15:59 msk, 20 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзга мамлакатдаги ҳаётга қандай қилиб кўникиш мумкин? Кўпни кўрган муҳожир маслаҳатлари

12.07.2007 21:16 msk

Владимир Лунин

“Фарғона.Ру” АА фотоси. Милиционер Қирғизистондан келган қизнинг ҳужжатларини текширмоқда (Тульская метро бекати, 2006 йил кузи)

Бегона юртга мажбуран келган ҳар бир кишининг биринчи галдаги вазифаси янги жойга мослашиб олишдан иборат. Мослашув жараёни кўпинча оғриқли кечади, аммо айнан шу сабабли киши ўзининг нималарга қодир эканини билиб олади. Ҳар қандай одам ҳам ўзининг аччиқ тажрибаси билан ўртоқлашишга шошилавермайди. Асли душанбелик бўлган, тақдир тақозосига кўра Москвага келиб қолган ва бу ерда яшаш учун курашнинг бутун бошли бир мактабини ўтаган Рашиднинг ҳикояси шуниси билан қимматлидир.

Ертўладаги ҳаёт

Россия пойтахтига у йигитчалик пайти келиб қолган, ўшанда у мактабни битирибоқ олийгоҳлардан бирининг гуманитар факультетини забт этиш учун келганди. Ёшлигида кўп китоб ўқиган, шундан бўлса керак, у Толстой ва Чехов ватанини ўз кўзи билан кўришни орзу қиларди, шу билан бирга, бу тилла бошли мамлакатдаги европача ҳашаматга ҳам бир кўриб қўйишни истарди. Афсуски, унинг ёшлик орзулари қадрдон уйидан узоқда бўлган ўлкага келган дастлабки ҳафталардаёқ чилпарчин бўлган. Институтга киришнинг имкони бўлмаган, мактаб аттестатида учлар бўлгандан кейин қаёққа ҳам борарди, бунинг устига, уйда олинган билим даражаси ҳам унчалик юқори бўлиб чиқмаган. У уйга шарманда бўлиб қайтиб кетишни истамаган. Уни уйда ким ҳам кутарди? Ватанда кўнгилдагидек иш йўқ эди, у ерда шунингсиз ҳам кичик укасини зўрға катта қилаётган ота-онасига юк бўлишига тўғри келарди. Бахтли тасодиф туфайли у 14 ёшида мактабни ташлаб, пул топиш учун кетиб қолган синфдошини учратиб қолади.

Собиқ иккичи дўсти товуқ тайёрлайдиган цехда бинойидек ишларди. У Рашидга ёрдам беришга ваъда қилади. Цех бошлиғи совет замонларида иш сафарларига чиқиб турган ва Душанбеда ҳам бўлган рус киши бўлиб чиқди. Шунинг учун бўлса керак, у шарқликларга муносабати ёмон эмасди. Балки ҳамма иш хўжайин учун муҳожирларни ишлатиш иқтисодий томондан фойдали бўлганидадир? Хуллас, инсонларча муомаласи учуноқ бу одамга раҳмат деса арзирди. Рашид имтиҳонларга тайёрланаётган ва олийгоҳга кираётган пайтидаёқ айрим ҳуқуқ посбонлари ва ҳатто қабул комиссиясидаги баъзи кишиларнинг осиёликлар ҳамда бошқа келгиндиларга нисбатан қўпол муомала қилишларини кўриб улгурганди.

Рашидни ертўлага жойлаштирдилар, унинг ёнида цех, нарироқда эса омборхона жойлашганди. Унинг бахтига иш унча қийин бўлиб чиқмади. Асосийси товуқнинг маринадланган гўштини музлатиш ва уни алоҳида усул билан нимталаш лозим эди ва ҳ. Шу тариқа тайёрланган ярим тайёр маҳсулотлар цехдан дўконга олиб бориларди. Бу иш учун унча кўп ҳақ бермасалар-да, пулни мунтазам равишда тўлаб турардилар, бунинг устига турар-жой учун бир тийин ҳам олмасдилар. Рашид ҳатто ўзига кийим-бош қилди, озгина пул жамғариб, оиласига жўната бошлади. Онаси ундан жуда фахрланарди. Бўлмасам-чи, ўғли ҳали ўн саккизга ҳам кирмай туриб, пул топа бошлабди. У уйига баъзан юз доллар ёки ундан кўпроқ жўнатишга ҳам муваффақ бўларди. Ватанда бунақа пулларни юқори малакали мутахассислар ҳам доим кўравермайдилар.

Бу ерда туришнинг битта ёмон томони бор эди. Ертўладан шаҳарга тез-тез чиқиб туришнинг иложи йўқ эди. Чиқиши билан милиционерлар ушлаб, ҳужжат текширардилар. Бунақа пайтларда пул қистиришга тўғри келарди. “Пули ҳам майли, аммо таҳқирлашларига чидаб туриш қийин эди”, - дея эътироф этади Рашид. Ахир у байналмилал муҳитда ўсганди-да. Москвада эса ётсирашларга дуч келди.

