13:16 msk, 21 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистондаги Ахси фожеаси: Яёв юришлар ҳокимият қурбининг кўзгуси сифатида

21.06.2007 00:33 msk

Абдумўмин Мамараимов

Бундан беш йил олдин Қирғизистон жанубида расмийлар ҳатти-ҳаракатларига қарши норозилик намойиши ўлароқ бўлиб ўтган ва олти кишининг ўлдирилиши билан якунланган яёв юриш шу йилнинг кузида қайталаниши мумкин. Куни кеча Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) мажлисида нутқ сўзлаган Азимбек Бекназаров 2007 йилнинг кузида Жалолобод вилоятининг Ахси тумани аҳли Бишкекка яёв юриш қилмоқчи эканини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, ўз вақтида Ақаев ҳокимиятидан адолат талаб қилиб чиққан ахсиликлар икки юз километрдан ортиқроқ йўл босиб, Жалолобод шаҳригача яёв келгандилар. Қарама-қарши йўналишда - пойтахт томонга ҳам улар худди шунча масофани босиб ўтгандилар. Шу билан бирга, намойишчилар мамлакатнинг асосий автомобиль йўлини – жанубий ва шимолий ҳудудларни бирлаштириб турувчи Бишкек-Ўш йўлини ҳам вақти-вақти билан тўсиб тургандилар.

Депутат Бекназаров Ахси воқеалари бўйича ишнинг кўриб чиқилишини июнь ойи охирига қолдириш хусусидаги Олий суд қарорини шарҳлар экан, маҳкама жараёнида иштирок этиш учун 500 километр йўл босиб келган қишлоқликлар “яна бир марта алданиш учун бу ерга келишни хоҳламайдилар. Шунинг учун ҳам улар бу ишга кузда нуқта қўйишни истаяптилар”, дея қайд этди. Азимбек Бекназаровнинг билдиришича, ишни гўё кейинроққа қолдириш ташаббуси билан чиққан Олий суд раиси Қурманбек Ўсмўнов “президентнинг шахсан ўзи берган буйруққа кўра Ахси воқеалари юзасидан чиқарилган аввалги суд ҳукмлари ўз кучида қолиши лозим”, дея маълум қилган. “Агар Қурманбек Бакиевнинг ҳақиқатан ҳам бунга алоқаси бўлса, унинг ўзи ёки ўз матбуот хизмати орқали жавоб берсин. Ахир биз ўз вақтида биз ундан мазкур ишни текширмасликни сўраган ҳам эдик-ку”, - дея иқтибос келтиради Азимбек Бекназаров сўзларидан 24.kg ахборот агентлиги.

Эслатиб ўтамиз, аввалги ҳакамлар ҳукмига мувофиқ, бу иш юзасидан кичик лавозимларда ишлайдиган бир неча ижрочигагина енгил жазолар белгиланиб, улар амнистия бўйича жиноий жавобгарликдан озод қилингандилар.

Қайд этиш жоизки, мамлакат президенти Қурманбек Бакиев ўзи иқтидорга келган дастлабки кунларданоқ вақти-вақти билан суд идоралари ишларига ҳеч қачон аралашлашмаслигини билдириб келарди. Бу ҳақда у миллий телеканал орқали берилган “бевосита мулоқот” чоғида одамлар адолат тантанаси учун у ёки бу ҳакамга таъсир ўтказиш илтимоси билан мурожаат қилган пайтларида ҳам гапирганди. Шу йил баҳорда фожеанинг беш йиллиги муносабати билан ахсиликлар билан учрашган пайтда ҳам Қурманбек Бакиев ўзининг тергов ишларига аралашишга ҳақли эмаслигини билдирганди. “Мен бош прокурорга унинг у ёки бу кишини ҳибсга олиши ва ё қўйиб юбориши лозимлигини айтолмайман”, - деганди у депутат Азимбек Бекназаровга таъна қиларкан – президентга кўра, А. Бекназаров мамлакат бош прокурори бўлиб турган пайтда бу ишни уддалай олмаган.

Азалий саволлар, мужмал жавоблар

Ҳар бир мамлакатда амалдаги ҳокимият қурбати ҳамда аҳолининг бу ҳокимият вакилларига муносабатини юксак даражада аниқ белгилаб берадиган барометр каби омиллар бўлиши мумкин. Қирғизистонда бундай омиллар бир нечтадир. Улардан бири шу йилнинг баҳорида беш йиллиги нишонланган Ахси воқеалари бўлиб, мазкур фожеа юзасидан суриштирув ишлари шу бугунгача якунлангани йўқ. Аснода, кўпчилик таҳлилчилар собиқ президент Асқар Ақаевнинг мамлакатдан қочиб кетишига олиб келмиш 2005 йил март воқеаларининг даракчиси айнан Ахсида бўлиб ўтган фожеа бўлган, дея ҳисоблашга мойиллар.

