15:11 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Замонавий ўзбек дарсликлари ҳақида

01.09.2005 12:17 msk

Гулсара Вафоева

Гулсара Вафоева, тарих фанлари номзоди

«Тарих фақат Худонинг ваҳийсигина эмас,
балки инсоннинг Худога жавобан дил розини айтиши ҳамдир»

И. А. Бердяев.

Ёзги дам олиш ва таътиллар якунланмоқда, яқинда ҳамма дарсларга қайтиши керак. Биров ўқувчи сифатида, бошқа биров эса ўқитувчи сифатида. Шу муносабат билан аллақачон етилган муаммони - дарсликларимиз, қўлланмаларимиз, синовларимиз ва бошқалар билан боғлиқ муаммоларни кўтармоқчиман.

Мен, тарих фанлари номзоди сифатида (бу борада баъзан ўзимнинг устимдан кулиб тураман) ўзимга университетда ишлаш учун изн бераётибман (менинг ойлигим фақат ишга бориб келиш учунгина етишини тушунсангиз керак).

Нонга (айнан нонга, дуру гавҳарларга эмас) репититорлик билан пул топаман. Юзага келган вазият тақозосига кўра мен тарих бўйича олий ўқув юрти дарсликларини ҳам, мактаб дарсликларини ҳам, шунингдек, олий ўқув юртига кирувчилар учун тарих бўйича барча тестларни ҳам яхши биламан.

Таъкидлашга жазм қилиб айтаманки, жаҳон тарихи бўйича дарсликларнинг кўпчилиги ё эски совет дарсликларидан (баъзи жойларини тушириб қолдирган ҳолда), ёки Россиянинг янги дарсликларидан шунчаки кўчирилган. Маълумотларни жамлаб, ўзбек тилига таржима қилиб, ўз фамилияларини (ҳатто ўз суратларини) қўйиб, чоп этиш учун берганлар. Кўчирмачилик, моҳиятига кўра, ҳам маънавий, ҳам ҳуқуқий жиноятдир, аммо тасаввур қилиб кўринг, бу ҳали ушбу китоблардаги энг даҳшатли нарса эмас…

Энг даҳшатлиси, бу дарсликларнинг ақлни шоширувчи хатолар билан тўлалигидир (ҳатто эплаб кўчиришни ҳам уддалай олмаганлар). Масалан: 6-синфлар учун жаҳон тарихи дарслигида (муаллифи Абдужаббор Кабиров, 55-саҳифа) бутун жаҳонга маълум ва машҳур Нефертити фиръавн Тутанхамоннинг беваси бўлиб қолган, гарчи у фиръавн Эхнатоннинг хотини эканини бутун олам билса-да. Бу бирдан-бир хато эмас, шунчаки у жуда кулгили, холос. Саналардаги, қандайдир маълум ва машҳур ҳодисалардаги хатоларни деярли ҳар бир саҳифада топиш мумкин.

Ўзбекистон тарихига оид дарсликлардаги аҳвол бундан ҳам аянчли. Уларни ўқир экансиз, талабаликка оид (мутлақо ҳаётий) бир воқеани эслайсиз. Республикада таниқли тарихчи, китоблар муаллифи бўлган бир профессорнинг маърузасида бир андишасиз талаба (худога шукрки, бунақалар йўқолиб кетмаган): «Жаноб декан, аввалги ишларингизда сиз Амир Темурни золим, мустабид дея ишонтиргансиз, энди уни буюк давлат арбоби бўлганлигини таъкидлаяпсиз», дея сўраган. Бунга ҳурматли олимимиз: «Тарих енгилтак қизга ўхшайди, қаёққа бошласанг, ўша ёққа кетаверади», дея жавоб қилган. Балки, тарих эмас, тарихчиларимиз «қаёққа бошласанг, ўша ёққа кетадиган енгилтак қиз» кабидирлар?

