21:02 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Расмийларнинг меҳнат муҳожирларини назорат қилиш бўйича янги тадбирларидан ким манфаатдор?

02.07.2007 21:55 msk

Ўз ахб.

2007 йил май ойи ўрталарида Вазирлар маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисоб-китобини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор амалга оширилишининг биринчи босқичидаёқ мамлакатнинг кўплаб фуқароларида эҳтиёткорона қизиқиш уйғотди, бу кишилар учун меҳнат муҳожироти муаммолари бугунги куннинг воқелиги ёки келажакдаги муҳтамал истиқбол бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон расмий матбуоти расмийларнинг бу борадаги ният-мақсадини кўпам шарҳлайвермагани учун муштарийлар “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги таҳририятига саволлар билан мурожаат қилаяптилар, мазкур саволлар орасида қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш мумкин: “Ўзбекистон ҳукуматининг ҳозирги қарорлари меҳнат муҳожироти тўғрисидаги халқаро конвенциялар билан мувофиқ келадими? Ўзбекистон фуқаросининг хорижда ишлаш учун расмийлардан рухсатнома олиши мажбурийми? Ўзбекистон қонунчилиги бу каби рухсатнома бўлмагани учун қандайдир жавобгарликни кўзда тутадими?” “Фарғона.Ру” мухбирлари мустақил экспертларни жалб қилган ҳолда вазиятга аниқлик киритишга ҳаракат қилдилар.

Энг аввало, экспертлар Ўзбекистон расмийлари меҳнат муҳожирлари оқимини чеклашдан манфаатдор бўлмасалар керак, деган фикрда якдиллар, чунки, расмий маълумотларга кўра, чет элда ишлаётган меҳнат муҳожирлари мамлакат ИЯМнинг 8 фоизини ташкил этувчи ва йилига 1,3 миллиард долларга етувчи пулларни ватанга жўнатаяптилар. Меҳнат муҳожирлари, биринчи навбатда, ўзлари ва ўз оилаларини боқаяптилар. Уларнинг ҳар бири ўртача ҳисобда ватанда қолган 4-5 кишини боқаяпти, бу кишиларнинг камида биттаси уйда қолишга мажбур бўлган, аммо ишга ва доимий даромадга эга бўлмаган катта ёшли кишилардир. Ўзбекистонлик бир миллион муҳожир ҳар йили давлат бюжетини 40 миллион долларга тенг бўлган ишсизлик бўйича нафақа тўловларидан ҳамда тақрибан 25 миллион долларлик камбағал оилалар учун бериладиган нафақа тўловларидан озод қилаяпти. Бундан ташқари, чет элдан оқиб келаётган, ўзбек оилалари шахсий бюжетига қўшилаётган пуллар ички молга бўлган талабни ва қисман ички ишлаб чиқаришни қўллаб турибди. Ниҳоят, унча кўп бўлмаган меҳнат муҳожирлари чет элда топган пуллари ҳисобига Ўзбекистонда ўз бизнесини очиш учун бошланғич сармоя йиғишга эришаяптилар, бу эса мамлакатда иш ўринларини кўпайтиради.

Ўзбекистондан бўлган меҳнат муҳожирларининг сони, ноқонуний ишлаётганларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, бугунги кунда мустақил экспертлар томонидан тақрибан 1-1,5 миллион киши деб баҳоланиб, уларнинг миқдори йилига 5-8 фоиздан ошиб бораётгани тахмин қилинади. 2003-2006 йиллардаги меҳнат муҳожиротини тадқиқ қилган “Тонг жаҳоним” халқаро ННТ маълумотларига кўра, фақат Фарғона водийсининг уч вилоятиданоқ йил сайин хорижда пул топиб келиш учун 250 мингтагача киши чиқиб кетган, аммо 2005 йилда Андижонда бўлиб ўтган фожеавий воқеалар сабабли расмийлар 90 мингга яқин потенциал муҳожирларни мамлакатдан ташқарига чиқармаганлар.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистондан бўлган ишчи кучи импортининг 85 фоизи МДҲ мамлакатларига тўғри келади. “Тонг жаҳоним” ННТ маълумотларига кўра, 2004 йилда Ўзбекистон ташқарисидаги меҳнат муҳожирларининг тақсимоти қуйидагича бўлган:

