11:33 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик сенаторлар жазо тизимини либераллаштиришни маъқулладилар

30.06.2007 17:13 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси бўлмиш Сенат ўзининг 29-30 июнь кунлари бўлиб ўтган ўнинчи ялпи мажлисида бунгача Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган бир қатор қонунларни маъқуллади. Улардан эътиборга сазоворроқлари – “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлардир.

Мазкур қонунларнинг биринчиси прокуратуранинг республика фуқароларига босим ўтказиш имкониятини сезиларли даражада чеклайди. Иккинчи қонун билан эса ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан қонунчиликка киритиладиган қатор тузатишлар тасдиқланади.

Эслатиб ўтамиз, 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб жазонинг бу тури Ўзбекистон жиноят қонунчилигидан тўлалигича олиб ташланади (шу билан бирга, республикада ҳалигача уни қўллашга нисбатан мораторий эълон қилингани йўқ).

Ўлим жазосини бекор қилишга нисбатан ҳамма ҳам бир хил муносабатда бўлаётгани йўқ. Кўпчилик, айниқса, ҳуқуқ ҳимоячилари бу қадамни олқишлаяптилар. Айни пайтда ўлим жазоси қўлланилишига тарафдор бўлганлар унинг бекор қилинишини ҳақли жазо беришдан бош тортиш ўлароқ, адолат тамойилининг йўқ қилиниши ўлароқ баҳолаяптилар. Бироқ Ўзбекистон шароитида бу мавзу юзасидан баҳсу мунозаралар ўз маъносини йўқотади: суд тизими мутлақ коррупцияга ботган, ҳакамлар юқоридан келган ҳар қандай буйруқни ёки яхши пул тўланган буюртмани жон деб бажарадиган бир шароитда адолат тўғрисида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Бундай вазиятда ўлим жазосини умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилиши ҳеч муболағасиз жиддий ютуқ, мутлақо прогрессив ислоҳот бўлиб ҳисобланади.

Қайд этиш жоизки, ҳукмрон режимнинг барча камчиликларига қарамасдан, Ўзбекистонда жазо тизимини либераллаштириш бўйича очиқ тенденция кузатилмоқда. Дейлик, 90-йиллар бошидан бери совет даврида ўлим жазоси кўзда тутилган жиноят турларининг миқдори 33 тадан иккитагача қисқарган ва кейинги йилдан бошлаб бу жазо тури Жиноят кодексидан батамом йўқолади.

Сенат томонидан маъқулланган қонун республика Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларнинг киритишни ҳам кўзда тутади. Ўлим жазоси ўрнига икки турдаги қамоқ жазоси киритилмоқда – умрбод қамоқ жазоси ва узоқ муддатли қамоқ жазоси. Узоқ йиллик қамоқ жазоси муддати йигирма йилдан кўп бўлган, аммо йигирма беш йилдан ошмаган муддатга қамашни назарда тутади.

Шунингдек, янги қонун мазкур жазоларни белгилаш тартиби ҳамда уларни бажариш шартларини ҳам белгилаб беради. Умрбод ёки узоқ муддатли қамоқ жазоси фақат ўта оғир шароитда қасддан одам ўлдирганлик ва террорчилик учун белгиланади, холос. Шу билан бирга, аёллар, вояга етмаганлар ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан умрбод қамоқ жазоси белгиланмайди.

Умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинганлар жазони кучайтирилган тартибдаги колонияларда махсус шароитларда ўтайдилар. Дастлабки ўн йилда улар қатъий тартибли колонияларда ўтирадилар, кейин эса улар одатий колонияларга ўтказилишлари, 15 йилдан сўнг эса улар енгиллаштирилган тартибдаги колонияларга ўтказилишлари мумкин.

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар жазонинг йигирма беш йилини, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганлар эса жазо муддатининг йигирма беш йилини ўтаб бўлганидан кейингина авф этиш тўғрисида илтимоснома бериш ҳуқуқига эга бўладилар. Бироқ, агар улар ўзларини яхши тутсалар, интизомий жазо олмаган бўлсалар ва тарбиявий тадбирларда фаол иштирок этсалар, бу ҳолат мазкур муддатларни беш йилга қисқартириш имконини беради. Мазкур қўшимча колония ва қамоқхона маъмуриятлари олдида улар ҳатто орзу ҳам қилмаган даражада турли хил суиистеъмол ҳоллари учун кенг йўл очиб бериши тушунарли, албатта.

Эътиборга сазовор жойи шундаки, айнан шу кунларда қўшни Қирғизистонда ҳам шу каби – ўлим жазосини бекор қилиш ва процессуал ҳаракатларга санкция бериш бўйича прокуратура ваколатларини судларга ўтказиб бериш тўғрисидаги қонунлар қабул қилинганди.

Сенат томонидан маъқулланган бошқа қонунлар ичида яна бири – “Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоқларида тезкор-қидирув тадбирларини уюштириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун диққатга сазовордир. Бу қонунда нималар ёзилгани маълум эмас, аммо номланишининг ўзиданоқ маълум бўлишича, кимнидир қидирадилар ва тутадилар. Айнан кимни қидириб, кимни тутишларини парламент аъзолари ошкор қилмаяптилар. Фақат янги қонун тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларига эркинлик бериши ҳамда уларни эксплуатацияси ҳар қандай солиқлардан озод қилиниши маълум қилинмоқда, холос.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқдилар ва бу юзасидан тегишли қарор қабул қилдилар.

Ўзбекистон Сенатининг ялпи мажлиси ўз ишини давом эттиради.



 

Реклама