23:30 msk, 15 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон: Олмаотада “Муҳожирлар жамоати”нинг ўн аъзосига нисбатан ҳукм ўқилди

03.07.2007 14:05 msk

Ринат Сайдуллин

Олмаотада Қозоғистон янги тарихида энг шов-шувли маҳкамалардан бири бўлиши кутилган жараён тинчгина ва деярли сезиларсиз якунланди. Миллати уйғур бўлган, террорчилик гуруҳини тузганлик ва Қозоғистоннинг собиқ пойтахти марказида портлашлар тайёрлаганликда айбланган ўн киши судланувчилар курсисига ўтирдилар.

2006 йилнинг апрель ойида Иккинчи Евросиё медиафорумини ўтказиш кунлари Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) Олмаотада шу пайтга мўлжалланган қатор террорчилик ҳуружларининг олди олинганлиги ҳақида маълумот тарқатганди. Бу хабардан маълум бўлишича, бадният кимсалар гўё МХҚ, шаҳар ички ишлар бошқармаси ва молия полицияси биноларини портлатмоқчи бўлганлар.

Террорчилик ҳуружларининг олди олинганлиги ҳақидаги хабар Миллий хавфсизлик қўмитаси сайтида пайдо бўлган, кейин эса қатор нашрлар томонидан ёйинланган. Бироқ орадан уч-тўрт кун ўтгач, нимагадир бу хабар МХҚ сайтидан йўқолиб қолган.

Бу орада мазкур ишнинг айрим тафсилотлари маълум бўлди. Дастлаб гумонланувчи сифатида қирққа яқин одам қўлга олинган – уларнинг ҳаммаси этник уйғурлар бўлган. Уларнинг айримлари айбсизлиги туфайли қўйиб юборганлар ва улар ўша заҳотиёқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотига мурожаат қилганлар. Бу одамларга кўра, уларнинг террорчилик ташкилотига дахлдорлиги юзасидан айбловнинг асосий далили бу кишиларнинг кўпидан МХҚ, ШИИБ ва молия полицияси биноларининг қўлбола қилиб чизилган тузилиш схемаси ҳамда руслар ва яҳудийларга қарши “жиҳод” эълон қилиш чақириқлари битилмиш варақаларнинг топилгани бўлган. “Агар мен ҳатто экстремистлардан бўлган чоғимда ҳам, руслар ва яҳудийларга қарши жиҳод эълон қилиш менга нима учун керак?” – дея таъкидларди экстремист ўлароқ тахмин қилинган, қўлга олинганидан кейиноқ бўшатиб юборилган тадбиркорлардан бири. – “Жуда бўлмаганда, менда Хитойга нисбатан эътирозлар бўлиши мумкин эди”.

Ҳақиқатан ҳам Қозоғистон ва Қирғизистонга Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор районидан бўлган қочоқлар тез-тез ўтиб турадилар. ШУМРда уйғур аҳолиси истибдодда тутиш сиёсатига қарши кураш олиб боради ва бу кураш кўпинча энг ашаддий тусга эга бўлади. Расмий Хитой Қозоғистондан исёнкор ташкилотларга дахлдорликда гумон қилинаётган кишиларни топширишни талаб қилади. Баъзан Қозоғистон расмийлари Қочоқлар тўғрисидаги халқаро пактни айланиб ўтиб, бу ерга бошпана излаб келган шахсларни Хитойга бериб юборишга муваффақ бўлади. Масалан, бир йил муқаддам Хитойда туғилган икки уйғур Қозоғистондан йўқолиб қолганлар, бу одамларнинг қозоғистонлик қариндошлари уларнинг ўғирлаб кетилганлари ва махфий равишда депортация қилинганларига ишончлари комил, чунки уларнинг иши БМТ Қочоқлар иши бўйича Олий комиссариатида кўриб чиқилаётганди. Бошқа томондан эса Хитойдан бўлган уйғур ташкилотлари аъзолари хитойлик фуқароларга ҳужум уюштириб турадилар ва уларни Ўрта Осиё республикаси ҳудудида ўғирлаб кетадилар, бу ҳам мазкур мамлакатлар ҳукуматларини безовта қилмай қўймайди.

Террорчилик гуруҳи ҳақидаги сўнгги ишга келсак, бу ерда кўплаб саволлар туғилади. Маълумки, МХҚ ходимлари қирқта гумонланувчидан дастлаб ўнтасида тўхталганлар, уларни “Муҳожирлар жамоати” гуруҳини тузганлик ва террорчилик ҳуружларини тайёрлаганликда айблаганлар. Бу ўн кишидан иккитасини – Хитой фуқаролари Вофур ва Илимохуновни – Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари анчадан буён кузатардилар. Тергов улар билан бирга яна олти кишининг 2001 йилда тўлов олиш мақсадида иккита Хитой фуқароси ва битта Ҳиндистон фуқаросини ўғирлаб кетганини исботлаган. Бироқ бу ишда нимадир ўхшамаган ва ўғирланган кишилар ўлдирилганлар. Вофур ва Илимохунов Покистонга қочиб ўтишга улгурганлар, у ерда Қозоғистонда таъқиқланган “Туркистон Исломий партияси”га кирганлар, уларнинг шериклари эса қамалганлар. Қочиб кетган бу икки киши ҳибсдаги сафдошлари билан алоқада бўлиб туриш ҳамда уяли телефонлар ва Интернетдан фойдаланган ҳолда янги аъзоларни жалб қилишга муваффақ бўлганлар.