Россия - 58,3

%Қозоғистон - 25,6

%Жанубий Корея - 4,7

%Туркия - 1,3

%Европа Иттифоқи мамлакатлари - 0,6

%БАА - 0,4

%Бошқа мамлакатлар, шу жумладан, АҚШ ҳам - 0,2

%Ўзбекистон вилоятлари бўйича ички меҳнат муҳожироти - 8,9

%Ўзбекистонлик гастарбайтерлар борган мамлакатларида ҳам мавсумий, ҳам бир неча йил қолиб ишлайдилар. Бундан фақат Қозоғистон мустасно бўлиб, бу мамлакатнинг жанубий вилоятларига Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларидан бўлган мавсумий ишчилар ҳар йили бир неча ойга оилалари билан пахта йиғим-теримига борадилар. Мавсум пайтида Қозоғистонга Ўзбекистондан 200 мингдан 300 мингтагача меҳнат муҳожирлари келадилар, уларнинг бир қисми қурилишларда ишлаш учун қоладилар.

Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари кўпроқ борадиган жойлар Москва вилояти, Санкт-Петербург, Самара, Саратов, Жанубий Сибирь каби ерлардир.

Айрим маълумотларга кўра, 2004 йилда ўзбекистонлик қизларнинг фаҳш ишларга жалб қилинганлиги ҳодисаси фош бўлганидан кейин Ўзбекистондан Жанубий Кореяга кетаётган меҳнат муҳожирларининг сони кескин камайиб кетган. Ўшанда кореялик расмийлар миграцион назоратни кучайтирган ва кириш визалари бериш учун қатъий чекловлар киритгандилар.

Оммавий муҳожиротнинг салбий жиҳатларига, биринчи навбатда, ўзбек оилаларида анъанавий қадриятларнинг йўқолиб бораётганини, катта ёшли қариндошлар билан бўлган зиддиятлар туфайли оилаларнинг бузилиб кетаётганини ҳамда боқувчисини вақтинчага йўқотиб қўйган аёллар турли йўллар билан пул топишга мажбур бўлаётганини киритиш мумкин.

Иккинчидан, бутун бошли ҳудудлардаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг катта қисми оммавий равишда кетиб қолаётгани маҳаллий ишлаб чиқариш ҳамда ички меҳнат бозорининг тикланишига умид қолдирмайди. Масалан, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани, Жиззах вилоятининг Сирдарё тумани, Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани, Сурхондарё ва Қорақалпоғистоннинг кўплаб туманларида истиқомат қилувчи меҳнат лаёқатли аҳолининг қарийб ҳаммаси ҳар йили ўз ерларини ташлаб кетаяпти.

Шу билан бирга, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари борган мамлакатларида кўпинча алдов, зўравонлик ва бошқа хил камситилишларга дуч келмоқдалар. Уларнинг ҳар ўнтадан биттаси қулликка тушиб қолиши мумкин ва ҳар иккитадан биттаси қаттиқ эксплуатация қилинади. Ўзбекистонлик мардикорларнинг 85 фоиздан ортиқроғи ҳафтасига 60 соатлаб ишлайди, шу билан бирга, бу иш учун маҳаллий аҳолидан кўра 2,5 баробар кам ҳақ олади. “Тонг жаҳоним” тадқиқотидаги маълумотларга кўра, Тошкент вилоятидан бўлган меҳнат муҳожирларининг 67,2 фоизи у ёки бу тарзда эксплуатация (жумладан, 0,2 фоизи жинсий эксплуатация) қурбонига айланганлар. Ўзбекистоннинг барча вилоятларида сўралган меҳнат муҳожирларининг 98 фоизи ҳақлари тўлалигича олмаган ёки ишнинг бир босқичида пулини тўлалигича олмаган ҳоллар бўлганини айтганлар.

