10:19 msk, 13 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қурувчи муҳожирлар янги Россияни барпо қилаяптиларми?

10.07.2007 18:31 msk

Владимир Лунин

Янги уйлар, бинолар даҳа, кўча, шаҳарга такрорланмас қиёфа бахш этиб, баъзан нимаси биландир мамлакатнинг келажакдаги қиёфасини белгилайди. Қизиғи шундаки, бугунги кунда Россияда кўплаб уйлар, турар-жойлар, меъморий бинолар қураётган киши қиёфаси омма онгида ҳар доим ҳам ижобий қабул қилинавермайди; унга кўпроқ хавфсираб қарайдилар, айрим пайтларда эса умуман душманларча муносабатда бўладилар.

Одатда, биз бу ролда узоқ қишлоқдан келган, арзимаган пул эвазига бой янги руслар учун ҳашаматли уй қуриб беришга тайёр бўлган бечора тожикни тасаввур қиламиз. Унинг бошида гулдор дўпписию қўлида цемент солинган белкурак бор. Ёки бу биринчи апрелдаги таъқиқдан кейин бозорда тарвуз ёки олча сотишдан маҳрум бўлган шубҳали “кавказ миллатига мансуб шахс” бўлиб чиқади.

Албатта, мамлакатимизга келаётган ва каттагина иқтисодий фойда келтираётган одамлар ҳақида бунақа нотўғри тасаввур оммавий ахборот воситаларидаги бирёқлама ва ёлғон хабарлар туфайли пайдо бўлади. Аслида, манзара аниқ ва ҳаққоний бўлиши учун четдан келганларнинг ўзлари билан гаплашиб кўриш кифоя қилади.

Тожикистон фуқароси бўлган украин танишим Владислав Санкт-Петербургга ўрнашиб қолган. У Достоевский ватанига иш излаб келган, бу ерда эса қурилиш ишлари қайнаб ётибди. У ўзини қурилиш соҳасида синаб кўришга қарор қилади. Дастлаб иш юришмайди. Гоҳо кунига 600-900 рублдан топади, гоҳо эса буюртма бўлмайди.

Турмуш шароитининг унча яхши эмаслиги Владиславнинг янги ва янги мутахассисликларни ўзлаштиришига ҳалақит бермайди. “Аввал ёмон сувоқчи эдим, - дейди Владислав, - энди эса буни ҳам эплайман!”

“Санкт-Петербургга юқори малакали ишчилар керак” деган масала шаҳар расмийлари олдига биринчи марта қўйилаётгани йўқ. Аммо ғишт терувчилик, сувоқчилик, пардозчиликка бу касбга ўргатилмаганларни олаяптилар. Уларнинг энг яхши томони озгина пул эвазига ҳар қандай ишни қилиб кетаверишларидир. Коррандалар ишининг сифати жуда зўр бўлмайди. Шу сабабли ҳам қурилишнинг ишончлилигини аниқлаш бўйича экспертлик кенгаши мутахассислари бу борада хавотир изҳор қилмоқдалар. Дарвоқе, шу ўринда бир неча йил аввал Москвада аквапарк биносининг қулаб тушгани, қурбонлар бўлгани ёдга тушади...

Ҳайтовур, четдан келганларни ишга олишда имтиҳон ташкил қилишга ҳеч ким шошилаётгани йўқ. Асосийси, объектни вақтида топшириб, пулни олиш, у ёғига нима бўлса бўлар. Паспортингни олиб қўйган бўлсалар, ойликни кўнгиллари тусаган пайтда берсалар, малакали иш ва керакли мутахассисликни ўзлаштиришга қанақа интилиш бўлсин? Қулларча меҳнат баракали бўлмайди.

Балки радикал кайфиятдаги кўплаб ҳамюртларнинг маслаҳатларига қулоқ солган ҳолда муҳожирлар муаммосини бошқачароқ тарзда ҳал қилиш керакдир? Муҳожирларни 24 соат ичида юз биринчи километрга, янаям яхшироғи, даштга олиб бориб ташлаш, бўшаган иш ўринларига эса ҳамюртлар ёпирилиб келишини кутиб ўтириш керакдир? Ана ўшалар ҳамма нарсани виждонан, асрларга етгулик қилиб қуриб ташлайдилар. Аммо, кино қаҳрамони Сухов айтганидек, бунақа бўлиши даргумон.

Ахир бизда қаёққа қараманг, ҳамма жойда муҳожирни кўрасиз. Дўкончадан писта олсангиз, у ерда Қозоғистондан келган, аммо Россия паспортига эга аёл ўтирган бўлади. Урфдаги кийим-кечак бўлимида грузинча қиёфали қиз сизга такаллуф билан хизмат кўрсатади. Украинадан келган дастурчи-чи? Арманистондан келган автосалон эгаси-чи? Келгиндилар ялпи маҳсулот яратаяптилар, шаҳарларимиз бюжетини тўлдираяптилар.

