21:00 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон оммавий ахборот воситалари “Шимол-Жануб” муаммосининг кўзгуси ва катализатори сифатида

26.06.2007 18:49 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Бугунги кунда Қирғизистондаги айрим газеталарни ўқиган пайтимда бундан бир неча йил аввал Ўш шаҳрида бўлиб ўтган журналистик анжуманда тожикистонлик ҳамкасбимнинг айбдорона бош эгиб, 90-йилларда Тожикистонда бўлиб ўтган фуқаролар уруши учун журналистлар ҳам жавобгар экани ҳақида айтган иқрорини эслайман. Тожикистон шимоли ва жануби ўртасида қонли тўқнашувни келтириб чиқаришга бу мамлакатнинг иккала ҳудудида ўзаро кураш олиб борган оммавий ахборот воситалари ҳам сабаб бўлганларини кейинчалик кўп экспертлар ҳам қайд этгандилар. Қирғизистон матбуотида чоп этилган сўнгги бир қатор мақолалардан келиб чиққан ҳолда бир савол туғилади: наҳотки, Қирғизистон журналистлари тожикистонлик ҳамкасбларнинг аччиқ тажрибаси қайталанишидан хавфсирамаётган бўлсалар?..

Мухолифат нашрларида ҳам, ҳукуматпараст нашрларида ҳам (шу жумладан, республика ва вилоятлар миқёсидаги давлат ОАВда ҳам) чоп этилаётган мақолаларга қараганда, “Шимол-Жануб” мавзуси охирги пайтларда энг кўп зикр этиладиган мавзулардан бири бўлиб қолди. Бироқ, таассуфлар бўлсинки, газета мақолаларидан бирортасида ҳам муаммо сабабларининг жиддий, объектив таҳлилини ҳамда уни ҳал этиш йўлларини тополмайсиз. Мамлакатдаги энг жиддий муаммолардан бирини ёритишда энг “тўғри” ёзғувчи газета мухолифатнинг “Ағим” (собиқ “Асаба”) газетаси бўлиб қолмоқда, у мазкур масалага ҳар сонда бир нечта мақола бағишлайди. Шу билан бирга, нашр “ака”, “ука” ва бошқа ўзбекча ибораларни ишлатиб, жанублик қирғизларга ўзбек тили ва маданиятининг таъсирига ишора қилиб, уларга нисбатан масхараомуз муносабатини яширмайди. Бакиевнинг кадрлар сиёсатида маҳаллийчилик унсурлари устиворлигини урғулаб, уни айблаган газета 2007 йилнинг 16 март куни чиққан 19-сонда шундай ёзади: “Агар [тайинланаётган] кадрлар ўз касбининг усталари бўлса, уларнинг ҳаммаси Сузоқдан (президент туғилган қишлоқ. – муаллиф изоҳи) бўла қолсин.. Жўғўрқу Кенешдаги (Қирғизистон парламенти) йигирмага яқин қўмита раҳбарларининг 85 фоизи -жанубликлар. Давлатнинг биринчи шахслари – президент, давлат котиби, парламент спикери ва вазирликлардаги ўттизга яқин мансабларини эгаллаган кишилар ҳам жануб вакиллари бўлиб ҳисобланадилар”, - дея қайд этади газета. “Булар наҳанглари, майда амалдорларни эса саноғига етолмайсиз”, - дея хулоса қилинади мақолада.

Газета бошқа халқларнинг миллий туйғулари билан ҳам бемалол ўйнашаверади. Кадрлар масаласига тўхталинган бир материалда “Ағим” қуйидагича ёзади: “Кан-ман” “шин-мин” пулдор тўдаси вакили Б. Югай мудофаа вазирига биринчи ўринбосар бўлди”. Газетани ўқиётган ҳар қандай қирғизистонлик Б. Югайнинг миллати корейс экани таҳқирли оҳангда айтилаётганини англайди, чунки Шин корейс миллатига мансуб таниқли ва эътиборли тадбиркорлардан бирининг фамилиясидир, у ҳақда мамлакат оммавий ахборот воситалари тез-тез ёзиб турадилар. Миллатчилик муаммосига сал кейинроқ тўхталамиз.