9-синфлар учун Ўзбекистон тарихи дарслиги ҳам (муаллифи Жума Раҳимов) шунга ўхшаш. Унинг 100-саҳифасида ғаройиб нарсани ўқийман: «… Фон Куафман Бухоро амирига қарши ўша йиллардаги энг янги техник анжомлар билан қуролланган 8300 аскар, 16 та оғир тўп, 6 та ракета мосламасини юборган». Хўш, қалай? 1869 йилда ракета мосламалари дейдими?

Бутун китоб русларга қарши нафрат билан йўғрилган. Барча фактларни нари-бери қилиб, бечора тўққизинчи синф ўқувчисини русларнинг нақадар даҳшатли маҳлуқ бўлганликлари ва уларнинг қандай ёвузликлар содир этганликларига ишонтирмоқчи бўладилар. (Мен эса, русларнинг менга қарши қилган бирор-бир ёвузлигини эслай олмайман ҳамда чор Россияси аҳолини ғазабга миндирмаслик учун юмшоқ сиёсат олиб борган ва ўз амалдорларига маҳаллий урф-одатлар, қонунчилик, маишат ва дин билан ҳисоблашишни тавсия қилганлигини таъкидлашга журъат этаман).

Дарвоқе, айнан рус олимлари Ўрта Осиёдаги илм-фан ривожи учун асос яратган эдилар. Жаноб зиёлилар, ватанни севиш ҳақиқатга хилоф равишда уни мақташ ва тийиқсиз сафсатабозлик билан шуғулланишни англатмайди. Балки ватанни севмоқ ҳақиқий йўлни қидириш, хатоларни тан олиш, уларни тузатиш ва сиёсий буюртмаларга қарамасдан, ҳақиқат учун курашда қўрқмасликдан иборатдир?

Энди олий ўқув юртлари учун чиқарилган Ўзбекистон тарихи ҳамда бошқа ижтимоий фанлар бўйича дарсликлар ҳақида. Уларда илмий ҳақиқат кам бўлгани етмаганидай, баъзан улар соғлом фикрга шунчаки қарама-қарши келадилар. Масалан, ҳуқуқшунослик бўйича дарсликларнинг кўпчилиги Ўзбекистоннинг унитар давлат эканини тасдиқлайдилар. У ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Қорақалпоғистон Республикаси суверенитетини тасдиқловчи XVII бобини (70 -75-моддалар) нима қилиш керак? Айтингчи, Ўзбекистон федерациями ёки империя? Жавоб беринг, жаноб ҳуқуқшунослар.

Бу китобларда жазавали сафсатабозликнинг кўплигини айтмайсизми? Масалан, Ўзбекистон олий ўқув юртларида «Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти» деган предмет бор. Ном қалай? Ушбу фан бўйича дарсликларни бир ўқиб кўринг-а. Ҳақиқий лаззатни ҳис этасиз. Сиз ўзингизни ўзингиз эмас деб, худди муаллифлар каби сиз ҳам ўзингизни ушбу республикада яшамаётган деб ўйлай бошлайсиз…

Бу нарсанинг эртами-кечми тугаши тушунарли, аммо бир нарса аниқ – ушбу бемаъниликни ғайрат биан яратаётган айнан шу муаллифларнинг ўзлари: олимлар, тарихчилар, ҳуқуқшунослар, журналистлар, ёзувчилар – эртага айнан шундай тиришқоқлик билан ўз сўзлари ва ишларидан тонадилар ҳамда худди ўшандай ғайрат билан янги конъюнктурани яратишга отиладилар.

Олий ўқув юртларига кирувчилар учун тузилган тестлар ҳақида ҳам икки оғиз сўз айтмоқчиман. Улар устида ишлар экансиз, кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсиз. Аввал фақат фактларни келтирамиз. Тарихдан тузилган мана бу тестларни ўқиб кўринг:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртлари учун абитуриентларини тест синови орқали танлаб олиш ҳақидаги» Қарори қайси йилда қабул қилинган? (1-ахборотнома, 2000 йил)

a) 1990

b) 1991

c) 1992

d) 1993

e) 1994

2. 1916 йилда Туркистоннинг Сирдарё вилоятида нечта қўзғолон содир бўлган?