Нима учун уммон ортида муҳожирлардан қўрқмайдилар?

Шу ерда мен Рашид билан бўлган суҳбатни бир муддатга тўхтатиб, нима учун биз, унинг собиқ ҳамюртлари у ва унинг биродарларини бу қадар ёқтирмай қарашимизни англашга уриниб кўраман. Нима учун унинг бу ерда юриши бизда қўрқув уйғотади, нима учун биз тушлигимизга хуштаъм товуқ тайёрлаб берадиган одамни ертўлага тиқамиз?

Мамлакатимиздаги муҳожирлар кимлар ўзи? Рашид билан Федерал муҳожирот хизматининг (ФМС) расмий маълумотларини варақлаймиз. Бутун Россия бўйлаб ўн беш миллиондан йигирма миллионгача муҳожир бор экан. Аввалги йилдаги маълумотларга кўра Толстой ва Чехов ватанида сайёрамиздаги кўчманчилар умумий ҳисобидан қарийб олти фоизи яшаган экан. Бундан кўпроқ муҳожирлар фақат Америкада бўлиб, у ерда чет элликлар йигирма фоизни ташкил қиларканлар. Агар барча муҳожирлар битта мамлакатга жамланса, аҳоли сони бўйича жаҳонда бешинчи ўринни эгаллаган мамлакат пайдо бўларкан.

Аммо аҳвол қўрққулик эмас ва афтидан, муҳожирлар кўпайиши ҳисобига Россияни ажнабийлар томонидан эгаллаб олиниш хавфи йўқ. Ҳатто бизда чиндан ҳам йигирма миллион келгинди бор, деб ҳисоблаган тақдирда ҳам, бу унинг бир юз қирқ миллион аҳолисига нисбатан ўн тўрт фоизни ташкил қилган бўларди. Бу уч юз миллион америкалик ичида қирқ миллион муҳожир юргани билан қарийб тенг. Лекин уммон ортида муҳожирлар миқдори ошиб кетаётганидан ҳеч ким фожеа ясаётгани йўқ.

Қайддан ўтиш неча пул?

Хуллас, ертўлада яшашга тўғри келгани ҳам ҳеч нарса эмас, деб ҳисоблайди Рашид. Асосийси, иш бўлсин ва у пул олиб келсин. Маҳрумиятларга дош беришга тўғри келди, аммо у оч қолгани йўқ. Бир таниши Рашидга “Москвада ҳатто дайди итлар ҳам тўқ юришлари мумкин”, деб айтган экан.

Кейин тақдир тақозоси билан у дўконга ишлашга ўтибди. Дастлаб стажер бўлиб ишлашга тўғри келибди, кейин унинг мансабини оширибдилар - сотувчига айланибди. Дўкон эгалари ходимга керакли ҳужжатларни қилиб берибдилар. Текширувга келган турли давлат идоралари вакиллари одатда унга тирғалмас эканлар. Балки бу Рашиднинг ҳеч қачон ёлғиз қолмагани, дўкон маъмурлари эса барча масалаларни осонлик билан ҳал қилиб юборганлари учун бўлса керак. Ҳолбуки, гапнинг пўсткалласи айтганда, ноқонуний муҳожирда қанақаям ҳужжат бўлсин? Бунақалар эса гастарбайтерлар ичида тиқилиб ётибди.

Мулоқот қилишга тўғри келган келгиндиларнинг ҳаммаси белгиланган тўқсон кун ичида ноқонуний ишлайдилар. Рашид уларнинг ҳеч қайсисида иш учун рухсатнома кўрмаганини эътироф этади.

Миграцион карталар билан ҳам худди шундай муаммо бор. Авваллари четдан келган одамни ўз уйига қайд эттириб қўйиш юзасидан ким биландир келишиш мумкин эди. Миграцион карталар пайдо бўлганидан кейин қайддан ўтиш тартиби анча қийинлашиб кетди ва ҳатто имконсиз ишга айланди. Бир куни визалар ва қайддан ўтиш бўлимига боргандик, дея ҳикоя қилади Рашид, аммо у ерда узундан-узоқ навбатни кўриб, биладиган одамлардан вазиятни сўраб-суриштирганимиздан кейин, ўша заҳотиёқ ортимизга қайтдик.

Аснода қайддан ўтказишнинг бунақа ноқулай тизими кимлар томонидандир атайлаб яратилган, деган фикр келади киши хаёлига. Бунда кимдир муҳожирларни атайин ноқонуний йўлга юришга мажбур қилаяпти, дея тахмин қилиш мумкин.

