11:41 msk, 15 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Покистон уруш ёқасидами? Қизил масжидга қилинган ҳужум исломнинг янада радикаллашувига сабаб бўлиши мумкин

11.07.2007 15:45 msk

Матбуот шарҳи

Исломободда “Сукунат” махсус амалиёти давом этмоқда, бу амалиёт чоғида ҳукумат қўшинлари қуролланган талабалар яширинмиш “Лаъл Масжид”га (Қизил масжид) ҳужум қилганлар. Ҳарбийлардан олинган маълумотга кўра, 88 жангари ўлдирилган, 50 киши яраланган ва яна 50 киши таслим бўлган. Айрим кузатувчилар Покистонда катта уруш бошланганини билдирмоқдалар. Аҳолисининг аксариятини мусулмонлар ташкил қилган бу мамлакатда Исломободдаги Қизил масжид атрофида юзага келган вазиятни куч воситасида ҳал этиш исломнинг янада радикаллашувига сабаб бўлиши мумкин.

Қизил масжид қамали радикал мусулмонлар ва мамлакатнинг ғарбпараст президенти Мушарраф ўртасида жуда узоқ давом этган зиддиятнинг ҳосиласи бўлди. Юз эллик миллион аҳолили ядро мамлакати пойтахтида аслида нималар бўлаяпти? “Фарғона.Ру” шарҳловчиси Қурбон Нордонов сўнгги кунларда чиққан илмий ва газета мақолаларидан терилган лавҳалар йиғиндисини муштарийлар эътиборига ҳавола этади.

* * *

Эркакларнинг “Жомия Фаридия” ҳамда аёлларнинг “Жомия Ҳафса” мадрасалари 1966 йили сунний имом ва даъватчи Муҳаммад Абдуллоҳ томонидан “қизил” масжид қошида ташкил қилинганди. 1998 йилдаги сунний-шиа зиддиятлари кучайиб кетган пайтда у ўлдирилган, шундан сўнг масжид ва икки мадрасага унинг ўғиллари Муҳаммад Абдулазиз ва Абдуррашид Ғозийлар етакчилик қила бошлаганлар. Абдулазиз ва Абдуррашид “Толибон” ҳаракатига бўлган ўз хайрихоҳликларини ҳеч қачон яширмаганлар. Абдуррашид Ғозий ҳатто 80-йилларда совет қўшинларига қарши жиҳодда шахсан иштирок этганини ҳам тан олганди (НГ-Динлар).

Қизил масжид тақдири XXI аср бошида Покистонда исломчиларни қўллаганда айбланиб, таъқиқланган кўплаб ташкилотлар тақдирига ўхшамаган. Ҳатто 2005 йилда Муҳаммад Абдулазиз Покистон-Афғонистон чегарасида “Толибон” кучлари билан кураш олиб бораётган покистонлик ҳарбийларни қораловчи фатво чиқарганидан кейин ҳам давлат унга масжид хатиби сифатида маош тўлашни тўхтатиб қўйганди, холос. Масжид ҳам, иккала мадраса ҳам ёпилмаганди.

Euronews Абдуррашид Ғозий амалдаги расмийларни қулатиш учун курашаётган ҳаракатга яқиндагина раҳбар бўлганини, унгача эса у халқаро илмий доираларда профессионал тарихчи ва Юнеско ходими сифатида маълум бўлганини қайд этади.

Икки мадраса талабалари ўз фаолиятларини ўтган қишдан бошлаб фаоллаштирганлар. Аввал улар рўйхатга олинмаган масжид ва мадрасаларни бузиб ташланишини тўхтатишни қатъий талаб қилиб чиққанлар, расмийлар жавобини ололмаганларидан кейин эса улар давлат болалар кутубхонаси биносини эгаллаб олганлар ва уни бузилган масжидлар қайта тикланганидан кейингина бўшатишга ваъда қилганлар.

