18:16 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Журналистлар ўз касбларига бўлган муносабатларини ўзгартираяптилар. Расмийлар ҳамми?

10.07.2007 01:27 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Иттифоқ тарқалганидан кейинги давр мобайнида Қирғизистон оммавий ахборот воситаларининг аксарияти ўзини қандайдир аҳлоқий меъёрлар ёки “миллат манфаати” ҳақидаги ташвиш билан қарийб чеклаб ўтирмаганлар. Бироқ бугунги кунда Қирғизистон журналистлари орасида ўз фаолиятини “ижобийроқ” ўзанга йўналтириш тамойили сезилаяпти. Бу сиёсатчилар ва мансабдорларнинг журналистларни ёлғон хабар тарқатиш ҳамда “Қирғизистон давлати асосларини бузиш” юзасидан тобора кўпайиб бораётган айбловлари қабатида содир бўлмоқда.

Сўнгги пайтларда Қирғизистон матбуотида мамлакат жануби ва шимоли ўртасидаги зиддият муаммоси ҳаддан зиёд авж олдирилаяпти. Шу билан бирга, муайян этник гуруҳларнинг миллий туйғуларига жуда қўпол йўсинда тегилаяпти. Агар беш миллион аҳолиси бўлган мамлакатда саксондан ортиқ миллат ва элатлар истиқомат қилаётгани эътиборга олинса, бу жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги аёнлашади. Айни пайтда Қирғизистон оммавий ахборот воситаларида ҳудудлараро ҳамда миллатлараро муаммоларни расамадида таҳлил қилувчи материаллар қарийб йўқ ҳисоби.

Бир неча ой олдин Феликс Қулов бошчилигидаги бирлашган мухолифат “мамлакатда тез орада ҳокимият тинч йўл билан топширилиши ҳақида” билдирган ва одамлар янги сиёсий ўзгаришларни кутароқ яна ҳаяжон оғушида қолган пайтда республикадаги айрим етакчи оммавий ахборот воситаларининг раҳбарлари “Инсофсизлик билан ахборот тарқатмаслик ва “ифлос” технологияларни қўлламаслик тўғрисида қўшма декларация” қабул қилиш ташаббуси билан чиқишга урингандилар. Ҳужжатда “уни имзолаган муҳаррирлар, оммавий ахборот воситаларининг раҳбарлари ва журналистлар ўз нашрларида “қора пиар”дан, нохолисликдан, очиқ тарафкашликдан сақланишлари” кўзда тутилганди.

“...Турли сиёсий кучлар ўз ғаразли мақсадларини илгари суриш учун оммавий ахборот воситаларини ишга солишга уриниб кўришлари мумкин. Бунда босим ўтказиш воситаси сифатида журналистларни қўрқитиш, компаниялар раҳбарларини сотиб олиш ва ёлғон хабар тарқатиш каби “ифлос” технологиялардан фойдаланилиши мумкин, - дейилганди Декларацияда. – Биз, журналистлар, сиёсий партияларнинг, алоҳида сиёсатчиларнинг, жамоат арбобларининг соғлом рақобатини маъқуллаймиз ҳамда оммавий ахборот воситаларидаги кишиларни обрўсизлантирадиган материаллар ва “ифлос” технологиялар урушига қатъиян “Йўқ!” деб жавоб берамиз. Биз ўз касбий мажбуриятларимизни виждонан бажаришга ҳалақит бериши мумкин бўлган сохталаштиришларга, маъмурий ресурслардан фойдаланишларга, сотиб олишларга, фитналарга, одамларни камситиш ва обрўсизлантиришга, ахборот қамалига қарши тўсиқ қўйишга тайёрмиз”.

Айтиш керакки, бу ташаббус журналистлар ҳамжамиятида фаол қўлловга эга бўлмади ва таклиф қилинган ҳужжатни, асосан, русийзабон ва ҳукуматпараст ОАВдан иборат ўнтача таҳририят имзолади, холос.

Мавжуд “бузғунчи” журналистика ўрнига “яратувчан” журналистикани шакллантириш зарурлиги тўғрисида “Қирғизистон жанубидаги оммавий ахборот воситаларида этник чидамлиликни жорий қилиш” лойиҳаси доирасида Ўшда ўтказилган семинар-тренинглар иштирокчилари ҳам гапирдилар.

