12:50 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Нукус музейи: Давомли офат марказидаги санъат омбори

08.07.2007 23:52 msk

А. Ажамов

ХХ аср рус ва совет рассомлари картиналарининг репродукциялари ҳамда И.Савицкий портрети – И. В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейи (Нукус шаҳри) веб-сайтидан олинди.

Игорь Савицкий. Фото с сайта музея
Игорь Савицкий (1915-1984). Музей сайтидан олинган фотосурат

НУКУС, Қорақалпоғистон. – Рус санъати Шиндлери Игорь Савицкий экологик офат тинкасини қуритган овлоқ жойда маън қилинган минглаб санъат дурдоналарини сақлаб қолган.

Силми ва ё саратон? 1984 йил эди, Москвадаги энг тажрибали шифокорлар Ўрта Осиёнинг номини талаффуз қилиш бўлган вилоятидан келган рус чол ўзи “формалин” деб айтмагунича, унинг нимадан сўлиб бораётганини тушуна олмай гаранг эдилар.

Совет археологлари осори атиқаларни кўпинча заҳарли қоришмада қайнатиш йўли билан тозалардилар. Қорақалпоғистондаги санъат музейининг 69 ёшли директори Игорь Савицкий эса бу ишни ҳаддан зиёд қиларди.

Дори-дармон ва кислород билан даволаш кор қилмади, Савицкий орадан икки ой ўтгач, вафот этди. У ўзи ташкил этган музейда тўқсон минг экспонат қолдирди - бу саноқ чангга ботган Қорақалпоғистон пойтахти бўлмиш Нукус аҳолисидан сал камроқ эди. Экспонатларнинг ярмидан кўпроғи 1910-1930 йилларда яшаб ижод қилган рус ва совет авангардчи рассомларининг ишларидир.

Алексей Моргунов. Зрители
Алексей Моргунов. “Томошабинлар”

“Савицкий бу ерга 50-йилларнинг бошларида келган ва келибоқ бу мамлакатни севиб қолган”, - дейди унинг ўрнига директор бўлган Мариника Бобоназарова.

Агар Пикассо ва Гоген Африка ёки Таитида илҳом излаган бўлсалар, рус рассомлари учун Шарққа интилиш табиий эди. Аввал бу Кавказ бўлди, кейин эса Ўрта Осиё.

Савицкий биринчи марта Қорақалпоғистонга Амударё қуйисида кўҳна Хоразм ҳазораси қолдиқларини қидираётган археологик экспедиция рассоми сифатида келиб қолган. Савицкийни қорақалпоқларнинг амалий санъати ҳайратда қолдирган.

1966 йили Савицкий Қорақалпоғистон санъат музейи таъсис этилишига эришди ва унга директор бўлди – дастлабки йилларда бу ерда у якка ўзи ишлади. У ўз ҳисобидан музейга берилган бинони таъмирлади ва Қорақалпоғистон қишлоқларини тинмай айланаверди, бу қишлоқларда у музей номидан тилхатлар ёзиб бериб, юзлаб экспонатларни сотиб олди.

Владимир Комаровский. Семейный портрет
Владимир Комаровский. “Оилавий портрет”

“Биз [у сотиб олган] сўнгги экспонатнинг пулини 1992 йилда тўладик”, - дейди Бобоназарова. - “Аммо одамлар ва амалдорлар унга ишонардилар”.

Ўша йилларда Кремль Ўрта Осиёда пахтачиликни жонлантириш ҳақида қарор қабул қилди. Дашт ва чўллардан юлиб олинган Амударё ва Сирдарё сувлари пахта далаларини суғориш учун ишлатиларди. Устига устак, Челябинскдаги бактериологик қурол ишлаб чиқариш институти махфий равишда Нукусга кўчирилган, Орол денгизидаги ороллардан бири эса синов майдонига айлантирилганди. Қорақалпоғистон чет элликлар учун мутлақо ёпиб қўйилди, аммо Савицкий ўз қидирувларида давом этарди, у бошқача – маън қилинган санъат дурдоналарини топди.

