15:43 msk, 26 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон фермерлари пахта ва буғдой етиштиришдан бош тортаяптилар

13.07.2007 17:18 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Жаҳон бозорида пахтанинг нархи кескин тушиб кетгани, пахта хом ашёсининг таннархи эса, аксинча, кўтарилиб кетгани туфайли Қирғизистон фермерлари ушбу стратегик хом ашёни етиштиришдан бош тортаяптилар. Фарғона водийсининг барча жойлари учун умумий муаммо бўлган сув танқислиги аҳволни янада оғирлаштираяпти.

Жалолобод вилоят маъмурияти раҳбарининг биринчи муовини Жаниш Қурбановга кўра, вилоятдаги пахта экин майдонлари ўтган йилдагига солиштирганда ўттиз бир минг гектардан йигирма беш минг гектаргача қисқарган. Бу майдонларга эндиликда маккажўхори, шоли, сабзавот ва полиз экинлари экилаяпти. Шу билан бирга, йилдан-йилга танқис бўлиб бораётган сув заҳираларининг асосий қисмини “ямлаб ютаётган” шоли майдонлари маҳаллий расмийлар учун бош оғриғига айланган. Сув айиргичлардаги муштлашувлар деярли одатий ишга айланди, шунинг учун ҳам расмийлар эндиликда бу ерларга милиционерлар ва ҳарбийларни қўриқчи қилиб қўйишга мажбур бўлаяптилар.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ёнилғи-мойлаш материаллари, маъданли ўғитлар ва қишлоқ хўжалик техникаси хизматларининг қимматлиги туфайли бир тонна пахта хом ашёсини етиштириш қирғизистонлик деҳқонларга 13-14 минг сўмга (тақрибан 400 АҚШ доллари) тушаяпти, улар эса пахта сотиб олувчи фирмаларга пахтанинг бир тоннасини 15 минг сўмдан сотаяптилар. Шу тариқа, бир гектар ердан олинган пахта хом ашёсини сотишдан олинган даромад нари борса 100 АҚШ долларига чиқаяпти. Аммо фермерлар зарарига бўлса ҳам пахта етиштиришига сабаб бўлаётган бошқа жиҳатлар бор. Бу олинадиган икки юз литрча пахта ёғи, чорва моллари учун кунжара ва ғўзапоядир.

Бир килоси музқаймоқ порциясидан-да арзон турадиган буғдой ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Шунинг учун ҳам ҳозирда фермерлар ортиғи билан фойда келтирувчи маккажўхори экишни ёки бир килоси бозорда 60 сўмгача (пахтадан тўрт баробар қиммат) чиққан шоли экишни афзал кўрмоқдалар. Бироқ шолига сув ҳам беш баробар кўпроқ кетади. Шунинг учун ҳам маҳаллий расмийлар бир неча йилдан буён шоли майдонларини кенгайтиришга қарши курашиб келмоқдалар. Аммо на губернаторларнинг буйруқлари, на бошқа чора-тадбирлар исталган натижани бераётгани йўқ. Жалолобод вилоят сув хўжалик бошқармаси бошлиғи Равшан Қамчибековнинг айтишича, фақат сўнгги икки йил мобайнида ҳудуддаги шоли майдонлари ўн баробар кўпайган.

“Муаммо давлат миқёсида ҳал этилиши керак, - деб ҳисоблайди Равшан Қамчибеков. – Биздаги сув иншоотлари шоли етиштиришга мўлжалланган эмас. Бунинг устига, сув заҳиралари ҳам ўта чекланган. Биз махсус дастур ишлаб чиқишимиз, тегишли экинларни экишимиз ва шолининг бозор нархларини пасайтиришимиз лозим”.

Айтиш керакки, ўтган йили ўша пайтларда Қирғизистон президенти маъмуриятининг бошлиғи бўлган Усен Сидиқов “қишлоқ хўжалик вазирлиги республика қишлоқ хўжалик секторини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг узоқ муддатли мажмуавий дастурини ишлаб чиқди”, деганди. Мулозимга кўра, бу чора-тадбирлар “жойлардаги иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда соҳани ҳудудларда ривожлантириш”ни ўз ичига оларди. Бироқ сўнгги пайтларда бу мамлакатда қанақадир давлат дастурларини бажарилишидан кўра ҳукумат ва мулозимларнинг истеъфоси ҳақида кўпроқ гапира бошлаганлар.

