, масалан, ўлим жазосининг бекор қилинишини, маслаҳатчилар суди институтининг жорий қилинишини, медиация институтининг пайдо бўлишини тарихий қарорлар, деб аташ мумкин. Аммо янги таҳрир қарама-қаршиликлар ва муаммоли жиҳатлардан ҳоли эмас”, - дея қайд этилади таҳлилда. Қуйида мазкур ҳужжатдан айрим лавҳалар келтирилган.

Жиноят Кодексига шарҳлар

Янгиликлар ичидаги энг ижобий жиҳат, энг аввало, ўлим жазосининг бекор қилиниши бўлиб ҳисобланади. Ўлим жазоси жазолашнинг энг баҳсли тури бўлиб ҳисобланади. Ўлим жазосига қарши ёки уни сақлаб қолишни ёқлаб кўплаб турли-туман асосу далиллар келтирилган. Айрим мамлакатлар (АҚШ) ўлим жазосини жиноий жазо тури сифатида сақлаб қолганлар, бошқалари эса (ГФР, Франция) бекор қилганлар ёки уни тайин қилиш ва амалга оширишга мораторий эълон қилганлар. Ўлим жазосининг жамиятга таъсири унча ойдин эмас. Айрим одамларда адолатнинг қарор топиши туйғуси пайдо қилувчи ўлим жазоси айни пайтнинг ўзида ўзаро чидамсизлик даражасини оширади ва жавоб реакцияси имкониятини ўзида акслантиради. Маълумки, ўлим жазосининг судланувчига таъсири даставвал унга ўта чуқур руҳий изтироблар солиб, кейин уни жисмонан йўқ бўлишидан иборат. Шунинг учун ҳам ўзгартирилган Кодекс инсонпарварроқ ҳужжатга айланди.

Жиноят кодексининг 50-моддаси

“Умрбод озодликдан маҳрум қилиш авф тариқасида 30 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиши мумкин”.

Бюжет маблағларини тежаш жонкуярлари битта маҳбусни боқиш қанча пулга тушишини ҳисоблаб кўрсалар, яхши бўларди. Аснода, ҳаддан зиёд катта муддат жиноят содир этганлик учун жазолашнинг асосий ғоясига эришишга мутлақо таъсир кўрсатмайди. Ҳатто Германия каби иқтисодиёти анча ривожланган давлат ҳам жазони ўташнинг энг кўп муддатини 15 йилдан ортиқроқ даражада белгилашга журъат қилмаган (ГФР Жиноят кодексининг 38-банди). Шу сабабли умрбод озодликдан маҳрум қилишга муқобил ўлароқ авф тариқасида 30 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайин қилишнинг мақсадга нақадар мувофиқлиги ҳақида савол туғилади.

Бу ерда жазолашнинг асосий ғояси унинг аёвсизлигида эмас, унинг муқаррарлигида ва унинг битта мақсадга – ижтимоий адолатнинг ўрнатилишига эришишда эканини ҳисобга олиш лозим эди. Бизнинг колонияларимиздаги ғайриинсоний шарт-шароитлар билан жазо ўташнинг энг кўп муддатини 20 йил қилиб белгилаш ҳам мумкин эди, чунки 20 йил инсон учун анча катта муддат, мамлакатимиздаги ўрта ёш статистикасидан келиб чиқадиган бўлсак, бу инсон умрининг ўртача учдан бирини ташкил қилади. Шу важдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганларнинг кўпчилиги, бунақа жойларда яшагандан кўра отув жазосига ҳукм қилинишни афзал кўришлари ҳайрон қоларли иш эмас. Умрбод озодликдан маҳрум этилган шахсни сақлаш шарт-шароитлари ўзгарган тақдирда уларнинг айримларида ўзининг “эски” турмуш тарзини ўзгартиришга иштиёқ пайдо бўлиши мумкин эди ва бу жазолашнинг маҳкумни ўнглашдек муҳим мақсадига эришишга хизмат қилган бўларди.

