05:46 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Волгабўйи аҳолиси муҳожирларга “ижобий” қарайдилар, аммо бундан уларнинг бошлари кўкка етаяпти, деб бўлмайди

04.07.2007 23:05 msk

Владимир Лунин

Волгабўйи ҳудудларига бошқа мамлакатлардан иш ва турар-жой қидириб келганларга нисбатан маҳаллий аҳолининг муносабати анча тузук. Айниқса, Кондопогадаги воқеалар эсланганда ёки Москва округларидан бирида миллати рус бўлмаган шахслар билан навбатдаги муштлашув содир бўлгани ҳикоя қилинган телеянгиликларни кўрилганда, бунга янада кўпроқ амин бўласиз. Ҳа, Волгабўйида миллатлараро низо қабатида оммавий тўполонлар қарийб содир бўлмайди. Бунинг асосий сабабларидан бири бу ердаги республика ва вилоятларнинг кўпмиллатли экани бўлса керак.

“Вася, қарагин, ёввойи кепти!”

Руслар, татарлар, чувашлар, марилар, мордвинлар кўп асрлардан буён ёнма-ён яшашга кўникиб қолганлар. Улар болаликдан бир-бирига нисбатан яхши муомалада бўлишга ўрганганлари учун тирикчилик важидан бу ерларга мажбуран келиб ишлаётган ўзбеклар ва тожикларни ўз ерларидан ҳайдаб чиқаришга иштиёқманд эмаслар.

Шундай бўлса-да, Волгабўйидаги муҳожирларга нисбатан муносабат ҳақида мулоҳаза юритар эканмиз, уларнинг бу ёққа келишларидан маҳаллий аҳолининг боши кўкка етаяпти, деб айтолмаймиз. Ахир миллатчиликнинг ҳеч қанақа қонунлар билан маън қилинмаган, аммо анча хавфли бўлган тури – маиший миллатчилик ҳам бор-да. Айрим оилаларда кишига болаликдан бошқа миллат вакилини ҳурмат қилмаслик уқтирилади, бегона тил устидан кулинади, мурғак гўдакка “сен тараққий қилганроқ миллат вакилисан”, дея тенгдошлардан устунлик ҳиси сингдирилади. Шу ўринда қуйидаги латифа ёдга тушади: “Москвалик икки уйсиз дайди аэропортда ётишибди. Шу пайт учоқ қўниб, трапдан чиройли костюм кийган, бўйинбоғ таққан, қўлида таёқ ушлаган ҳабаш тушиб келибди. Буни кўрган бир дайди иккинчисини нуқиб: “Вася, ҳов, Вася, қарагин, ёввойи учиб кепти!” – дермиш”.

Волгабўйи ҳудудларига келаётганларни хушламаган кишилар сони камайгани йўқ, албатта, аммо эндиликда бошқа ерликларнинг бу ерда юриши юзасидан норози бўлиш бошқачароқ тусга эга бўла бошлади. Худога шукрки, уруш-жанжал йўқ. Бу норозиликлар, асосан, ўтиришлардаги майда-чуйда гаплар, интернет-форумлардаги мулоҳазалар шаклида ифодаланаяпти. Ушбу сатрлар муаллифи “Сиз муҳожирларга нисбатан қандай муносабатдасиз?” мавзусида фақат виртуал фазодагина эмас, балки реал фазода ҳам бир неча сўровлар ўтказган.

Талабалар учун тананинг ранги муҳим эмас

Ўтган йил охирида Чувашия олийгоҳлари талабалари ўртасида сўров ўтказилганди. Унинг мақсади ёшларнинг келгиндиларга, бошқа миллат ва дин вакилларига нисбатан қарашларини аниқлаш бўлганди. Бу ишда менга Чебоксаридаги “Дело Молодое” ёшлар уюшмаси фаоллари ёрдам бердилар.