Эслатиб ўтамиз, 2002 йилнинг 17 март куни Ахси туманига қарашли Бўспиек қишлоғидаги тинч намойишчиларни тарқатиш чоғида милиция ўқотар қуроллардан фойдаланган, бунинг натижасида олти фуқаро ҳалок бўлган ва бир неча киши тан жароҳати олганди. Норозилик намойиши иштирокчилари Қирғизистон ерларининг бир қисмини қўшни Хитойга бериб юборгани учун мамлакат собиқ президенти Асқар Ақаевни муттасил танқид қилгани боис панжара ортига тушган депутат Азимбек Бекназаровнинг озод қилинишини талаб қилиб чиққандилар. Депутат беш йил аввалги иш юзасидан ҳибсга олинганди. Намойишчилар ўққа тутилганидан кейин депутатни қамоқдан чиқариб юборгандилар, ҳозирги президент Бакиев бошчилигидаги ҳукумат истеъфога кетганди, расмийлар айбдорларни топиш ва жазолашга ваъда бергандилар. Бироқ “отишга буйруқни ким берди?” деган асосий саволга жамият ҳали-ҳамон жавоб ололгани йўқ.

Ахси воқеалари юзасидан иқтидордаги расмийлар даврида иш олиб борган Бош прокуратуранинг собиқ ходими Нурлан Жээнбековга кўра, тергов намойишчиларни тарқатишда иштирок этган ўн икки ОМОНчидан тўрттасида автомат бўлганини аниқлаган. “Улардан иккитаси намойишчиларга қарата отган, қолган иккитаси эса осмонга қарата отган. Ўқ отган одамларнинг фамилиялари ҳам маълум”, - деганди у 2007 йилнинг 17 март куни ахсиликлар олдида чиқиш қиларкан. Бутун мамлакат кутиб турган асосий жавоб топилишига оз қолганди. Бироқ 2005 йилнинг сентябрь ойида президент Қурманбек Бакиев бош прокурор Азимбек Бекназаровни истеъфога чиқарган ва иш яна “бости-бости” қилиб юборилганди. “Ким айбдор” ва “нима қилмоқ керак” қабилидаги азалий саволлар эса жавобсиз қолаверди.

Оққуш, чўртанбалиқ ва қисқичбақа ёки бир-бирини қўллашми?

Фожеанинг беш йиллиги куни ахсиликларнинг давлат раҳбари билан бўлган учрашуви пайтида унга нисбатан айтилган эътирозлар яна бир бош прокурор – ушбу чўзилиб кетган муаммода “балогардон” ролини ўйнаган Қамбарали Қўнғантиевнинг истеъфоси билан якунланди. Бу истеъфо, ўз навбатида, Ахси фожеасини текшириш атрофида навбатдаги айланишни бошлаб берди. Мамлакатнинг янги Бош прокурори Элмурза Сатибалдиев ҳам ўз салафлари каби “Ахси воқеалари юзасидан янгитдан бошланган суриштирув холис бўлади, айбдорларнинг ҳаммаси қонунда кўзда тутилган жазони оладилар”, дея билдирди.

Бу сафар тергов Ахси тумани дохил Жалолобод вилоятида ўша машъум кунларда губернатор лавозимини эгаллаб турган депутат Султан Урманаевнинг изига тушди. Султан Урманаев эса ўз навбатида “Ахси воқеалари билан боғлиқ равишда менга қарши қўзғатилган жиноий иш ўша пайтда мамлакат бош вазири лавозимини эгаллаган президент Қурманбек Бакиевга нисбатан ҳам қўзғатилиши керак”, дея билдирди. У “мен буни кутгандим, чунки сўнгги пайтларда давлат раҳбарини тез-тез танқид қилаяпман ва ҳозирги расмийлардан истаган нарсани кутиш мумкинлигини биламан”, дея қўшимча қилди.

Агар Султан Урманаев ахсиликлар олдида ўз виждонини тоза ҳисоблаб, ҳалок бўлган ахсиликларнинг қариндошлари билан бемалол учрашаётган бўлса, президент Асқар Ақаев маъмуриятининг собиқ бошлиғи Аманбек Қарипқуловга нисбатан жабрланган қишлоқликларнинг аламлари чексиз. Ахсиликларнинг кўпчилиги тинч намойишчиларга қарши қурол ишлатиш ҳақидаги буйруқ айнан шу одамдан чиққан, деб ҳисоблайдилар. Султан Урманаев ўз вақтида айнан шу амалдор фожеа арафасида ўша пайтдаги губернаторга воқеа жойига бориб, исён кўтарган эл билан музокаралар олиб боришни маън қилиб қўйганини билдирганди.

