14:34 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ўш шаҳрида Халқаро қочоқлар куни нишонланди

20.06.2007 21:19 msk

Ўз ахб. (Ўш)

20 июнь куни Қирғизистоннинг жанубий пойтахти бўлмиш Ўш шаҳрида Халқаро қочоқлар куни нишонланди. Тадбирни БМТ ҚИОКБ Ўшдаги бўлими Муҳожирот ва аҳолини иш билан таъминлаш давлат комитетининг Ўш шаҳар бўлими ҳамда Ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотларга кўмаклашиш ва уларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан биргаликда уюштирган.

20 июнь куни эрталаб шаҳарнинг марказий майдонида иши билан қочоқлар боғлиқ бўлган давлат ва жамоатчилик тузилмалари вакиллари, шунингдек, маҳаллий олийгоҳлар талабалари йиғилдилар. Тадбирда, асосан, Афғонистондан келган қочоқларнинг оилалари ва фарзандлари иштирок этдилар. Йиғилганлар олдида Муҳожирот ва аҳолини иш билан таъминлаш давлат комитетининг Ўш шаҳар бўлими раисаси Н. Жўлдўшева нутқ сўзлади.

Тадбир чоғида қочоқларнинг болалари чизган расмлар кўргазмаси ҳамда Андижон воқеаларига бағишланган фотокўргазма ўтказилди. Ташкилотчилар болаларга совғалар улашдилар, йиғилганларга чой берилди.

2007 йилнинг 1 март кунига қадар Ўш вилоятида 41 та қочоқ оиласи рўйхатга олинган, бу, умумий ҳисобда, 133 кишини ташкил қилади. Ҳаммаси бўлиб эса Қирғизистонда 243 оила ёки 818 киши қочоқ сифатида рўйхатга олинган. Энг кўп қочоқ республикага Тожикистондан келган. Бу қочоқлар 533 киши бўлиб, уларнинг кўпчилигини этник қирғизлар ташкил этадилар. Иккинчи ўринда Афғонистондан келган қочоқлар туради – 274 киши.

Одатда, Қирғизистон МДҲ мамлакатларидан бўлган кишиларга қочоқлик мақомини бермайди. Бундай кишилар республикада бошпана изловчи шахс мақомида юрадилар. Бугунги кунда республикада бундай мақомни олган 226 оила ёки 419 киши истиқомат қилади. Булар, асосан, Чеченистон, Афғонистон ва Ўзбекистон фуқароларидир. Бундан ташқари, бошпана изловчи кишилар орасида сурияликлар, шимолий кореяликлар, эронликлар, покистонликлар ва бошқалар бор.

Масъул ходимлардан бирига кўра, кейинги пайтларда Ўзбекистондан келаётган қочоқлар оқими кучаймоқда. Ҳозирги пайтда Қирғизистонда бошпана изловчи ўзбекистонлик 91 фуқаро истиқомат қилаяпти. Бугун ташкил этилган тадбирга ўзбекистонлик фуқаролар қатнашмасликни маъқул кўрганлар, чунки Ўзбекистон билан чегарадош шаҳарда ҳамманинг кўз ўнгида юриш улар учун хавфсиз эмас. Шундоқ ҳам Ўшда мамлакатдан қочиб келмиш фуқароларни излаётган Ўзбекистон махсус хизматлари ходимлари юрганлари ҳақида норасмий каналлар орқали ахборот келиб турибди. Шу йўл билан, мисол учун, ўз вақтида журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзова Ўшдан ўғирлаб кетилганди. Норасмий маълумотларга кўра, 2007 йилнинг март ойида маҳаллий куч ишлатар тузилмаларининг ходимлари Ўшда юриб ушланган бошпана изловчи шахсни Дўстлик божхона маскани чегарачиларига сотиб юборишга уринганлар, аммо у пул бериб қутулган ва БМТ ҚИОКБ ходимлари қочоқни Бишкекка жўнатиб юборганлар.

Қочоқлардан бирига кўра, кейинги пайтларда Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари Андижон воқеаларига алоқадор кишиларнинг қариндошларига босимни кучайтирганлар. Қариндошлари қочоқлар ичида бўлган, учинчи мамлакатларда бошпана топган кишиларга махсус хизматлар томонидан мунтазам равишда босим ўтказилмоқда, махсус хизмат ходимлари улардан қариндошларини Ўзбекистонга чақириб олишни талаб қилмоқдалар. Қариндошлари қамоқхоналарда бўлган кишилар ҳам таъқибга дучор қилинмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Сенатининг “Амнистия тўғрисида”ги сўнгги қарорига мувофиқ, таъқиқланган турли ташкилотларда иштирок этганлигидан тавба қилган ва Жиноий кодекснинг 159-моддаси билан 10 йил муддатгача озодликдан маҳрум қилинган маҳбуслар авф қилиниши лозим эди. Бироқ амалда расмийлар бундай кишиларга нисбатан амнистия қўлламасликни маъқул кўраётганга ўхшайдилар.

“Мен Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошидаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Сайёра Рашидовага менинг ўғлимга нисбатан амнистия қўлланмагани ҳақида ёзгандим, - дейди исми ошкор қилинмаслигини сўраган қочоқлардан бири. – Пировардида мени ҳуқуқ-тартибот идораларига чақиришиб, агар “ёзувчилик”ни бас қилмасам, ўзим ҳам ўша жойларга [қамоқхонага] равона бўлишим мумкинлигига ишора қилишди”.

Ўзбекистонлик бошқа бир қочоққа кўра эса, ўз фикрини очиқ айтишни истовчи кишилар охир-оқибат мамлакатни тарк этишидан расмийларнинг ўзлари манфаатдордирлар. “Мамлакат улкан қамоқхонага айланди, унда мамлакат иқтисодиётидаги таъсир доираларини тақсимлаб олган қонуний ўғрибошилар ҳукмронлик қилаяптилар, - дейди собиқ партия ходимларидан бири. – Ўзгача фикрловчи демократлар ўз чиқишлари билан халқни талашга ҳалақит бермасликлари учун улар [бундай кишиларни] нима қилиб бўлса ҳам ватанни тарк этиб, демократик мамлакатларга кетишга мажбур қилмоқдалар. Ўжарлик қилганлар эса пировард-натижада қамоққа тушаяптилар”.