Балки мардикорлар учун мақбул меҳнат ва турмуш шароитини яратиб берган осонроқдир? Ўшанда улар томонидан қурилган бино деворлари ҳам узоққа чидайдиган бўлади. Юқорида номи тилга олинган Владислав тўғрисида ҳам шуни айтиш мумкин. Бу одамга кўп нарса керакмас аслида. У ишчан йигит, ичмайди, ҳар қандай ишни қилиб кетаверади. Объектда иш тўхтаб қолса, у сабзавот базасида тарвуз юклаган. Шу билан бирга бир фирмада иситиш тизимини тузатган. Турар-жой масаласини ҳам ўзи ҳал қилган. Аввал бу тунакхона бўлган. Аммо Владиславнинг дўстлари бор, шу сабабли у бугунги кунда тунакхоналарда ҳукмрон бўлган ифлослик ва жиноий муҳитдан қочиб кетган. Танишлариникида эса тунаб, ювиниб, овқатланиб, уйга кетиш олдидан ҳордиқ чиқариб олиш мумкин. Бунинг эвазига эса дўстларнинг газ колонкасини ёки оқиб ётган қувурини тузатиб берса бўлади. Қадрдон ва доим маст юрадиган ўзимизнинг сантехникларимизни ҳафталаб кутгандан кўра шундай бўлгани ҳам маъқул.

Шундай экан, кимни супурги олиб қувиш керак?

Умуман олганда, ҳозир мардикорларда яшаш учун кураш бобида ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга имконият пайдо бўлганига ишонгинг келади. Москвада “МигРос” БКУ деб номланган муҳожирлар меҳнатидан фойдаланадиган корхона ва ташкилотлар ишчиларининг соҳалараро касаба уюшмаси пайдо бўлди. Унга истаган одам аъзо бўлиши мумкин – чет эллик ҳам, россиялик ҳам. Бу жамоатчилик ташкилотининг “бошланғич ташкилотлари” Россиянинг эллик регионида аллақачон тузилган.

Касаба уюшмаси ташкилотчилари бу ташкилотнинг куч ишлатар тузилмалар ва президент маъмурияти қўлловида тузилганини яширмайдилар. Ташкилотнинг асосий мақсади иш берувчиларни қонунга риоя қилишга, солиқлар тўлашга, ноқонуний муҳожирларни йўқотишга мажбур қилишдир. Бунинг учун қандай воситалардан фойдаланиш режалаштирилмоқда? Афтидан, ҳамма мақбул воситалардан фойдаланилади, масалан, ашаддий қонунбузарлар ҳақида маълумот йиғишдан. “Мардикорлар касаба уюшмаси” миграцион қонунчиликка тузатишлар ҳам ишлаб чиқади. Бунинг учун Федерал муҳожирот хизмати қошида экспертлик кенгаши тузиш режалаштирилаяпти. Унга йирик тадбиркорлар, жамоат арбоблари киради. Шундан кейин ташкилотда янада кенгроқ ваколатлар пайдо бўлиши мумкин.

Касаба уюшмаси раиси Геннадий Миронов, масалан, четдан келганларнинг ишлаши учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини жўнлаштиришга эришилишига умид қилади. Янги ташкилот раҳбари ҳозир мулозимлар катта ҳажмдаги ишни эплолмаяптилар, шунинг учун ҳам кенгаш уларга ёрдам бериши мумкин, деб ҳисоблайди. Бу ёрдам нималарда ифодаланиши мумкин? Бу гастарбайтерлар ишлайдиган корхоналар устидан назорат қилиш, квоталар тақсимотида иштирок этиш кабиларда аксланади.

Кенгаш фақат давлат хизматчиларигагина эмас, мардикорларнинг ўзларига ҳам ёрдам беради. Улар учун маданий ва ҳуқуқий саводсизликни тугатиш тадбирлари уюштирилади. Янги келганлардан рус тили бўйича курслардан ўтиш, касбий малакани тасдиқловчи сертификат олиш таклифи бор. Балки ўшанда муҳим объектлар қурилиши учун нўноқ усталарни ишга олмай қўярлар?

Янги келган муҳожирлар бундай курслар учун пул тўлай оладиларми? Геннадий Миронов пулни иш берувчилар тўлашлари кераклигига ишончи комил. Касаба уюшмаси эса муҳожирлар билан шартномалар тузилишини назорат қилади. Агар иш берувчи меҳнат муносабатларини бекор қилишга қарор қилган бўлса, марҳамат қилиб, товон тўласин. Шартнома шартларини бажаришдан бош тортган ишчи эса, марҳамат қилиб, мамлакатдан чиқиб кетсин.

Четдан келган ҳар бир кишининг ҳисобини олиш учун гастарбайтерларнинг электрон маълумотлар базасини яратиш режалаштирилмоқда. Унда эса аввалги иш жойларида муҳожирнинг “айб”лари бўлганми-йўқми, у қонунларга риоя қилаяптими-йўқми, унга ўз малакасига мувофиқ қанча ойлик бериш мумкин кабилар кўрсатилган бўлади. Бошқа бир рўйхат ҳам бўлади – бу “қора” рўйхатга одамларнинг пулини бермай, алдаб кетадиган фирмалар ва рекрутинг агентликлари номлари киритиб қўйилади.

Шу тариқа, миграцион оқимлар устидан назоратни йўлга қўйишга эришиш мумкин, деб ҳисоблайди Миронов.

Янги ташкилот ўз яшовчанлигини кўрсатиши учун яна вақт керак бўлиши тушунарли, албатта. Аммо у вазиятга мутлақо таъсир ўтказа олмайдиган навбатдаги фойдасиз бюрократик тузилмага айланиб қолмасмикан? Ҳозирча бунга ишонч катта эмас.