14:35 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳуқуқ ҳимоячиси Гулбаҳор Тўраева ҳибсдан озод этилган

18.06.2007 14:14 msk

“Узметроном” мустақил веб-сайтининг хабар қилишича, 12 июнь куни Андижонда аввалроқ конституцион тузумга тажовуз қилганлик ҳамда хавфсизлик ва жамоат тартибига хавф солувчи материалларни тарқатганлик учун жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи моддалар билан олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинмиш Гулбаҳор Тўраева суд залидан озод этилган.

Г. Тўраева Андижонда содир бўлган май воқеаларини фаол шарҳлаган аёллардан бири эди. Uznews.net сайтининг эслатиб ўтишича, “Анима кор” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотининг 40 ёшли раҳбари шу йилнинг январь ойида мухолифатдаги “Эрк” партияси китоблари билан Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини кесиб ўтаётган пайтда ҳибсга олинганди. 24 апрель куни у Андижон вилоят судининг қарори билан Ўзбекистон Жиноий кодексининг уч моддаси – 159-модда (Ўзбекистон Республикаси конституцион тузумига тажовуз қилганлик), 244-модданинг 1-банди (Ижтимоий хавфсизлик ва жамоат тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаганлик ёки тарқатганлик), 244-модданинг 2-банди (Диний экстремистик, бўлгинчилик, фундаменталистик ёки бошқа маън қилинган ташкилотлар тузганлик, уларга раҳбарлик қилганлик, уларда иштирок этганлик) бўйича олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. 7 май куни эса суд Тўраевага иккинчи ҳукмни ўқиган – ҳукмга кўра, унга 648 минг сўмлик жарима тўлаш мажбурияти юклатилган, бу сафар ҳуқуқ ҳимоячиси туҳмат қилганликда айбланган.

Европа Иттифоқи Ўзбекистон расмийларини Гулбаҳор Тўраевани зудлик билан озод қилишга чақирган, ЕИ ўзининг бу талабини май ойи ўрталарида Ўзбекистонга қарши санкцияларни узайтирган пайтда такрорлаган.

12 июнь куни Гулбаҳор Тўраеванинг ишини Жиноий ишлар бўйича Андижон вилоят судининг апелляцион коллегияси кўриб чиққан. Аввалда чиқарилган ҳукмнинг қайта кўрилишига судланувчининг тўла ва мутлақ тавба-тазарруси сабаб бўлган. Натижада ҳуқуқ ҳимоячиси учун олти йиллик жазо муддатини қолдирганлар, аммо уч йиллик синов муддати билан шартли равишда...

Ўзбекистон расмий матбуоти бу аёлнинг кичик ёшдаги тўрт фарзандини ҳамда қари касал отасини соғинганини айтиб, судда йиғлаганини баён қилароқ, Тўраеванинг озод этилишини Ўзбекистон расмийлари томонидан намоён қилинган инсонпарварлик ва адолатпарварлик сифатида кўрсатадилар. Ўзбекистон ТИВ қошидаги “Жаҳон” ахборот агентлиги Гулбаҳор Тўраеванинг чиқишини батафсил ёритган, бу чиқиш чоғида аёл Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига ўзини ҳибсга олганлари, уни тергов ҳибсхонасида ушлаб турганлари ва судлаганлари учун миннатдорчилик билдирган. “Мени ўз вақтида тўхтатиб қолганларини тан олишдан хурсандман. Акс ҳолда мен янада жиддийроқ қилмишларни қилиб қўйишим мумкин эди”, - дея иқтибос келтиради Тўраев сўзларидан “Жаҳон” ахборот агентлиги.