Аснода, “шимол-жануб” муаммосини чайнайвериш ўзининг аччиқ меваларини бера бошлади. “Ағим” газетаси ўзининг 2007 йил 15 май сонида шимолдаги Сосновка қишлоғида бўлиб ўтган тўқнашув ҳақида хабар қилади, у ерда маҳаллий аҳоли жанубликларга жанубга кетиш учун муҳлат тайин қилганлар. Шимолдаги Петропавловка қишлоғида эса маҳаллий аҳоли ўшлик ва жалолободликлар уйларининг деразаларига тош отишиб, уларга таҳдид қилганлар.

Ҳудудлараро адоватни қўзғашга Қирғизистон парламенти аъзолари ҳам ўз улушларини қўшаяптилар. “Ағим” газетасининг аввал зикр этилган сонида Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) вице-спикери, “Ата-мекен” партияси раис ўринбосари Эркин Салимбековдан олинган интервью чоп этилган. “Президент шимоллик куч ишлатар тузилма ходимларига ишонмасдан, [пойтахтга] жанубий бўлинмаларни олиб келиб, халқни [майдондан] ҳайдаб чиқарди, - дейди вице-спикер 19 апрель куни тарқатилган митингни назарда тутаркан. – Улар эса митингдан кейин уч кунгача байрам қилишибди, [мамлакат шимоли ва жанубини туташтирувчи] довонда осмонга ўқ отишиб, “Биз шимолликларни енгдик”, дея қичқиришибди”. Шунингдек, Салимбеков мухолифат митинги тарқатилганидан кейин президент Бакиевнинг маслаҳатчиси Усен Сидиқов Жалолободда аҳоли билан учрашганини ва мухолифатчиларга қарши туришда “кўп ва хўб ёрдам берган”лари учун уларга президент номидан миннатдорчилик изҳор қилганини маълум қилади.

“Бишкек-Таймс” газетасининг (2007 йил 18 май куни чиққан) 20-сонида бунга мутлақо қарама-қарши бўлган фикр айтилади. Биринчи саҳифадан ўрин олган “Ўшлям + Қўнқўбай = Қирғизстан” мақоласида муаллиф Зайирбек Ажиматов халқни шимоллик ва жанубликка бўлишга уринишда энди мухолифат лидерлари – Феликс Қулов ва Мелис Эшимқановларни айблайди. Муаллифга кўра, мухолифат “нари борса, кўча муштлашувларини ташкил этишлари мумкин, халқни мамлакат миқёсида бир-бирига қайрай олмайди”. Шунингдек, муаллиф некбинлик билан бу сиёсатчиларнинг “қўлидан ҳеч қанақа иш келмайди, чунки халққа, айниқса, ёшларга уларнинг президенти қаердан бўлса ҳам барибир” эканини билдиради. Муаллиф некбинлиги шу қадарки, у икки ҳудуд вакилларининг бир-бирларига нисбатан тез-тез қўллаб турувчи “Ўшлям, сарт” ва “Қўнқабай” каби ҳақоратомуз атамаларда ҳеч бир ғалатлик кўрмайди. Қайд этиш жоизки, агар аввалги икки сўз жанублик қирғизларга ўзбек тили ва маданиятининг кучли таъсирини кўзда тутса, кейин сўз шимолий вилоятлар аҳолисининг, юмшоқроқ қилиб айтганда, гўлроқ эканига ишорадир. Мақола муаллифи бу атамаларнинг икки ҳудуддан бўлган тенгдошлар орасида ҳазил тариқасидаги мурожаатда ишлатилишини таъкидлайди.

Бундан ташқари, мамлакат оммавий ахборот воситаларидаги мақолалар қирғизларнинг бошқа миллат вакилларидан алоҳида ажралиб туришини кўрсатади, чунки ҳудудлараро ва уруғ-аймоқчилик зиддиятлари қирғизлар ичидагина содир бўлаяпти.

