02:17 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россиядаги афғонистонликлар: юз минг кишидан иборат аҳил ва кўпмиллатли диаспора

27.06.2007 16:46 msk

Н. Зотова

Суратда: Ғулом Муҳаммад. Svoboda.org сайтидан олинган фото

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги Россиядаги Марказий Осиё жамоаларининг ташкил этилиш тарихи ва уларнинг фаолиятини анча батафсил ёритган. Бугун биз ўз муштарийларимизга Афғонистон диаспораси ҳақидаги ҳикоя қиламиз. Бу борада биз “Ватан” корчалонлик маркази президенти жаноб Ғулом Муҳаммад билан суҳбатлашамиз.

Фарғона.Ру: - Россиядаги афғон диаспорасига кирувчи кишилар сони қанча?

Ғулом Муҳаммад: - Мен ўз ҳикоямни жамоатнинг ташкил этилиш тарихидан бошламоқчи эдим. 1992 йилда Нажибулло ҳокимияти қулаб, фуқаролар уруши бошланганидан кейин юрт зиёлиларининг қарийб ҳаммаси турли мамлакатларга чиқиб кетдилар. Биз Россияга келдик; бу тасодиф эмасди, чунки биз бу ерда ўқигандик, бу мамлакатда бизнинг дўстларимиз бор эди. Ўша йиллар биз учун ҳам, Россия учун ҳам қийин давр эди. Бизни бу ерга бошлаб келган умидлар оқланмади, чунки Россиянинг афғонистонликлар иши йўқ эди. Шунинг учун ҳам биз шундай шароитда қолдикки, на бу мамлакат ва на халқаро ҳамжамият бизга ҳеч қандай ёрдам беролмади. Россияда бу ерга келган афғонистонликларга нисбатан дискриминация (камситиш) сезиларди; биз кутилган меҳмон бўлмаганмиз.

Стенд афганской общины на праздновании Навруза в 2007 году (Москва, ВДНХ)
Афғонистон жамоати стенди (Москва, ХХЮК)

Афғонистонликларнинг аксариятида ҳеч қанақа ҳужжат бўлмагани учун қанақадир расмий ташкилот керак эди. Ҳар қандай ташкилот афғонистонликлар жамоати олдида тан олиниши учун унга сайлов бўлиши керак эди. 1997 йил февраль ойида Афғонистон корчалонлик марказининг раҳбарияти , директорлар кенгашига яширин сайловлар бўлиб ўтди. Моҳиятан, диаспора ишини бажарадиган “Афғонистон корчалонлик маркази” нотижорат ҳамкорлиги шу тариқа пайдо бўлди. Марказ давлат ҳокимият идоралари томонидан расман рўйхатга олинди.

Ўша йилларда биз Россияда 150 мингга яқин афғонистонлик бор, деб ҳисоблардик. Улардан 30-50 минги Москвада истиқомат қиларди. Одамлар келиб-кетиб турардилар. Афғонистонликларнинг бир қисми Ғарбдан бошпана топгунларигача Россияга вақтинча бошпана сифатида қарарди. Аммо аксар афғонистонликлар бу ерда қолдилар. Ҳозир биз бутун Россия бўйлаб 100 мингтача афғонистонлик бор, деб ҳисоблаймиз, улардан 25-30 минги Москвада туради.

Фарғона.Ру: - Россиядаги афғонистонликлар ҳозир қандай ҳуқуқий мақомдалар?

Ғулом Муҳаммад: - Қочоқ мақомини олишда катта муаммолар бор. Йилига бир неча кишининг иши бўйича қарор қабул қилиш масалани ҳал қилмайди. Биз томонимиздан [Москва шаҳридаги] “Севастополь” меҳмонхонасида ташкил этилган фирмалар ҳозир ўз ҳуқуқий ҳолатимизни расман тасдиқлашнинг қарийб бирдан-бир усулидир. Бундан ташқари, кўпчилик одамлар бу ердан уйланишга ҳаракат қилаётганлари ҳам сир эмас. Бу ҳам Россия паспортини олиш йўлларидан биридир. Россиянинг чекка жойларида, вилоятларида, бошқа шаҳарларида аҳвол анча яхши, чунки у ерда мақом олиш осонроқ. Уларга ишлаш учун имкон берувчи муайян ҳужжат берадилар. Аммо ҳуқуқий ҳолати ҳалигача аниқланмаган қочоқлар олдида бошқа муаммо ҳам юзага келмоқда. Дейлик, биров паспорт расмийлаштириш босқичида турибди. У қаерда қайддан ўтсин? Турар-жой бўлмаганидан кейин у паспорт ҳам ололмайди. Ахир Москва шаҳри ва вилоятида уй сотиб олиш катта муаммолигини ҳамма билади-ку. Биз Федерал муҳожирот хизматига бир неча маротаба мурожаат қилганимиздан кейин эндиликда улар афғонистонликларга вақтинча бошпана ҳақида ҳужжат бераяптилар ва биз шу ҳужжат асосида уларни ишга жойлаштираяпмиз. Энди ҳеч бўлмаганда иш берувчиларга жарима солмаяптилар. Аммо одамлар мақомини охиригача аниқлаш масаласи ҳозирча очиқлигича қолмоқда.

