03:06 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон давлати хорижга пул топиш учун чиқиб кетаётган фуқароларнинг қатъий ҳисобини олишга киришди

24.06.2007 23:25 msk

Фарғона.Ру, ўз ахб.

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг май ойи ўртасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси “меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган шахсларни ҳисобга олиш ишини такомиллаштириш, республика фуқаролари мамлакатдан ташқарида бўлган пайтда уларнинг ҳимоясини таъминлаш”га қаратилган қарор қабул қилганди.

Мавзу юзасидан ишоратлар:

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг ташқи меҳнат муҳожирот масалалари бўйича агентлиги;
Шу кунларда “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги тасарруфига мамлакат бош вазири Ш. Мирзиёев томонидан имзоланган қарор матни ҳамда унинг илова-жадвали тушди. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон ҳукумати а) ўзбекистонлик барча меҳнат муҳожирларини ҳисоблаб чиқмоқчи; б) уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатмоқчи.

Ростини айтганда, мазкур қарорда “республика фуқаролари мамлакатдан ташқарида бўлган пайтда уларнинг ҳимоясини таъминлаш” шунчаки йўлига айтиб қўйилган, холос. Давлат мулозимлари ватандан ташқарида гастарбайтерларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қай тариқа ҳимоя қилиши мутлақо тушунарсиз.

Аммо пул топиш учун мамлакатдан чиқиб кетаётганларни уч йўналиш бўйича ҳисоблаб туришни бирваракайига бир неча давлат муассасаси амалга оширади. Божхоначилар биринчи июлданоқ божхона декларациясининг янги (“такомиллаштирилган”) шаклини киритадилар. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги ходимлари уй хўжаликларини аҳолининг иш билан таъминланиши масалалари бўйича текширадилар ҳамда йил сайин махсус социологик тадқиқотлар ўтказа бошлайдилар. Республика Ташқи ишлар вазирлигига хорижда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ўзбекистонлик фуқаролар мониторингини амалга ошириш буюрилган.

Келиб тушаётган барча маълумотлар республика Давлат статистика қўмитасида интеграциялашуви ҳамда квартал сайин мамлакат ҳукуматига етказиб турилиши лозим.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги ўз муштарийларига мазкур қарорни шарҳлаб бериш илтимоси билан мурожаат қилади. Сизнингча, республика ҳукуматининг асосий мақсадлари нимадан иборат? Қатъий ҳисоб-китоб хорижда ишлашни истаган муҳожирларнинг ўзларига ёрдам бера оладими?

Марҳамат қилиб, ўз изоҳ ва мактубларингизни ferghana@fergananews.com манзилига йўлланг.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2007 йил 15 майда чиққан 97-сонли қарори рус тилидаги матни билан бу ерда танишишингиз мумкин.