07:37 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: яхшироқ ва турли-туман қамоқхоналар кўпаяверсин

11.07.2007 19:39 msk

Алексей Волосевич ёзиб олди

Бир неча кун муқаддам Тошкентда мамлакат олий раҳбарияти таркибида бўлган шахслар жазо муддатини ўтайдиган янги махсус қамоқхона барпо этилаётгани маълум бўлганди. Бу республикада айни пайтда қурилаётган иккинчи қамоқхона бўлиб ҳисобланади. Биринчиси умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилганлар учун барпо қилинаяпти: 2008 йилдан Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилинади.

Тан олиш керакки, юқори лавозимли мансабдорлар учун алоҳида қамоқхона бўлиши фақат постсовет давлатлари учунгина эмас, бутун дунё учун ҳам ғайриоддий ҳодисадир. Ўзбекистон расмийларининг Тошкентда бундай иншоот қуриш ҳақидаги қарори нима билан изоҳланади? Бунинг асосида нималар ётибди? Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов “Фарғона.Ру”га берган интервьюсида ана шулар ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.

- 2005 йилдан тортиб Ўзбекистонда кўплаб юқори лавозимли мансабдорлар устидан бўлган маҳкамалар ҳақида маълум бўла бошлади. Гарчи бу судлар ёпиқ тартибда ўтказилган бўлса-да, матбуотда бу хусусда мутлақо эслатилмаса-да, улар ҳақидаги маълумотлар барибир чиқиб кетаверарди, жамоатчилик кимни суд қилаётганларидан ва унга нисбатан қандай ҳукм чиқарилганидан хабардор бўлаверарди. Аввал биз Ўзбекистоннинг собиқ вице-бош вазири ҳамда президент Каримовнинг маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков устидан бўлиб ўтган маҳкама ҳақида эшитгандик, кейин эса адлия вазири Полвонзода устида бўлган маҳкама ҳақида эшитдик. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам қандайдир муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар, аммо ўша заҳотиёқ авф қилинганлар. Бу маҳкама жараёнларидан кейин мудофаа вазири Қодиров устидан суд бўлиб ўтди, ундан кейин эса собиқ вице-бош вазир ва Тошкент ҳокими Козим Тўлаганов устидан суд бўлди. К. Тўлагановга жуда ғалати жазо тайин қилдилар: унга шартли равишда... йигирма йил бердилар. Бунақаси бўлиши мумкинлигини мен ҳеч қачон эшитмагандим. Одатда, икки-уч йиллик шартли муддатга ҳукм қилардилар. Бу ерда эса йигирма йил!..

Ана ўша пайтда қамоқхонадаги маҳбусларни сақлаш шароити туфайли уларни ҳибсдан озод қилиб юборганлари ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Яъни, расмийлар уларни одатдаги қамоқхона ёки колонияда ушлаб туролмасдилар, ҳатто милиционерлар, ҳарбийлар, божхоначилар, солиқчилар муддат ўтайдиган Бекобод қамоқхонасида ҳам. Мудофаа вазири ёки дейлик, контрразведка бошлиғи одатдаги колонияда юриши мумкинлигини ҳатто тасаввур қилиш ҳам қийин – менимча, бу тўғри бўлмасди. Шунинг учун ҳам расмийлар бу одамларни жамиятдан тўла иҳоталайдиган қамоқхона қуришга қарор қилган бўлсалар керак. Одатдаги қамоқхона ёки колонияда бунинг иложиси йўқ ахир. Бундан ташқари, одатдаги қамоқхоналарда улар жиноий моддалар бўйича судланганлар билан, жиноий унсурлар билан мулоқот қиладилар. Бу, биринчидан, улар учун жиддий хавф туғдиради, иккинчидан эса, маълумот чиқиб кетиши хатарини пайдо қилади. Ахир бу одамларнинг кўпи давлат сирларини биладилар-да.

Фарғона.Ру: - Нима деб ўйлайсиз, расмийлар қандай маълумотларнинг чиқиб кетишидан кўпроқ чўчийдилар – давлат сири бўлган маълумотларнингми ёки турли хил яширин битимлар ҳақидаги маълумотларнингми?

