08:08 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманистон: Янги президент яна мамлакатнинг бош спортчиси, газчиси, фермери, санитари ва меъморидир

12.07.2007 14:36 msk

Қ. Нордонов

“2007 йилнинг 11 июль куни Туркманистон президенти Қурбанқули Бердимухаммедов Вазирлар маҳкамасининг навбатдаги мажлисини ўтказди, унда давлат ҳаётидаги биринчи галдаги масалалар кўриб чиқилди”. Республика бош газетаси бўлмиш “Нейтральний Туркменистан”нинг бугунги сонидаги бош мақола ана шундай бошланади. Шундан сўнг газета совет партия матбуотининг энг яхши анъаналари руҳида “барча туркманларнинг [янги] раҳбари” давлатни қандай бошқараётгани ҳақида батафсил маълумот беради.

Аввал ташқи ишлар вазирининг Хитойга бўлажак давлат ташрифи қандай тайёрланаётгани ҳақидаги ҳисоботини эшитган Қурбанқули Бердимухаммедов “Хитойга бўлажак сафар бу Туркманистон-Хитой ҳамкорлиги солномасида янги саҳифа бўлибгина қолмай, Туркманистоннинг бутун ташқи сиёсий стратегиясини амалга оширишда энг муҳим босқичдир”, дея таъкидлади. Давлат раҳбари Туркманистонда Хитой тажрибасидан фойдаланмоқчи эканига ишора қилди. “Қурбанқули Бердимухаммедов Туркманистон делегациясининг барча аъзоларига ХХРда бўлган пайтда Хитойдаги таассуротлар ватандаги амалий ишда ёрдам бериши учун у ерда кўрган барча нарсаларни диққат билан таҳлил қилишни буюрди”. “Президент Ашхобод ҳокимига кейинги йилда ёзги Олимпия ўйинлари бўлиб ўтадиган Пекиндаги олимпия объектларида бўлиш мажбуриятини юклади”.

Аммо янги “туркманбоши” фақат Хитой билангина эмас, Россия билан ҳам дўст бўлмоқчи.

“Туркманистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси иши якунларини чиқара туриб, Қурбанқули Бердимухаммедов буни ҳамкорликнинг яхши уюштирилган механизми намунаси ўлароқ таърифлаб, унинг натижаларини юқори баҳолади. Шу билан боғлиқ равишда Президент Қозоғистон ва Озарбайжон билан ҳамкорлик бўйича шу каби комиссиялар ҳамраисларига, Турманистон-Россия комиссияси иш тажрибасидан фойдаланган ҳолда, икки томонлама эришилган шартномаларни ҳисобга олиб, амалий ҳамкорликни ташкил қилиш йўлларини фаоллаштиришни топширди”.

Россия билан газ масалалари аллақачон ҳал қилинган. Аммо яна “рус оға”дан комбайнлар сотиб олиш мумкин. “…Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, Президент Россиянинг етакчи машинасозлик заводларидан замонавий қишлоқ хўжалик техникасини сотиб олиш имкониятларини ўрганиш учун Россияга мутахассислар делегациясини юбориш ҳақида фармойиш берди”.

Буғдой ўрим-йиғими, пахта парвариши, қишки дон экинларини экишга тайёргарлик ҳақидаги ҳисоботларни эшитган “Президент тез орада ҳал қилишни талаб этувчи биринчи галдаги вазифаларни кўрсатиб берди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида айни пайтда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар унинг жадал суръатлар билан ривожланишини, дон-дун, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажмларининг барқарор ўсишини таъминлаши лозимлигини таъкидларкан, Қурбанқули Бердимухаммедов 2008 йилда мамлакат агросаноат мажмуасининг ривожланиш кўрсаткичларини асослаш зарурлигини таъкидлади”.

Янги президент ўзини худди Туркманбошидек тутаяпти: у давлат хўжалигининг барча жабҳаларини назорат қилибгина қолмасдан, шаҳар қурилиш лойиҳалари билан ҳам шахсан танишиб бораяпти. Бу сафар Франциянинг “Буиг” қурилиш ширкати лойиҳалар бўйича ҳудудий директори Шарль Сантер, шунингдек, ширкат меъморлари Тьери Мело ва Кен Шанон Қ. Бердимухаммедовга “мамлакат жанубида барпо қилиш режалаштирилаётган Қурилиш ва қурилиш материаллари саноати вазирлиги ҳамда Алоқа вазирлиги янги биноларининг оригинал лойиҳаларини тақдим этдилар. Меъморлар ўйига кўра, биноларнинг биринчиси ўзининг ташқи кўриниши билан кўтарма кранни, иккинчиси эса телефон аппаратини тамсил этади”. Таклиф қилинган лойиҳалар билан батафсил танишган Туркманистон Президенти, умуман олганда, уларни маъқуллади ва “лойиҳачиларга бир неча конструктив таклифлар айтди”.

Сўнгра Бердимухаммедовга пойтахтдаги янги телеминора лойиҳалари тақдим қилинди.

Бу тақдимот якунида “Буиг” меъмори Тьери Мело Бердимухаммедовга ўзи томонидан тайёрланган Ашхобод-сити лойиҳасини тақдим қилди. Туркманистонга астойдил ўрнашиб олган французлар президент бу мамлакатда фақат бош газчи, фермергина эмас, балки етакчи меъмор ҳам эканини аллақачон тушуниб етганлар. Шунинг учун ҳам “лойиҳани диққат билан кўздан кечириб чиққан Қурбанқули Бердимухаммедов унинг муаллифидан Ашхобод-сити ансамблига Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги учун бинолар мажмуасини ҳам қўшиб, уни қайта ишлаб чиқишни сўраган”идан ҳайрон бўлмадилар.

“Нейтральний Туркменистан” газетаси шарҳини Қ. Нордонов тайёрлади