23:27 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон президенти сайлов олдидан ўз-ўзини реклама қилишни бошлаб юборди

25.06.2007 16:47 msk

Абдураҳмон Хайруллаев

ЎзА.Уз фотоси

21-22 июнь кунлари Ўзбекистон президенти Наманган ва Андижон вилоятларида бўлди. Сўнгги ой мобайнида давлат раҳбари мамлакатнинг Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларига ҳамда Қорақалпоғистонга ҳам ташриф буюрди. Одатда, И. Каримов мамлакат чекка жойларига кадрлар алмаштириш зарурати туғилган пайтларда сафар қиларди. Бироқ кадрларни тубдан алмаштириш ҳақида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳали-ҳозирча хабар қилганлари йўқ. Шунинг учун ҳам кўпчилик кузатувчилар ваколат муддати 2007 йилнинг январь ойи ўртасида тугаган президент вазифасини бажарувчининг сафари эълон қилинмаган сайловолди кампаниясига ўхшаб кетишини қайд этдилар.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги манбасининг маълум қилишича, президентнинг Наманганга ташрифи муносабати билан ўта кучайтирилган хавфсизлик чоралари кўрилган. Халқаро телефон алоқаси вақтинчалик ўчириб қўйилган. Наманганликларнинг уяли телефонларига қилинган қўнғироқлар мижозларни топа олмай, эфирда йўқолиб қолаверган.

21 июнь куни Наманган шаҳри кўчаларига туташувчи кўчалар ва асосий автойўллардаги ҳаракат тўсиб қўйилган. Давлат раҳбарининг эскорти ўтиши керак бўлган йўл бўйидаги уй яшовчиларини остона хатлатмаганлар. Йўл бўйлаб ҳар йигирма метрга милиция ходимлари қўйиб ташланган. “Ҳатто пашша учишига ҳам қўймадилар”, - дея маълум қилади “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг Намангандаги манбаси телефон орқали. Унга кўра, пойтахтдан келган президент қўриқчилари маҳаллий милиционерларни “уриб-тепиб”, тегишли жойларга қўйиб чиққанлар.

Даставвал президент Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманига ташриф буюриб, у ерда қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари билан учрашув ўтказган. Мамлакат раҳбари билан учрашувга қўйилган оз сонли омадли кимсалар юзи шимолий кореяликлар ўз доҳийларини кўрганларида қандай ёнса, шундай ёнарди.

“Бугун Наманган тупроғида юз бераётган ва кўзга ташланаётган ўзгаришларни, шаҳар ва қишлоқларнинг шакли ва қиёфаси тобора ўзгариб, биринчи навбатда, одамларимизнинг маданияти, онг-тафаккури тобора юксалиб бораётганини ҳеч ким инкор эта олмайди”, дея иқтибос келтиради президент нутқидан “Ахборот” информацион дастури.

“Президент Ислом Каримовнинг мазкур таърифи замирида Наманганга, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, наманганликларга нисбатан чексиз ҳурмат ва юксак эътироф мужассам”, - дейди телевидение суҳандони. - “Шу боис вилоятга сафар, бу ердаги ўзгаришлар, янгиланишлар билан танишишдан асосий мақсад аслида икки миллиондан ортиқ халқнинг бугунги турмуши, орзу-интилишлари, истиқболини кўзлаб ташлаётган одимлари ва ютуқлари ҳамда мана шу йўлда тўсиқ бўлаётган муаммолар хусусида бевосита одамларнинг фикрини билиш, дилидагиларни баҳам кўриш десак, хато бўлмайди”.

“Пахта, ғалла, экин-тикин ўз йўлига”, - деди давлат раҳбари Тўрақўрғон туман фермерлари билан бўлган учрашув чоғида. – “Энг муҳим масала - мустақиллик берган неъматдан халқ, айниқса, қишлоқ аҳли тўлиқ баҳраманд бўляптими? Ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини англабгина қолмай, бу жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида сиз, аграр тармоқнинг устунлари, мулкдорлар қандай фикрлар билан яшаяпсиз? Фермерлик ҳаракати бугун ўзини тўла оқлади, дея оламизми? Манзил сари интилишларингизда нималар халақит беряпти? Оилангиз тинчлиги, хонадонингиз фаровонлигини таъмин этиш борасида юрт раҳбари сифатида менга қандай таклиф ва истакларингиз бор?”

Президент йиғилган фермерларни “очиқ мулоқот”га чақирди. “Суҳбат давомида нафақат қишлоқ хўжалиги ёки ижтимоий соҳага оид, балки сиёсий аҳамиятга молик кўплаб масалалар эътибордан четда қолмади. Наманганликлар яхши маънода дангалчи халқ”, - дея қайд этадилар маҳаллий ОАВ.

