21:31 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Алексей Малашенко: Марказий Осиё мамлакатлари интеграциясидан наф етиши баҳсли масаладир

18.06.2007 22:45 msk

Фарғона.Ру

“Марказий Осиё учун ҳамкорлик ва интеграция лойиҳалари: қиёсий таҳлил, имконият ва истиқболлар” – 2007 йилнинг 26-28 июнь кунлари Хўжанд шаҳрида (Тожикистон) ўтажак халқаро анжуман ана шундай номланади. Россия-Тожикистон Славян университетининг Геосиёсий тадқиқотлар маркази, Александр Князевнинг жамоатчилик жамғармаси, Марказий Осиё ва Кавказ институти, “Россия ва Шарқ” лабораторияси (Барнаул шаҳри) анжуман ташкилотчилари бўлиб ҳисобланадилар. Тадбирнинг асосий ахборот ҳамкори “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги бўлиб ҳисобланади. Ахборот ҳамкорлари орасида “Бизнес ва сиёсат” газетаси (Душанбе шаҳри), Оммавий ахборот воситаларини қўллаш маркази (Душанбе шаҳри), Тожикистон Давлат тиллар институти ҳам бор. Бўлажак анжуман ҳақида “Фарғона.Ру” АА мухбирига тарих фанлари доктори, профессор, Москвадаги Карнеги жамғармаси Илмий кенгашининг аъзоси Алексей Малашенко гапириб берди.

Фарғона.Ру: - Кейинги пайтларда сиёсий ва экспертлик доираларида Қозоғистоннинг интеграцион ташаббуслари қизғин муҳокама қилинмоқда. Нурсултан Назарбаевнинг апрель ойида Бишкекка қилган сафари, Қурбанқули Бердимухаммедовнинг июнь ойида Астанага қилган сафари ҳам шунинг қабатида кўриб чиқилмоқда.

Алексей Малашенко: - Марказий Осиёда жамиятлар даражасида ҳам, кибор доиралар даражасида ҳам интеграциядан топиладиган наф ҳозирча анча баҳсли масаладай кўринаяпти. Интеграция моделининг ўзи йўқ ва ҳозирча уни яратишга унча иштиёқ ҳам сезилмаяпти. Интеграцион локомотив вазифасини ўз зиммасига оладиган лидер Марказий Осиёга керакми – бу янада баҳслироқ масаладир. Нима бўлганда ҳам, Тожикистон ёки Қирғизистон Ўзбекистон “қаноти остида” ўзини яхши ҳис қилишини, Ўзбекистон эса Қозоғистон устиворлигига рози бўлиб қўя қолишини тахмин қилиш қийин. Ва албатта, буюк сардор олдидаги кўп йиллик итоаткорликдан сўнг эндигина қаддини ростлай бошлаган Туркманистон элитаси ҳам кичик ука ролига ҳеч қачон рози бўлмайди. Шундай экан, интеграциянинг “соябонли вариант”и нореал кўринади. Нафсиламрини айтганда, миллий-давлатчилик манфаатлари ҳар қандай минтақавий интеграция манфаатларидан мутлоқ устунлик қилиб турибди...

Фарғона.Ру: - Шунга қарамай, интеграция бўлмаса, Марказий Осиё минтақасининг позитив ривожланиши мутлақо мумкин эмаслиги ҳақида таъкидлар тез-тез эшитилиб қолаяпти. Шу сабабли ҳам Қозоғистон президенти “Марказий Осиёнинг хавфсиз ва барқарор келажагини Қозоғистон минтақа давлатларининг сиёсий ва иқтисодий интеграциясида кўрмоқда”, дея билдираяпти.

Алексей Малашенко: - Қашшоқ давлатлар ва жамиятлар учун бой давлатлар ва жамиятларга қараганда интеграция қийинроқ кечади. “Қашшоқлар” орасида бошқалар қабатида муваффақиятга эришганроқ мамлакатлар ўз амбицияларини ёрқинроқ намойиш қилаяптилар, шунинг учун ҳам улар интеграцион жараён лидери ролига даъвогарлик қилмоқдалар ва устивор ролни эгаллашга уринмоқдалар. Марказий Осиёда бу ролга Қозоғистон ва Ўзбекистон даъвогарлик қилади, улар учун бу фақат минтақавий эмас, балки халқаро мақомга кўтарилишни англатган бўларди. Сўнгги йилларда Қозоғистон олдинга чиқиб олди, аммо интеграцион жараёнларнинг кучайиш эҳтимоли нуқтаи назаридан бу катта аҳамиятга эга эмас. Постсовет давридаги Марказий Осиё мамлакатлари тарихи ички хавф-хатар ҳам, ташқиси ҳам минтақавий интеграция учун қанақадир фавқулодда омил бўлмаганини кўрсатди. Албатта, вақти-вақти билан вербал (оғиздаги) фаоллик анча юқори даражага чиқаяпти, лекин бу мавзу юзасидан ўтказилган жуда кўплаб музокаралар, ташрифлар, симпозиумлар ва семинарлар ҳақиқий аҳволга параллел равишда мавжуд бўлиб келмоқда. Хавфсизлик муаммоси ҳар бир мамлакат учун деярли доим миллий миқёсда ҳал қилинади.

Фарғона.Ру: - Марказий Осиё интеграциясидан ташқи ўйинчилар қанчалик манфаатдорлар?

Алексей Малашенко: - Менимча, Хитой эҳтиёткорлик билан оптимизм (некбинлик) намойиш қилмоқда, Россия Марказий Осиё интеграцияси имкониятига ишонмай қўйган ва прагматик йўл тутиб, икки томонлама алоқалар даражасига ўтмоқда. АҚШда Марказий Осиёни шаклланиб бўлган ҳудуд ўлароқ қайта кўриб чиқиш зарурлиги тўғрисидаги, минтақа чегараларини жанубий йўналишда (унга Афғонистон, Эрон ва ҳатто Покистонни қўшиб) кенгайтириш ҳақидаги ғояни кўтариб юрибдилар...

Фарғона.Ру: - Аҳвол шу қадар чатоқми, ҳеч қанақа умид йўқми?

Алексей Малашенко: - Энг пессимистик вариантда миллий манфаатларнинг бир-бирига тўғри келмаслиги ўз алоқаларини ташқи ҳамкорлар билан янада интенсивроқ равишда мустаҳкамлайверадиган собиқ совет республикалари ўртасидаги муносабатларнинг системали равишда тобора таранглашувига олиб боради. У ҳолда қанақадир интеграция ҳақида анча вақтгача унутишга тўғри келади. Иқтисодий ва сиёсий саъй-ҳаракатларни жамлаш, умумий бозор яратиш, қандайдир умумминтақавий ташкилот тузиш юзасидан миллий элиталар барчасининг бир овоздан қарор қабул қилиши шунчаки нореал ишдир. Менимча, реал [интеграция] шакли асосий муаммолар юзасидан ҳамкорлик, доимий мулоқот (жумладан, у ёки бу ташқи ўйинчилар иштирокида) бўлиб ҳисобланади. Масалан, ШҲТ ёки ЕврОсИҲ қабатида ҳамкорлик қилиш каби. Бу ҳар доим ҳам самарали бўлавермайди, аммо бу узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган интеграция ҳақидаги битмас-туганмас афсунлардан кўра яхшироқдир.