Ўзинг учун ўл етим

Бегона ўлкада муҳожирга маслаҳат беришга ҳеч ким шошилмайди. Умуман олганда, дея қайд этади Рашид, Россияда истиқомат қилаётган келгиндилар фақат ўзарогина мулоқот қиладилар. Маълумотни ҳам, одатда, бир-бирларидан оладилар. Телевизор ҳаммада ҳам бор эмас, газетани эса камдан-кам одам ўқийди. Клиникада даволаниш, тиш доктори ҳузурига кириш, адвокатдан маслаҳат олиш - қарийб имкони йўқ ишлар.

“Илғор” муҳожирлар ҳам бор, албатта. Улар шаҳарни яхши биладилар, ҳамюртларнинг, дейлик, ҳуқуқшунос ёки шифокорни топиб боришига ёрдам берадилар. Аммо улар кўп эмас. Бундан турли товламачилар усталик билан фойдаланадилар. Бир куни Рашид россиялик танишидан банкка бирга бориб, уйга пул юборишда ёрдам беришни сўраган. Биринчи марта ҳаммаси яхши кечган, иккинчи сафар “ёрдамчи” каттагина пул олиб ғойиб бўлган. Рашид бирор ёққа шикоят қилиб ўтирмаган. Қаерга ҳам борарди? Милицияда ҳатто “ноқонуний ишлаётган экансан”, дея ўзингни айбдор қилишиб, мамлакатдан бадарға қилиб юборишади.

Бундай вазиятда ким ёрдам беради? Бир куни ҳамюртлардан бири Рашидга ўхшаганларга ёрдам берадиган ташкилотлар борлиги ҳақида гапириб берган. Бошқа бировга эса четдан келганлар учун махсус ёзилган китобчани беришган – ўз ҳақ-ҳуқуқларини билсинлар учун.

Агар ўша китобчага ишонилса, бу ишни (муҳожирларга ёрдам беришни) Россия Қизил Хоч жамияти, Қочоқларни қабул қилиш маркази, “Опора” қочоқлар ташкилоти, “Этносфера” маркази ва кўплаб бошқа ташкилотлар бажарар эканлар. Бу китобчани милиционерга кўрсатиб кўринг-чи, дея хўрсинади Рашид, дарров жойингизни кўрсатиб қўйишади. Агар шикоят қилишга қарор қилсангиз, бу ўзингиз учун қимматроққа тушиши мумкин. Балки Рашиднинг ҳамюртлари ичида кимнингдир кўпроқ омади чопгандир ва юқорида номи зикр этилган ташкилотлар уларга керакли ёрдамни кўрсатгандирлар?

Дўкондан Рашид қўққисдан бўшаб кетди, аслида, унинг собиқ ҳамкасблари бу ҳақда анчадан бери огоҳлантириб келардилар. Хўжайин бошини чангаллаганча: “Сенда камомад бор экан-ку!” деган ва сўнгги ой учун ҳақ беришдан бош тортган. Моҳиятан, “отиб кетган”. “Етмаётган пул” тўланиши керак бўлган ойлик миқдоридан кўпроқ бўлиб чиққан. Рашидни яхшилик билан қарзини “кечиб”, “тўрт томонинг қибла”, деб тинчгина қўйиб юборганларига ҳам шукур. Дарвоқе, бу товламачилик усулини қўллари тоза бўлмаган иш берувчилар тез-тез қўллаб турадилар.

Мослашиш ким учун осонроқ?

Бугунги кунда Рашид “янги жойдаги янги ҳаётга мослаша олдим”, дея бемалол айта олади. Албатта, бунга у уринишлар ва хатолар билан, боши бир неча марта ғурра бўлиши билан эришди. Лекин эвазига касб-корли бўлиб олди, каттагина пул топадиган бўлди, ўз турмушидан мамнун. Бунда Москвада ўтган бутун бошли олти йил, рус тилини яхши билиши қўл келди. Шунга қарамай, у ўзини кўчада бемалол тутолмайди, унга қийиқ қараётганларини сезади. Ҳар эҳтимолга қарши, милиционерларга ва бақироқ ёшлар тўдасига рўпара келишдан қочади. Рашид Москвани дағал шаҳар, ҳатто баъзан ёвуз шаҳар, деб ҳисоблайди. Аммо бу ерда ҳам ишлаб-яшаса бўлади. Албатта, оддий москваликлардан ҳафа бўлиб, уларга аччиқ қилиб юришнинг ҳожати йўқ. Мослашув имкон қадар оғриқсиз ўтиши учун жаҳлланмаслик муҳим, деб ҳисоблайди Рашид.

Миграцион жараёнларни бошқаришнинг иккита йўли бор. Биринчиси – у билан курашишга ҳаракат қилиб кўриш. Иккинчиси – бундан ўзи учун фойда чиқарган ҳолда, унга мослашишга уриниш. Америкаликлар иккинчи йўлни танлайдилар. Рашид ва унинг дўстлари Россиядаги турмушга мослашишга уринар эканлар, Россия мутлақо бошқа йўлни танлаяпти...