21:28 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Катрин Пужоль: “Марказий Осиёда Европа Иттифоқи АҚШдан кўра саҳоватлироқ”

11.07.2007 21:27 msk

Э. Қобулов суҳбатлашди

26-28 июнь кунлари Хўжандда ўтган “Марказий Осиё учун ҳамкорлик ва интеграция лойиҳалари: қиёсий таҳлил, имконият ва истиқболлар” халқаро анжумани иштирокчиларидан бири Париждаги Шарқ тиллари ва ҳазораси институтининг Марказий Осиё тарихи профессори, Марказий Осиёни тадқиқ қилиш Европа жамияти (ESCAS) президенти Катрин Пужоль бўлганди. Катрин Пужоль йигирма беш йилдан буён Марказий Осиёни ўрганиш билан шуғулланади, минтақанинг барча мамлакатларида бир неча маротаба бўлган.

Фарғона.Ру: - Энергия ташувчиларга қизиқишдан ташқари Европа билан Марказий Осиёни нима боғлаб туради?

Катрин Пужоль: - Европа (хусусан, Франциянинг ҳам) билан Марказий Осиё алоқалари бу асрда ҳам, ўтган асрда ҳам пайдо бўлган эмас. Бунга беш-олти аср бўлиб қолди. Марказий Осиё ҳақида Монтень, Монтескье, Вольтер ва бошқа европалик муаллифлар ёзганлар. Масалан, Амир Темурга қизиқиш доим катта бўлган. Ундан ташқари, Осиё европаликлар учун ҳар доим Бухоро, Самарқанд, Ипак йўли жойлашган сирли мамлакат, афсонавор ўлка бўлиб келган...

Фарғона.Ру: - Агар замонавий тарих ҳақида, бугунги кун ҳақида гапирилса-чи? Яқиндагина Европа Иттифоқи Марказий Осиёга нисбатан янги стратегиясини эълон қилди...

Катрин Пужоль: - Гап фақат энергия ташувчилар ҳақидагина бораётгани йўқ, гарчи бу ерда, ҳақиқатан ҳам, бугун ва яқин келажакда эҳтиёж сезажагимиз нефть ва газ заҳиралари бўлса-да. Европа минтақани ўраб турган Россия, Хитой, Эрон ва бошқа мамлакатлар қатори бу ерда мустақил ўйинчи бўлишни истайди. Марказий Осиёда ва қўшни мамлакатларда сайёра аҳолисининг улкан қисми яшайди, бу эса бозор деганидир. Устига устак, албатта, Европани хавфсизлик муаммолари ташвишлантиради, минтақа эса Европа учун муайян муаммолар манбаи бўлмиш Афғонистон билан қўшни. Гарчи бу минтақа Европадан анча олисда жойлашган бўлса-да, Евроиттифоқ бу ерда барқарорлик бўлишидан манфаатдор. Бунга банг моддалари тарқалиши муаммосини ҳам қўшсангиз, биз, яъни европаликларнинг бу минтақага эътибор билан қарашга мажбурлигимизни тушунасиз. Агар Марказий Осиё мамлакатларига ёрдам берилмаса, бундан ҳеч кимга яхши бўлмайди.

Фарғона.Ру: - “Марказий Осиё” деб аталган бу сиёсий майдонда Қўшма Штатлар Евроиттифоқ учун иттифоқчими ёки рақиб?

Катрин Пужоль: - Албатта, рақиб. АҚШ аллақачон минтақани ўз манфаатлари ҳудуди деб эълон қилган, уларни, энг аввало, ўз хавфсизлиги масаласи ташвишлантиради. Америкаликлар айтаётгандай, Катта Марказий Осиё юзасидан Қўшма Штатлар билан Европанинг режалари кўп жиҳатдан бир-бирига мос келмайди. Евроиттифоқ минтақада анчадан буён ҳозир, аммо бу ҳозирлик даражаси пастроқ.

Фарғона.Ру: - Сиз АҚШ минтақада Евроиттифоқ учун рақиб эканини айтдингиз, ундай бўлса унинг муҳтамал ҳамкорлари ёки иттифоқчилари борми? Хитойми? Россиями? Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотими?