“Ўрдў” газетаси бошқа нодавлат ОАВ каби ўзини “мустақил” нашр ўлароқ кўрсатишга ҳаракат қилади. Бироқ “Қурманбек Бакиев – қирғиз халқи бахт-саодати учун туғилган инсон” (“Ўрдў”, 13-сон, 11 апрель 2007 йил) сарлавҳали мақоланинг айнан шу газетада босилиши бу нашр позициясини тушунишни осонлаштиради. Президент Бакиевнинг ўзига бу газета яхшилик ўрнига ёмонлик қилаяпти. Биринчидан, бугунгидай мураккаб ва зиддиятли даврда бунақа ўхшовсиз мақтовнинг пайдо бўлиши муштарийлар томонидан жиддий материалдан кўра кўпроқ истеҳзо сифатида қабул қилинади. Иккинчидан эса бу каби пиар-мақолалардан кейин нашр муаллифлари ёки таҳририятнинг мутлақо масъулиятсиз баёнотлари расмийлар позициясининг ифодаси ўлароқ қабул қилиниши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари мамлакат ичидаги кўламли зиддиятларнинг кўзгусигина бўлиб қолмай, бу зиддиятларни алангалатувчи хавфли катализаторга айланиб қолиши ёки, энг камида, миллатлараро ва ҳудудлараро тўқнашув учун қулай замин ҳозирлаб бериши мумкин.

“Ўрдў” газетасининг ўша сонида босилган “Қўйнингдаги тошни олиб ташла” мақоласи тагига унинг муаллифи Азат Бекбўсунов “туштуктун кулуну”, яъни “жанубнинг қулуни” дея имзо қўяди.

“Ағим” газетасида чоп этилган “Шимол-Жануб – битта қалб” мақоласи муаллифи билан мунозарага киришган А. Бекбўсинов нашр эгаси Мелис Эшимқановга собиқ президент томонидан таъқиб бўлган пайтда гўё уни жанубликлар кўп қўллаганлари, энди эса М. Эшимқанов “худди унинг отаси бу ерда вабода ўлгандек” жанубий ҳудудга қасдлашаётгани учун унга таъна-маломатлар ёғдиради.

Муаллиф Мелис Эшимқановга мурожаат қилар экан, қуйидагиларни ёзади: “Ўш воқеалари пайтида сен четда томошабин бўлиб туриб, ёрдамга келмагандик, сенинг отанг Чингиз эса (қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов назарда тутилмоқда, - муаллиф) бизни ерга урганди, “олойлик (Олой туманида яшовчилар, - муаллиф) итлар отда келишиб, Ўшга ҳужум қилишиб, ўзбекларни таҳқирлашиб, Ўш воқеаларини бошлаб бердилар”, дея билдириб, лаганбардорлик қилиб, ўзининг биз билан бир қавмдан эмаслигини кўрсатганди. Шимоллик “изқуварлар” эса даҳшатли фалокатга йўлиққан қирғиз йигитларини руслар ва ўзбекларга ташлаб бергандилар. Биз ўша пайтларда ҳам тушкунликка тушмаганмиз, руҳан синмаганмиз”.

Қўқон хонлиги давридаги истибдодни эслатар экан, муаллиф ўшанда улар бунга бардош берганларини ва паноҳ сўраб шимолликлар олдига бормаганларини билдиради. “Биз тили бошқа, дили бузуқ халқлардан бошпана сўрамаганмиз. Тарих бунга гувоҳ”, - дея таъкидлайди муаллиф. Бекбўсунов қайси “тили бошқа” ва “дили бузуқ” халқларни назарда тутганини тахмин қилиш мумкин, холос. Тақдир тақозосига кўра давлатлари Қирғизистон билан яқин ерда жойлашган ва асрлардан бери энг қийин пайтларда бир-бирига ёрдам бериб, бир-бирига ёнтаёқ бўлган қозоқлар, тожиклар, туркманлар ёки ўзбеклар бунақа “ижод намунаси”га нисбатан қандай муносабатда бўлишлари мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. “Айбдорроқлар”ни излаш фойдасиз бўлган бу фожеанинг бевосита иштирокчиси ва қурбони бўлган этник ўзбеклар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Шу ерда мақола муаллифига узоқни кўролмайдиган сиёсатчилар томонидан ғаразли мақсадларда тиқиштирилган Ўш воқеалари пайтида кўплаб ўзбек оилалари қирғизларни ўз уйларида сақлаганларини, қирғизлар эса кўплаб ўзбекларга бошпана бериб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолганларини эслатиш ўринли бўларди.