Тўраева ўз айбини бўйига оларкан – у эса аксилдавлатчилик фаолиятида айбланганди – ўзининг ваъда қилинган пулларга учганлигини, шу тариқа енгил йўл билан ўз оиласи фаровонлигини таъминламоқчи бўлганлигини айтган. Шунингдек, у фурсатдан фойдаланиб, расмий баёнот бермоқчи эканини, “Галима Бухарбаева, немис журналисти Маркус Бенсманн, Нигора Ҳидоятова ва бошқалар алдов йўли билан, нима қилиб бўлса ҳам, Ўзбекистоннинг номини қора қилмоқчи, уни ёмонотлиқ қилмоқчи ва бу ифлос иш асносида пул ишламоқчи” бўлганларини билдирди.

“Хусусан, Нигора Ҳидоятова (“Озод деҳқонлар” партияси раҳбари) алдов йўли билан менга катта пул ваъда қилиб, Андижон воқеалари чоғида ўлдирилган 500 кишини ўз кўзим билан кўрганлигим таъкидланмиш мақолани ёйинлашга мажбур қилган. Охир-оқибат у менга пулни ҳам бермай кетди. Мен бундай одамлар билан мулоқотда бўлувчиларни улар билан алоқа қилиш яхшиликка олиб бормаслиги ҳақида огоҳлантиришни истардим. Улар арзон шов-шув учун ҳар қандай ярамасликка боришдан қайтмайдиган аҳлоқсиз кишилардир”, билдирди Тўраева, дея хабар қилади “Жаҳон”.

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромовнинг фикрича, Тўраеванинг озод этилишига Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси саъй-ҳаракатлари туфайли эришилган, мазкур элчихона вакили ҳатто юқорида зикр этилган апелляцион комиссия мажлисида ҳам иштирок этган, дея хабар қилади Uznews.net.

“Германия ва Ўзбекистон ўртасида бир неча ойдан бери Европа Иттифоқи санкциялари юзасидан савдо бораяпти, - дейди Икромов, - Гулбаҳор Тўраева сингари маҳбусларни озод қилиш Ўзбекистоннинг ЕИ билан бўлган сиёсий ўйини ёки савдосининг бир бўлагидир”.

Тўраеванинг тавбанамо нутқига келсак, Икромовга кўра, бу ерда ҳеч қанақа янгилик йўқ, расмийлар айрим сиёсий маҳбусларнинг озод этилишини ўзига мақбул шаклда кўрсатишлари лозим. Улар айбсиз одамларни қамоққа тиқаётганларини, кейин эса, агар сиёсий жиҳатдан уларга наф етса, уларни озод қилиб юбораётганларини айтолмайдилар. “Яна бир инсонпарварликнинг намоён бўлиши” каби иборалар ва шўрлик аёлларнинг тавба-тазарруга тўла нутқлари шундандир. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ суд залидан озод қилинган Умида Ниёзова ҳам барча гуноҳлари учун ватан олдида тавба қилганди.

Суръат Икромовга кўра, бу каби озод этилишлар, энг аввало, озодликка чиққан кишилар учун яхши иш, аммо бу сиёсий сабабларга кўра оммавий судлов давом этаётган мамлакатдаги умумий аҳволни ўзгартирмайди. “Ҳизбут-Таҳрир” диний ташкилоти билан алоқада бўлгани учун судланаётган, аслида мутлақо айбсиз бўлган аёллар сони кўпайиб бормоқда”, - дея иқтибос келтиради Икромов сўзидан Uznews.net. “Бу аёллардан қарийб ҳаммасининг эрлари, оталари, ака-укалари аллақачон қамоқдалар, уларнинг фарзандларига нима бўлади?” – дея савол ташлайди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Гулбаҳор Тўраеванинг тўрт фарзанди-ку ўз оналарини қайтариб олдилар. Гулбаҳор Тўраева каби жамоатчилик эътиборида бўлмаган, ЕИ ҳам, Германия элчихонаси ҳам озод этишни талаб қилмаётган оналарнинг фарзандларини нима қилсинлар? Улар ҳам “инсонпарварликнинг намоён бўлиши”га ноил бўла оладиларми?