“Ахборот” дастури шарҳловчиси Севара Турсунова президентнинг халқ билан бўлган мулоқотидан ҳайратда қолганини яшириб ўтирмади. “Илгарилари ҳам раҳбарлар дала кезишган”, - деди у телетомошабинларга. - Бироқ қўли қадоқ, лафзи ҳалол заҳматкашлар йўл ёқасидаги пана жойларга беркиниб, машиналар кетидан чанг ютиб, мўлтираб қараб қолаверган кунларини ҳам кўрганмиз. Давлат раҳбари билан юзма-юз туриб, бугунгидек дилдан суҳбатлашишлар қаёқда эди? Эмин-эркин кўнглингдаги гапларни юртбошинг билан баҳам кўриш имконияти ҳам аслида мустақиллик шарофати”.

Маҳаллий фермерлар билан мулоқот чоғида президент “мутасадди идоралар, вилоят раҳбарларига, аграр тармоқни ривожлантириш, хусусий мулкчиликни рағбатлантириш, қишлоқ ҳудудларида қурилиш ишларини такомиллаштириш юзасидан тегишли топшириқлар” берди.

Тубдан реконструкция қилинаётган Наманган шаҳар марказидаги майдонда ҳам асосий эътибор, биринчи галда, бу ерга келадиган одамлар учун дам олиб ҳордиқ чиқаришлари, турли тадбирларни кўтаринки кайфият билан нишонлашлари учун қулай имкониятларни яратиб бериш масаласига қаратилган. “Ҳамюртларимиз учун бу ер тинчлик-осойишталик қадрини теран англайдиган, қалбларда шукроналик туйғуларни кучайтирадиган сўлим бир гўша бўлиб қолиши керак”, - деди президент.

“Бир сўз билан айтганда, майдон марказида қад ростлайдиган ёдгорлик ғоявий жиҳатдан яхлит бир мажмуага айланиши керак. Шу боис унинг атрофини ҳам обод қилиш, пухта ўйланган лойиҳа асосида амалга оширилиши керак” – дея билдирди мамлакатнинг бош дизайнери. – “Бу борада кенг жамоатчилик фикрини ўрганиб, таклиф-истакларини инобатга олиш мақсадга мувофиқдир”.

Вилоятга сафари давомида И. Каримов Намангандаги “Сайдана” хусусий тиббиёт марказида бўлиб, унинг ташкил этилиши, унинг фаолияти ва мақсади билан танишди. “Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг иккинчи босқичида хусусий хизмат секторини кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилади”, деди И. Каримов. Бу ерда ҳам давлат раҳбари ўзини йўқотиб қўймади: марказнинг мутасадди раҳбарлари ва мутахассисларига қимматли маслаҳатлар берди.

Шу билан президент Ислом Каримовнинг Наманган вилоятига сафари якунланди. Куннинг иккинчи ярмида давлат раҳбари в. б. Наманган шаҳридан Андижон вилоятига жўнаб кетди.

Намангандан чиқиб кетган И. Каримов ўша куннинг ўзидаёқ (21 июнь куни) Андижон вилоятига келди. “Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида Андижон вилоятининг алоҳида ўрни бор. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини айни Андижон мисолида таҳлил этадиган бўлсак, энг юқори кўрсаткичлар намоён бўлади”, дейилади маҳаллий ОАВда.

“Давлатимиз раҳбари Андижонга ташриф буюрар экан, вилоятдаги ислоҳотлар жараёни билан танишувини айни қишлоқ хўжалиги соҳасидан бошлади”, - дейилади “Ахборот” информацион дастурида.

Бугун Андижондаги ер майдонларининг юз фоизи фермерларга бўлиб берилган. Президент Олтинкўл туман “Ихлос-Барака” фермер хўжалигида бўлиб, қишлоқнинг “янги мулкдорлари” билан учрашди. “Суҳбат асосини бугун вилоятдаги ўзгаришлар, фермерлар фаолияти ва уларга яратилган имкониятлар, аҳоли фаровонлигини ошириш каби муҳим масалалар ташкил этди”, дея хабар беради ТВ.

Президент Алишер Навоий номидаги ип йигирув тўқув ҳиссадорлик жамиятига ҳам ташриф буюрди. Мазкур корхонада асосан маҳаллий ёшлар тайёрлаётган маҳсулотларнинг юз фоизи хорижга экспорт қилинади. “Юртбоши” корхона фаолияти билан танишар экан, ишлаб чиқаришни ва экспортни ошириш бўйича “қимматли” тавсияларини берди.

Давлат раҳбари 2005 йил май фожеалари чоғида ёқиб юборилган Бобур номидаги вилоят мусиқали драма театрининг қайта реконструкция қилинган муҳташам биносига ҳам ташриф буюрди. Бу ерда у театрнинг ижодий жамоаси билан учрашиб, санъат йўлида уларнинг қилаётган меҳнатларини юқори баҳолади. Шу билан президентнинг Андижон вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.