Сўровда, асосан, И. Н. Ульянов номидаги Чувашия давлат университети ҳамда И. Я. Яковлев номидаги Чувашия давлат педагогика университетининг 16 ёшдан 22 ёшгача бўлган талабалари иштирок этганлар.

221 респондентга қуйидаги саволларга жавоб бериш таклиф қилинган:

1. Мен танасининг ранги бошқа бўлган кишиларга қандай муносабатдаман?

2. Менинг бошқа дин вакилларига муносабатим қандай?

3. Бошқа мамлакатдан келган киши билан дўст тутина оламанми?

Маълум бўлишича, тана ранги сўров иштирокчиларининг ярми учун ҳеч қандай роль ўйнамас экан. 35 фоиз талаба эса бошқа ирқ вакилларини хушларкан. 30 фоиз талаба эса бошқа диндаги кишиларга ижобий қарарканлар. Талабаларнинг 55 фоизи бошқа динлар вакилларига чидамли муносабатда эканлар. Сўралганларнинг 60 фоизи эса бошқа мамлакатдан келган меҳмон билан дўстлашишга тайёр эканлар.

Бир томондан, сўров натижалари кишини хурсанд қилади. Аммо университет аудиториясида ўқитувчининг сергак нигоҳида анкета саволларига жавоб бериш бошқа, респондентларнинг ижтимоий мақоми олий маълумот олаётган кишилар билан чекланмай, сўров иштирокчилари имкон қадар очиқ ва аноним бўлишлари бошқа. Бу, одатда, умумжаҳон глобал тармоғининг фойдаланувчилари сўровга жавоб бераётган пайтда содир бўлади.

Мен Волгабўйидаги икки ҳудуд – Чувашия Республикаси ва Нижегородск вилояти форумларида мавзулар очдим. Агар биринчи ҳудуд икки расмий тилга эга бўлган кўпмиллатли республика бўлса, иккинчиси руслар нисбатан кўпроқ яшайдиган вилоят эди. Бу икки субъект виртуал фойдаланувчилари фикрини солиштириш мен учун қизиқ бўлди.

Муҳожирлар ўз уйида

Муҳожирларнинг Россияда юриши устидан назоратни кучайтириш керак, деб ҳисоблайди Чувашияда сўралганларнинг 42,86 фоизи. Истаганча яшайверсинлар, асосийси, қонунга риоя қилсалар бўлгани – 28,57 фоиз сўралганларнинг фикри шундай. Россияга меҳнат муҳожирларини жалб этиш керак, - деб ишонади респондентларнинг 19,05 фоизи. Уларга Россияда ўрин йўқ, - деб ҳисоблайдилар сўралганларнинг 9,52 фоизи. Эътиборга сазовор жойи шундаки, “Менга барибир” вариантини бирорта ҳам киши танламаган. Демак, муаммо мавжуд ва унга нисбатан ҳеч ким бефарқ эмас.

Чебоксаридан бўлган, ўзи ҳам муҳожирликни бошдан ўтказган “Продвинутий” лақабли фойдаланувчи эътиборга лойиқ фикр айтибди: “2002 йилда Москвада расман қайддан ўтаётгандим, менга қоғоз берган зобит (ё майор, ё капитан): бу дейман, сизларни Чувашияда боқишмай қўйган шекилли, бир ҳафта ичида ўнинчи одам келиши, дея тўнғиллаб қўйди”.

Нижегородск форумидаги виртуал овоз бериш натижалари ҳам қизиқ бўлди. Бу ерда Россияга меҳнат муҳожирларини жалб қилиш кераклигини ёқлаб бирорта ҳам (!) киши фикр билдирмаган. Илло, овоз берганларнинг 21,74 фоизи “Россияда келгиндиларга ўрин йўқ”, деб ҳисоблайди. 43,48 фоиз киши мамлакатимизда келган муҳожирлар устидан назоратни кучайтиришга чақиради. 34,78 фоиз киши бошқа мамлакатдан келганлар Россияда қонунларга риоя қилгандагина яшашлари мумкинлигини ёқлаб овоз берганлар.