a) 13

b) 11

c) 9

d) 19

e) 15

3. 1876 йилдаги маълумотларга кўра Фарғона водийси аҳолисининг бир қисми саводсиз бўлган. Қайси маълумотлар тўғри бўлиб ҳисобланади? (4-ахборотнома, 2002 йил)

a) 47

%b) 44

%c) 51

%d) 35

%e) 22

%4. Уруш йилларида Ўзбекистон неча тонна пахта етиштирган?

a) 3,8 млн. тонна

b) 3,9 млн. тонна

c) 4 млн. тонна

d) 4 млн. тонна

e) 4,5 млн. тонна

5. Иккинчи Жаҳон уруши даврида мудофаа заводларида қанча ўзбекистонлик меҳнат қилар эди? (3-ахборотнома, 2002 йил)

a) 150 минг

b) 155 минг

c) 130 минг

d) 160 минг

e) 158 минг

6. 1960-70 йилларда Ўзбекистонда неча гектар ерга пахта экилар эди? (12-ахборотнома, 2002 йил)

a) 1500 га

b) 1386 га

c) 1709 га

d) 2306 га

e) 3500 га

Айтингчи, қандай қилиб ўрта маълумотли мактаб ўқувчиси (абитуриент) тарихни диссертация тадқиқотлари даражасида ўрганиб чиқиши мумкин ва бу унга нима учун керак? Бу каби тестлар қанақа билимни текширадилар ва улар тарихга муҳаббатни пайдо қила оладиларми? (Сиз бунақа тестлар фақат бир-иккита экан, деб ўйламанг. Мутлақо унақа эмас. Улар жудаям кўп.)

Мана бу эса янада «мазмунлироқ» намуналар:

1. Бухородаги Минораи Калон… (4-ахборотнома, 1997 йил)

a) марказий майдонда қурилган

b) Қил минораси мадрасаси қаршисида қурилган

c) ҳунармандлар маҳалласида қурилган

d) масжид қаршисида қурилган

e) ҳукмдор саройи қаршисида қурилган

2. Самарқанддаги машҳур Афросиёб қаерда жойлашган? (1-ахборотнома, 2002 йил)

a) шаҳар атрофида

b) шаҳарнинг шарқий қисмида

c) шаҳарнинг шимолий-ғарбий қисмида

d) шаҳар марказида

e) шаҳарнинг шимолий қисмида

Бу сизга абитуриентлар устидан том маънода кулишдек кўринмаяптими? Унга гўё: «Буни ечишдан умидингни уз, яхшиси пора берақол!», демоқдалар.

Нотўғри, хато тузилган тестларнинг ҳам саноғи йўқ:

1. Усмонли Туркияси Болқонда ўз ҳукмронлигини қачон ўрнатди?

a) 1413

b) 1453

c) 1426

d) 1449

e) 1419

(Таққослаш учун: 1354 йилда Галлипомсни, 1462 йилда Адриаполни, 1389 йилда Сербияни, 1396 йилда Болгарияни эгаллаган). Яъни, бу тестда ё жавоблар нотўғри ёки савол нотўғри. Бечора абитуриент нима қилсин?

1996 йилдаги айнан ўша 5-ахборотноманинг бошқа бир саҳифасидаги тест:

Қайси рассом ижоди Голландия инқилоби даврига дахлдор?

a) А. Дюрер

b) Ван Эйн

c) Микеланджело

d) Рафаэль

e) Рембрант

Мен мана бундай тушундим, улар Нидерландия буржуа инқилоби (1566 – 1609 йиллар) ҳақида сўрамоқдалар. Қомусга қарасангиз, бу рассомларнинг бирортаси ҳам бу йилларда ижод қила олмаганлигини кўрасиз.

Дарров айтиб қўяй, нафақат тарих бўйича, балки барча фанлар бўйича ҳам дарслик ва тестларга оид бўлган аҳвол ана шундай, шунчаки мен ўз фанимни яхши биламан. Қандай қилиб биз бунчаликка етиб бордик? Бу бемаъни сафсатага давлат маблағларини исроф қилаётган давлатнинг барча комиссиялари ва бошқа масъул шахслар қаёққа қарамоқдалар?