Март ойида Қизил масжид бутун мамлакатда бир ҳафта ичида шариат аҳкомларини жорий қилиш каби янги талаб билан чиққан. Ҳукумат бу чақириққа мутлақо эътибор қилмаган. “Жомия Фаридия” ва “Жомия Ҳафса” талабалари пойтахтда толибонларнинг “аҳлоқ полицияси” руҳида бир қатор акциялар ўтказганлар. Аввал улар Исломободда фоҳишахоналар очишда айбланган аёлларни қўлга олишиб, тавба қилдирганлар ва шундан кейингина уларни қўйиб юборганлар. Шариат тартиби масжид ҳудудида жорий этилган.

Исёнкор мадрасалар талабалари ҳинд видеокассеталарини очиқдан-очиқ ёққанлари ҳамда бундай маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни мусулмонларни бузишга уринганликда айблашиб, видеодўконларни вайрон қилганлари билан ҳам танилганлар.

Абдуррашид Ғозий расмийлар ҳеч иш қилмаётганларини айтиб, ўз тарафдорлари хатти-ҳаракатларини бир неча марта оқлаган: “Одамлар бузуқхонани ёпиш талаби билан полицияга, маҳаллий расмийларга кўп маротаба мурожаат қилганлар. Аммо уларга бирор жавоб айтмаганлар. Агар расмийлар ўз ишини қилмайдиган бўлмасалар, бу ишни халқнинг ўзи қилади. Ислом шундай деб ўргатади”.

3 июль куни полиция патрули ва Лаъл Масжид қошидаги мадраса талабалари ўртасида биринчи тўқнашув бўлиб ўтди. У ҳақиқий жангга айланиб кетди, 16 киши ҳалок бўлди, Қизил масжид эса қамалда қолди. Икки кунлик қамалдан сўнг Лаъл Масжид уламолари ўзларининг умумқўлловга бўлган умидлари оқланмаганини тушундилар. Покистоннинг эътиборли исломий партиялари ва ҳаракатлари исёнкор масжидни қўллашга шошилмасдилар (Ольга Никушкина, Новие известия).

Бироқ барибир радикалларнинг тарафдорлари йўқ, деб бўлмайди. 6 июль куни улар Исломобод яқинидаги ҳукуматнинг Чақлала ҳаво базасига қарата ўт очиб, ўзларини кўрсатиб қўйдилар. Ўқлар отилаётган пайтда ҳаво базасидан президент учоғи ҳавога кўтарилаётган эди, унинг ичида Балужистон вилоятига кетаётган жаноб Мушарраф бор эди. Расмийлар бунинг давлат раҳбарига қилинган муваффақиятсиз суиқасд бўлганини эътироф этдилар (Вл.Соловьев, Коммерсант).

Президент Мушарраф қийин аҳволда қолди. Бир томондан шу йил охирига тайин қилинган парламент сайловлари олдидан исломчилар ҳаракати ҳатто фойдали бўлди: “қаранг, мендан кейин ким келади” қабилида. Аммо дунёвий шаҳар ҳисобланмиш пойтахтда қилинган ишлар учун уларни жазосиз қолдириш ҳам мумкин эмасди. Ҳукумат фаол ҳаракатлар учун баҳона қидирарди ва бу баҳона ўзини куттириб ўтирмади. Июнь ойида аёллар мадрасаси толибалари клиникадан игна ва уқалаш билан даволайдиган хитойлик етти фуқарони (олти аёл ва бир эркак) ўғирлаб кетганлар – гўё бу ерда ҳам фоҳишахона бўлган экан. Жанжал халқаро миқёсга эга бўлди, ахир ХХР Покистоннинг асосий иқтисодий ҳамкори бўлиб ҳисобланади-да (Олег Мохов, Время новостей).