Афганцы танцуют
Афғонистонликлар рақси

Фарғона.Ру: - Жамоат қандай яшаяпти? Одамларни кундалик турмушда нима бирлаштириб туради?

Ғулом Муҳаммад: - Биз дам олиш кунлари йиғилиб турамиз, ёзда улфатлар билан шаҳар ташқарисига чиқиб кетамиз. Мусиқий кечалар ўтказамиз, санъаткорларимиз концертлар берадилар. Биз учрашув учун баҳоналар топамиз; ёшлар ҳам, катталар ҳам йиғилиб турадилар. Бизнинг байрамларимиз кўп: Россия байрамларини ҳам, ўз байрамларимизни ҳам нишонлаймиз. Хуллас, зерикиш йўқ.

Фарғона.Ру: - Афғонистонликлар қай соҳада машғуллар?

Ғулом Муҳаммад: - Асосан, бу халқ истеъмоли моллари савдосидир. Савдо-сотиқ фақат “Севастополь” меҳмонхонасида рўйхатга олинган фирмалардагина эмас, Черкизовск, Покровск, Царицин ва бошқа бозорларда ҳам олиб борилади.

Фарғона.Ру: - Чакана савдо билан шуғулланувчи чет элликлар сонини чеклаш юзасидан шу йилнинг 1 апрелидан кучга кирган қарор вазиятга сезиларли даражада таъсир кўрсатдими?

Ғулом Муҳаммад: - Биз бунга тайёр эдик, чунки фирмаларимиз рўйхатдан ўтказилганди. Агар улар рўйхатдан ўтказилмаганида эди, ҳозир ҳақиқатан ҳам қийин аҳволда қолган бўлардик, нега деганда бунақа навбатлар билан фирмани рўйхатдан ўтказиш осон иш эмас. Ҳайтовур, бу биз учун енгил кечди.

Фарғона.Ру: - Афғонистонликлар Москва масжидларига бориб турадиларми? Ёки улар намоз ўқиш ёки байрам қилиш учун алоҳида жойга йиғиладиларми?

Ғулом Муҳаммад: - Қачонлардир биз Тинчлик шоҳкўчасидаги масжидга боришга ҳаракат қилгандик. Ҳозир руҳоний эҳтиёжларимизни қондириш учун алоҳида жойимиз бор.

Фарғона.Ру: - Одамлар вафот этганларида... улар Москвада қоладиларми?

Ғулом Муҳаммад: - Бу жуда муҳим савол. Дафн маросими марҳум васият қилган жойда ўтказилади. Агар у Москвада дафн қилиниш истагини билдирган бўлса, шу ерда қолади. Афғонистонда қариндош-уруғлари қолмаган кишилар кўпинча шундай йўл тутадилар. Хован қабристонида биз ҳамюртларимизни кўмадиган алоҳида жой бор. Бошқа пайтда эса биз маййитни ватанга жўнатамиз; бу билан боғлиқ ҳаражатларнинг ҳаммасини Марказ ўз зиммасига олган.

Фарғона.Ру: - Суҳбат ниҳоясида мен сизнинг “Россиядаги афғон диаспораси жуда зиёли одамлар” экани тўғрисидаги фикрингизга қайтмоқчиман. Марҳамат қилиб айтинг-чи, бу фикр нимага асосланган?

Ғулом Муҳаммад: - Мен Россияга Афғонистон элитаси келганини қайд этишни истардим. Бизларнинг орамизда 100 га яқин вазир ва губернаторлар, 200 генерал, 200 фан доктори, 15 минг халқ хўжалиги мутахассиси, 5 минг харбий бор. Булар бир-иккита дорилфунунни тугатган олий маълумотли, мамлакатни 12-15 йил мобайнида бошқарган кишилардир. Шунинг учун ҳам бизнинг диаспора энг уюшган ва зиёли диаспора эканини таъкидлаймиз. Аскардан генералгача ҳамма ҳалол меҳнат билан пул топади.

Материални “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги катта муҳаррири, тарих фанлари номзоди, РФА Этнология ва антропология институтининг илмий ходимаси Наталья Зотова тайёрлаган.