Қарипқулов ва Урманаевдан ташқари бош прокуратура айбдор сифатида Қирғизистон Чегара хизмати раис ўринбосари (ўша пайтда ички ишлар вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган) Садирбек Дубанаевни ҳамда Жалолобод ички ишлар бошқармасининг собиқ бошлиғи Тўқбаевни ишга жалб қилмоқчи. Бош прокуратура “жиноий ишда аввал суд идораларига маълум бўлмаган янги жиҳатлар аниқланган”ини билдирган. Шу боисдан бош прокуратура мамлакат Олий судига мазкур иш юзасидан суднинг аввалги ҳукмларини бекор қилиш илтимоси билан мурожаат қилган.

Айтиш лозимки, мамлакат қонунчилигига мувофиқ, агар депутатни жиноий ишга жалб қилиш учун парламент розилиги керак бўлса, қолган “собиқлар”ни тергов ҳеч бир муаммосиз жавобгарликка торта олади. Ишга ҳалақит бериши мумкин бўлган ягона жиҳат – бу одамларнинг қариндош-уруғчилик алоқалари ёки “ўз ортидан каттароқ балиқларни тортиб кетиши” мумкинлигидир. Аснода, бош прокурор Элмурза Сатибалдиев шу кунларда ўтказган матбуот анжуманида “мамлакатнинг собиқ раҳбариятини Ахси воқеалари ҳақидаги иш юзасидан сўроқ қилиш мақсадга мувофиқ эмас”, деб ҳисоблашини билдирган.

Бироқ Олий суд раиси Қурманбек Ўсмўнов янада шов-шувлироқ баёнот билан чиқди. Бош прокуратуранинг мазкур иш юзасидан аввалги суд ҳукмларини бекор қилиш тўғрисидаги мурожаати Олий судда кўриб чиқилганидан кейин Қурманбек Ўсмўнов Ахси воқеалари ҳақидаги ишда ҳеч қанақа янгитдан очилган жиҳат йўқлигини билдирди. Шунингдек, мамлакат бош ҳаками: “Ҳозирги бош прокурор Элмурза Сатибалдиевга ҳам, собиқ бош прокурорга ҳам ушбу фожеага аралашган юқори лавозимли мансабдорларни жавобгарликка тортишга ҳеч ким ҳалақит бермаган ва ҳозир ҳам ҳалақит бераётгани йўқ”, дея билдирди.

Олий суд раисининг бу гаплари Ахси туманидан сайланган, ўз сайловчиларига Ахси воқеалари бўйича ишни охиригача етказиш юзасидан бир неча маротаба ваъдалар берган Азимбек Бекназаровни жунбушга келтирди. У Қурманбек Ўсмўновни адлияга босим ўтказганликда айблади. “У иш юзасидан тергов аллақачон тугаган, деяпти, аммо Олий суд раисининг бундай дейишга ҳаққи йўқ, ахир бу билан у одил судловга ўзига хос босим ўтказаяпти”, - дея қайд этди Азимбек Бекназаров. Бекназаровнинг илтимосига кўра парламент спикери Марат Султанов Жўғўрқу Кенешнинг тегишли қўмиталарига Қурманбек Ўсмўнов ҳатти-ҳаракатларига баҳо беришни топширди.

Шундай қилиб, ҳокимиятнинг уч бутоғи орасидаги зиддият очиқ-равшан кўриниб турибди.

Кузгача омон бўлсак...

Июль ойидан бошлаб мамлакат парламенти то кузгача таътилга кетади - бу давр сиёсий воқеаларга бой бўлиши кутилмоқда. Бунга ахсиликларнинг Бишкеккача бўлган яёв юриши ҳам қўшиладими ё “Ахси иши”га яқин ойларда нуқта қўйиладими – буни аввалдан айтиш қийин. Бироқ бир нарса аниқ – агар кузгача “нуқта” қўйилмаса, мамлакатда бошқа бир омил ишга тушади, яъни мамлакатда Ахси фожеаси каби жўн бир ишда адолат ўрнатилишини кутишдан чарчаган халқнинг яна норозилиги кучая бошлайди. Устига устак, ҳозир мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олиш ва тўнтаришлар ясаш мумкин бўлган беқарор пайтларни қўмсаб турган кучлар мўл.