Қирғизистонда пахта толаси асосан жанубдаги Жалолобод ва Ўш вилоятларида ишлаб чиқарилади, турли маълумотларга кўра, бу вилоятларда аҳолининг йигирма фоиздан кўпроғи пахта етиштириш билан шуғулланади. Ҳудудда пахтани қайта ишловчи йигирмадан зиёд заводлар бор. Об-ҳавонинг яхши келиши ва янги технологияларнинг жорий этилиши 2001 йилда республикада саксон минг тонна пахта йиғиб олинишига имкон берганди. Бироқ, орадан беш йил ўтгач, ўтган йили Ўш вилоят маъмурияти йиғилишида нутқ сўзлаган губернатор Жантўрў Сатибалдиев “ўшлик пахтакорлар пахта етиштиришдан бош тортишга тайёрлар...”, дея билдирди. Ўшанда бундай бурилишни губернатор пахтакорларнинг қўлида сотилмай қолган беш минг тонна пахта борлиги билан изоҳлаганди. Юқорида санаб ўтилган сабаблар билан бир қаторда яна турлича омиллар бу соҳани қарийб истиқболсиз жабҳага айлантирди.

Фермерлар пахта ва буғдой етиштиришдан бош тортишининг яна бир сабаби яхши уруғларнинг йўқлиги бўлиб ҳисобланади. Айнан яхши навли уруғларнинг йўқлиги сабабли мазкур экинлар ҳосилдорлиги 30-40 фоизга тушиб кетаяпти. “Сўнгги ўн беш йил мобайнида ҳудуддаги уруғчилик хўжаликларининг номигина қолди, холос, - дейди Жаниш Қурбанов. – Инқилобдан (мамлакатда ҳокимият алмашувига олиб келган 2005 йил март ойидаги воқеалар. - таҳр. изоҳи) кейин бу хўжаликлар талон-тарож бўлиб кетди ёки инсофсизларча юритилган хўжалик фаолияти изларини йўқотиш учун атайлаб талон-тарож қилдирдилар”.

Сақланиб қолган уруғчилик хўжаликлари аввалгидек зарур илмий-техник базага эга эмас. Ушбу сатрлар муаллифи собиқ президент Асқар Ақаевнинг “Кенч” уруғчилик хўжалигига бир неча бор ташриф буюрганига гувоҳ бўлганди. Мазкур хўжаликда фермерлар ҳар гектардан 70 центнердан юқори сифатли буғдой уруғи олардилар. Бу йил хўжалик ҳар бир гектардан бор-йўғи 40 центнердан уруғ олишни режалаштирмоқда. Сара уруғнинг йўқлиги ўсимликлар иммунитетини пасайтиради, бунинг натижасида турли касалликлар тарқалади, бу эса қўшимча сарф-ҳаражатларни талаб қилади.

Аснода қирғизистонлик ва чет эллик қатор олимлар бир неча йил аввал ҳудуддаги сув танқислиги муаммоси фақат сув заҳираларининг чекланганидагина эмас, балки унинг “ўта исрофгарлик билан ишлатилаётгани”да ҳам эканини айтиб огоҳлантиргандилар. Кўпинча тажрибасиз фермерлар далаларни ибтидоий усул билан суғорадилар. Сувнинг қарийб ярми гилли ариқларга сингиб кетади. Шу тариқа, мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига мувофиқ, бу ерда ривожланган мамлакатлардан кўра ўн баробар кўп сув сарф этилади.

Бу йил ҳудудда пахта етиштириш учун ўн беш гектар ерни ижарага олган хитойлик тадбиркорлар бу борада яхши намуна кўрсатдилар. Улар пахта кўчатини маҳаллий фермерлардан бир ой кейин эккандилар. Бироқ экинларни суғориш ва ерга ишловнинг илғор технологияларини қўллаш ҳамда энг сара уруғлардан фойдаланиш ҳисобига хитойлик фермерлар нафақат сувни тежаб қололдилар, балки фавқулодда муваффақиятларга ҳам эришдилар. Энди уларнинг пахтаси тезроқ пишаяпти, сарф-ҳаражатлар эса маҳаллий деҳқонларникидан икки баравар кам бўлиши кутилмоқда. Таъкидлаш жоизки, маҳаллий фермерлар бир гектардан ўртача ўттиз центнердан камроқ пахта олган бир пайтда, хитойлик ижарачилар бир гектардан саксон фоизгача пахта олишни режалаштирмоқдалар.

Мутахассислар мамлакат пахтачилигининг тақдири ҳам мустақилликнинг биринчи йилларданоқ Қирғизистонда соҳа сифатида йитиб-битган пиллачиликникига ўхшаб қолиши мумкинлигини истисно қилмайдилар.

Мазкур икки ҳолатда битта муҳим ўхшаш жиҳат бор – бу давлат ҳокимияти томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчиларнинг муаммоларига нисбатан етарлича эътиборнинг йўқлигидир.



 

Реклама