13:44 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Озод Европа» радиосининг президенти Носир Зокиров устидан бўлган маҳкамани «кенгуру суди» деб атади

31.08.2005 18:50 msk

Алексей Волосевич

Маълумки, «Озодлик» радиосининг мухбири Носир Зокиров олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. У хавфсизлик хизмати зобитини ҳақорат қилганликда айбланганди. Ушбу янгиликдан ўта ташвишланган «Озод Европа»/«Озодлик» радиосининг президенти Томас А. Дайн содир бўлган воқеани изоҳлар экан, шундай деди:

- Бу ҳеч қандай халқаро нормаларга мувофиқ келмайдиган ўртага олиб муҳокама қилиш (аслиятда – кенгуру суди) бўлди. Носир Зокировга нисбатан бу каби бемаъни айблов бўйича чиқарилган ҳукм унга ва «Озодлик» радиосининг бошқа мухбирларига қарши Андижон хунрезлигигача бошланиб бўлган кенг кўламли кампаниянинг янги чўққиси эканини англатади.

Эслатиб ўтамиз, 26 август куни Носир Зокиров маҳкама мажлисида иштирок этиш учун Наманган судига чақирилганди. Оқловчисиз ва гувоҳларнинг сўровисиз ўтказилган маҳкама натижасида мухбир суд залидан тўғри қамоқхонага жўнатилганди.

Зокиров Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимини ҳақоратлаганлик учун жавобгарликни кўзда тутувчи 140–модда бўйича суд қилинган. Жиноий ишнинг қўзғатилишига 6 август куни телефон орқали суҳбатда Зокировнинг МХХ ходими Дилмурод Исомуҳаммадовни сўккани сабаб бўлган. МҲХ ходими, Зокировга кўра, маҳаллий шоир Ҳайдарали Комиловни август ойи бошида Зокировга берган интевьюсидан бош тортишга ҳамда бунинг мажбурий тарзда қилинганлиги юзасидан матбуотда билдиришга мажбур этган.

«Озодлик» радиосида қарийб 8 йилдан бери ишлаётган тажрибали мухбир Носир Зокиров охирги ойларда унинг оиласи ва турмуш тарзи, шунингдек, унинг «Озодлик» радиосидаги иши ҳақида таҳқирловчи мақолаларни чоп қилган маҳаллий матбуот томонидан ҳужумга учраганди. Зокировга қарши кампания Андижон воқеаларидан кейин ҳамда Андижондаги ғалаённинг ҳукумат томонидан қонли бостирилишини танқид қилган Комилов билан бўлган интервью эфирга чиққанидан сўнг кучайган. Зокировни ушбу репортаж юзасидан бир неча бор милицияга чақирганлар, ҳавфсизлик хизматлари эса унинг уй ва уяли телефонларини ўчириб қўйганлар.

Томас Дайн «Озодлик» радиосининг камида учта бошқа мухбирлари ҳам Ўзбекистон махсус хизматлари вакиллари томонидан шу каби босимга дучор қилинганларини қайд этди. Улар ва уларнинг оила аъзоларига телефон орқали таҳдид қилганлар, уларни ҳавфсизлик зобитлари сўроқ қилганлар, уларнинг овоз ёзиб олиш мосламалари тортиб олинган. Бугунги кунда Ўзбекистондаги ВВС, Internews Network, Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) и бошқа ОАВ журналистларига нисбатан содир этилаётган қатағонни қайд этаркан, Дайн шундай деди:

– Ўзбекистонда ўзбекистонлик журналистлар билан нималар содир бўлаётгани ҳақида бутун дунёга сўзлаб бериш бизларнинг – эркин оммавий ахборот воситалари мавжуд эркин жамиятларда яшаётганларнинг бурчидир.