21:58 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Ҳам тикувчи, ҳам ўроқчи...” Ўзбекистондаги шахсга сиғинишнинг айрим хусусиятлари ҳақида

27.06.2007 19:10 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистонда шахсга сиғиниш анча ўзига хос шаклда намоён бўлади. Қисқа қилиб айтганда, бунда “Ўзбекистонда ҳеч нарса ўз-ўзидан содир бўлмайди – ҳаммаси фақат ва фақат президент Ислом Каримовнинг ташаббуси ва раҳбарлиги остида амалга оширилади”, деган ишорани сезиш мумкин. Уйдирилаётган афсоналарда у қандайдир илоҳий мавжудот ўлароқ кўрсатилади. У буюк Кецалькоатл каби жоҳил ва оми халққа маърифат улашади, ўзбек фермерларига ҳосилни қачон йиғиб олишдан, қурувчиларга бино қуришдек машаққатли илмдан, дастурловчиларга дастурлашдан, тиббиёт ходимларига беморларни даволаш санъатидан таълим беради. Маҳаллий матбуотни варақлар экансиз, агар йўлбошчининг битмас-туганмас (ва шубҳасиз оқилона) маслаҳатлари бўлмаса, Ўзбекистондаги ҳаёт дафъатан тўхтаб қолса керак, деган хаёлга борасиз.

Қайд этиш жоизки, Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг муборак исми-шарифини зикр этиш ҳуқуқи фақат расмий, яъни, ҳукумат матбуотигагина берилган. Бу, албатта, мазкур нашрларда ишлаш шарафига ноил бўлолмаган журналистларни президентни муносиб йўсинда мадҳ этиш имкониятидан маҳрум қилади. Аммо, хайриятки, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ишлайдиган заҳматкашлар тиниб-тинчимас Ислом Каримовнинг Ўзбекистон халқи фаровонлиги учун яна неларни ўйлаб топгани ҳақида туну-кун бетўхтов хабар тарқатишиб, бу камчиликни ортиғи билан тўлдириб келадилар.

Умуман олганда, юз марта эшитгандан кўра бир марта кўрган афзал. Юқорида айтилганлар ҳақида яхшироқ тасаввур ҳосил қилишингиз учун биз бу қизиқарли ҳамда Ўзбекистонда фавқулодда матлуб бўлган ижодий жанр намуналарининг айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Битирувчиларга диплом топширилди

“...Кўпчилик [кишилар] Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳамда изчиллик билан амалга оширилаётган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ижобий натижалар бераётганини алоҳида таъкидладилар”.

Абу Бакир Ўрозов. ЎзА мухбири. “Правда Востока”, 27 июнь 2007 йил.

Универсиада-2007 олови ёнмоқда!

“Президент Ислом Каримовнинг “фарзандларимиз биздан кўра ақллироқ, кучлироқ ва албатта, бахтлироқ бўлиши керак” деган сўзларида Ўзбекистондаги ёш авлодни тарбиялашга қаратилган давлат сиёсатининг бутун мазмун-моҳияти акс этгандир”.

Анна Иванова. ЎзА мухбири. “Правда Востока”, 26 июнь 2007 йил

Ўзбекистон ватаним маним

“Ўсиб келаётган авлодни жисмонан бақувват ва маънан етук шахс қилиб тарбиялаш – Ислом Каримов сиёсатининг устивор йўналишларидан биридир”.

Баҳор Хидирова. ЎзА мухбири. “Правда Востока”, 14 июнь 2007 йил

Ўзбекистондаги маҳаллий нашрлардан олинган шу тахлит иқтибослар билан яна бу ерда танишишингиз мумкин.