ЖИНОЯТ КОДЕКСИнинг 127-моддаси - “Туҳмат”

ЖИНОЯТ КОДЕКСИнинг 128-моддаси - “Таҳқирлаш”

Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексидан туҳмат қилиш ва таҳқирлаш (ҚР ЖК 127-128-моддалари) каби қилмишлар учун жазони олиб ташлаш зарурлиги бир неча бор таъкидланганига ҳамда депутатлар биринчи ўқишда бу ўзгартишларни ёқлаб овоз берганларига қарамасдан, пировардида жиноят кодексида бу қилмишлар учун жиноий таъқиб ҳалигача назарда тутилаётир. Ҳолбуки, мазкур қилмишларни қонунбузарликларга киритиб, унга нисбатан маъмурий ёхуд фуқаровий жавобгарлик кўзда тутилса, мақсадга мувофиқроқ бўларди. Қонунбузарликнинг бу турини ундан етадиган зарар арзимаслиги сабабли жиноятдан кўра ножўя ишга киритиш тўғрироқ бўларди, шунинг ўзиёқ бу қилмишларни жиноий жазо бериладиган қилмиш таркибидан чиқариб ташлаш учун асос бўлиб ҳисобланади.

Мазкур моддаларни кодексдан [исталганидек] чиқариб ташланишининг асосий сабабларидан бири шуки, расмийлар улардан кўпинча сўз ва фикр эркинлигини бўғиш учун, оммавий ахборот воситаларига босим ўтказиш учун фойдаланадилар.

Мазкур қилмишлар учун таъқиб қилиш тарафдорлари ва бунга қарши бўлганлар ўртасидаги баҳсларда бу ишнинг яхши ва ёмон томонларини тарозига солиб кўриш муҳимдир. Демократиянинг асосий институти бўлмиш сўз эркинлигининг нақадар муҳимлиги эътиборга олинса, албатта, ҚР Жиноят Кодексида 127- ва 128-моддаларнинг олиб ташланиш таклифи устунроқ келади.

Бунинг ёмон томонлари эса, кўриб турилгандек, шунчаки ўйлаб топилган. Ахир ҳар бир фуқаро, агар ўз ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилгани юзасидан шикоят қилишга жиддий асоси бўлса, фуқаролик судлови тартибида маҳкамага мурожаат қилиши мумкин-ку. Агар фактлар исботланса, бунинг учун фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарлик кўзда тутилган ва бу фуқаролик кодексида акс этган.

Нима учун хусусий айблов юзасидан ҳуқуқбузарлик бўйича албатта жиноий жавобгарликка тортиш шарт? Ахир бунинг оқибатлари, айнан эса, судланганлик, ИИВ тизимида рўйхатга олиб қўйилиш, визалар олишдаги муаммо, ишга киришдаги муаамо кабилар қилмишнинг ўзидан кўра оғирроқ бўлади-ку.

ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИга шарҳлар

Янги таҳрир қатор прогрессив жиҳатларга эга бўлганига қарамасдан, барибир унда бир қанча тафовутлар бор. Бундан ташқари, медиатор, яъни жабрланувчи ва айбланувчи (судланувчи, судланган) ўртасида етказилган зарарни қоплаш ва уларни яраштириш ҳақида музокаралар олиб бориш юзасидан махсус тайёргарликдан ўтган ҳамда уларга ёрдам беришга қодир шахс каби янги тушунча киритилган. Киритилган ўзгартиш моҳиятан жабрланувчи ва айбланувчи (судланувчи) ўртасидаги музокаралар тартибини енгиллаштириши лозим. Бироқ бундай механизмни киритишдан аввал бу соҳада мутахассислар тайёрлаш учун курслар, семинар ва тренинглар ташкил этилиши, бу тадбирлар давлат томонидан молиялаштирилиши лозим эди.

Ҳозирги пайтда бу соҳада мутахассислар йўқ, аммо шу билан бирга, 29-модданинг 1-қисми 2-бандига мувофиқ терговчи, прокурор, суд айбланувчи (судланувчи) ва жабрланувчига медиатор орқали етказилган зарарни қоплаш ва ярашиш ҳақида музокаралар олиб боришга ҳақли эканлари юзасидан тушунтириш берадилар. Бундай пайтда яраштирувчи ролини ким ижро этади?

Қирғизистон Республикасида маслаҳатчилар судининг таъсис этилиши ҳам жиноят-процессуал қонунчилиги янгиланишида муҳим жиҳат бўлиб ҳисобланади. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатлар узоқ кутган бу институт кўп ҳолатда ноқонуний ҳукмлар чиқарилишининг олдини олиш ва айбсиз судланганлар сонини қисқартириш имконини беради. Аммо бу ерда ҳам поёнига етказилмаган ишлар бор.

Экспертизани “Правовой форум” ассоциацияси ҳуқуқшунослари Ю.Шенцов, М.Мустафина ва Е.Крапивина ўтказганлар