23:10 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Россия Ўзбекистоннинг муҳожирлари, гази, урани ва учоқлари билан қизиқаётганини яна бир маротаба намойиш қилди

05.07.2007 16:59 msk

ОАВ хабарлари асосида

Россия бош вазири биринчи ўринбосари Сергей Ивановнинг 4 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистонга хизмат сафари чоғида ҳар иккала давлат учун муҳим бўлган қатор ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳужжатларнинг катта қисми муҳожирлик соҳасига дахлдор бўлди.

“Бу ноқонуний муҳожирликка қарши курашда ҳамкорлик ҳамда Россия ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган меҳнаткаш муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича тузилган ҳукуматлараро битимлардир”, - дея маълум қилди Россия федерал муҳожирлик хизматининг раҳбари Константин Ромадановский журналистларга.

Меҳнат фаолияти ва иккала мамлакат фуқаролари ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим 19 моддадан ташкил топган бўлиб, у ўзга давлат (Россия ёки Ўзбекистон) ҳудудида вақтинча ишлаётган муҳожирларни, уларнинг жинси, ирқи, тили, дини, сиёсий ва бошқача қарашларидан, бошқа исталган белгиларидан қатъий назар, ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг меҳнат фаолияти масалаларини тартибга солади. Бу иш иккала мамлакат қонунчилигига мувофиқ равишда олиб борилади.

Шу билан бирга, Россия ва Ўзбекистон ноқонуний муҳожирларга қарши биргаликда курашиш юзасидан ҳам келишиб олдилар, аммо бунинг учун ҳар иккала мамлакат ҳам қўшимча ҳужжатларни қабул қилиши керак. Битимнинг сўнгги банди – бу ҳалол ишлаётган муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир (маош, ижтимоий пакет ва ҳ.).

Ромодановскийга кўра, ўтган йилнинг ўзидаёқ Россияга Ўзбекистондан 500 минг ишчи келган. Россия ФМХ раҳбари Ўзбекистон билан янги битимларнинг имзолангани Россиянинг ЕИ мамлакатлари билан визасиз тартиб жорий қилиниши томон қўйилган яна бир қадам бўлганини таъкидлади. “Бу ерда бизнинг Европа Иттифоқи билан тузган битимларимизни амалга ошириш унсурлари бор”, - дея изоҳ берди Ромодановский Европа Иттифоқи Россиянинг бу каби битимларни МДҲ мамлакатлари билан ҳам тузишини талаб қилаётганини қайд этаркан.

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиеёв билан бўлган учрашуви чоғида Сергей Иванов Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига ётқизилажак сармоя миқдорини ошириш ниятида эканини маълум қилди. Шу билан бирга, унга кўра, ушбу вазифани амалга ошириш учун яқинда ташкил этилган Тараққиёт банки ишга солиниши керак. Шунингдек, С. Иванов сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошганини қайд этди. Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили у 2005 йилдагига нисбатан 42 фоиз ошиб, 3 млрд. долларни ташкил қилган.

Шавкат Мирзиёев 2007 йилда Россия билан бўлган товар айирбошлаш 5 млрд. долларга ошишини ваъда қилди. Бироқ, унга кўра, “имконият анча катта ва кўламлироқ, товар айирбошлаш кўпайгандан кўпайиши керак, бунинг учун барча имкониятлар мавжуд”. У ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида ЁЭК, телекоммуникациялар, транспорт, озиқ-овқат саноати, фан ва техника, таълимни санаб ўтди.

ЎзА хабарига кўра, ҳозирги пайтда икки мамлакат сармояси иштирокида Ўзбекистонда 450 дан ортиқ, Россияда эса 300 га яқин қўшма корхоналар фаолият юритмоқдалар. Хом ашё билан биргаликда Ўзбекистондан Россияга асбоб-ускуна, транспорт воситалари ва юқори технологияли бошқа маҳсулотлар экспорт қилинмоқда. Россиядан Ўзбекистонга транспорт воситалари, металлни қайта ишлаш ва целлюлоза-қоғоз саноати маҳсулотлари импорт қилинади.

Россия томон Ўзбекистонга бу мамлакатда қазиб олинган уранни Россия ҳудудида, жумладан, Ангарскдаги халқаро марказда бойитишни ҳам таклиф қилди. С. Иванов бу марказга “бир қатор мамлакатлар кириб бўлган”ини эслатди ва “Ўзбекистон учун бундан келадиган фойда хом ашё сотишдан келадиган фойдадан кўра кўпроқ бўлади, чунки бойитилган ураннинг қўшимча қиймати катта”, дея ишонч билдирди.

Авиация саноати жабҳасида ҳам Россия билан Ўзбекистоннинг қўшма режалари бор. 4 июль куни “Ильюшин” авиамажмуаси бош директори Виктор Ливанов Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари иштирокида В. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси билан Иордания учун Ил-76МФ русумли иккита ҳарбий-транспорт учоғини йиғиб бериш ҳақида шартнома имзолади. “Гап иккита учоқ ҳақида боргани йўқ, албатта, балки давлатларимиз авиация мажмуаларининг узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида борди, - дея маълум қилди Сергей Иванов. – Россия томон бу соҳада бундан буёнги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистонни қизиқтирган қатор таклифларни берди”.

Ўз ташрифи давомида Сергей Иванов Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қабулида ҳам бўлди. Томонлар бир-бирларига бунақа пайтларда айтиладиган илиқ сўзларни айтдилар. “Агар Россия-Ўзбекистон муносабатларига баҳо бериш керак бўлса, мен уни уч жумлада баён қилган бўлардим - бу ҳамжиҳатлик, динамизм ва ўзаро алоқаларимиздаги катта истиқболлардир”, - дея қайд этди республика раҳбари.

Ўз навбатида, Россия бош вазирининг ўринбосари Россия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг асосий ҳамкорларидан деб билишини, ташрифдан кўзланган асосий мақсад эса ўзаро фойдали муносабатларни янада ривожлантиришнинг янги имкониятларини кўриб чиқишдан иборат эканлигини таъкидлади. Хусусан, у юқори технологиялар соҳасида илмий-амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун икки томонда ҳам катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.



 

Реклама