- Буларнинг ҳаммаси америкаликлар учун қўйилган томошадир, - дея билдирди НГга Пешовар университети Ҳудудий тадқиқотлар марказининг ходими доктор Парвез Иқбол Хан Тарин. – Расмийлар, бир томондан, ўзларининг инсонпарвар ва либерал эканликларини, иккинчи томонидан эса террорчиларга нисбатан шафқатсиз эканликларини намойиш қилиб олдилар. Лекин аслида у ерда террорчилар йўқ эди. У ерга емак ва тунайдиган жой топиш учун фақир оилалар келиб турадилар. Улар ўзлари боқишга қийналган болаларини бу ерда яшаб, диний илм ўргансинлар учун қолдириб кетадилар, - дея маълум қилди эксперт.

Қизил масжид ишғолидан кейин АҚШ президенти Жўрж Буш Мушаррафни террорга қарши курашда ўз иттифоқчиси ва демократияни олға суришдаги ўз ҳамкори деб атаган. “У (Мушарраф) экстремистларга қарши курашда доим қимматли иттифоқчимиз бўлган. Бунақа иттифоқчиларни қўллаб-қувватлаш ўта муҳим”, - деди Буш (Полит.Ру).

Бу орада “Лаъл Масжид”ни “тозалаш” юзасидан ҳарбийларнинг кескин хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ равишда бутун Покистон бўйлаб норозилик тўлқини кўтарилди. Чоршанба куни диний мактабларнинг ўн минглаб ўқувчилари бутун мамлакат бўйлаб намойишларга чиқдилар ( NewsRu.Com).

Диндор талабаларнинг қуролли қаршилигига етакчилик қилган Абдуррашид Ғозийнинг қандай ўлдирилгани ҳозирча маълум эмас. У ўз тарафдорлари ва покистонлик ҳарбийлар ўртасида бўлиб ўтган отишма натижасида ҳалок бўлган (Lenta.ru). “Ғозий хавфсизлик хизмати ходимларига қарши ўт очмиш тўрт ёки беш исёнчи билан бирга [масжиддан] чиққанди. Бунга жавобан ҳарбийлар ҳам ўт очганлар ва отишма чоғида у ўлдирилган, дея иқтибос келтиради AFP Покистон ТИВ вакили Жовид Чима сўзларидан. Аввалроқ агентлик ўша мулозим сўзларига таянган ҳолда, Ғозийнинг таслим бўлишга ҳаракат қилганини, аммо ўз атрофидаги жангчилар ўқидан ҳалок бўлганини хабар қилганди. 43 ёшли радикал исломчилар раҳбарининг ўзи эса таслим бўлгандан кўра шаҳид бўлишни афзал билишини билдирганди. Шунингдек, Ғозий унинг ўлими Покистонда Исломий инқилоб оловини ёқажагига умид ҳам билдирганди. ИИВда унинг ўлимини “мамлакатдаги экстремистик унсурларга қарата жиддий зарба ва бошқалар учун сабоқ”, деб атаганлар.

Эндиликда кузатувчилар воқеаларнинг бундан буёнги ривожини кутаяптилар. Исёнкор масжиддан чиқаётган таҳдидларга қарамай, худкуш террорчилар тўдаси ҳали-бери кўчаларга чиққанлари йўқ. Бироқ Лаъл Масжиддаги мағлубиятдан сўнг радикаллар ўзларининг реал сиёсий куч эканини исботлашлари керак бўлади. Шунинг учун ҳам Исломободда террорнинг янги тўлқинини кутиш мумкин бўлади.

Покистонлик машҳур сиёсатшунос Муҳаммад Хоннинг “Коммерсант”га билдиришича, “мен Қизил масжиддаги воқеалардан кейин Исломободдаги исломчиларнинг террорчилик ҳужумлари уюштиришларини истисно қилмайман, ахир Исломободда мадрасалар оз эмас-да. Радикалларнинг кескин жавобини Шимолий-Ғарбий чегара вилояти каби жойларда кутиш мумкин. Аммо бу Исломий инқилобга олиб бормаса керак. Шуни эсдан чиқармангки, кўплаб машҳур дин арбоблари, диний партиялар раҳбарлари ака-ука Ғозийларни қўлламаганлар ва ҳатто Қизил масжид раҳбарлари ҳаракатини фитначилик деб ҳисоблашиб, уларни қоралаганлар”.