Қайд этиш жоизки, муаллифнинг “жанубдан чиққан кадрларни таъқиб этган ва жанублик таниқли давлат арбобларининг бир нечтасини йўқ қилган” собиқ президент Асқар Ақаев номига қаратилган айбловларига ҳозирги кунда жануб вакиллари, шу жумладан, юқори лавозимли амалдорлар ҳам қўшиладилар. Улар, ўз навбатида, “шимол-жануб” муаммосидаги “биринчи тўкилган қон” учун шимолликларни айблайдилар, шимолликлар эса бунинг тескарисини айтиб жавоб қиладилар. Холисанлиллоҳ қайд этиш жоизки, давлат оммавий ахборот воситалари “шимол-жануб” муаммосига анча эҳтиёткорлик билан ёндошадилар, ваҳоланки, улар ўз мақомларидан келиб чиққан ҳолда, ҳокимият тепасида ким бўлса, ўшаларга хизмат қилишлари керак эди.

Шу ўринда жанубдан чиққан “қулун” Бекбўсуновга жавоб ўлароқ “Ағим” газетасида босилган мақола ҳақида ҳам икки оғиз тўхталмасак, тўғри бўлмас. У томонидан эслатилган “Шимол-Жануб – битта қалб” мақоласига андижонлик Чўрўбек Бекқул имзо чекканди, бироқ Бекбўсунов унинг муаллифи “бошқа ном ортига яширинган” ва қуйидаги сўзларни ёзган киши Мелис Эшимқановнинг ўзи эканини таъкидлайди: “Жануб ажралиб чиқадиган бўлса, у тамом бўлади. Бир томондан, ўзбеклар Ўш воқеалари пайтида бўлганидек, қирғизнинг қизларини ечинтириб ... бошлайдилар(бу ердаги бир неча сўз аҳлоқий андиша важидан тушириб қолдирилди, - муаллиф). Бошқа томондан эса террорчилар ва наркобаронлар даври бошланади”.

Бу ерда шарҳ ортиқча. Фақат миллатлараро низо қўзғаганлик учун бу муаллифларга қарши жиноий иш қўзғатишга барча асослари етарли бўлган ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳаракатсизлигига, аниқроғи, жинояткорона бефарқлигига қараб ҳайрон бўлишдан бошқа чора йўқ. Ўзига қарши қаратилган танқид учун миллионлаб сўмлик товон талаб қилиб, даъво аризаларини ёзиб ташлайдиган “ҳалол ва принципиал” амалдорлар ҳам мум тишлаб ўтирибдилар. Мамлакатда ўзларини “ҳалол журналистика” учун курашувчи сифатида кўрсатаётган институтлар, ноҳукумат ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳам жим турибдилар. Агар жим турмаётган бўлсалар, сўз ва расмий баёнотдан нарига ўтмаяптилар. Бу Қирғизистон оммавий ахборот воситаларини тартибга солувчи қонунчиликни янада либераллаштириш талабларига қўшилиш истагининг мутлақо йўқолишига сабаб бўлган ҳолат бўлса керак.

Умид қилиб қоламизки, яқинда Қирғизистон пойтахтида бўлиб ўтадиган республика журналистлари анжумани мамлакатда боадаб журналистиканинг бошланишига ёрдам беради.