21:13 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Москванинг “Вокруг света” журнали юз йигирма йил аввал Фарғона водийси ҳақида нималарни ёзган эди

10.07.2007 16:04 msk

Д. Кислов тайёрлади

1876 йили Қўқон хонлиги ҳудуди Россия империясига қўшиб олинганди. Жўғрофий журналларнинг москвалик ёки питерлик муштарийсига юз очган Фарғона водийсидаги янги мустамлака ерлари турли топишмоқлар ва ҳайрат учун кутилмаган сабабларни ўз қаърида яшириб ётарди. Биз томонимиздан нашр этилаётган, 1886 йилда “Вокруг света” журналида босилган мақола ўша пайтдаги Россияда узоқ Фарғона ҳақида қандай тасаввурлар бўлганини яққол намоён этади.

“Вокруг света” журнали, 1886 йил, 27-сон, 428-429-б.

“Бир неча йил олдин Рус давлатига Фарғона вилояти номли унча катта бўлмаган, аммо ўзига хос ва кўп жиҳатдан қизиқарли бўлган ер қўшиб олинган. Россиянинг узоқ шарқда жойлашган бу янги топилмаси 1,330 мураббаъ-миль майдонга эга бўлиб, унда 808 000 киши истиқомат қилади.

Уммон сатҳидан унча баланд бўлмаган, айрим жойлари қир-адирли, ҳар томондан баланд тоғлар (Тиёншон) билан ўралган бу жой унда истиқомат қилувчи аҳолининг бахтиёр ва эркин ҳаёт кечириши учун барча шароитларга эга. Ҳосилдорлик бўйича биздаги қора тупроқдан қолишмайдиган бой тупроқ (ўрмон-сариқ тупроқ), жанубнинг иссиқ қуёши, сувнинг сероблиги – Фарғонни “тўрт жаннат боғининг бири” дея бежиз аталмаганини кўрсатувчи неъматлар жаъмидир.

Мақола муаллифи Фарғонани “Фарғон” деб атайди

Дарёларни сув билан таъминлайдиган ва мамлакатни шамоллардан сақлаб турадиган тоғлар бу мамлакатнинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлган. Ўтиб бўлмас тўсиқ ҳосил қилган шу тоғлар туфайли Фарғон нисбатан ривожланганроқ маданиятга эришган.

Аммо чор-атрофининг ёпиқлигига қарамай, Фарғон қадимдан олис шарқ ҳамда ғарб дунёси пойтахти бўлмиш Рим ўртасидаги транзит савдо-сотиқнинг энг асосий бўғинларидан бири бўлиб хизмат қилган. Бу савдодаги энг аҳамиятли мол римликлар томонидан олтин баробарида баҳоланган ипак эди.

Бир маҳаллар Қўқон Хонлиги деб аталган бу мамлакат 1876 йилда Фарғон вилояти номи билан Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига кириб, Россияга қўшиб олинган.

Собиқ хонлик ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар орасида доим нон, пахта, ипак, тошкўмир ва нефть бўлган. Фарғон яйловлари бутун Осиёда маълум ва машҳур: бу яйловларда ўтлаб юрган энг тиррақи от ҳам икки ҳафта ичида таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетади.

Фарғон ҳайвонот олами унча боймас. Бу ерда туя, буқа, от ва қўйлардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Йиртқичларни ҳам, газандаларни ҳам, йирик даррандаларни ҳам тополмайсиз.

Фарғон вилоятининг энг бурчагида денгиз сатҳидан 13 минг фут баландликда ягона кўл –Қоракўл ястанган. Унинг суви аччиқ, аммо кўлда балиқ мўл.

Маҳаллий аҳоли ҳафтада бир марта – Жумъа кунлари кўлдаги сув сатҳи кўтарилишини айтадилар. Бу рус саёҳатчиси Г. Костенко томонидан текширилган. Кўлдан тушиб келадиган дарё, саёҳатчи кузатувига кўра, Жумъа арафасида тезда тўла бошлаган ва эртаси куни унинг сатҳи аввалгисидан анча баландроқ бўлган.

Водийларга акс ўлароқ Фарғонни ўраб турувчи тоғлар йирик ов ҳайвонлари ва йиртқичлар билан тўла.

Фарғон баёнини якунлаш олдидан бу ердаги экинлар суғорилиши ҳақида икки оғиз сўз айтмоқчимиз. Бу иш мазкур диёрга келганларнинг ҳаммасини ҳайратга солган.

Тупроқнинг чанқоқлигига нисбатан сувнинг озлиги Фарғон аҳолисини сувни жуда эҳтиётлаб ишлатишга ўргатган. Улар бир ёки ярим фут кенгликдаги нов бўйлаб оқиб келадиган сув билан қуёш тиғи остидаги 2 таноб ерни суғора биладилар. Тор тоғ дараларидаги бундай новлар дарё водийсидан баландда бўлган қарама-қарши қирғоқдаги соҳилга сув ўтказади ва у ёқдан бу ёққа сув ҳайдайди. Шу билан бирга, суғоришдан ошиб қолган сувлар яна тармоқланган ариқлар ёрдамида ўзанга бирлаштирилади ҳамда асосий сув қувури ёки дарёга қайтарилади.

Бу янги ўлка ҳақида айтадиган гапларимиз ҳозирча шулар”.

Ж. Р.

“Вокруг света” журнали, 1886. 27-сон, 428-429-б. – қисқартириб олинди