Этник журналистика соҳасида эксперт бўлган россиялик тарих фанлари доктори Вера Малькованинг жамиятда интолерант (чидамсиз) журналистиканинг бузғунчи кучидан огоҳлантириш зарурлиги ҳақидаги фикрини қирғизистонлик журналистлар маъқуллаш билан қабул қилдилар. Россиялик олима Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида журналистлар учун ўтказилган мастер-класс чоғида мазкур муаммо юзасидан ўз қарашлари билан ўртоқлашди.

Бироқ Қирғизистон жанубидан бўлган журналистлар миллатлараро масалалар уларнинг кўпчилиги учун “ёпиқ” мавзу бўлиб ҳисобланишини тан олдилар. Уларнинг кўпчилигини бу мавзу юзасидан халқаро ташкилотлар ўтказиб турадиган танловлардаги яхшигина мукофотлар ҳам рағбатлантира олмайди. “Бу хавфсиз иш эмас”, “Буни тўғри тушунмайдилар”, “Ортиқча муаммо туғдиришнинг нима ҳожати бор”, “миллатлараро муносабатлар бусиз ҳам таранг ўзи...” – улар бу мавзудан ўзларини четга тортишларини ана шу тариқа изоҳлайдилар.

“АКИпресс-Фергана”нинг қирғизча бўлими муҳаррири Зинақан Пасановага кўра, ҳудуддаги ОАВнинг бу мавзу юзасидан материаллари асосан информацион характерга эга бўлиб, миллий озчиликлар турмушидаги воқеалар ҳақида қисқача ахборот бериш билан чекланади. “Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати мухбири Сабир Абдумўмуновга кўра, ҳозирда Қирғизистон жанубида чегараолди муаммолари шу қадар долзарбки, мамлакат ичидаги миллий масалалар “сояда қолиб кетаяпти”. Миллатлараро ички нифоқлар эса, асосан, сайловчилар номзодларни унинг миллий мансубиятидан келиб чиққан ҳолда танлайдиган сайловлар кампанияси пайтидагина юзага келади.

Қирғизистон Фанлар академияси жанубий бўлими миллатлараро муносабатлар сектори мудираси Антонина Захаровага кўра, ҳудуддаги оммавий ахборот воситалари “ҳодисадан келиб чиқиб” ишлайдилар, яъни улар аллақачон содир бўлган воқеалар ҳақидагина хабар қиладилар, аммо улар “зиддиятлар юзага келгунга қадар миллатлараро муаммоларни кузатиб борсалар ва ёритсалар яхши бўларди”.

Бироқ ҳамма журналистлар ҳам жамиятда ижобий ўзгаришларни илгари суриш лозим, деган фикрда якдил эмаслар. Масалан, ўшлик журналист Алмаз Исманов “журналистлар [жамиятда юзага келган мураккаб вазият учун] айбдор эмаслар ва улар мамлакатдаги вазиятни яхшилашга мажбур эмаслар”, деб ҳисоблайди. “Биз борини ёритамиз. Тобора авжланаётган тижоратлашув қабатида ижтимоий роликлар ва диний тарбия ОАВ учун фойда келтирмайди, - деди у. – Муштарий биздан жанжал-тўполон, миш-миш ва шов-шувларни талаб қилаяпти”.

Жалолободлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумалик Шарипов журналистларни ўз мақсадлари эришиш йўлида ҳудудий ва миллий қарталардан фойдаланаётган сиёсатчилар қўлида воситага айланиб қолган, деб ҳисоблайди. “Шунинг учун ҳам бунақа даҳшатли нарсаларни ёзгандан кўра, ёзмай қўя қолиш афзалроқ”, - деди у ОАВдаги чидамсиз мақолаларни назарда тутган ҳолда.

“Касбий маҳорат даражасининг пастлиги, салоҳиятсизлик ва қонунларни билмаслик журналистларни ана шундай фосиқона мақолалар ёзишга ундайди”, - деб ҳисоблайди Жалолобод вилоят маъмуриятининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича бўлими мудири Ўрўзали Қарасартов. ОАВдаги ижтимоий мавзуларнинг бенафлиги ҳақидаги масалага тўхталар экан, у бунақа материаллар, агар сифатли бажарилган бўлса, муштарийга ёқишини қайд этди.

