10:34 msk, 21 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Душанбеда Россия олийгоҳлари битирувчиларининг биринчи форуми бўлиб ўтди

19.06.2007 14:47 msk

Виктор Дубовицкий (Душанбе)

Шу кунларда Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтган форум турли йилларда Россия олийгоҳларини битирган ва ҳозирда мустақил давлатларда ишлаётган минглаб битирувчиларни бир жойга йиғиш юзасидан Ўрта Осиё минтақасидаги биринчи анжуман бўлди. “Биз яшаётган жойимиз бўйича эмас, қаерда таълим олганимиз нисбатида ҳамюртмиз, - дея мурожаат қилди Россия Федерациясининг Тожикистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Рамазан Абдулатипов Россия олийгоҳлари битирувчилари форумининг иштирокчиларига. – Бизни ягона Ватан туйғуси бирлаштирган. Биз шунчаки СССРдан чиққанлар эмасмиз, балки ягона гуманитар ва илмий фазоданмиз, бизнинг вазифамиз эса даврлар алоқасини таъминлаш, ҳамкорлигимизнинг ҳар қандай шаклларини ривожлантиришни таъминлашдир”.

Мустақиллик автаркия эмас

“Мустақиллик автаркия эмас!” – бу фикр Россия олийгоҳларининг битирувчилари ўртасидаги алоқалар зарурлигини баҳолашнинг лейтмотиви бўлди. Уларнинг “маънавий озуқа берувчи” масканлари ҳозиргача жаҳоннинг ўнлаб мамлакатларидаги бутун бошли зиёлилар авлодларини боғлаб турувчи мустаҳкам бўғинлар бўлиб ҳисобланади. Фақат Тожикистоннинг ўзидаёқ М. В. Ломоносов номидаги МДУ, Ленинград ва Новосибирск университетлари, жаҳонга машҳур бошқа йирик олийгоҳларнинг минглаган битирувчилари меҳнат қилаяптилар. Ленинград университети битирувчиси, Тожикистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири, 80-йилларда Тожикистон Давлат университети рестори бўлиб ишлаган Талбақ Назаровга кўра, ўша йилларда Россия олийгоҳларига 500-600 кишидан ўқишга юборилардилар.

Истаклар, мақсад ва вазифалар

Форум иштирокчилари ўзларининг Тожикистон президенти И. Раҳмон ва Россия Федерацияси президенти В. Путинга мурожаатномаларида давлат раҳбарларидан Тожикистонда Россия олийгоҳлари битирувчилари форумларини доимий равишда уюштириб ва ўтказиб туришга кўмаклашиш, шунингдек, Москвада ҳам Россияда доимий истиқоматда бўлган тожикистонлик битирувчилар учун шунга ўхшаш форум ўтказиш ҳақидаги масалани ишлаб чиқиш; Тожикистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги маданий, илмий-техник ва корчалонлик ҳамкорлигида Россия олийгоҳлари битирувчилари потенциалидан кенгроқ фойдаланиш; Россия таълим муассасаларида Тожикистон фуқароларининг имтиёзли асосда ўқишга қабул қилиниш ва малака ошириш имкониятларини кенгайтириш; Тожикистон Республикасида Россия фан ва маданият марказини яратишда ҳамда унинг фаолият олиб боришида кўмаклашиш, шунингдек, Тожикистон Республикасида рус тили ишқибозлари клубларини ташкил этишда кўмаклашиш; Тожикистондаги Россия олийгоҳлари битирувчиларига Россия олийгоҳларида олинган билимларни ривожлантириш учун, рус тили ва Россия маданияти юзасидан билимларни ёдда тутиш учун адабиётлар, вақтли матбуот, аудио- ва видеоматериаллардан ёрдам бериш; Тожикистон ва Россия олийгоҳлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик битимлари асосида бевосита илмий алоқаларни йўлга қўйишга йўналтирилган иш олиб бориш кабиларни сўрайдилар.

Тожикистондаги Россия олийгоҳлари битирувчиларининг биринчи форуми ана шундай конструктив оҳангда якунланди. Мазкур анжуман иштирокчилари ишининг унумли бўлишига Тожикистонда ҳам, Россияда ҳам катта умидлар боғламоқдалар.

Муаллиф ҳақида: Виктор Дубовицкий – тарих фанлари доктори, “Фарғона.Ру” АА эксперти, Душанбе, Тожикистон.