- Менимча, унисининг ҳам, бунисининг ҳам. Чунки на сўз эркинлиги, на шаффофлик бўлган бизнинг жамиятимизда ҳамма нарса ёпиқ ва албатта, ҳамма “юқорида” нима бўлаётганини билишни истайди. Шунинг учун ҳам расмийлар маълумот чиқиб кетишидан чўчийдилар.

Фарғона.Ру: - Яъни, мабодо собиқ мансабдор Бекобод колониясига жойлаштирилган тақдирда ҳам, ундан ҳукуматда нималар бўлаётганини сўраб-суриштирадилар-у қандайдир исталмаган маълумотлар тарқалиб кетиши мумкинми?

- Мутлақо тўғри. Бундай мақомдаги юқори лавозимли мансабдор судланганда, уни одатдаги қамоқхонада сақлаш расмийларнинг ўзлари учун жиддий хавф-хатар туғдиради. Янги қурилаётган махсус қамоқхона эса у ердан маълумот чиқиб кетмайдиган қилиб қўриқланади.

Фарғона.Ру: - Қизиқ, у ердаги шароит одатдагидек бўлармикан ёки яхшироқми – масалан, камераларда телевизорлар, музлаткичлар бўлиши каби?

- Ўйлашимча, у ерда фақат устма-уст қўйилган катлар бўлмаса керак. Ҳозирги пайтда бир ярим минг маҳбусга мўлжалланган айрим колонияларимизда уч ярим минг, тўрт минг одамни жойлаштираяптилар. Бу ҳақда собиқ маҳбуслар гапириб бераяптилар. Баъзиларида катлар ҳатто уч қават қилиб қўйилган. Бундай вазият вақти-вақти билан Тоштурмада ҳам бўлиб туради. Яқинда қамоқдан чиққанлардан бири у ерда ҳам катлар уч қаватлиги ҳақида гапириб берди. Бундан ташқари, у ерда қарийб жой бўлмаган камералар ҳам бор экан ва одамларнинг навбат билан ухлашларига тўғри келаётган экан. Тоштурмани қўятуринг – у жой тергов ҳибсхонаси бўлгани учун тўлиб-тошган, дерсиз. Аммо у ерда алоҳида блокда отувга ҳукм қилинганлар ҳам сақланадилар, аёллар камералари ҳам ўша ерда жойлашган, бу жойнинг тергов изолятори бўлганига қарамай, айримлар у ерда йиллаб жазо муддатини ўтайдилар, уларни турли сабабларга кўра бирор ёққа ўтказолмайдилар.

Фарғона.Ру: - Бундан келиб чиқадики, жой кенг ва мўл бўлиши учун яна қамоқхоналар қуриб ташлаш керак экан-да?

- Шундай деса ҳам бўлади. Умуман олганда, мустабид давлатда қамоқхоналарнинг тез тўлиб қолиши табиий ҳол. Шунинг учун ҳам расмийлар ҳар йили амнистия эълон қилаяптилар – қамоқхоналардаги жойларни бўшатишга уринаяптилар. Бошқа томондан эса, бу жойларга тез орада янги маҳбуслар келадилар ва яна ҳамма ёқ тўлиб кетади... Мана, масалан, ҳозир Қорақалпоғистонда, Жаслиқдаги колониядан сал нарироқда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар учун қамоқхона қурилаяпти. У қарийб тайёр бўлган. Уни ўтган йилиёқ қура бошлагандилар ва ўйлайманки, яқин орада бу қамоқхона ишга тушади. У 200-300 кишига мўлжалланган. Юқори лавозимли давлат амалдорлари қамоқхонасига келсак, у сариқ рангли, анча катта бўлган уч қаватли бино бўлади. Беворлари баланд – қарийб беш метр келади, агар бундан баланд бўлмаса. У ерда яна кичикроқ бир қаватли бинолар ҳам бўлади. Қамоқхона учун ажратилган жой ҳам кичкина эмас. У Тошкентдаги Гвардейская кўчасида жойлашган. Қамоқхона қуриб битказилган – унинг ёнидаги асфальт йўл тугалланаяпти, эҳтимол, ичкарида ҳамма нарса тайёр бўлгандир. Балки қанақадир пардозлаш ишлари қолгандир. У ерга қўриқчилар қўйиб бўлинган.

Фарғона.Ру: - Яъни янги қамоқхона биринчи мижозларини кутаяпти, деб айтиш мумкин экан-да?

- Ҳа, сабрсизлик билан кутаяпти.