16:58 msk, 24 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия Хитойга лизинг асосида заҳирадаги учоқларни олишни таклиф қилаяпти

28.06.2007 14:54 msk

Владимир Георгиев (Москва)

Россия раҳбарияти Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси (Ўзбекистон) Ил-76 учоқларни серияли равишда ишлаб чиқаришга умуман қодир эмас, деган тўхтамга келган шекилли. Ҳар ҳолда, ТАИЧБда ўттиз тўртта Ил-76МД ҳарбий-транспорт учоқлари ва Ил-78 ёқилғи қуювчи учоқларни ишлаб чиқариш бўйича Хитой шартномасининг бажарилиши барбод бўлиш арафасида турибди.

Бу ҳақда шу кунларда “Рособоронэкспорт” бош директори Сергей Чемезов очиқ билдирганди.

Шу билан бирга, у бошчилик қилаётган ташкилот Хитой томонга Ил-76МФ ҳарбий-транспорт учоқларининг янада замонавийроқ турини етказиб бериш бўйича янги шартнома тузиш, Ил-76МД учоқларини етказиб бериш юзасидан аввал тузилган шартномани эса бекор қилишни таклиф қилган.

“Хитой шартномасини бажариш юзасидан муаммо анча катта. Бу бу ҳақда Хитой томонга айтдик, бизнинг ўзбекистонлик ҳамкорларимиз, афсуски, аввал-бошда ўз зиммаларига олган мажбуриятларини бажара олмасликларини билдирдик”, - деди Сергей Чемезов. Унга кўра, Рособоронэкспорт тошкентлик авиасозлар шартномада кўрсатилган учоқларнинг ҳаммасини қура олишга қодирлигига катта шубҳа билан қарайди. “Шунинг учун ҳам биз хитойлик ҳамкорларга мутлақо янги модификациядаги учоқлар қуриб беришни таклиф этдик. Бу янги шартнома бўлади ва нархлар ҳам янгитдан белгиланади”, - дея таъкидлади у.

Шу билан бирга, у учоқлар битгунича Россия Хитойга Мудофаа вазирлиги тасарруфида бўлган Ил-76 ҳарбий-транспорт учоқларини лизинг асосида олишни таклиф қилаётганини ҳам қайд этиб ўтди. “Ана шундай таклифлар қилинди. Ҳозир хитойлик ҳамкорларнинг жавобини кутаяпмиз”, - деди Чемезов.

РФ ҲҲК бош комиссариати тарқатган расмий маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда РФ ҚКда 170 га яқин Ил-76 ҳарбий-транспорт учоғи бор. Чамаси, хитойликларга Россия армияси тасарруфида бўлган барча Ил-76 учоқларидан камида чорак қисми таклиф қилинадиган кўринади.