12:26 msk, 29 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси Россиянинг Бирлашган авиасозлик корпорациясига кирадиган бўлди

10.07.2007 21:05 msk

Владимир Георгиев

9 июль куни Россия президенти билан учрашув чоғида РФ бош вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда Бирлашган авиасозлик корпорацияси (БАК) директорлар кенгашининг раҳбари Сергей Иванов “Чкалов номидаги Тошкент авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси” давлат ҳиссадорлик жамияти (ТАИЧБ, Ўзбекистон) БАКка киришини билдирди. Бу баёнотни Иванов Владимир Путинга Ўзбекистонга сафар якунларига кўра берди. “Биз ТАИЧБ тақдири юзасидан бир фикрга келдик: Ўзбекистон томон БАКка киришга рози бўлди, - деди Иванов. – Тошкент корхонасининг товар қатори қарийб аниқ – бу Ил-76 учун эҳтиёт қисмлари ва юк ташувчи учоқ сифатида ишлатилиши мумкин бўлган парракли Ил-114 дир”.

Бу ҳодиса Ўзбекистон учун принципиал аҳамият касб этади. ТАИЧБ мамлакатнинг юқори технологияли етакчи корхонасидир. СССР даврида ТАИЧБда Ил-76 русумли учоқларнинг ҳаммаси ишлаб чиқариларди. 1991 йилгача Тошкентда 900 тадан кам бўлмаган ҳарбий-транспорт учоқлари чиқарилган. Аммо Совет иттифоқи парчаланганидан сўнг МДҲнинг бутун учоқсозлиги, шу жумладан, ТАИЧБ ҳам синди.

Ҳарбий соҳа экспертлари ТАИЧБнинг Россия БАКига кириши билан Ўзбекистон учоқсозлигида қанақадир истиқбол пайдо бўлади, деб ҳисоблайдилар. БАК режасига кўра 2012 йилгача 1млрд. АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағлик 23 та Ил-76 МФ учоғини тайёрлаш режалаштирилмоқда. Бунга қўшимча равишда ТАИЧБда Ил-76МД русумли 34 та ҳарбий-транспорт учоғи ва Ил-78 русумли тўртта ёнилғи қуйиш учоғи ишлаб чиқариш юзасидан Хитой шартномасининг (бу шартнома умумий қиймати ҳам 1 млрд. АҚШ долларидан ошади) бир қисми бажарилади.

ТАИЧБнинг БАКка кириш режаси ҳақидаги С. Ивановнинг расмий баёноти кутилмаган ҳодиса бўлгани йўқ. 4 июль куни С. Ивановнинг делегациясининг Тошкентга ташрифи чоғида у билан бирга бўлган БАК президенти Алексей Федоров “ҳозир Тошкент авиабирлашмасининг БАКка кириши эҳтимоли барча тафсилотлари билан муҳокама қилинмоқда. Агар бир ягона командада ишлай бошласак, тошкентликларнинг ишлаб чиқариш қувватларидан янада ўринлироқ фойдаланиш тўғрисида ўйлаб кўрамиз”, дея билдирганди. Бу Россия БАК таркибидаги биринчи хорижий фирма бўлади ва бу Ўзбекистон учун жуда муҳим. Афтидан, бу Россия учун ҳам муҳимга ўхшайди.

“Коммерсант” ёзишича, “ТАИЧБнинг БАКка кириши тўғрисида қарор Сергей Ивановнинг Ўзбекистон олий раҳбарияти билан бўлган музокаралари якунларига кўра қабул қилинган”. Нашр ТАИЧБ активларини баҳолаш иши амалга оширилишини, корхонанинг БАКка интеграциялашуви юзасидан дастлабки режа эса йил охиригача тайёрланиши мумкинлигини қайд этади. Тахмин қилинишича, Ўзбекистон ҳукуматига тегишли бўлган акцияларнинг бир қисми БАК акцияларига алмаштирилади, пакет ҳажми Ўзбекистон томон билан олиб бориладиган музокаралар якунига кўра аниқланади. “Бу пакет учун Ўзбекистонга ҳеч қанақа пул тўловлари бериш ҳозирча кўзда тутилаётгани йўқ”, - дея таъкидладилар БАКдан.



 

Реклама