Катрин Пужоль: - Қийин савол... Европа Иттифоқи, моҳиятан, мустақил ўйинчи. Аммо, писандасиз айтадиган бўлсак, агар у яхлит бир мамлакат бўлганида эди, у ҳамкор ёки иттифоқчи бўла олган бўларди. Ҳозирча Евроиттифоқни яхлит бир узв (организм) сифатида тасаввур этиш қийин. У ўсаяпти, янги аъзолар қабул қилаяпти. Бунинг устига, бошқа давлатлар ҳам уни айнан шу шаклда қабул қилмаяптилар. Улар учун ҳозирча алоҳида Франция, Германия, Италия, бошқа мамлакатлар бор. Аммо яна қайтараман: агар Евроиттифоқ ягона узвга айланолса, гарчи бу қийин кечадиган ва узоқ жараён эса-да, у мутлақо мустақил ўйинчи сифатида чиқа бошлайди. Ҳолбуки, иттифоқчилар ҳар доим ҳам керак. Россия, Европа энергия таъминоти унга боғлиқ бўлгани учун, мақбулроқ иттифоқчи бўлиб ҳисобланади... Хитой-чи? Бу энди мутлақо бошқа масала.

ШҲТ юзасидан шуни айтишим мумкинки (бу менинг шахсий фикрим), Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти бирикмаси ҳамма воқеалардан хабардор бўлган сиёсатчилар, журналистлардан фарқли равишда оддий европалик учун кўп нарсани англатмайди. Аввал-бошда, ташкилот фақат Хитой ва Россияни бирлаштирган пайтда унга алоҳида қизиқиш билан қаралмасди. Аммо ҳозир ШҲТ Қўшма Штатлар гегемонлигига қарши кўп қутбли дунё учун чиқаётган бир пайтда унга нисбатан қизиқиш тез ортиб бораяпти. Бунинг устига Туркманистон, Эрон ва Покистон каби мамлакатларнинг ҳам ташкилотга кириш эҳтимоли ҳақида гапира бошланди. Бунақа ташкилот билан ҳисоблашмай бўлмайди, у билан ҳамкорлик қилиш керак. Ташкилот қандай кенгайишини, интеграция жараёнини қандай кечишини, янги аъзолар эскилари билан қандай алоқада бўлишларини, ШҲТнинг бутун ҳамкорлик фақат террорчиликка қарши кураш бўйича ахборот алмашишдангина иборат бўлган мавжуд чегарадан чиқа олиш-олмаслигини кўриш керак... Агар ташкилотга аъзо мамлакатлар янада тиғизроқ иқтисодий алоқаларга киришсалар, у ҳолда ШҲТ ҳозиргидан кўра кўпроқ эътиборга эга бўлиши мумкин. Ҳозирча эса унинг қандай ривожланаётганини кузатиб туришдан бошқа чора йўқ.

Фарғона.Ру: - Қўшма Штатлар Марказий Осиё ҳақида ўз манфаатлари ҳудуди ўлароқ гапирар эканлар, Марказий Осиёга моддий ёрдам кўрсатаяптилар. Европа Иттифоқининг ёрдами эса анча кам...

Катрин Пужоль: - Мутлақо ундай эмас. Аслида Евроиттифоқ минтақа мамлакатларига АҚШдан кўра кўпроқ пул сарфлаган. Мен ҳозир сизга аниқ рақамларни айтиб беролмайман, аммо сиз ўзингиз буни, айтайлик, Интернетдан текшириб, Европа Иттифоқининг БМТдан кўра кўпроқ пул берганига амин бўлишингиз мумкин. АҚШ БМТнинг бир қисми, холос. Шунчаки, Қўшма Штатлар яхши таассурот қолдириш юзасидан бой тажрибага эгалар. Уларнинг юлдузли йўл-йўл байроғи қандай кўринишга эга эканини ҳар бир одам билади, аммо оқ юлдузлар жойлаштирилган ҳаворанг мато Европа Иттифоқи байроғи эканини ҳамма ҳам билавермайди. Америкаликлар анча айёрлик билан иш юритадилар, улар БМТ бу Американинг ўзи дея кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Яъни БМТ ёрдами деганда одамларнинг эсига АҚШ тушади, Европанинг ёрдамини эса нимагадир унутиб юборадилар. Бу бизнинг, яъни европаликларнинг фожеамиз бўлса керак. Биз ҳам америкаликлар сингари ўзимиз ҳақимизда кўпроқ гапиришимиз, одамларга Европа Иттифоқининг нима экани-ю, у Марказий Осиёга қандай ёрдам бераётганини тушунтиришимиз керакка ўхшайди.