06:38 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримов Интернет тармоғидан фойдаланишни чеклаш аҳмоқона иш эканини таъкидлади

14.05.2005 13:12 msk

Собир Икромов

9 май куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бир гуруҳ шоир ва ёзувчилар билан учрашув чоғида Интернет тармоғидан фойдаланишни чеклаш аҳмоқона иш эканини таъкидлади.

Президент “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати раҳбари Ботир Убайдуллаевнинг ўзбек ёшларининг аксарияти Интернетдаги “ҳар хил маълумотлар” таъсирига берилмаётгани ҳақидаги мулоҳазаларига жавобан бундай деди:

“Мен Интернетдан олинаётган маълумотлар салбий таъсир этади, деган фикрларга қўшилмайман. Интернетни ёпиб қўйишга уриниш аҳмоқона ва беҳуда ҳаракат”.

Ислом Каримов Интернетни беҳисоб турдаги маҳсулот сотиладиган дўконга қиёс қилди ва ёшлар бу дўкондаги “(ўзбекистонликлар) ор-номусига тегадиган, қадриятларига зид” молларни рад этиши мақбул бўлишини таъкидлади.

Президентнинг айтишича, Интернетда Ўзбекистон ҳақида маълумотлар жудаям кам.

“Ҳозир тарбия кўпроқ Интернет орқали бўлмоқда. Бундан АҚШ юз фоиз фойдаланяпти”, - деди И.Каримов.

Президент ахборот урушида муносиб иштирок этиш учун Интернетга Ўзбекистон тўғрисида кўп маълумотлар киритиш энг мақбул йўл эканини билдирди.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев Ўзбекистон раҳбарининг юқоридаги мулоҳазаларига муносабат билдирар экан, мамлакатда Интернетдаги ахборот сайтларига тўсиқ қўйиш кенг тарқалганини таъкидлади.