11:46 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Давлат томонидан бўлган назоратнинг қаттиқлиги туфайли ўзбекистонлик фермерлар ғалла ҳосили бўйича энг юқори кўрсаткичга эришдилар

17.07.2007 12:53 msk

Ўз ахб.

Бу йил Ўзбекистонда биринчи марта 6 миллион 250 минг тонна буғдой ғамланди. Давлатга ғалла сотиш бўйича мажбуриятларнинг бажарилгани билан боғлиқ равишда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов совет даври руҳида республика ғаллакорларига ўз табригини йўллади. Бироқ ҳамма фермерлар ҳам бу муваффақиятдан хурсанд эмаслар. Давлат томонидан бўлган назоратнинг қаттиқлиги фермерларга етиштирилажак экинларни мустақил равишда танлаш имконини бермаяпти.

Республика оммавий ахборот воситалари қуйидаги маълумотларни келтирадилар: 1991 йилда Ўзбекистонда экин майдонларининг гектаридан ўртача 11,9 центнер, 2000 йилда 25,5 центнер, 2002 йилда 36,7 центнер, 2005 йилда 43,9 центнердан ғалла йиғиб олинган бўлса, 2007 йилда ҳосилдорлик ҳар гектаридан 48 центнерни ташкил қилган.

Ўзбекистон даврий нашрлари бу йилги йиғим-терим мавсумининг яна бир хос хусусиятини қайд этадилар. Авваллари деҳқонларнинг ҳаммаси буғдойдан бўшаган майдонларга бошқа экинлар экардилар, шу туфайли шудгорлаш ва ерларни келгуси йил ҳосилига тайёрлаш ишлари доим кечикиш билан амалга ошириларди. Энди эса фермерларни бундай амалиётдан воз кечишга мажбур қилмоқдалар. Фермерларга ерни ҳосил йиғиб олиниши биланоқ ҳайдаш ва уни дам бериш лозимлигини уқдирмоқдалар. Ҳукуматни ёқловчи олимлар ва маҳаллий “мичуринчилар”, агар шундай қилинса, келгуси йилда ҳосилдорлик гектарига 5-6 центнердан ошади, дея билдирмоқдалар. Натижада бу тадбир иккинчи экинларни экишдан кўра кўпроқ фойда келтиради, дея таъкидламоқдалар расмийлар.

“Айнан ўз ер участкаси, ҳосил тақдири, мустақил Ўзбекистон келажаги учун жавобгарлик туйғуси кўпчилик фермерларнинг энг юқори натижаларга эришишларига ёрдам бермоқда”, - дейилади Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” информацион дастури лавҳасида.

Бироқ фермерларнинг ўзлари хўжаликни бу йўсинда юритишдан рози эмаслар. Пудратчилар далалар ғалла экинларидан бўшаганидан кейин у ерга айнан шу иккинчи экинни экиш умидида ишлашлари ҳеч кимга сир эмас. Одатда, бўшаган экин майдонларига шоли, маккажўхори, дуккаклилар, сабзавот ва бошқа экинлар экиларди, улардан олинган ҳосил фақат оила бюжетини тўлдирибгина қолмасдан, бозорлардаги мўл-кўлчиликни ҳам таъминларди. Кузатувчилар бу йил савзавотлар нархининг сезиларли даражада ошганини қайд этадилар. Экспертларга кўра, бунга кўпроқ жамоа хўжалигидан фермер хўжаликларига тўла ўтиш сабаб бўлган. Дейлик, авваллари ҳар бир жамоа хўжалиги, кейин эса ширкат хўжалиги маълум миқдордаги ҳисобда йўқ бўлган ерларга эга эди. Бу ерларда, одатда, мева-сабзавотлар етиштириларди, улардан олинган ҳосил деҳқон бозорларида сотиларди, олинган даромад эса хўжалик субъектларининг раҳбарлари томонидан хўжалик эҳтиёжлари учун ишлатиларди ва ҳ.

“Экин майдонларининг барчаси фермерлар ўртасида тақсимлаб берилганидан сўнг бу ерлар энди ҳисобга олиб қўйилган, - дейди собиқ жамоа хўжалиги раисларидан бири, - эндиликда фермерлар бу ерларда “ихтиёрий-мажбурий” равишда фойда келтирмайдиган пахта ва буғдой етиштиришга мажбур бўлаяптилар”.

“Майли, ер дам олсин, бошқа пайтда эса ундан оқилона фойдаланиш керак, - дейди Наманган вилоятидан бўлган, исми ошкор қилинмаслигини сўраган фермер. – Масалан, мен бўшаган ерларга шоли экаман, бундан тупроқнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади, чунки тупроқ таркибидаги тузлар ювилиб кетади. Ўтган йили мен шоли эккан участкада пахта яхшироқ ривожланди, ҳосилдорлик юқори бўлди”, - дейди у.

Бироқ жорий йилда республика президенти ўз қарори билан шоли етиштиришни қарийб маън қилиб қўйди, бунга у сув танқислигини сабаб қилиб кўрсатди. “Бугунги кунда биз ижарага берилган ерларга рухсат этилган экинларнигина эка оламиз. Фермернинг давлатга қарам эмаслиги қуруқ гап, холос” – дейди фермер.



 

Реклама