Ниҳоят, оммавий муҳожирот ёшларнинг кайфиятига таъсир қилиб, улар орасида касбий ёки олий таълимга нисбатан қизиқишнинг сусайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Муҳожирлик кайфияти ёшларнинг ижтимоий жиҳатдан таъминланганроқ қатламига ҳам таъсир қилмоқда. “Тонг жаҳоним” ННТ томонидан 2003 йилда ўтказилган сўров натижаларига кўра, Тошкентдаги ўрта ва олий таълим муассасаларида ўқийдиган 16-21 ёшдаги талабаларининг 92,5 фоизи чет элга чиқиб ишлаш истагини билдирганлар. Бунда фақат уларнинг 0,06 фоизигина Ўзбекистондан машруъ тарзда чиқиб кетиш тартиби ва борадиган мамлакатларидаги миграцион қонунчилик ҳақида қанақадир тасаввурга эга эканларини намойиш этолганлар, холос.

Ўзбекистон мустақиллигага 16 йил тўлганига қарамай, у БМТнинг меҳнат муҳожироти бўйича халқаро конвенцияларига қўшилмаган, мамлакат Халқаро меҳнат ташкилотининг аъзоси бўлиб ҳисобланмайди ва сўнгги пайтларгача МДҲ доирасида ҳеч қандай битимлар тузмаган.

Россия Федерацияси ҳукумати 2007 йилнинг 28 июнь куни Ўзбекистон билан ноқонуний муҳожирликка қарши кураш юзасидан ҳамкорлик, меҳнат фаолияти ва меҳнаткаш муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реадмиссия (ноқонуний равишда ишлаётганларни мамлакатдан чиқариб юбориш) тўғрисидаги уч битим лойиҳаларини кўриб чиқиш учун қабул қилганди. Ноқонуний муҳожирлик тўғрисидаги битим лойиҳаси чегара ва миграцион назорат, икки давлат чегараларини ноқонуний равишда кесиб ўтаётган шахслар ҳисобини олиш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда назорат ва куч ишлатар тузилмалар учун малакали мутахассислар тайёрлаш масалаларини ўз ичига олади. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг “Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисоб-китобини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган тадбирларнинг тўлалигича ишга туширилиши Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида муҳожирлик бўйича тузилган икки томонлама битимларнинг имзоланиши ва ратификация қилишини билан бир пайтга тўғри келиб қолиши мумкин.

90-йиллар ўрталаригача Ўзбекистоннинг меҳнат муҳожироти соҳасидаги ўз ҳуқуқий базаси “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги” қонуннинг 13-моддаси билан чекланарди: “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари меҳнат қилиш, Ўзбекистон Республикаси ташқарисида мустақил равишда иш излаш ва ишга жойлашиш ҳуқуқига эгалар. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ташқарисидаги ҳамда чет эллик фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидаги меҳнат фаолияти Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда амалга оширилади”. Аммо бу “тартиб”нинг ўзини ҳукуматнинг 1995, 2001 ва 2003 йилдаги қарорлари белгилаб берган. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси томонидан қабул қилинган “ Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элда меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга мувофиқ фуқаролар чет элда меҳнат фаолиятини олиб боришга рухсатнома олиш учун Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат муҳожироти масалалари бўйича агентликнинг (ТММА) махсус бўлимига мурожаат қилишлари шарт эди. Шу билан бирга, ТММА ўз қарорларини Вазирлар маҳкамасининг Маҳкамалараро комиссияси билан мувофиқлаштирар эди. Яъни, Ўзбекистон фуқароларидан кимлар чет элда қонуний равишда ишлашга ҳақли экани ҳақидаги масала, моҳиятан, ҳукумат миқёсида ҳал қилинарди. Бу каби амалиёт натижасида, мустақил экспертларга кўра, ҳар йили ТММАга топширилган 20 минг аризадан 1,5 мингга яқин ариза эгалари қониқарли жавоб ола билардилар, бу ҳам паст маошли ва малака талаб қилинмайдиган ишларга.