МХҚ тахминига кўра, улар Покистонда юрганларида янги ҳужумлар уюштиришни режалаштирганлар ҳамда уч кишининг оила аъзолари билан Вазиристондаги террорчиларнинг машқ лагерига чиқиб кетишига ёрдам берганлар. Бироқ Покистон расмийлари Илимохунов ва Вофурни тутиб, Қозоғистонга топширишга муваффақ бўлганлар. Шу тариқа, улар ўн судланувчи орасига тушиб қолганлар. Бироқ, агар бунда Хитой фуқаролари билан боғлиқ вазият анча-мунча тушунарли бўлса-да, қолган саккиз “террорчи”га берилган жазо уларнинг айбига мувофиқ эмасдай кўринади.

Маҳкама жараёни очиқ бўлиб, у қарийб бир йил давом этди. Қизиғи шундаки, унга “Азаттиқ” радиоси ва бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимидан ташқари бирорта ҳам маҳаллий оммавий ахборот воситалари қизиқиш билдирмадилар. Учинчи тинглов... судланувчиларнинг қариндошлари илтимосига кўра ёпиқ тарзда ўтказилди, шу сабабли ҳам бизда бўлган маълумот анча чекланган. Пировардида, гуруҳ ташкилотчилари (аввалги жиноятлари ҳам эътиборга олинган ҳолда) 22 ва 25 йилга озодликдан маҳрум этилдилар, қолганларга эса уч йилдан ўн бир йилгача берилди. Бир айбланувчига миллий низо қўзғаш чақириқлари билан чиққанлик, бошқасига эса тўппонча, иккита граната ва қўлбола портловчи мослама сақлаганлик айби қўйилган.

Қайд этиш ўринлики, тасарруфида иккита граната ва битта қўлбола бомбага эга бўлган ҳолда давлат маҳкамаларининг уч биносини портлатиш анча қийин иш. Бунинг устига, асли хитойлик бўлган ташкилот раҳбарларининг вазифаси уйғур аҳолиси кўп яшайдиган районда Хитой босқинига қарши курашиш бўлган эса, уларга Қозоғистон куч ишлатар тузилмаларига ҳужум қилиш нимага керак эди? Судда айбланувчилар улардан топилган қурол ва портловчи мосламалардан, шунингдек, ўзларининг Вазиристондаги террорчилар лагерида машқдан ўтганлиги ҳақидаги иқрорномаларидан бош торта бошладилар. Уларга кўра, Вазиристонга алдов йўли билан бориб қолганлар – улар диний таълим олиш учун у ёққа борганлар, портловчи мосламалар эса махсус хизмат ходимлари томонидан ташлаб қўйилган, иқрорномалар эса “жабран” олинган.

Бу саккиз судланувчига Покистон ҳудудида бўлганлик ва асосий мақсади Қозоғистон мусулмонларини Вазиристонга кўчириш бўлиб ҳисобланган “Муҳожирлар жамоати” террорчилик гуруҳи низомига риоя қилишга қасам ичганлик айби қўйилган. Бундан келиб чиқадики, бу саккиз киши исботланмаган ният-мақсадлари учун жазо муддатларини олибдилар. Қайд этиш лозимки, ҳатто экстремистик ташкилотларга аъзолик учун ҳам Қозоғистонда бундан кўра анча камроқ муддатлар бериларди.

Бу ўн уйғур устидан ўтказилган жараён тинч ўтишига расмийларнинг миллатлараро муносабат ва Хитойдаги уйғур муаммоси каби хавфли мавзуларни бўрттиришни истамаганлари сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди. Бу воқеага фақат энг расмий газета бўлмиш “Казахстанская правда”гина, шунда ҳам жуда эҳтиёткорлик билан муносабат билдирган бўлди.

Бошқа томондан эса ортиқча PR шу тобда Миллий хавфсизлик қўмитасига ҳалақит бермаган бўларди: ҳозир Назарбоевнинг куёви, қачонлардир Қозоғистон давлат хавфсизлиги қарийб бутунлай назорат қилган Рохат Алиев демарши билан боғлиқ равишда чекистларнинг мухолифат фаолларини обрўсизлантириш бўйича айрим махсус амалиётлари тафсилотлари юзага қалқиб чиқмоқда. Ҳатто санкцияларга қарамасдан, Африкадаги урушаётган мамлакатлардан бирига гўё сотиб юборилган учоқнинг Қозоғистон махсус хизмати томонидан қайтариб олиб келиниши бўйича бир вақтлар анча шов-шувга сабаб бўлган амалиёт ҳам яхшилаб ўйналган саҳна бўлиб чиқиши мумкин.

Бироқ қозоғистонлик “қўмитачилар” ҳар доим ҳам тоза тергов тарафдори бўлмасликлари ҳамда ишнинг ёпиқлиги “Муҳожирлар жамоати” устидан бўлиб ўтган жараённи Қозоғистон махсус хизматлари фаолияти билан боғлиқ бўлган навбатдаги “оқ доғ” қаторига қўшиб қўйиши мумкин.