1910-1920-йиллардаги рус авангарди Пикассони эскириб қолган, деб ҳисобловчи ҳамда сюжетлилик ва табиатга тақлиддан узилган абстракционизмни биринчи бўлиб ривожлантирган оқимлар ва гуруҳлар гирдоби бўлган. 1917 йилдаги инқилобдан сўнг “буржуа” анъаналарига таг-томири билан қуритишга ҳаракат қилган коммунистлар иконачиликка қарши курашган рассомларни қўллаб-қувватладилар.

Валентин Юстицкий. Группа с рыбой
Валентин Юстицкий. “Гуруҳ балиқ билан” (лавҳа)

Аммо 1930-йиллар бошига келиб Сталин марказлашган Рассомлар уюшмасини таъсис этишга буйруқ берди, бу ерда партия томонидан маъқулланган ва йўналтирилган социалистик реализм доирасидагина ижод қилишга рухсат бериларди. Ўз санъатини пролетар оммасига тушунарлироқ қилишдан бош тортган рассомларга формалист тамғаси ёпиштириларди ёки улар халқ душмани сифатида йўқ қилинардилар.

Кўпчиликни ҳисбга олдилар ва қатл этдилар, айримларини жиннихонага жўнатдилар ва жуда озчилик рассомлар СССРнинг пана-пастқамларидан хавфсизроқ бошпана топдилар. Бир маҳаллар шарқона тароватга эга бўлган Ўрта Осиё шу тариқа ижодкорларнинг ўзлари учун бўлмаса-да, уларнинг асарлари учун бошпанага айланди.

Савицкий ўзбек ва рус шаҳарларида авангардча холстларни қидира бошлади, у ерларда таъқиқланган рассомларнинг бевалари ёки қариндошлари уларнинг ишларини чордоқларда ёки ертўлаларда асрардилар. У замондош рассомлар ёки Малевич, Кандинский ёки Шагал каби авангард санъати усталари шогирдларининг энг зўр ишларини топди.

“У машҳур кишиларни қидирмаган, балки ҳатто Россияда ҳам маълум бўлмаган номларни кашф этганди”, - дейди М. Бобоназарова. - “У марказий музейлардан биронтаси ҳам ўз деворига осишга журъат қилолмайдиган полотноларни сотиб оларди”.

Дон Кихотча ҳаракат қилган директор вафот этган пайтда музей камтарона бинода жойлашганди, бу ерда у томонидан йиғилган ишларнинг жуда оз қисми қўйилганди, аммо кўп ишлар ерости сувларидан захлаб кетган ертўлаларда сақланарди.

“Бу ерда таъмирталаб бўлган юзлаб ишлар бор”, - дейди музейда қирқ йил ишлаган рассом ва таъмирчи Альвина Шпаде. У Савицкий кашф қилган Евгений Лисенконинг асарини эҳтиёткорлик билан таъмирлаб, тиклаётибди. Бу рассомнинг “Буқа”си музейнинг норасмий рамзига айланган.

Қайта қуриш бошланиши билан Қорақалпоғистон ва унинг эндиликда Савицкий номи билан аталадиган бош музейи дунё учун юз очди.

“Эл Гор музейга ташриф буюрган биринчи чет элликлардан бўлган”, - дея хотирлайди Бобоназарова. АҚШнинг ўша пайтдаги вице-президенти махфий бактериологик институтни ўрганиб чиққан ва музейда бир неча соат бўлган.

1998 йили Нью-Йоркдан келган махсус учоқ Нукусга саксон бешта рассом ва танқидчиларни олиб келган. Улар коллекцияни кўриб довдираб қолганлар ва бирор нарса сотиб олиш иштиёқида ёна бошлаганлар. Аммо ойига бир неча доллар оладиган музей ходимлари бу ҳақда ҳатто гаплашишни ҳам истамаганлар.

Чет элликлар билан бирга Қорақалпоғистонга молиявий ёрдам ҳам оқиб кела бошлаган, аммо унинг катта қисми экологик офатни олдини олишга сарф этилган.

1990-йиллар охирига келиб Орол денгизи ўз майдонининг тўқсон фоизини йўқотган, қуриган денгиз туби чўлга айланган, ундан миллионлаб тонна заҳарли туз чанги ажралиб чиқади. Ўлимга олиб борувчи қатор хасталиклар умр давомийлигини қисқартирган, ўлим ҳақида гувоҳнома берувчи шифокорлар кўпинча саратон ёки сил касалидан бирини танлашларига тўғри келарди.