ТММА ўз фаолияти давомида Ўзбекистон фуқароларини асосан Жанубий Кореяга (90 фоиздан кўпроқ) жўнатарди. Шу билан бирга, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш билан, одатда, воситачи фирмалар юристлари шуғулланардилар. Ўзбекистонлик гастербайтерлар у ерга ишчи ва хизматчи сифатида ҳам жўнатилмасдилар, балки стажер мақомида юборилардилар, бу эса қабул қилувчи томонга ўзбекистонликларга нисбатан қабул қилинган меъёрдан пастроқ ойлик тўлаш ва иш ҳафтасини чўзиш имконини берарди. Бундан ташқари, ҳатто ТММА ёрдамида давлат квоталари бўйича чет элга ишга чиқиб кетган фуқаролар ҳам меҳнат муҳожирлари эмас, балки чет элда иш ўрганаётган кишилар бўлиб ҳисобланардилар. Шу билан бирга, оммавий меҳнат муҳожироти, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг ўз қонунчилиги нуқтаи назаридан асосан номашруълигича қолмоқда эди.

Вазирлар маҳкамаси янги қарорининг 6-банди “Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига бошқа манфаатдор вазирликлар ва маҳкамалар билан биргаликда икки ой ичида фуқароларга чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартибини осонлаштириш юзасидан таклифлар киритиш”ни юклайди. Аммо рухсатнома беришнинг янги тартибини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш орасида ўтган номаълум вақт ичида меҳнат муҳожирларнинг тўп-тўп бўлиб ТММАдан расмий рухсатнома олишга шошилишларини кутиш қийин. Агар “манфаатдор маҳкамалар” қанақадир мажбурий чораларни киритмасалар, албатта.

Моҳиятан, бугунги кунда Ўзбекистон амалдаги қонунчилиги ўзбекистонлик расмийларнинг рухсатисиз чет элда меҳнат фаолиятини юритганлик учун (ноқонуний қуролли гуруҳларга ёлланишдан бошқа, албатта) ҳеч қандай жиддий жазони кўзда тутмайди. Бироқ, экспертлар фикрича, Ўзбекистондаги фуқаролар ва расмийларнинг ўзаро муносабати юзасидан бугунги амалиётда ноқонуний меҳнат муҳожирларини маъмурий жавобгарликка тортиш имкониятини истисно қилиб бўлмайди. Масалан, улар Жиноят кодексининг 174-моддасида кўзда тутилган солиқларни тўламаганлик ёки даромадни яширганлик, 176-моддада кўзда тутилган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тартибини бузганлик ёки 226-моддада кўзда тутилган чет элга чиқиш учун ҳужжатлар расмийлаштириш тартиби бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилишлари, уларга уч, беш ёки ўнта энг кам иш ҳақи миқдорида жарима солиниши мумкин.

Аммо бу каби чора-тадбирлар тезда оммавий тус ололмаса керак, чунки давлат идораларида меҳнат муҳожирлари ҳақида тўғри ва батафсил маълумотлар бўлган тақдирда ҳам расмийларда барча қонунбузарларни жавобгарликка тортиш учун маъмурий ресурслар етишмайди. Афсуски, бугунги Ўзбекистондаги реал шароитда меҳнат муҳожирлари ва уларнинг топган пуллари устидан назоратнинг ўрнатилиши давлат амалдорлари ичидаги коррупция учун янги имкониятларини очишини инкор қилиб бўлмайди. Эҳтимол, айрим экспертларнинг давлат даражасида муҳожирлар ҳисобини олиш ўзгача фикрловчи кишилар ва “сиёсий жиҳатдан ишончсиз бўлган” фуқаролар, уларнинг яқин қариндошлари ва оила аъзоларига босим ўтказишнинг янги шакли учун ҳам замин яратиши юзасидан хавфсирашлари ҳам асоссиз эмасдир.

Ўзбекистон расмийлари навбатдаги қадамни қўяр эканлар, ҳар сафаргидек, бу қадамлар энг яхши мақсадлар билан – халқ фаровонлиги учун қўйилаётганини сабаб қилиб кўрсатадилар ва ўз қарорларини ривожланган мамлакатларнинг ижобий тажрибаси билан мустаҳкамлайдилар. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг янги қарори ва МДҲдаги қўшнилар билан имзоланиши кутилаётган икки томонлама битимлар меҳнат муҳожирларнинг турмушини нечоғли енгиллатишини вақт кўрсатади. Фуқароларнинг эса, ҳар доимгидек, аҳвол яхшиланишига умид қилиши қолади, холос.