12:43 msk, 16 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Олтой ўлкасида қозоқ диаспораси актив фаолият кўрсатаяпти

27.06.2007 23:36 msk

Юлия Гужвенко, Барнаул

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Россиядаги қозоқ диаспораси сони ҳозирги пайтда бир миллиондан ошган. Ватан ташқарисида аждодлар мероси, анъанаси, урф-одатлари ва тилини сақлаб қолиш бўйича бу диаспора аъзоларининг актив фаолияти уларнинг бундан буёнги ўз тақдирини Россия билан боғлаётганларидан далолат беради.

Олтой ўлкасидаги “Ата-Мура” қозоқ маданият маркази жамоатчилик ташкилоти раиси Хайержан Дўсумбековнинг қайд этишича, бу ерда яшовчи қозоқлар ўзларини россиялик санайдилар, шунга қарамай, тарихий ватанни ҳеч қачон ёддан чиқармасликни ўз бурчлари деб биладилар.

Қайд этиш жоизки, Қозоғистон яқин ва узоқ хориждаги қозоқларнинг қайтишига кўмаклашмоқда. Бунинг учун ўралманларни тарихий ватанга қайтариш бўйича қонун лойиҳалари қабул қилинган, турар-жой, таълим олиш, ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ва бошқалар юзасидан қулай шарт-шароитлар яратишга ҳаракат қилинган. Масалан, Усть-Каменогорск, Семипалатинск, Қарағанда шаҳарларидаги олийгоҳлар қошида тайёрлов курслари ишлаб турибди, шу ернинг ўзида турли мамлакатлардан келган қозоқ ёшлари олий маълумотга эга бўладилар.

Қозоқ миллий-маданий бирлашмалари

Турли миллий-маданий бирлашмалар Россияда ҳам, Қозоғистонда ҳам ҳамюртларни қўллаб-қувватлайдилар, уларга Россия жамиятида ўз ўрнини топишга ёрдам берадилар. Хусусан, Россияда қозоқ маданиятини сақлаб қолишга кўмаклашувчи “Қозоқ тили” ҳудудий жамоатчилик ташкилоти, ёшларнинг “Мурагер” (Ворис) жамияти, “Қозоқ диаспораси” жамғармаси фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, Москвада Қозоқ ҳудудий миллий-маданий мухторияти (ҚозМММ), “Ата-Мура” қозоқ маданияти маркази ва Россия Федерациясининг субъектларида бир қатор ташкилотлар таъсис этилган.

“Фарғона.Ру АА” фотоси
Қозоғистон Республикаси раҳбарияти бу каби ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб туради ва хориждаги қозоқ диаспораси билан алоқалар ўрнатишга интилади. Бизнингча, бу таълим соҳасида муваффақиятлироқ амалга оширилмоқда.

Қайд этиш муҳимки, қозоқлар Россия, Ўзбекистон, Мўғулистон, Туркия, Германия ва Швецияда мунтазам равишда қурултойлар ўтказиб турадилар. Уларда бу мамлакатларда истиқомат қилаётган минглаб ҳамюртлар иштирок этишиб, ўз муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қиладилар.

Ҳозирги пайтда Олтой ўлкасида расман рўйхатдан ўтган барча миллий-маданий бирлашмалар (ММБ) учун ўз биносига эга бўлиш масаласи биринчи даражали бўлиб турибди. Маъмуриятлар ва ММБ раҳбарлари ўртасидаги тортишув бир неча йилдан бери давом этиб келмоқда. ММБнинг офисга эга бўлиш истагини тушунса бўлади. Айни пайтда Барнаул маъмуриятидагиларнинг мулоҳазалари ҳам ўринли: миллий-маданий марказлар улкан бинони тасарруф эта олишлари юзасидан фаолият режасини тақдим этишлари керак. Қозоғистонда мазкур масала осон ҳал этилган – Қозоғистон халқларининг Кичик Ассамблеяси ҳамда Дўстлик уйи сарф-харажатларини давлат ўз зиммасига олган. Менга тушунтириб беришларича, Уст-Каменогорскдаги Қозоғистон халқларининг Кичик Ассамблеяси Шарқий-Қозоғистон вилоят бўлимида бу ташкилот дастлаб ўз-ўзини қоплаш шарти билан ташкил этилган, аммо пулли концертлар ва таълим хизматлари Дўстлик уйи харажатларининг бир қисмини ҳам қоплай олмаган.

Ҳозирги пайтда ишнинг нима билан тугагани маълум эмас. Фақат бир нарса аниқ: Халқлар Дўстлиги уйи зарур, чунки Барнаулда қозоқ тилини масофавий таълим йўли билан ўргатиб бўлмайди.

Умуман олганда, Қозоғистон Россия билан иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиб олгани боис россиялик қозоқлар умумий маданий-тарихий асослар билан келажакда давлат ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун зарурий кўприк вазифасини ўташи мумкин. Бунинг учун бошқа халқлар маданиятига нисбатан ҳурматни шакллантириш зарур.