Аммо музей ҳам назардан четда қолмаган. 2002 йили у Ўзбекистон ҳукумати томонидан қурилмиш ва халқаро ташкилотлар томонидан жиҳозланмиш уч қаватли янги бинога кўчиб ўтган.

“Ҳатто бу ерда ҳам биз бутун коллекциянинг фақат уч фоизинигина намойиш қила оламиз”, - дейди Бобоназарова.

СССР тарқатилганидан ва Савицкий вафот этганидан кейин музей янги нарса сотиб олгани йўқ – бир тўда чет эллик сайёҳлар ва савиясини ошириш учун ҳайдаб келинган бир тўп мактаб ўқувчиларидан бошқа бу ерга ҳеч ким келмайди, музейда замонавий санъат асарларини сотиб олиш ё ёқда турсин, ҳатто янги лампочка сотиб олишга ҳам маблағ йўқ.

“Савицкий бу коллекцияни йиғиб кетган ва бизнинг вазифамиз уни сақлаб қолишдан иборат”, - дейди Бобоназарова. - “У ҳар доим бу коллекцияни кўриш учун ҳатто Париждан ҳам одамлар келишларини таъкидларди. Худди шундай бўлди ҳам”.

БИР НЕЧА РАССОМ

Евгений Лысенко. Бык
Евгений Лисенко. “Буқа”

Евгений Лисенко (1930 - ?) биринчи марта Ўзбекистонга 1918 йилда келган ва 1920-йиллар охирида бу ерда ўрнашиб қолган. Унинг таржимаи ҳоли юзасидан тафсилотлар маълум эмас, ишларининг катта қисми йўқолган. У умрининг охирги йилларини Волгабўйидаги шаҳарчада оғир касал ва ярим фалаж ҳолида ўтказган.

Савицкий унинг тўртта ишини топган – уларни чордоқда сақлаганлар, биттаси билан эса томдаги тешик тўсиб қўйган эканлар. Санъатшунос Элмира Ғозиева Лисенконинг омон қолган ишларини Кандинский ва Малевичнинг энг яхши ишлари билан тенг, деб ҳисоблайди.

Александр Волков. Чайхана
Александр Волков. “Чойхона”

Александр Волков (1886 – 1957) Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳрида туғилган, Москва ва Киевда ўқишни битиргандан сўнг Ўзбекистонга қайтган. У кубистларнинг топилдиқларини шарқона мотивлар билан бойитган ва ўзбекистонликлар рассомларнинг бутун бошли авлодини тарбиялаган.

Михаил Курзин. Композиция
Михаил Курзин. “Композиция”

Муроса билмас Михаил Курзин (1988 - 1957) соцреализмни инкор қилган ва “халқ душмани” сифатида лагерларда ҳаммаси бўлиб 18 йил юрган. У Бухорода ўтроқлашиб қолган, у очликдан ўлар ҳолатда кун кечирган, аммо 1957 йилда саратон туфайли вафот этмагунича ишлашдан тўхтамаган.

Надежда Боровая. Наши дети на прогулке
Надежда Боровая. “Болаларимиз сайрда”

Савицкий Надежда Бороваянинг қаламда чизилган, рассом аёлнинг Сибирь сургунида кўрган лавҳалари тасвирланмиш расмларини сотиб олган пайтда Қорақалпоғистон маданият вазирлигидаги ўз раҳбарларига бу картиналар нацистларнинг концлагерларидан “илҳомланиб” чизилган, дея ёлғонлашга мажбур бўлган экан.

“Кейинчалик у менга ҳақиқатни айтиб берди, аммо менинг унга ишонгим келмасди”, - дейди Бобоназарова. – “Қайта қуришгача биз ГУЛАГ ҳақида ва сталинча қатағонларнинг авж палласи тўғрисида ҳеч нарса билмаганмиз”.

Усто Мумин. Жених
Уста Мўмин. “Куёв”

Москвалик рассом ва Малевичнинг шогирди Александр Николаевни Шарқ бутунлай ўзига ром қилиб олганди. Николаев Ўзбекистонга 1920-йилларда келган ва Ислом динини қабул қилган. У Уста Мўмин лақабини олди, авангардни мусулмон санъати анъаналари билан қўшиб юборган бадиий гуруҳ - Янги Шарқнинг Усталаридан бирига айланди.