Журналист Алима Шарипова “ёвузлик илдизи”ни нимада кўриш лозимлиги ҳақида гапирар экан, “бугунги кунда [мамлакатда] ҳокимият тепасига ҳатто омма олдидаги чиқишларида ҳам сўзларни танлаб ўтирмайдиган, унча чидамли (толерант) бўлмаган кишилар келдилар”, деди. Мисол тариқасида у Ўш шаҳар кенгаши депутати Акимбаевнинг яқинда маҳаллий телевидение орқали намойиш қилинган интервьюсини келтирди. Депутат шаҳар аҳолиси кўпайиб бораётганини қайд этаркан, “мен бу ўсиш қирғиз миллатига мансуб кишилар ҳисобига бўлмаётганидан аччиқландим”, деган. “Биз минг йиллардан буён бирга яшаганмиз, 90-йилларда эса биз тўсатдан бир-биримизга ташланиб қолдик, - деди журналист аёл 90-йилдаги Ўш воқеаларини назарда тутган ҳолда. – Кейин бизни ҳокимият яраштириб қўйгани йўқ, биз – икки халқ яна бир-биримизни топдик, зеро, биз бир-бировимизсиз яшай олмаймиз”. Шариповага кўра, ўзбек жамоатчилиги ўз она тилига расмий мақом бериш талаби билан чиққанида буни кескин қоралаган парламентнинг айрим депутатлари ва мамлакат президенти ҳам ўзларини чидамсизларча тутганлар. “Муаммо кўтарилганидан кейин уни аввал маданий йўллар билан муҳокама қилиб, кейин қарор қабул қилиш керак эди”, - дейди у.

Қайд этиш жоизки, ўзбек жамоатчилигининг икки йил аввал бўлиб ўтган тинч намойишидан кейин (ўшанда Қирғизистонда ўзбек тилига расмий мақом бериш ҳақида талаб янграган эди) мамлакатда кўпчиликни ташкил қилувчи этник гуруҳлар бўлмиш қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги келишмовчилик хатарли тус олган. Бунда маҳаллий давлат оммавий ахборот воситалари ҳам анча роль ўйнаганлар. Маҳаллий расмийлар сиёсатига бўйсунган бу ОАВ кўпинча бирёқлама – митинг ва умуман, ўзбек жамоатчилиги ҳақида айбловчи оҳанг билан ахборот бергандилар. Ҳолбуки, Жалолобод вилоят губернатори иштирокида ўтган бу митинг ҳақида Қирғизистон ОАВда пайдо бўлган биринчи хабар анча позитив характерга эга бўлганди. Этник тарангликнинг ўсишига расмийлар ҳам кам жавобгар эмаслар. Бу воқеадаги энг ачинарли нарса маҳаллий ОАВнинг ҳам, республика ОАВнинг ҳам ўйлаб-пишитилмаган сиёсат қуролига айланиб қолганлари бўлди, бу эса жамиятда жиддий тўқнашув сабабига айланиб қолиши мумкин эди.

* * *

Аснода, республика ИИВ маълумотларига кўра, Қирғизистонда миллатлараро низо асосида юзага келаётган нохуш ҳодисалар сони кўпаймоқда. Яқинда Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) мажлисида иштирок этган ички ишлар вазири Бўлўтбек Нўғўйбаев ўз нутқида, агар 1999 йили мамлакатда миллатаро низо чиқариш юзасидан бор-йўғи ўн учта ҳодиса қайд этилган бўлса, 2000 йилда бу кўрсаткич етмиш тўрттага етганини, ўтган йили эса юз етмишга яқин шундай ҳодиса рўй берганини қайд қилди. Шунингдек, вазир 1999 йилдан 2006 йилгача республикада миллатлараро низо чиқариш билан боғлиқ бўлган етти юздан зиёд жиноий иш қўзғатилганини ҳам маълум қилди.

Қирғизистон ИИВ раҳбари парламент аъзоларига Жиноят кодексига экстремистик ва террорчилик фаолияти учун жазони кучайтиришни кўзда тутувчи ўзгартиш ва тўлиқлашлар киритиш бўйича лойиҳани тақдим этди. Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда ўзбек жамоатчилиги томонидан расмийлар олдига қўйилаётган талаблардан бири кишиларни миллий асосда камситиш ва миллатлараро низо чиқариш учун жиноий жавобгарликни кучайтириш бўлиб ҳисобланади.