Муҳожирларнинг мамлакатимизга оқиб келишини нижегородсклик форумчилар қуйидагича изоҳлайдилар. Форумнинг кунда-шундаси Мумрик: “Нима учун бу ерга тўп-тўп бўлиб келаяптилар? Чунки улар бизнинг ожизлигимизни биладилар. Бунинг учун форумимизга кўз ташлаш кифоя. Бизнинг форумчиларга нима керак? Қонуний банг моддаси, қонуний фоҳишабозлик, битта жинсдаги кишиларнинг никоҳланишига рухсат, пикап, свинг керак... Келгиндиларга эса бу керакмас. Уларга садоқатли ва “уйим-жойим” дейдиган хотину бештача бола керак. Улар жонларини жабборга бериб бўлса ҳам хотини ва бола-чақасини боқадилар. Ёки яна бошқа бир мисол. Исталган кураш ёки бокс секциясига кириб кўринг. Шуғулланаётганларнинг кўпчилиги (айниқса, кичик гуруҳларда) кимлар? Кавказликлар! Бизникилар қаёқда? Ана улар – Звездинкада, Ассамблеяда, Горький майдонида. Ялло қилиб юришибди. Пиво, сигарет, писта. Кейин эса “Келгиндиларни ҳайдаб солиш керак, улар бу ерда ўз тартибларини жорий қилиб олишаяпти!” дея қичқира бошлаймиз. Қичқирмоққа на ҳожат? Табиат бўшлиқни севмайди ва ожиз ўрнига кучли келаверади”.

Ҳақиқатан ҳам табиат бўшлиқни севмайди. Омадсиз хўжайинлар ўрнини омадлироқлар эгаллайди, ишламайдиган маҳаллий аҳоли ўрнига озгина пулга оғир ва керакли ишни бажаришга тайёр бўлган муҳожирлар келади. Дарвоқе, уларни хориждан келган ишчиларни жалб қилиш фойдалилигини тушунган ўша янги хўжайинларнинг ўзлари ишга таклиф қиладилар.

Сенинг ва Халифнинг мамлакати

Бегона юртга келган бошқа хорижликлар фалсафий муаммолар ҳақида камдан-кам бош қотирадилар. Одатда, муҳожирлар ўзларининг маиший масалаларини ҳал қилиш билан машғул бўладилар. Улар ўз турмушларини яхшилаш, ўз фарзандларининг муносиб ҳаёт кечириши учун ўлиб-тириладилар. Ҳар бир одам ўз шаҳрида, ўз кўчасида, қўшни хонадонда чет элликларнинг пайдо бўлишига ўзича ёндошади. Ақлли одамлар, албатта, муҳожирларни қўлларига болта олиб қувмайдилар. Муҳожирлик табиий жараён бўлиб, кўплаб ривожланган мамлакатлар учун хосдир. Дейлик, Канада ҳам чет эллик мутахассисларни ўз мамлакатига тобора кўпроқ жалб этишга ҳаракат қилаяпти.

Россияга муҳожирларнинг келиши кўплаб ҳамюртларимизни мамлакатдаги муаммолар ҳақида, уларни ҳал қилиш йўллари хусусида ўйлашга мажбур қилаётганининг ўзиёқ ижобий натижа деганидир. Бундан ташқари, яна бу муаммоларни ҳамжиҳатликда – қўшнингиз Халиф ва ҳамкасбингиз Муҳаммад билан биргаликда ҳал қилиш тўғрисида ҳам ўйласа бўлади. Ахир қонуний муҳожирлар мамлакатимизга астойдил ва узоқ вақтга келганлар, улар учун бу мамлакат кундан-кунга қадрдонроқ бўлиб бораяпти.