20:47 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Ағим”: Қирғизистон президенти Бакиевнинг учоқлари нима учун тез-тез ҳалокатга учраб туради?

30.06.2007 20:14 msk

Фарғона.Ру

Транспорт вазирлиги ва Фуқаро авиацияси департаменти томонидан қилинаётган ўзбошимчаликлар ва президент буйруқларини жим туриб саботаж қилиш Қирғизистон президенти Бакиев учоқлари атрофидаги нохуш ҳодисаларга сабаб бўлаяпти, дея таъкидлайди мухолифатнинг қирғиз тилида чиқувчи “Ағим” газетаси.

“Президент учоқ нима учун тез-тез портлаб кетаяпти?” мақоласида (“Ағим”, 43-сон, 26 июнь 2007 йил) газета президент борти ҳисобланмиш Як-40 учоғининг қулаб тушиши ўтган йил кузидан буён бўлиб ўтган учинчи нохуш ҳодиса эканини эслатади. Қирғизистон пойтахтидаги “Манас” аэропортида жойлашган америкалик ҳарбийлар айби билан Бакиевга хизмат қилувчи Ту-154 учоғи АҚШ ҳарбий учоғи билан тўқнашиб кетган пайтда, у учар-учмас яна ерга қўнишга мажбур бўлганди. Шундан кейин давлат раҳбари унинг бортидан тижорат мақсадларида фойдаланишни, яъни унда йўловчилар ташишни маън қилиб қўйганди.

Шунингдек, мухолифат нашри президент буйруғига ва мамлакат асосий борти учиш имкониятларининг чекланганига қарамасдан, у ҳалигача тижорат мақсадларида “эшшакдай” ишлатилаётганини хабар қилади. Бунинг натижасида, дея таъкидлайди газета, МДҲ давлатлари раҳбарларининг яқинда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган учрашувидан кейин Бакиев учоғининг двигателлари ишга тушавермагани сабабли бир соатга яқин ҳавога кўтарилолмай турган. АҚШ учоғи билан тўқнашиб кетган учоқ ўрнига Россия президенти Владимир Путин томонидан Бакиевга совға қилинган Ту-154 Санкт-Петербургдаги “Пулково” аэропортини россиялик мутахассисларнинг техник ёрдами туфайли 45 дақиқадан кейингина тарк этиб кетган.

Ўтган ҳафтада ҳалокатга учраган Як-40 учоғига келсак, газетанинг хабар қилишича, президент Бакиев буйруғига кўра машинани “Қирғизистон” миллий авиаширкати балансига ўтказиб беришлари керак эди, чунки мазкур учоқни ўз балансида сақлаётган Қирғизистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлигида унга техник хизмат кўрсатиш учун малакали мутахассислар йўқ эди. Бироқ давлат раҳбарининг истаги бу сафар ҳам эътиборсиз қолдирилган. Бунинг устига, фуқаро авиацияси раҳбарлари ўз тасарруфларида Ан-24 ва Л-410 русумли бир нечта учоқ бўлишига қарамасдан, президент бортида сайру саёҳат қилиб келишга қарор қилганлар. Агар авиация амалдорлари ўз сафарлари учун автомашинадан фойдаланганларида эди, бу уларга ўн минг сўмга ($250), яъни президент бортида учишдан кўра эллик баробар арзонроқ тушган бўларди, деб ёзади “Ағим”.

Нашр авиаҳалокат айбдорлари жазоланмасликларини, чунки ҳалокат сабабларини аниқлаш учун тузилган ҳукумат комиссияси раис ўринбосари ҳодиса айбдорларининг “соябон”и эканлигини таъкидлайди.

“Мабодо бу ҳалокат мамлакат президенти парвози чоғида содир бўлганда, нима бўларди?” дея савол беради “Ағим” бу нохуш ҳодисага бағишланган бошқа бир мақоласида.

Эслатиб ўтамиз, 23 июнь куни мамлакат президентига ҳам хизмат қилувчи Як-40 учоғи бирданига иккита двигатели ишламай қолгани сабабли мамлакат ичидаги аэродромлардан бирига қўндирилган. Учоқ ёна бошлаган ҳамда йўловчилар ва экипаж бортни ташлаб кетганларидан кейин портлаб кетган. 12 ўринли учоқда фуқаро авиациясининг 14 мулозими бўлган, улар ўзларининг мамлакат бўйлаб саёҳатларини “туристик мавсум бошланишидан олдин ички аэропортларни назоратдан ўтказиш зарур бўлиб қолгани билан” изоҳламоқдалар. “Ағим” эса уларнинг “президент бортида шунчаки айланиб келиш ва халқ маблағлари ҳисобидан Иссиқкўлда дам олиб келишни истаганлар”ини таъкидламоқда.